Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 23:37

Халқаро янгиликлар

Тоқаев Қозоғистон президенти сифатида қасамёдга келтирилди

Қасим-Жомарт Тоқаев

Қозоғистонда Қасим-Жомарт Тоқаев президент сифатида қасамёдга келтирилди. Халқаро ҳамжамият ва қозоқ мухолифати президент сайловлари фундаментал инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган тарзда ўтказилганини айтмоқда. Бундан ташқари, сайлов ва сайловдан кейинги кунларда Қозоғистон бўйлаб митингга чиққан юзлаб намойишчи қўлга олинди.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев кўрсатган номзод Қасим-Жомарт Тоқаев 12 июнь куни Нурсултон шаҳрида Мустақиллик саройида қасамёдга келтирилди.

Расмий маълумотларга кўра, ёши 66 га чиққан Тоқаев 9 июнь куни ўтган сайловда 71 фоиз овоз олган.

19 мартда мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган президент Назарбоев истеъфо бергани ортидан 20 март куни Тоқаев Қозоғистон муваққат президенти сифатида қасамёдга келтирилган эди. Тоқаевни Назарбоев шахсан ўзи танлагани учун унинг сайловда ғолиб чиқиши ҳеч ким учун кутилмаган воқеа бўлмади.

Аммо сайлов кампанияси давомида ва сайловдан кейин ҳам мамлакат бўйлаб ҳокимият сценарийси асосида ўтказилган сайловларга қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Францияда яшаëтган собиқ банкир ва мухолифатчи Мухтор Аблязов интернет орқали қозоғистонликларни Нурсултон ва Олмаота шаҳарларида яна норозилик намойишига чиқишга чақирди.

Туркия Истанбулда ноқонуний ишлаётган 50 минг хорижликни депортация қилмоқчи

Туркия байроғи.

Туркия ноқонуний яшаётган хориж давлат фуқароларини аниқлаш ҳамда депортация қилиш ишларини кучайтиради. Бу ҳақда Истанбулда 10 июнь куни ўтган халқ билан мулоқот пайтида ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлу маълум қилди.

Унга кўра, ўтган йили Истанбулда ноқонуний яшаётган 4500 хорижлик аниқланиб, депортация қилинган эди. Жорий йилнинг шу кунигача уларнинг сони 13 минг нафарга етди.

Сўйлу йил охиригача биргина Истанбулнинг ўзидан 50 минг нафар хорижлик депортация қилиниши режалаштирилаётганини айтди.

Маълумотларга қараганда, 2018 йилда Туркияда хориждан келган 787 минг мигрант расман ишлаш учун рўйхатдан ўтган. Уларнинг 383 минги қисқа муддатли туристик виза билан мамлакатга келган ва ноқонуний ишламоқда.

Аввалроқ The Diplomat нашри Туркияда 30 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги, лекин уларнинг икки мингга яқинигина қонуний ишлаётгани ҳақида хабар берганди.

“Қуръон ҳақида ҳазил” видеоси муаллифдан судланганлик олиб ташланди

Москва шаҳар Тушино туман суди Илья Мэддисон таҳаллуси билан танилган видеоблогер Илья Давидовнинг судланганликни олиб ташлаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирди.

Блогер 2018 йилнинг июлида Қуръон тўғрисидаги видеоси учун шартли равишда 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Илья Давидовга нисбатан жиноят иши 2017 йилнинг февралида очилган. У 2015 йилда “Қуръон ҳақида ҳазил” деб номланган видеони Youtube порталига жойлаштириш орқали нафрат ва низо қўзғашга уринганликда айбланган.

Бу видеода Давидов Қуръонни кўтариб ҳожатхонага киргани, кейин эса ҳожатхона қоғози тугаб қолганини пайқагани тўғрисида гапирган. Шундан сўнг у хожатхонага олиб кирилган Қуръонга ҳеч нарса бўлмаганини кўрсатиб, унинг саҳифалари орасига кир пайпоғини жойлаган. Видео охирида эса у ҳазиллашганини, аслида унинг қўлида Қуръон эмас, Инжил бўлганини билдирган.

2017 йилнинг апрелида Россия Адлия вазирлиги бу видеони экстремистик материаллар реестрига киритган.

Давидов мазкур видеодан сўнг ўзига нисбатан таҳдид қилинган билдирувларни ола бошлаган, шундан сўнг у ижтимоий тармоқлардаги барча аккаунтларини ўчириб ташлаган. Таҳдидлар ортидан Давидов Россияни вақтинча тарк этишга мажбур бўлган эди.

Ҳонконгда Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонунга қарши намойишлар давом этмоқда

Ҳонконгда 10 июнь куни намойишчилар полиция билан тўқнашган эди.

Ҳонконгда ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар чоршанба куни ҳам давом этмоқда. Хабарларга қараганда, 50 мингдан кўпроқ намойишчи Ҳонконг қонунчилик палатасини қамал қилмоқда.

Мазкур намойиш 9 июнда бошланган ва якшанба куни унда бир миллионга яқин одам иштирок этган эди.

Норозиликларга қарамай, Ҳонконг маъмурияти қонунни қабул қилиш режасидан воз кечмаслигини билдирмоқда. Шаҳар раҳбарларига кўра, мазкур қонун Ҳонконг жиноятчилар учун бошпана берувчи маконга айланиб қолмаслигини кафолатлайди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун амалиётда Хитой сиёсатига қарши бўлган мухолифатчилар ва диссидентларга нисбатан қўлланилади, деб ҳисобламоқдалар.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

АҚШ Грузияга мудофаа салоҳиятини кучайтириш учун кўмаклашишда давом этади

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш интилишини олқишлади ҳамда Россиянинг Грузияга нисбатан давом этаётган агрессиясини қоралади.

-2008 йилда Россия бостириб кирганидан бери ўтган ўн йил давомида Грузия нақадар саботли эканни намойиш этди. Бугун Грузия АҚШнинг муҳим стратегик ҳамкори ва глобал хавфсизликка ҳисса қўшиб келаётган давлатдир, - деди Помпео 11 июнь куни Вашингтонда Грузия Бош вазири Мамука Бахтадзе билан учрашувда.

Помпеога кўра, АҚШ Грузияга мудофаа салоҳиятини кучайтириш учун ёрдам беришда давом этаверади.

Москва 2008 йилда Грузия билан қисқа муддатли уруш ўтказиб, Жанубий Осетия, кейинроқ Абхазияга харбий кучларини киритган эди. Москва Грузиянинг бу икки айирмачи минтақасини мустақил давлатлар сифатида тан олган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили 10 июнь куни Тбилиси мазкур икки минтақа устидан назоратни яқин келажакда ўз қўлига киритишини билдирди ҳамда: “Ўйлайманки, босиб олинган ҳудудлардаги аҳоли аста-секинлик билан бўлса ҳам Россия билан биргаликда келажак мавжуд эмаслигини англаб етмоқда”, деб айтди.

Журналист Иван Голунов озод этилганига қарамай, унинг ҳимоясига митинг ўтказилади

Иван Голунов.

Журналист Иван Голунов озод этилгани ва жиноят иши тўхтатилганига қарамай унинг тарафдорлари 12 июнда Москвада режалаштирилган митингни ўтказадилар.

Бу ҳақда намойиш ташкилотчилари маълум қилди. Уларга кўра, ҳукумат Иван Голуновни озод этиш талабини бажарди, бироқ журналистни ноқонуний қўлга олганларга нисбтан жазо чораларини қўлламади.

Журналистнинг ўзи 11 июнь куни уй қамоғидан озод этилганидан сўнг:

-Менга маънавий зарар учун тўланган товон -бу каби воқеа бошқалар билан қайталанмаслигидир, - деб айтди.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва уй қамоғида сақланаëтган эди.

Мустақил журналистнинг "уйдирма айб билан" қўлга олиниши маҳаллий ва халқаро журналистлар ва кенг жамоатчиликнинг жиддий норозилигига учради.

Жамоатчилик босими остида 11 июнь куни Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцев "Биологик¸ криминалистик ¸ дактилоскопик ва генетик экспертиза хулосаси асосида гражданин Иван Голуновнинг жиноятни содир этишга алоқаси йўқлиги тасдиқланди ва шу асосда унга очилган жиноят иши тўхтатилди. Унга нисбатан айблар олиб ташланди ва у бугуноқ уй қамоғидан озод этилади"¸ деб билдирди.

Журналист Иван Голунов озод этилди¸ унга нисбатан очилган жиноят иши тўхтатилди

Иван Голунов

Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев 11 июнь куни журналист Иван Голуновга нисбатан очилган жиноят иши унинг жиноятда қатнашганига оид далиллар йўқлиги боис тўхтатилганини билдирди.


"Биологик¸ криминалистик ¸ дактилоскопик ва генетик экспертиза хулосаси асосида гражданин Иван Голуновнинг жиноятни содир этишга алоқаси йўқлиги тасдиқланди ва шу асосда унга очилган жиноят иши тўхтатилди. Унга нисбатан айблар олиб ташланди ва у бугуноқ уй қамоғидан озод этилади"¸ деди Россия полицияси раҳбари.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва уй қамоғида сақланаëтган эди.

Мустақил журналистнинг "уйдирма айб билан" қўлга олиниши маҳаллий ва халқаро журналистлар ва кенг жамоатчиликнинг жиддий норозилигига учради. Голунов ҳибсга олинган куниëқ Россиядаги таниқли журналистлар уни озод этиш талаби билан ИИВ биноси олдида пикет ўтказди.

10 июнь куни Россиянинг уч нуфузли етакчи газетаси – “Ведомости”, “Коммерсантъ” ва РБКнинг Бош саҳифалари журналист Иван Голуновни озод этиш талаби билан чиқди.

Россиялик 6 мингдан ортиқ журналист Голуновни қамоқдан озод қилиш талаби билан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва тергов қўмитасига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат Журналистлар касаба уюшмаси сайтида эълон қилинди.

Якшанба куни change.org сайтида журналистни озод қилиш тўғрисидаги петицияни 110 мингдан кўпроқ одам имзолади.

Қозоқ полицияси 9-10 июнь кунлари сайловга норозилик билдирган 700 намойишчини ушлади

Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада юзлаб намойишчи қўлга олинди.

Қозоғистон полицияси 9-10 июнь кунлари президент сайловларига норозилик билдиришга чиққанлардан 700 га яқинини қўлга олди.

Қозоғистон Ички ишлар вазири расмийси Нурилда Оразнинг 11 июнь куни мухбирларга айтишича¸ икки кун давомида 550 дан ошиқ одам маъмурий жавобгарликка тортилган.

Расмийларнинг айтишича¸ ушланган намойишчилардан 200 га яқини Нур-Султан шаҳрида тўполон чиқармаслик мақсадида бошқа ҳудудларга чиқариб юборилган.

9 июнь куни муддатидан аввал ўтказилган Қозоғистон президентлик сайловида¸ дастлабки расмий натижага кўра¸ Қасим-Жомарт Тоқаев 71 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.

Сайлов куни мамлакатнинг аксар шаҳарларида¸ ҳокимият сценарийси асосида ўтказилган сайловларни бойкот қилишга чақирган норозилик намойишлари ўтказилди.

«Тоқаев – менинг президентим эмас!» деган шиор остида ўтаëтган норозилик тадбири қатнашчилари сайловларнинг ҳалол ва эркин ўтмаганини таъкидламоқда.

ШҲТ саммити арафасида Бишкекда хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Қирғизистон Ички ишлар вазири ўринбосари Алмаз Ўразалиевнинг 11 июнь куни журналистларга билдиришича¸ ШҲТга аъзо давлат раҳбарларининг Бишкек саммити давомидаги хавфсизликни таъминлашга 5000 нафардан кўпроқ милиция ходими жалб этилади.

Вазирлик мутасаддисининг айтишича¸ саммит мажлислари¸ меҳмонлар турадиган жойлар ва улар юрадиган йўлларни қўриқлашда пойтахт милициясидан ташқари вилоятлардан келадиган ходимлар¸ шунингдек¸ ИИВ марказий аппарати қўшинлари ҳам қатнашади.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши¸ хусусан¸ йўллар ва айрим объектларнинг бишкекликлар учун ëпилишини олдиндан маълум қилган ИИВ¸ пойтахтликларни «вазиятга тушуниш билан ëндашиш»га чақирди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Бишкек саммити 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтади.

Саммит билан айни кунда Хитой¸ Ҳиндистон ва Монголия президентларининг Қирғизистонга расмий сафари ҳам режаланган.

ШҲТда кузатувчи мақомига эга Эрон президентининг ҳам Бишкек саммитида қатнашиши хабар қилинди.

Ташкилотга Хитой¸ Россия¸ Ҳиндистон¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Покистон¸ Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Россия Евроосиë иқтисодий иттифоқидан келган меҳнат муҳожирларига пенсия тўлайди

Россия Евроосиë иқтисодий иттифоқидан келган меҳнат муҳожирларига¸ улар ўз ватанига қайтган тақдирда ҳам пенсия тўлайди.

РБК агентлигининг хабар қилишича¸ иттифоқ аъзоларининг пенсия таъминоти ҳақида имзоланиши кутилаëтган келишувига шундай банд киритилган.

Пенсия тўлаш жараëни¸ айтилишича¸ 2020 йилдан бошланади ва пенсиялар миқдори йилдан-йилга ошиб боради.

Россия жорий қонунчилигига кўра¸ иш берувчилар мамлакатда ишлаëтган меҳнат муҳожирлари учун Пенсия жамғармасига тўлов қилади¸ аммо муҳожирлар қариганда бу жамғармадан пенсия олишга ҳақли эмас.

Меҳнат муҳожирларидан ушлаб қолинаëтган пенсия тўловларининг ҳозирга қадар қаерга кетаëтгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Кремль етовидаги Евроосиë иқтисодий иттифоқига ҳозирда Арманистон¸ Беларус¸ Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Украина президенти Зеленский Конституциявий суд чақириғига мувофиқ маҳкама мажлисига келди

Президент Зеленский Украина Конституциявий судининг 11 июнь кунги мажлисида бевосита иштирок этди.

11 июнь куни Украина Конституциявий суди Олий рада депутатлари аризасини кўриб чиқишни бошлади.

Раданинг 62 нафар депутати президент Зеленскийнинг парламентни тарқатиш ва муддатидан олдин сайлов эълон қилиш қарорининг қанчалик қонунийлигини ўрганиб чиқишни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилган.

Суд мажлисига 62 депутатнинг ҳаммаси¸ шунингдек президент Владимир Зеленскийнинг ўзи ҳам чақиртирилди.

Ҳакамларга чақириқ учун миннатдорчилик билдирган Зеленский¸ президентнинг судга чақирилиши Украина тарихида биринчи марта бўлаëтганни айтиб¸ «ҳозирга қадар судъяларни президент чақиртириб келгани»ни таъкидлади.

Ўз чиқишида Украина янги президент мажлисга келиш орқали Конституциявий судга¸ «қонун руҳи ва ҳарфи»га ўз ҳурматини намоëн қилишни истаганини билдирди.

«Суд¸ ҳеч биримизни уялтирмайдиган адолатли ҳукм чиқарди»¸ дея умид билдирди Зеленский ўз чиқишида.

Шундан сўнг президент «ўз иштироки билан суд қарорига таъсир ўтказди¸ ҳукм президент босими остида чиқарилди»¸ деган айбловларга ўрин қолдирмаслик учун суд залини тарк этди.

Украина янги президенти сифатида қасамëд қилганининг эртаси – 21 май куни Зеленский парламентни тарқатиш ҳақидаги фармонга қўл қўйди. Олий радага муддатидан аввал сайловлар 21 июлга белгиланган.



Қирғизистонда журналистга қўпол муомала қилган вилоят раҳбари ишдан бўшатилди (ВИДЕО)

Чуй вилоятининг раҳбари Туйгунали Абдраимов .

Қирғизистонда Чуй вилоятининг раҳбари Туйгунали Абдраимов журналистга қўпол муомалада бўлгани оқибатида лавозимидан бўшатилди. Бу борадаги буйруқни 10 июнь куни Бош вазир Муҳаммедкалий Абилгазиев имзолади.

Туйгунали Абдраимов 5 июнь куни Сўқулуқ туманидаги Ўрўқ қишлоғида содир этилган оммавий муштлашув ортидан воқеа жойига борган аёл журналистлардан бирига қўпол муомалада бўлиб: “Сизнинг юзингиз менга ёқмаяпти”, деб айтган эди.

Бу воқеа интернетда тезда ёйилиб кетди ва журналистлар орасида ижтимоий тармоқларда “Мен журналистман. Менинг юзим ўзимга ёқади. Менга ҳукуматимизнинг юзи ёқмайди” деб номланган тадбир бошланиб кетган эди. Юзлаб одамлар Чуй вилояти раҳбарини ишдан бўшатилишини талаб қилиб чиқди.

6 июнь куни вилоят ҳокимиятига норозилик билдириб борган ўнлаб журналистларга Туйгунали Абдраимов ўз ҳаракатидан уялмаслигини ва журналист аёлдан кечирим сўрамаслигини айтганди.

Қозоғистоннинг янги президенти полиция норозиларни қўлга олганини олқишлади

Қозоғистоннинг сайланган президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.

Қозоғистоннинг сайланган президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 9 июнь куни ўтган сайлов пайтида 500га яқин норозини қўлга олган полиция ҳаракатини “жуда тўғри бўлган”, деб олқишлади.

10 июнь куни журналистларга интервью берган янги президент 9 июнда Нурсултон, Олмаота, Шимкент ва бошқа шаҳарларда юзлаб одамлар иштирокида сайловни бойкот қилиш чақириғи билан ўтказилган митингларни “ноқонуний” деб атади.

Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра, бу митингларни “хориж давлатларидан нотўғри маълумот олиб, йўлдан адашган одамлар” уюштирган. "Полиция бундан кейин ҳам мана шундай руҳда фаолият юритаверади", деб айтган президент.

Тоқаев Марказий сайлов комиссияси расмий натижаларни эълон қилиб улгурса, инаугурация маросими 12 июнда ўтказилишини айтди.

Айни пайтда халқаро ҳамжамият ва қозоқ мухолифати сайловлар фундаментал инсон ҳуқуқлари қўпол бузилган тарзда ўтказилганини билдирмоқдалар. Жумладан, Қозоғистон собиқ бош вазири, мухолифат лидери Акежан Кажагелдин Current Time дастурига:

-Жаноб Тоқаев халққа ҳалол сайлов ўтказишга сўз берган эди. У ўз ваъдасини бажармади. Шу тарзда у президент сифатидаги ўз карьерасини жуда оғир сиёсий юк билан бошлади, - деб айтди.

Чеченистон суди фаол Оюб Титиевни муддатидан олдин қамоқдан бўшатди

Ҳуқуқ фаоли Оюб Титиев.

Чеченистоннинг Шали туман суди 10 июнь куни ҳуқуқ фаоли Оюб Титиевни муддатидан олдин шартли равишда қамоқдан озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Мазкур қарор ўн кундан сўнг кучга киради.

“Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Чеченистон бўлимини бошқарган 61 ёшли Оюб Титиев 2018 йилда “автомашинасидан наркотик модда топилди”, деган айблов билан тўрт йилга қамалган эди.

Титиевнинг ўзи ва ҳамкасблари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари унинг машинасига атайлабдан наркотик модда ташлаб қўйганини билдирган. Халқаро ташкилотлар Титиев ҳуқуқбонлик фаолияти учун ҳукумат томонидан таъқиб қилинди, деб ҳисоблайдилар.

Ўндан ортиқ ҳалқаро ҳуқуқ ташкилотлари, Ғарб давлатларининг қатор раҳбарлари президент Владимир Путинни Титиевни қамоқдан озод қилишга чақириб келаётган эди.

Россия қонунчилигига асосан Оюб Титиев 21 майда белгиланган жазо муддатини учдан бирини ўтаб бўлгани боис, ўзини муддатидан олдин қамоқдан бўшатиш илтимоси билан судга мурожаат қилган эди.

Покистоннинг собиқ президенти коррупцияда айланиб қўлга олинди

Покистоннинг собиқ президенти Осиф Али Зардорий.

Покистоннинг собиқ президенти Осиф Али Зардорий 10 июнь куни коррупцияда айбланиб қамоққа олинди.

Зардорий билан биргаликда унинг синглиси Фарьял Талпур ҳам коррупцияда гумонланмоқда.

Терговнинг билдиришича, Зардорий ва Талпур бир миллион долларга яқин пулни шахсий банк ҳисобларига ўтказиб, ўзлаштириб олган. Зардорий ва Талпур айбловни инкор этмоқда.

Амалдаги Бош вазир Имрон Хон ҳокимиятга келганидан бери Покистонда бир қатор сиёсатчилар коррупцияда айбланиб қўлга олинди.

Олий Суд собиқ Бош вазир Навоз Шарифни ҳам коррупцияда айблаб лавозимидан бўшатган. Ўтган йилнинг 24 декабрида суд Навоз Шарифни 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Зардорий 2008 йилдан 2013 йилгача Покистон президенти бўлган.

Нью-Йоркда вертолёт ҳалокатга учради

Вертолёт мана шу ердаги бино томига қулаган.

Нью-Йоркнинг Манхэттен туманидаги Таймс-сквер яқинида бўлган 7-авенюда вертолёт қулади ва бунинг оқибатида унинг учувчиси ҳалок бўлди.

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо 10 июнь куни мазкур ҳодисани шарҳлар экан:

-Дастлабки маълумотларга қараганда, вертолёт бино томига қўнмоқчи бўлган. Бу мажбурий қўниш бўлганми ёки режалаштирилганми, бу ҳозирча аниқ эмас. Ҳалокат оқибатида вертолёт бино томига қулагач, ёнғин келиб чиқди. Ўт ўчириш хизмати ёнғин ўчирилганини билдирди,-деб айтди.

Манхэттен туманида бир қатор кўп қаватли бинолар томларида вертолёт қўниши учун махсус майдончалар мавжуд.

Малида бир қишлоқ ер билан яксон этилди ва юзга яқин одам ўлдирилди

Мали ҳарбийлари.

Малининг марказий қисмида асосан дўгўн миллий гуруҳи яшайдиган қишлоққа қилинган ҳужум оқибатида юзга яқин одам ҳалок бўлди. Мали хавфсизлик хизматининг билдиришича, ҳужум оқибатида "қишлоқ ер билан яксон қилинган, маҳаллий аҳоли отиб ўлдирилган ва уйларга ўт қўйилган".

Мазкур минтақада асосан овчилик билан шуғулланувчи дўгўнлар ва чўпонлик қилиб ярим кўчманчи ҳаёт кечирувчи фуланилар ўртасида тез-тез жанжаллар бўлиб туради.

Март ойида Фулани қишлоғининг юзга яқин яшовчиси ўлдириб кетилган эди. Ҳужум дўгўнлар томонидан уюштирилгани айтилган.

Шундан сўнг «Ал -Қоида»га алоқадор экани айтиладиган гуруҳлардан бири ҳам дўгўнлар яшайдиган қишлоқларга ва Мали ҳарбийларига ҳужумлар уюштирган.

Африка давлати бўлган Мали ҳукумати 2015 йилда мамлакатда барқарорликни шакллантириш мақсадида турли қуролли гуруҳлар билан сулҳ битимини имзолаган эди. Бироқ бу битим радикал гуруҳлар ҳужумларининг тўхтатилишига омил бўла олмади.

Россияда журналист Голуновни озод этиш ҳаракатига шоу юлдузлари ҳам қўшилди (ВИДЕО)

Иван Голунов

Россияда журналист Иван Голуновни ҳибсдан озод этишни талаб қилаётганлар сафига бир гуруҳ таниқли шоу-бизнес юлдузлари ҳам қўшилди.

10 июнь куни рэп, рок ва кино юлдузлари 36 ёшли Иван Голуновни қўллаб-қувватлаб видеомурожаатларини эълон қилдилар.

Юлдузлар Голуновга қарши жиноят иши сохталаштирилганига ва бу иш сиёсий буюртма эканига ишонишларини айтдилар.

Видеомурожаат тарқатганлар орасида рэпер Oxxxymiron, DDT гуруҳи раҳбари Юрий Шевчук, мусиқачи Борис Гребенщиков, режиссер Андрей Звягинцевлар бор.

12 июнь куни Россияда фаоллар Иван Голуновни озод этиш талаби билан намойиш ўтказмоқчилар.

10 июнь куни Россиянинг уч нуфузли етакчи газетаси – “Ведомости”, “Коммерсантъ” ва РБКнинг Бош саҳифалари журналист Иван Голуновни озод этиш талаби билан чиқди.

Россиялик 6 мингдан ортиқ журналист Голуновни қамоқдан озод қилиш талаби билан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва тергов қўмитасига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат Журналистлар касаба уюшмаси сайтида эълон қилинди.

7-8 июнь кунлар Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Якшанба куни change.org сайтида журналистни озод қилиш тўғрисидаги петицияни 110 мингдан кўпроқ одам имзолагани маълум бўлди.

Латвияда жойлашган нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган эди.

ЕХҲТ: Қозоғистондаги сайловда фундаментал эркинликларга ҳурматсизлик кўрсатилди

10 июнь куни Олмаотанинг Эски майдонида намойишга чиққанларни полиция ушлаб олиб кетди.

Олмаотада полиция президент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилиниши ортидан норозилик намойишига чиққан 30 га яқин шахсни қўлга олди.

Халқаро кузатувчилар сайлов давомида фундаментал эркинликлар бузилганини айтмоқда.

10 июнь куни сайлов расмийлари дастлабки натижалар собиқ президент Нурсултон Назарбоев кўрсатган номзод – Қасим-Жомарт Тоқаевга сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи овоз берганини маълум қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари сайлов давомида “фундаментал ҳуқуқларга кўрсатилган ҳурматсизлик, жумладан, тинч намойишчилар қўлга олингани ҳамда сайлов куни кўплаб қонунбузарликлар кузатилгани демократик стандартларга бўлган ҳурмат озлигидан дарак беришини” билдирди.

Сайлов куни (9 июнь) Олмаота, Нурсултон ҳамда Шимкент шаҳарларида юзлаб ҳукуматдан норози намойишчи қўлга олинди.

10 июнь куни Олмаотанинг Эски майдонида ўнлаб одам иккинчи кун намойишга чиқди. Пойтахт Нурсултонда эса намойишчилар Эски майдонда тўпланди. Ҳар икки шаҳарда полиция намойишчилар тўпланган ҳудудни қуршаб олди.

Хаага арбитраж суди Украинанинг Россия устидан шикоятини кўриб чиқади

Хаагадаги Доимий арбитраж суди

Қароргоҳи Нидерландияда жойлашган Доимий арбитраж суди Киевнинг Москва устидан шикоятини кўриб чиқади. Россия вакиллари 10 июнь куни Украина айбловларига эътирозларини тақдим этади. Украина вакиллари эса Россия Украинанинг денгиздаги ҳуқуқларини бузганини кўрсатувчи далилларни 11 июнь куни тақдим этади.

13-14 июнь кунлари суднинг иккинчи босқичи бўлади.

Украина 2016 йилда Россияни Қора денгиз, Азов денгизи ҳамда Керчь бўғозида Денгиз қонунчилиги бўйича БМТ конвенциясини бузишда айблаб, Хаагадаги судга мурожаат қилган.

Россия 2014 йилнинг мартида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаган. Украина шарқидаги уруш бугунга қадар 13 мингдан ортиқ одам умрига зомин бўлди.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни Қора денгизни Азов денгизига боғлаб турувчи Керчь бўғозида Украина кемалари ҳаракатини ноқонуний чеклашда айблаб келади.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган.

ТИВ: Суриядан қирғизистонликларни қайтариш ҳаракатлари тўсиқларга учрамоқда

Қирғизистон фуқароларининг Сурия расмий ҳокимияти назоратидан ташқаридаги ҳудудларда ушлаб турилгани уларни ватанга қайтариш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда.

Бу ҳақда Суриядагиларни олиб келиш масаласи юзасидан Азаттиқ радиоси сўровига Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги билдирганини тилга олинган радио хабар қилди.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, бу йўналишда мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналар, ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Шу пайтгача Суриядан Қозоғистон 357, Ўзбекистон 156 фуқаросини, Тожикистон Ироқдан 84 болани олиб келган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига қараганда, Суриянинг уруш ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларига тақрибан 800 нафар (шу жумладан 140 нафарга яқини аёл) қирғизистонлик кетган. Уларнинг 200 дан ортиғи ўлган.

Германия Эрон билан ядровий дастур келишувини сақлаб қолишни муҳокама қилади

Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан. Теҳрон, 2019, 10 июнь.

10 июнь куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас Эрон расмийлари билан учрашиб, 2015 йилда Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилди. Хусусан, вазир Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ҳамда президент Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Ташрифи арафасида Маас музокаралар давомида тарафлар ядровий келишувни сақлаб қолишнинг “конструктив йўлларини” топишга кўмаклашишига умид қилишини айтди.

Зариф эса келишувни имзолаган давлатлар уни сақлаб қолиш учун нималарга эришганини билишни исташини айтди. 2018 йилнинг майида АҚШ келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкция жорий қила бошлаган. Келишувни имзолаган Франция, Британия ҳамда Германия эса уни сақлаб қолиш учун курашиб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп келишув шартлари Эроннинг ракета дастурини етарлича чекламаганини айтиб келади. Европа давлатлари ҳам Вашингтон каби Эроннинг ракета дастуридан ҳамда минтақадаги фаолиятидан хавотирда. Шундай бўлса-да, улар ядровий келишувни сақлаб қолишни истайди.

Сурияда икки кун ичида 167 одам ҳалок бўлди

Суриядаги отишмалардан бири.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг хабар беришича, сўнгги икки кун ичида Ҳама вилоятида юз берган жангларда камида 167 одам ҳалок бўлди.

Хабарда айтилишича, исломчи жангарилар ва қуролланган мухолифат гуруҳлари 8 июндан бошлаб Ҳама вилоятида президент Башар Ассадга содиқ ҳукумат кучларига қарши ўнлаб ракеталарни отган. Бундан ташқари ҳукумат ҳарбийлари тўпланган жойда автомобил портлатилган.

Шундан сўнг ҳукумат кучлари ҳужумга ўтган. Отишмалар пайтида ҳукумат кучларининг 37 нафар, ҳукуматга қарши кучларнинг 28 нафар жангчиси ҳалок бўлди.

Ҳонконгда бир миллионга яқин одам Хитой сиёсатига қарши намойишга чиқди

Ҳонконгдаги намойиш.

Ҳонконгда 9 июнь куни бир миллионга яқин одам норозилик намойишига чиқди. Намойишчилар Бейжин мухториятда олиб борилаётган сиёсатга таъсирини кучайтираётганига нисбатан норозилик билдирган ҳонконгликларни Хитойга топшириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши чиқмоқда.

Ҳонгконг ҳукумати қонун лойиҳасида гап Хитой қонунларини бузаётган жиноятчилар ҳақида кетаётганини айтмоқда. Бироқ ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун амалиётда Хитой сиёсатига қарши бўлган мухолифатчилар ва диссидентларга нисбатан қўлланилади, деб ҳисобламоқдалар.

Ҳонконг марказида бир неча километрга чўзилган намойиш катта тўқнашувларсиз якунланди. Полиция билан кичик тўқнашувлар оқибатида бир неча одам қўлга олинди.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Қозоғистонда сайловни бойкот қилишга чақирган 500га яқин одам ҳибс қилинди

Олмаотада намойишга чиққанларни полиция тарқатмоқда.

Қозоғистоннинг Нурсултон ва Олмаота шаҳарларида президентлик сайловини бойкот қилиш чақириғи билан юзлаб одам кўчага чиқди.

-500 га яқин намойишчи Нурсултон ва Оламота шаҳарларида ноқонуний тарзда норозилик акциялари ўтказгани учун полиция участкаларига олиб келинди, - деди ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев.

Бундан ташқари полиция Озодлик радиоси мухбири ва бошқа хориж журналистларини, ҳуқуқ фаолларини қисқа муддатга ҳибс қилди.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга қараганда, 9 июнь куни бўлиб ўтган муддатидан олдин президентлик сайловида Қосимжўмарт Тўқаев 70 фоиздан ортиқ овоз олган. Расмий маълумотга кўра, 9 июнь соат 18 га қадар сайловчиларнинг қарийб 73 фоизи овоз бериб бўлган.

Президентлик учун 7 номзод курашаётган эди. Тўқаев номзодини Назарбоев раҳбари бўлган "Нур Отан" партияси илгари сурди. Сайловда айнан унинг ғалаба қозониши башорат қилинган.

Назарбоев шу йилнинг март ойида истеъфо бергач, унинг ўрнига президент вазифасини бажаришга киришган Қосимжўмарт Тўқаев муддатидан аввал сайлов эълон қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG