Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 17:09

Халқаро янгиликлар

БМТ ҳисоботи: Уруш ва зўравонликлар туфайли 71 миллионга яқин одамнинг яшаш жойи ўзгарди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қочқинлар агентлигига кўра, ўтган йилда урушлар, таъқиблар ва зўравонликлар туфайли 71 миллион одам ўз яшаш жойини ўзгартирган.

Бу 2017 йилга нисбатан 2 миллионга кўпдир.

Қочқинлар бўйича БМТ олий комиссари томонидан чиқарилган "Глобал трендлар" номли йиллик ҳисобот 2018 йил охирида дунёдаги қочинлар, бошпана изловчилар ва ўз мамлакатида яшаш жойини ўзгартирганлар сонини ҳисоблаб чиққан.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, Суриядан 6,7 миллион одам чиқиб кетган бўлса, Афғонистонни 2,7 миллион одам тарк этган.

Ҳисобот 20 июнда нишонланувчи Бутунжаҳон Қочқинлар Куни арафасида чоп этилди.

Туркия президенти Эрдўғон собиқ ҳамкасби Муҳаммад Мурсийни "шаҳид" деб эълон қилди

Муҳаммад Мурсий қамоқхонада.

Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон 17 июнь куни суд залида вафот этган Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсийни “шаҳид” деб атади.

-Бизнинг назаримизда, Мурсий ўзи ишонган иш учун ҳаётини қурбон қилган шаҳиддир. Тарих ҳеч қачон уни қамоққа ташлаган, унга ўлим жазоси билан таҳдид қилган ва унинг азобга солинишига сабабчи бўлган мустабидларни, золимларни унутмайди,-деди Эрдўғон.

Мурсийни дафн этиш маросими 18 июнь куни бўлиб ўтди. Собиқ президентнинг ўғли Аҳмаднинг билдиришича, Мурсийни Шарқия шаҳридаги оилавий мозорга дафн этишга рухсат берилмади. Шунинг учун Мурсий пойтахт Қоҳиранинг Наср Сити мавзесидаги қабристонга кўмилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Миср ҳукуматини Мурсийнинг ўлими юзасидан тезкор, холис, шаффоф ва адолатли тергов ўтказишга чақирди.

Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий 17 июнь куни суд залида вафот этган. 67 ёшли Мурсий тақиқланган “Мусулмон биродарлари” ташкилоти лидерларидан бири бўлган эди. Мурсий 2012 йилда Мисрда демократик сайлов ортидан ҳокимиятга келган биринчи президент.

У 2013 йилда оммавий намойишлар оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилгани ортидан “Мусулмон биродарлари” ҳаракати тақиқланган. Мурсий ўшандан бери қамоқхонада сақланиб келинаётган эди.

“Мусулмон биродарлари” ҳаракати Миср ҳукуматини Мурсийни “ секин-асталик билан қасддан ўлдиришда” айблади.

Facebook расман шахсий криптовалютасини ишлаб чиққанини билдирди

Иллюстратив сурат.

Facebook ширкати расман шахсий криптовалютасини ишлаб чиққанини маълум қилди. Facebook Libra деб аталувчи бу криптовалюта биткоиннинг асосий рақобатчисига айланади, деб умид қилмоқда.

The Wall Street Journal янги криптовалютани ишлаб чиқишда Visa, Mastercard, PayPal, Uber Technologies тўлов тизимлари операторлари ва лойиҳага 10 миллион доллар сармоя киритаётган айрим ширкатлар иштирок этишини маълум қилди.

Facebook бу лойиҳани амалга ошириш учун Calibra деб номланган шўъба ширкатни таъсис этди. Мазкур ширкат базасида Facebook тармоғи фойдаланувчилари учун рақамли виртуал кармон ташкил этилади. Бу кармон орқали фойдаланувчилар онлайн харидларни амалга оширишлари ва бир-бирларига пул жўнатишлари мумкин бўлади.

Душанба куни биткоин йил давомида яна бир рекордни ўрнатгани хабар қилинди. Биткоин нархи 2018 йилнинг 1 майидан бери биринчи марта кўтарилди ва 9 минг 322 долларни ташкил этди.

АҚШда 1 миллиард долларлик 16 тонна кокаин қўлга тушди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Филадельфия портида умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 16 тонна кокаин қўлга олинди. Расмий маълумотга қараганда, бу АҚШ тарихида бангфурушларга қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлди.

“Бу миқдордаги кокаин миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин эди. Кема экипажи қўлга олинди ва уларга федерал қонунчилик асосида айблов билдирилди”, деб ёзди 18 июнь куни прокурор Уильям МакСуэйн.

АҚШ нашрларининг ёзишича, наркотик модда юк кемасидаги еттита контейнердан топилган.

Чили, Панама ва Багам портларида ҳам тўхтаб ўтган мазкур кема Европага йўл олаётган эди.

АҚШ наркотикларга қарши кураш агентлигининг билдиришича, мамлакатга гиёҳванд моддаларнинг 93 фоизи Колумбиядан олиб келинади.

Венгрияда бедарак йўқолган туристлар жасадларини қидириш ишлари давом этмоқда

Қутқарувчилар Дунай дарёсида туристларнинг жасадларини қидирмоқда.

Венгрия полицияси Дунай дарёсида туристлар кемаси ағдарилиши оқибатида бедарак йўқолган барча одамларнинг жасадини топмагунига қадар, қидирув ишларини тўхтатмайди. Бу ҳақда 18 июнь куни Будапешт полицияси расмий вакили Сома Чечи маълум қилди.

-Будапешт полицияси бедарак йўқолганларнинг жасадини топиш учун барча имкониятлар тугагунига қадар ишларни давом эттиради. Ҳозир бунинг учун қанча вақт кетишини аниқ айта олмаймиз. Будапешт полицияси қидирув ишларни Жанубий Корея полицияси билан ҳамкорликда давом эттирмоқда,- деди Чечи.

30 май куни Дунай дарёсида сайёҳлик кемасининг ағдарилиши оқибатида камида 7 одам ўлган ва 21 нафар одам бедарак йўқолган эди.

Жанубий Кореядан келган 35 сайёҳни Будапешт бўйлаб Дунай дарёсида сайр қилдираётган кемага бошқа бир кеманинг келиб урилиши оқибатида ағдарилгани хабар қилинган.

АҚШ Украинага яна 250 миллон долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади

АҚШ 2014 йилдан бери Украинага 1,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина армиясига 250 миллион долларлик ҳарбий – техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Украинага бу сафар снайперлик қуроллари ва зенит гранатомётларидан ташқари артиллерияга қарши радарлар ҳамда хавфсиз алоқа ускуналари ҳам берилади. Қуролларнинг асосий қисми Украина ҳарбий-денгиз флоти ва махсус топшириқларни бажарувчи отрядлар учун мўлжалланган.

Пентагон мазкур ёрдам АҚШ ва Украина ўртасидаги хавфсизликка оид ҳамкорлик доирасида украин армияси мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида берилаётганини билдирди.

“Америкалик ҳамкорларимиздан Россия агрессиясига қарши курашда бизни қўллаб-қувватлашда давом этаётгани учун миннатдормиз”, дейилади Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси тарқатган баёнотда.

2014 йилдан бери АҚШ Украинага 1,5 миллиард долларга яқин ҳарбий-техник ёрдам кўрсатди.

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини коррупция иши бўйича сўроққа чақиртирилди

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини (чапда).

Европа футбол ассоциацияси – УЕФА собиқ президенти¸ Франция миллий жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлган Мишель Платини сўроқ қилинмоқда.

Le Monde газетасининг ëзишича¸ Платини Қатарнинг 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбон қилиб танланиш жараëнидаги коррупция билан боғлиқ иш доирасида кўрсатма бермоқда.

Француз нашри¸ Платинининг терговга гувоҳ сифатида чақиртирилганини билдирди.

Mediapart нашри эса¸ айни иш доирасида Николя Саркози ҳукуматида Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Клод Геаннинг ҳам сўроқ қилинаëтганини хабар қилди.

2010 йили Халқаро футбол федерацияси ижроия қўмитаси қарори билан 2018 йилги чемпионатга мезбонлик қилиш Россияга¸ 2022 йилги мезбонлик эса Қатарга берилган эди.

Бу қарордан кўп ўтмай Британия нашрлари ФИФА ижроия қўмитасидаги овоз беришдаги коррупцияга оид журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Аммо ФИФА томонидан ташкил этилган мустақил қўмита бу хулосани рад этган эди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларининг Қатарда ўтказилиши¸ бу мамлакатда футбол инфраструктураси йўқлиги ва иқлимининг нобоплиги туфайли танқидга учраб келмоқда.

Мунтазам суратда ëзда ўтказиб келинган жаҳон биринчилиги ўйинлари¸ Қатар ëзининг ниҳоятда иссиқлиги боис¸ ноябрь-декабрь ойларига белгиланган.

Қозоғистонда норозиликка чиққан 4000 дан ошиқ одам полиция томонидан ушланди

Тинч норозилик намойишига чиққан қозоғистонликларни қўлга олишга махсус полиция отрядлари жалб этилди. 12 июнь¸ Олмаота.

Кейинги беш кун ичида норозиликка чиққан қозоғистонликлардан 4000 дан ошиғи полиция томонидан қўлга олинган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев 18 июнь кунги ҳукумат йиғилишидан сўнг журналистларга шундай маълумот берди.

Ички ишлар вазири бу намойишлар расмий идоралар рухсатисиз ўтказилгани боис¸ уларни “ноқонуний” деб атади.

Вазирга кўра¸ ушланганларнинг аксарияти қўйиб юборилган. Айни пайтда¸ 677 нафар намойишчи 15 суткалик қамоққа ҳукм этилган¸ 305 нафари жаримага тортилган.

"Полиция намойишчиларга қарши махсус техникадан фойдаланмади. Уларга қарши на кўздан ëш оқизувчи газ¸ на дубинка ишлатилди”¸ деди журналистларга Қозоғистон Ички ишлар вазири.

9 июнь кунги сайловда Қозоғистонни 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев танлаган ворис - Қасим-Жомарт Тоқаев¸ расмий баëнотга кўра¸ 71 фоиз овоз билан президентликка сайланди.

Норозилик намойишларига чиққан қозоғистонликлар¸ сайлов натижаларининг сохталаштирганини айтмоқда.

ЕХҲТ кузатувчилари¸ 9 июнь кунги сайловларнинг фундаментал ҳуқуқларга ҳурматсизлик¸ тинч намойишчиларнинг қўлга олиниши ва сайлов куни кузатилган овоз беришдаги ноқисликлар боис демократик стандартларга мос ўтмаганини билдирди.

13 июнь куни Инсон ҳақлари бўйича БМТ идораси Қозоғистондаги ҳибсга олишлар¸ сиëсий қарашлари ва ўзгача фикрини тинч ва қонуний ифода қилганларни жазолаш кўлами юзасидан жиддий хавотир билдирди.

БМТ: 2050 йилгача ер шари аҳолиси қарийб 10 миллиардга етади

БМТ янги ҳисоботига кўра¸ дунëнинг тараққий қилган ҳудудларида туғилиш камайган бир пайтда¸ 2050 йилга бориб Африка аҳолиси икки бараварга кўпаяди.

БМТ Аҳолишунослик бўлими ҳозирлаган янги ҳисоботга кўра¸ 2050 йилга бориб ер шари аҳолиси 9.7 миллиардга етади.

Айни пайтда¸ ҳисобот муаллифлари аҳоли сонининг ўсиши секин-аста пасайиб¸ аксар давлатлар аҳолининг қариши билан боғлиқ жиддий муаммоларга учрашини прогноз қилади.

Қайд этилишича¸ 1990 йили битта онага ўртача 3¸2 та бола тўғри келган бўлса¸ 2019 йили бу кўрсаткич 2¸5 га тушган¸ 2050 йилга бориб эса¸ бир онага 2¸2 бола тўғри келиши кутилмоқда.

2018 йилда ер шари аҳолисининг ҳар 11 тадан бири 65 ëшдан кекса бўлган бўлса¸ 2050 йилга бориб бу кўрсаткич ўрта ҳисобда олтитадан биттани ташкил этади. Ижтимоий муҳофаза ¸ пенсия ва соғлиқни сақлашга маблағ ажратишни ошириб бораëтган Шимолий Америка ва Европада эса ҳар тўрт одамдан бири 65 ëшдан кўпроқ яшай бошлайди.

Аҳоли ўсиш жараëнининг ҳозирги суръатидан келиб чиқиб мутахассислар 2050 йилга бориб аҳоли сони бўйича Ҳиндистоннинг Хитойдан ўзиши¸ Африка аҳолисининг ҳам икки бараварга кўпайишини тахмин қилган.

БМТ ҳисоботи хулосасига таянган Pew тадқиқот маркази 22-асрга бориб аҳоли ўсишининг деярли тўхтаб қолишини башорат қилди.

Марказ тадқиқотчилари¸ 2050-2100 йиллар орасида туғилишнинг кескин камайиб¸ ер шари аҳолиси сонининг 1 миллиард 300 миллионга кўпайишини прогноз қилади.

Парламент махсус комиссияси собиқ президент Атамбаевга тўққизта айблов билдирди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, 2019 йилнинг 8 июни.

Қирғизистон парламентининг собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан президентлик иммунитетини олиб ташлаш масаласида тузилган махсус комиссияси 18 июнда ўз ишини давом эттиради.

17 июнь куни комиссия собиқ президентга тўққизта жиддий айблов билдирди. Улар орасида хизмат ваколатидан ўз фойдасига фойдаланиш, қонундаги ўғри Азиз Батукеевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатиш, коррупция, ерни ноқонуний равишда трансформация қилиш, пул ювиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш пайтида коррупцияга йўл қўйиш каби айбловлар бор.

12 нафардан иборат парламент комиссияси парламент вакилларидан 60 нафари Атамбаевни президентлик пайтида коррупцияга боғлиқ қатор жиноятларни содир этишда айблагани ортидан 13 июнда ташкил этилган эди.

Комиссия мазкур айбловларни кўриб чиқиб, Атамбаевга қандай чора кўриш масаласида ўз таклифини билдириши лозим.

Комиссия хулосаси эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилишига асос бор, деб ҳисобласа, парламентга мурожаат қилади.

Парламентнинг 120 депутатидан 80 нафари рози бўлса, Атамбаевнинг жавобгарликка тортилмаслик иммунитети бекор қилинади.

Туркманистонда президентнинг ўғли вилоятга ҳоким бўлди

Сердар Бердимуҳаммедовга депутатлик нишони топширилмоқда.

Туркманистоннинг авторитар президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзининг ягона ўғлини Ахал вилояти ҳокими этиб тайинлади.

Туркман давлат нашрларининг билдиришича, 37 ёшли Сердар Бердимуҳаммедовни ҳоким этиб тайинлаш тўғрисидаги фармон 17 июнда имзоланган.

Сердар Бердимуҳаммедов отасининг вориси сифатида президентликни қабул қилиб олиши мумкинлиги айтилиб келинади.

61 ёшли Гурбангули Бердимуҳаммедов 2006 йилнинг декабрида вафот этган Сапармурод Ниёзовдан кейин Туркманистоннинг иккинчи президентидир. Мухолифат фикрича, Бердимуҳаммедов Туркманистонда ўзгача фикрни бостирган ва ислоҳотлар ўтказмаган.

Январь ойида Сердар Бердимуҳаммедов Ахал вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Ундан аввалроқ эса президентнинг ўғли Ташқи ишлар вазирлиги ахборот бўлими бошлғи бўлган.

Миср собиқ президенти Мурсий суд залида вафот этди

Муҳаммад Мурсий.

Мисрнинг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президенти Муҳаммад Мурсий 17 июнь куни суд залида ҳушидан кетгани ортидан вафот этди.

Давлат телевидениесининг билдиришича, Мурсий Фаластиннинг Ҳамас ташкилоти фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган эди.

- Муҳаммад Мурсий ал Оят суд мажлиси пайтида вафот этди. Унга судда жосуслик айблови билдирилган. У суддан ўзига сўз беришни илтимос қилган. Суд рухсат берган. Суд мажлисида танаффус эълон қилинган пайтда Мурсий ҳушидан кетиб йиқилди ва вафот этди. Унинг жасади касалхонага олиб борилди,- деб билдирди Миср телевидениеси.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, Мурсийнинг танасидан ҳеч қандай жароҳат излари топилмаган.

67 ёшли Мурсий тақиқланган “Мусулмон биродарлари” ташкилоти лидерларидан бири бўлган эди. Мурсий 2012 йилда Мисрда демократик сайлов ортидан ҳокимиятга келган биринчи президент.

У 2013 йилда оммавий намойишлар оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилгани ортидан “Мусулмон биродарлари” ҳаракати тақиқланган. Мурсий ўшандан бери қамоқхонада сақланиб келинаётган эди.

“Мусулмон биродарлари” ҳаракати Миср ҳукуматини Мурсийни “ секин-асталик билан қасддан ўлдиришда” айблади.

АҚШ Яқин Шарққа аскар киритадиган бўлди

Пентагон эълон қилган суратлардан бири.

АҚШ яна бир бор Эронни нефть танкерларига ҳужум қилганликда айблади ва шу муносабат билан Яқин Шарққа аскар киритишини билдирди.

Пентагон 17 июнда ўтган ҳафтада Уммон бўғозида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эрон иштироки борлигини тасдиқловчи суратларни эълон қилди.

Мазкур суратларнинг асосий қисми АҚШ ҳарбий вертолёти томонидан олинган. Суратларда Эрон ҳарбийлари Япония нефть танкери ёнида портламай қолган минани тозалаётгани акс этган.

Вашингтон фикрича, Теҳрон далилларни йўқ қилиш мақсадида мана шундай чораларни кўрган. Шу куни Вашингтон Яқин Шарққа мудофаа мақсадларида минг нафарга яқин ҳарбийсини жўнатишини эълон қилди.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Польша АҚШ аскарларини олтита ҳарбий базага жойлаштиради

АҚШ президенти Дональд Трамп Польша президенти Анжей Дуда билан.

Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчак АҚШнинг мамлакатга янги киритиладиган минг нафар аскари олтита ҳарбий базага жойлаштирилишини маълум қилди.

АҚШнинг Польшадаги элчиси Жоржетт Мосбахер АҚШ аскарлари мудофаа мақсадида жойлаштирилаётганини айтди.

-Биз фақат мудофаа ҳақида, чегараларни ҳимоя қила олиш салоҳияти ҳақида гапирмоқдамиз. Тарих, айниқса Польшада, қўшнилар билан муносабатда жуда эҳтиёткор ва ўзини ҳимоя қила оладиган даражада бўлиш зарурлигини намойиш этди,-деди Элчи.

Ўтган ҳафтада Қўшма Штатлар Польшанинг эҳтимолий Россия агрессияси юзасидан ҳавотирларига жавобан бу мамлакатда минг нафарга яқин ҳарбийсини жойлаштиришга рози бўлган эди.

Бу эса Россиянинг Шарқий Европада АҚШ ҳозирлиги кучайиб бораётгани тўғрисидаги ташвишларига сабаб бўлмоқда.

Президент Трампнинг айтишича, Германиядаги 52 минг АҚШ ҳарбийсининг минг нафари Польшага кўчирилади.

Польша шарқий чегараларида АҚШ қўшинларини жойлаштиради

Варшава АҚШ қўшинларини Польшадаги олтита ҳарбий базага жойлаштиради.

Америка ҳарбийлари Польша хавфсизлигини таъминлашлари керак.

Бу ҳақда "Польша радио"си орқали мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашчак эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, НАТО қўшинлари зиммасига энг аввало Россия томонидан ҳарбий таҳдидлар эҳтимолини бартараф этиш юклатилади.

Блашчакнинг билдиришича, Америка қўшинларининг айнан қаерда жойлашиши ҳақида Варшава ва Вашингтон ўртасида алоҳида битим имзоланади.

Ўтган ҳафта икки мамлакат президентлари минг нафар америкалик аскарни Германидан Шарқий Европага ташлашга келишиб олган эдилар.


Ҳонконгда 2 миллион норози ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда

Ҳонконгда норозилик намойишлари 9 июнда бошланган.

Ҳонконгда 16 июнь куни 2 миллионга яқин одам маҳаллий ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар 9 июнда бошланган эди. Ўшанда 1 миллионга яқин одам намойишга чиққан.

Бир ҳафта тўхтамаган намойишлар ортидан Ҳонконг ҳукумати мазкур қонун устида ишлашни тўхтатди.

Ҳонконг ҳукумати бошлиғи Кэрри Лам 16 июнда баҳсли қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ўз вақтида тўхтатилмагани учун аҳолидан узр сўради.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Аргентина, Уругвай ва бошқа давлатларда 48 миллион одам электрсиз қолди

Аргентина пойтахти Буэнос Айрэсда метро ва светофорлар ишламай қолди.

Аргентина, Уругвай, Бразилия, Паргавай ва Чилининг айрим ҳудудларида 16 июнь куни электр таъминотидаги узилиш оқибатида 48 миллион одам электрсиз қолди.

Аргентинанинг "Edesur" энергетика ширкатининг билдиришича, таъминот узилиб қолишига жиҳозларнинг ишдан чиққани сабаб бўлган. Электр узатувчи жиҳозлар ишдан чиқишига эса кучли жала ёққани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Аргентина энергетика вазири Густаво Лопетеги таъминот узилишига нима сабаб бўлганини фақат 10-15 кундан сўнг аниқ айтиш мумкинлигини билдирди.

Ҳукумат эрталаб соат 7ларда узилган таъминотни кечга яқин қайта тиклашга муваффақ бўлганини ва айни пайтда электрсиз қолган ҳудудларнинг 90 фоизига электр энергияси етказиб берилаётганини маълум қилди.

Исроилда Дональд Трамп номидаги қишлоқнинг тамал тоши қўйилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу тамал тоши қўйиш маросмида.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 16 июнь куни «Трамп тепалиги» деб номланган қишлоқ қуриладиган жойнинг рамзий тамал тошини қўйди.

Мазкур қишлоқ Исроил томонидан босиб олинган Ғўлон тепалигида барпо этилади. Президент Трамп жаҳон ҳамжамияти қаршилигига қарамай, 2019 йилнинг мартида Ғўлон тепалигини Исроил ҳудуди сифатида тан олган эди. Ўшанда Исроил ҳукумати бу ҳудудга қуриладиган қишлоққа Трамп номи берилишини билдирган.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга қарашли 1800 квадрат километрли Ғўлон тепаликларини босиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини аннексия қилганини расман билдирган. Халқаро ҳамжамият бу аннексияни тан олган эмас.

Шунга қарамай, президент Дональд Трамп 25 март куни АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Помпео: Эронни босиб туриш ҳаракатини давом эттирамиз

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони Эронга қарши уруш очиш ниятида эмасликларини, лекин бу мамлакатнинг таҳдидларига ҳам йўл қўймасликларини маълум қилдилар.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 16 июнда Fox News телеканалига берган интервьюсида ўтган ҳафтада Уммон бўғозида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эрон қўли борлигига шубҳа қилинмаслигини таъкидлади.

-Президент Трамп Эрон билан урушнинг олдини олиш учун қўлидан келган ишларни қилмоқда. Биз урушни хоҳламаймиз. Биз Эронни босиб туриш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Эрон биз бу ҳаракатларни давом эттиришимизни тушуниб турган бўлса керак. Кеча мен жаҳондаги ҳамкасбларим билан телефонда гаплашдим. Ишонаманки, бу масалада биз билан ҳамкорлик қиладиган давлатлар топилади,-деди Помпео.

Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам Уммон кўрфазида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эронни айблаган эди.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Москвада Иван Голунов билан боғлиқ ҳодиса ортидан яна бир митинг ўтказилди

Москвада ўтган митинг.

Москва марказида 16 июнь куни ҳукумат рухсат берган “Барчага адолат ва қонунийлик учун” деб номланган митинг бўлиб ўтди. Дастлаб митинг “Медуза” нашри журналисти Иван Голуновни қўллаш мақсадида ўтказилиши айтилган эди, бироқ кейинроқ унинг шиори ўзгартирилди.

Россия журналистлар иттифоқи томонидан ташкил этилган митингда “Медуза” нашрига кўра 600га яқин, Ички ишлар вазирлигининг билдиришича 1600 одам иштирок этди. Ташкилотчилар митингга 20 минг одам келишидан умид қилаётган эдилар.

-Доимо адолат ғалаба қилишини истар эдим ва одамлар мана шу каби митингларга келишлари шарт. Фақат митинглар орқалигина биз Голуновни қутқариб қолдик. Агар биз жим ўтирганимизда у ҳозир қамоқда қолган бўлар эди, - деди митингга чиққанлардан бири Елена Ваулина.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва 11 июнда жамоатчиликнинг жуда қаттиқ босим остида озод этилган эди.

Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлган.

Голунов тарафдорлари Москвада 12 июнда ўтказган намойиш пайтида камида 400 одам қўлга олинди. Голуновни озод қилиш талаби билан мурожаатларни 6 минг журналист ва юз мингдан ортиқ фуқаро имзолади.

Эрон президенти: Теҳрон 2015 йилги ядровий келишувга тўлиқ амал қилишни тўхтатади

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни имзолаган давлатлар “ижобий ишорат” бермаса, Эрон ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатишини таъкидлади.

15 июнь куни Душанбеда бўлиб ўтган Осиё етакчилари саммитида сўзлаган Руҳоний Эрон 2015 йилда имзоланган келишув асосида ўз бўйнига олган айрим мажбуриятларни бажаришни тўхтатишга қарор қилганини маълум қилди.

Президент Эрон айнан қайси мажбуриятларини бажаришни тўхтатишини ёки Теҳрон имзолаган давлатлардан айнан қандай сигнал кутаётганини очиқламади.

Май ойида АҚШнинг келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкцияларни қайта жорий қилганига жавобан Эрон келишув шартларига тўлиқ амал қилишни тўхтатган эди.

- Табиийки, Эрон келишувга бир тарафлама амал қилишда давом эта олмайди, - деди Руҳоний.

Президент Эрон келишувнинг айрим шартларини бажаришда давом этаётгани, Теҳрон қарорига АҚШ президент Дональд Трамп келишувдан чиқиб, “ноқонуний ва асоссиз” санкцияларни жорий қилгани сабаб бўлганини таъкидлади.

Зеленский “озод қилинганининг” 5 йиллигини нишонлаётган Мариуполга борди

Украина президенти Владимир Зеленский 15 июнь куни Мариуполь шаҳрининг россияпараст айирмачилардан озод этилгани беш йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

Азов денгизи соҳилидаги Мариуполь шаҳри айирмачилар ва Киев кучлари билан тўқнашув бораётган уруш зонасидан атиги 20 км нарида жойлашган.

Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилнинг апрелидан бери 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Зеленский Мариуполда қўшма ҳарбий машқларни кузатди ҳамда миналарни зарарсизлантириш маркази очилишида қатнашди.

Президент айирмачилар бошқарувидаги Луганск ва Донецк вилоятларини ўз ичига олувчи Донбасс ҳудуди ҳақида:

- Энди бор эътиборимизни Донбассга қаратишимиз керак. Бу бизнинг еримиз, бизнинг ҳудудимиз ва нариги тарафда вақтинча оккупациядаги ҳудудлардаги одамлар бу тарафда Украина гуллаб-яшнаётганини кўришларини истаймиз, - деди.

БМТ Бош котиби Уммон бўғозида танкерларга қилинган ҳужум юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Уммон бўғозида 13 июн куни иккита танкерга қилинган ҳужумни қоралади.

Гутерриш жума куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, ҳужум юзасидан мустақил тергов ўтказишни таклиф қилди.

Араб лигаси давлатлари раҳбари Аҳмад Абул Гейт Эронни ўз сиёсий йўналишини ўзгартиришга чақирди.

Абул Гейтнинг баёноти АҚШ ҳужумда Эронни айблаб чиқиши ортидан янгради.

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни бўғозда иккита танкерга қилинган ҳужумда Эронни айблаган эди.

Ўз навбатида Теҳрон ҳужумга алоқаси йўқлигини билдирган.

Уммон бўғозидан дунёда истеъмол қилинадиган нефтнинг 20 фоизи олиб ўтилади.


Россияда Украина ва Қўшма Штатларни душман деб билувчилар сони озайди

АҚШ ва Украина байроқлари

Янги сўровга кўра, Украина ва Қўшма Штатларни душман деб билувчи россияликлар сони озайган, чунки улар ўз эътиборларини кўпроқ тобора ортиб бораётган ички муаммоларга қаратаётган экан.

Мустақил "Левада" ташкилоти ўтказган сўровга кўра, Қўшма Штатларни душман деб билувчи россияликлар сони ўтган йили 78 фоиз бўлса, бу йил 67 фоизга тушиб кетган.

Украинани ғаним давлат деб билувчилар сони эса 49 фоиздан 40 фоизга озайган.

Москва 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олиши ва сўнгра Украина шарқидаги бўлгинчиларни дастаклай бошлаши ортидан Россиянинг Украина ва Қўшма Штатлар билан бўлган муносабатлари ёмонлашди.

Сўнгра Қўшма Штатлар Россияга қарши санкциялар киритди.

Ушбу молиявий ва иқтисодий санкциялар беш йилдан буён Россия иқтисодиётининг ўсишига тўсиқ бўлиб келмоқда.

Ўтган ойларда Россиянинг турли минтақаларида ойликлар ва пенсиялар масаласида бир неча бор намойишлар бўлиб ўтди.

"Ислом давлати" Душанбе қамоқхонасидаги қуролли исён учун масъулиятни ўзи зиммасига олди

Душанбедаги қамоқхона

"Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи Душанбе шаҳридаги қамоқхонада содир этилган қуролли исён учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

20 май куни қаттиқ тартибдаги қамоқхонада исёнда 32 одам ҳалок бўлганди.

14 июнь куни ИД ўзининг "Ал-Набаа" номли веб саҳифасида Душанбе шарқидаги қамоқхонага ҳужумни "халифалик аскарлари" амалга оширганини билдирди.

Аммо ИД веб сайти ўз баёнотига исбот тақдим этгани йўқ.

Ўтган ой Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўлдирилган 32 нафардан 17 нафари ИД экстремист гуруҳи аъзолари бўлганини айтган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG