Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 09:58

Халқаро янгиликлар

Россиядаги бомба заводида портлаш бўлди, сабаблар номаълум қолмоқда

A still image, taken from a video footage, shows smoke rising from the site of blasts at an explosives plant in the town of Dzerzhinsk, Nizhny Novgorod Region, Russia June 1, 2019. Elena Sorokina via REUTERS THIS IMAGE HAS BEEN SUPPLIED BY A THIRD PARTY

Россия расмийлари 1 июнь куни Дзержинск шаҳрида жойлашган портловчи моддалар заводида содир бўлган портлашни тергов қилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Валерий Цинков портлаш ортидан 700 нафар ишчи ҳодиса жойига сафарбар қилинганини маълум қилди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлашлар ортидан 89 нафар одам тиббий ёрдам сўраб шифохонага мурожаат қилганини билдирди.

Вазирлик расмийси жароҳат олганларнинг аксари ўткир жисмлардан жароҳат олганини таъкидлади.

Расмий маълумотларга кўра, “Кристалл” заводида уч портлаш содир бўлган. Завод Россия Мудофаа вазирлиги учун кучли бомбалар тайёрлаб келган.

Афғонистонда содир бўлган портлашларда камида 7 одам ҳалок бўлди

Толиблар билан тинчлик музокараларига масъул АҚШ вакили Залмай Халилзод

Толиблар Рамазон ҳайити муносабати билан ўт очишни тўхтатишдан бош тортар экан, мамлакатда портлашлар тинчимаяпти.

Расмийлар 2 июнь куни пойтахт Қобулда уч портлаш содир бўлганини маълум қилди. Уларнинг бири университет талабаларини олиб кетаётган автобусда содир бўлган. Натижада камида бир одам ҳалок бўлган, 17 одам тан жароҳат олган. Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Автобусдаги портлашдан олти соат аввал Ғазни вилоятида амалга оширилган портлашда камида 6 нафар полициячи ҳалок бўлган.

Толиблар 22 май куни Ғазнида амалга оширилган портлаш учун масъулиятни ўз бўйнига олди. Автомобилга ўрнатилган бомба 4 одам, жумладан, 2 нафар полиция ходими ўлимига сабаб бўлди.

30-31 май кунлари амалга оширилган портлашлар эса ўнлаб одам ўлимига ёки жароҳат олишига сабаб бўлди.

Ўтган йилда толиблар ҳайит муносабати билан уч кунга ўт очишни тўхтаган эди. Аммо жангари гуруҳ президент Ашраф Ғанининг бу йил ҳам ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этди.

Боснияда муҳожир марказида чиққан ёнғинда ўнлаб одам жароҳатланди

Босния шимоли-ғарбида жойлашган муҳожир марказида чиққан ёнғиндан камида 32 одам жароҳат олди.

Ғарбий Европага отланган 500 га яқин муҳожир яшаб келаётган Велика Кладуса марказидаги ёнғин 1 июнь куни бошланган.

Маҳаллий полиция матбуот котиби ёнғинга овқат пишириш мосламаси сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини айтди.

Ёнғин тез суратда тарқалган ва иморат ичидаги айрим муҳожирлар деразадан ўзларини ташлашга мажбур бўлган. Уларнинг 13 нафари шифохонада қолмоқда.

Ёнғин бир неча соатда бутунлай ўчирилган.

Пентагон сунъий йўлдошларини фазога чиқаришда Россия ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2023 йилдан бошлаб сунъий йўлдошларни фазога чиқаришда рус ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади. 31 май куни эълон қилинган буйруқ Россиянинг ракета саноатига катта зарба бўлиши мумкин. Аммо бу қарор SpaceX ва Blue Origin каби хусусий АҚШ ширкатлари учун қўл келади.

АҚШнинг ушбу қарори Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатлар тобора совиб бораётган бир пайтда эълон қилинди.

Пентагон одатда АҚШ ҳарбий сунъий йўлдошларини фақат АҚШ ширкатлари билан ҳамкорликда Ер орбитасига чиқаради.

Аммо АҚШ армияси баъзан тижорий ширкатлар хизматларидан ҳам фойдаланиб туради. Бундай тижорий ширкатларнинг айримлари эса рус ракеталаридан фойдаланади. “Роскосмос” вакили АҚШ ширкатлари ва ҳукумати “Союз” ҳамда “Протон”ракеталаридан фойдаланиб келаётганини билдирди.

Янги қарор 2023 йилдан бошлаб бунга чек қўяди. Пентагон бундай қарор АҚШ хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.

Саудия Арабистони подшоҳи Эронни террорчи жангариларни қўллашда айблади

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд Теҳронни террорчи жангариларни қўллашда, глобал нефть савдосига ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётганликда айблади.

Маккада бўлиб ўтаётган Исломий ҳамкорлик ташкилоти саммити давомида Саудия подшоҳи Бирлашган Араб Амирликлар соҳили яқинида нефть танкерларига ҳамда дронлар билан Саудия нефть қувурларига қилинган ҳужумларни “террор ҳужумлари” дея таърифлади.

Подшоҳнинг сўзларига кўра, қувурларга дронлар билан қилинган ҳужумларни Ямандаги ҳутий исёнчилар амалга оширган. Салмон уларни “Эрон қувватлаётган террорчи жангарилар” деб атади.

АҚШ қувватлаб келаётган сунний Саудия Арабистони шиа Эроннинг ашаддий рақиби бўлиб, иккала давлат минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун курашиб келади.

Кейинги ойларда Ҳўрмуз бўғозида вазият кескинлашди. Ўтган ойда АҚШ Эрон Форс кўрфазида ўз манфаатларига таҳдид солаётганини айтиб, кўрфазга учоқташир кемаларини юборган эди.

АҚШнинг Виржиния-Бич шаҳрида 12 киши қурол ишлатган шахс ҳужумидан ҳалок бўлди

Воқеа жойидан олинган сурат. 2019, 31 май оқшоми.

АҚШнинг Виржиния штатидаги Виржиния-Бич шаҳри мэриясига жума оқшомида шу муниципалитет ходими тўппонча ва ярим автомат милтиқ билан бостириб кириб ўт очиши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди.

Ўт очган шахс полиция билан отишма чоғида ўлдирилди. Яраланган 4 киши касалхонага ётқизилди.

ОАВ хабарларига қараганда, жиноятни содир этганликда 40 яшар Дэуйн Крэддок гумон қилинмоқда. Унинг ҳаракатлари мотивлари ҳозирча номаълум.

Дэуйн Крэддок ўт очган пайтда мэрия биносида 400 га яқин киши бўлган. Полицияга кўра, ўлдирилганлардан бирининг жасади бино яқинидаги машинадан, қолганлар бинонинг 3 қаватидан топилган.

“Бугун Вирджиния-Бич тарихидаги энг даҳашатли кун бўлди”, - деди шаҳар мэри Бобби Дайер.

Франция ва Германия Украинада тинчлик ўрнатиш юзасидан музокараларни тиклашга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас.

Франция ва Германия Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича тўхтаб қолган музокараларни қайта жонлантиришни истайди. Бу ҳақда икки давлат ташқи ишлар вазирлари маълум қилди.

30 май куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас ҳамда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Киевда Украинанинг янги сайланган президенти Володимир Зеленский билан “жуда самарали” учрашув ўтказилганини айтишди.

2014 йил сентябрида ва 2015 йил февралида Украина ва Россия Беларусь пойтахти Минскда Германия ва Франция ўртамчилигида тинчликка эришиш шартномасини имзолаган эди. Ўшандан бери Германия ва Франция тарафларни битим шартларига амал қилишга чорлаб келади.

2014 йилдан бери Украина шарқида Киев кучлари ҳамда россияпараст айирмачилар ўртасида давом этаётган урушда камида 10 минг 300 одам ҳалок бўлди.

- Фурсатдан фойдаланиб, Минск тинчлик жараёнини қайта йўлга қўйишни истаймиз, чунки ҳозирча жараён тўхтаб қолган, - деди Маас.

Маас ва Дриан қўшма билдирув эълон қилиб, Москвани “тангликни кучайтириш ўрнига ишонч атмосферасини яратишга” чорлади.

Помпео: Эрон нефть нархини ошириш учун танкерларга ҳужум қилган

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Шу ой бошида Бирлашган Араб Амирликлари соҳилида танкерларга қилинган ҳужумни Эрон амалга оширган, деб баёнот берди АҚШ давлат котиби. Майк Помпеонинг фикрича, ҳужум нефть нархларини ошириш мақсадида қилинган.

29 май куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ҳужумлар ортида Эрон турганини тасдиқловчи далиллар БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилишини айтган эди.

Помпеодан далиллар ҳақида сўралганда, улар билан танишиб чиққанини, Болтон тўғри баёнот берганини билдирди.

Теҳрон ушбу айбловларни “аҳмоқона” дея таърифлаб, рад этмоқда.

30 май куни АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Теҳрон АҚШ ёки унинг ҳамкорлари манфаатларига зарар етказиш учун ҳужум қилса, Вашингтон ҳарбий куч ишлатиши ҳақида огоҳлантирди.

Бу орада Маккада араб давлатлари етакчилари навбатдан ташқари саммит ўтказиб, халқаро ҳамжамиятни Эроннинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашувига барҳам бериш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Араб давлатлари Маккада ўтказилган фавқулодда саммитда Эронни қоралади

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд 

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд Маккада араб давлатлари етакчилари иштирокида ўтказилган навбатдан ташқари саммит давомида халқаро ҳамжамиятни Эроннинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашувига барҳам бериш учун барча чораларни кўришга чақирди.

30 май куни подшоҳ Эронни глобал ва минтақадаги террор гуруҳларига бошпана беришда ҳамда халқаро сув йўлларига таҳдид солишда айблади.

Саммит Теҳрон билан Вашингтон ва унинг араб ҳамкорлари ўртасидаги муносабатлари танглиги фонида ўтказилди.

АҚШ дастаклаб келаётган сунний Саудия Арабистони шиа Эроннинг ашаддий рақиби бўлиб, иккала давлат минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун курашиб келади.

Саудия Арабистонида нефть қазиб олиш станцияларига ҳамда мамлакат соҳилига яқин ҳудудларда нефть танкерларига ҳужум қилиниши ортидан минтақадаги вазият янада кескинлашди. АҚШ ва араб давлатлари ҳужумларда Эронни ҳамда унинг ҳамкорларини айблади. Теҳрон эса бу айбловларни рад этиб келади.

Саммит иштирокчилари эълон қилган қўшма баёнотда араб давлатларининг ўзларини мудофаа қилиш ҳуқуқига урғу берилди.

АҚШда вазни 245 грамм чақалоқ туғилди. Унинг ҳаёти сақлаб қолинди (ВИДЕО)

Шу кунгача Токиода 268 грамм вазнда туғилган чақалоқ ҳаёти сақлаб қолинган энг кичик вазндаги бола бўлган эди.

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Диего шаҳридаги Sharp Mary Birch клиникаси шифокорлари муддатидан олдин туғилган ва оғирлиги 245 грамм бўлган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Клиника тарқатган хабарда, чақалоқ Сэйби деб аталган. Унинг ҳақиқий исми ота-онасининг илтимоси билан сир сақланмоқда.

Хабарда айтилишича, қизча 2018 йилнинг декабрь ойида, ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида туғилган. Туғруқ пайтида онанинг аҳволи оғирлашган, қизалоқнинг ҳаёти ҳам хавф остида бўлган.

Сэйбининг онасига кўра, шифокорлар муддатидан олдин туғилган чақалоқ яшаб кетишига ишонишмаган, шундай бўлса ҳам уни дарҳол интенсив терапия бўлимига жойлаштиришган. Шифокорлар чақалоқнинг отасини қизи бир соат ичида вафот этишидан огоҳлантиришган. Аммо соатлар кунларга, кунлар эса ҳафталарга айланган ва қизалоқ яшаб қолган.

Сэйби 5 ой мобайнида шифокорлар назоратида касалхонада сақланди. Ҳозир унинг вазни 2 килони ташкил қилади. Уни уйга олиб кетишга рухсат берилган. Чақалоқнинг саломатлиги яхши.

Айова университети олимларининг билдиришларича, Сэйби шу кунгача ҳаёти сақлаб қолинган жаҳондаги энг кичик вазндаги чақалоқ бўлди.

Бундан аввал Япония пойтахти Токиода ҳам 268 грамм вазнга эга ўғил бола туғилгани хабар қилинган эди. Шифокорлар чақалоқни олти ой парваришлаб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга эришганлар.

Тожикистонда доллар тақчиллиги. Одамлар доллар сотиб олиш учун узун навбатларга турмоқда

Душанбеда доллар сотиб олиш учун навбатда турган одамлар.

Тожикистонда одамлар доллар сотиб олиш учун узундан-узоқ навбатларга туришга мажбур бўлмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, одамлар банкларнинг валюта алмаштириш шаҳобчаларига тунги соат 3-4ларда келиб навбатга турмоқда.

“Мен бугун бомдод намозини ўқибоқ бу ерга навбатга тургани келдим. Лекин навбатим келгунича доллар тугаб қолди. Қуруқ қўл билан қайтиб кетаяпман”, деб айтган душанбеликлардан бири.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда сўнгги икки ҳафтадан бери доллар тақчиллиги кузатилмоқда. Валюта алмаштириш шаҳобчаларида бир одамга 200 доллардан ортиқ пул алмаштирилмаяпти.

Тақчиллик оқибатида давлат курси 9,45 сомоний бўлган 1 доллар қора бозорда 10 сомонийдан кўпроққа сотилмоқда.

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида кўп қаватли уй ёниб кетди

Жамбил вилояти Қозоғистон харитасида.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида чиққан ёнғинни ўт ўчирувчилар бир неча соат давомида ўчиришга муваффақ бўлдилар.

Расмий маълумотда айтилишича, ёнғин тўғрисида 30 май куни соат 19дан 38 дақиқа ўтганида хабар келган. Ёнғин соат 22:10да ўчирилган. Ёнғин оқибатида кўп қаватли уйнинг 1200 квадрат метри ениб кетган. Ёнғинни ўчириш учун 62 ўт ўчирувчи жалб қилинган.

Мазкур уйда 350 одам яшаган. Ёнғин пайтида уйда бўлган 171 одам, жумладан, 20 нафар бола эвакуация қилинди. Расмийлар ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бўлмаганини айтмоқда.

Туркманистонда Қадр кечаси муносабати билан амнистия эълон қилинди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Рамазон ойи муносабати билан 764 маҳбусни амнистия қилди.

Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, президент бу борадаги фармонни 29 май куни имзолади.

“Мазкур амнистия Рамазон ойининг муҳим босқичи бўлган Қадр кечаси муносабати билан берилди”, дейилади расмий хабарларда. Жорий йилда Қадр кечаси 31 майдан 1 июнга ўтар кечасига тўғри келмоқда.

Туркманистонда ҳар йили Рамазон ойида маҳбусларга амнистия бериш анъанага айланган.

Бердимуҳаммедов бундан олдин Наврўз муносабати билан март ойида 2000 маҳбусга амнистия берган эди.

Украина парламенти Бош вазир истеъфосини қабул қилмади

Украина Бош вазири Владимир Гройсман.

Украина параламенти 30 май куни Бош вазир Владимир Гройсман истеъфосини қабул қилмади. Парламент депутатларидан фақат 97 нафари истеъфо учун, 226 депутат эса Бош вазирни қўллаб овоз берди.

-Мен ўз лавозимимга ёпишиб олмоқчи эмасман. Мен истеъфога чиқиш учун ариза бердим. Бу масалани сизлар ҳал қиласизлар. Биласизларки, мен ҳар доим масъулиятли бўлганман ва бундан қўрққан эмасман. Ўтган уч йил давомида ҳар куни мамлакатда бўлаётган ишлар учун масъул эканимни ҳис қилиб турдим, - деди Гройсман парламентда қилган чиқишида.

Украинада янги президент Володимир Зеленский 20 май куни қасамёд қабул қилар экан, Бош вазир Владимир Гройсманни истеъфога беришга чақирган эди. Гройсман 23 май куни истеъфо тўғрисида ариза ёзган.

Венгрия полицияси одамлар ўлимига сабаб бўлган кема ҳалокатида украиналикни гумонламоқда

Полиция Дунайда бедарак йўқолган 21 одамни қидиришда давом этмоқда.

Венгрия полицияси 30 май куни Дунай дарёсида сайёҳлик кемасининг ағдарилиши воқеаси юзасидан украиналик денгизчини ҳибсга олди. Мазкур ҳодисада камида 7 одам ўлган ва 21 нафар одам бедарак йўқолган.

-Экспертлар билан ҳамкорликда айнан қандай сабабларга кўра бу ҳалокат юзага келганини ўрганмоқдамиз. Бу ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган, - деди Будапешт полицияси матбуот котиби Адриан Пал.

Жанубий Кореядан келган 35 сайёҳни Будапешт бўйлаб Дунай дарёсида сайр қилдираётган кемага бошқа бир кеманинг келиб урилиши оқибатида ағдарилгани хабар қилинган эди.

Маълум бўлишича, полиция сайёҳлик кемасига келиб урилган 135 метрли кема капитани Юрий С.ни қўлга олган. У одамлар ўлимига сабаб бўлган кема ҳалокатини келтириб чиқарганликда айбланмоқда.

Европа кенгаши президенти Марказий Осиёга ташрифини бошлади

Европа кенгаши президенти Дональд Туск Марказий Осиёга тўрт кунлик хизмат сафарини Тожикистондан бошлади.

29 май куни Тускни Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Душанбе аэропортида кутиб олди.

Туск 30 майда президент Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказганидан сўнг, Нурсултонга жўнаб кетади.

31 май куни Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашади.

31 май куни Туск Ўзбекистонга келади ва президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлади.

Европа кенгашининг маълум қилишича, учрашувларда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан янги стратегиясига доир масалалар, минтақавий ва икки томонлама ҳамкорлик, иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чегараларни бошқариш ҳамда хавфсизлик муаммолари муҳокама қилинади.

Тускнинг ташрифидан икки ҳафта олдин Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини эълон қилган эди.

АҚШ ва Россия дипломатлари Сурияни халқаро ҳамжамиятга қайтариш масаласини муҳокама қилди

Юқори лавозимли АҚШ ва Россия дипломатлари Сурияни халқаро ҳамжамиятга қайта қўшиб олтиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бунинг учун Сурия мамлакатдаги фуқаролар урушини тугатиш йўлида қатор чораларни кўриши керак бўлади.

29 май куни ёпиқ эшиклар ортидан ўтказилган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғини ортидан АҚШ ҳукуматининг Сурия масалалари бўйича маслаҳатчиси Жим Жеффри Москва ва Вашингтон саккиз йилдан бери тинчимаётган урушни қадам-бақадам тугатишни муҳокама қилганини таъкидлади.

Жеффри аввалроқ Сочи шаҳрида ўтказилган музокараларда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Сурия ҳукумати БМТнинг 2254-сонли резолюциясига амал қилса, уни халқаро ҳамжамиятга қайтариш масаласини муҳокама қилганини айтди.

Россия ва Эрон 2011 йилдан бери амалдаги президенти Башар ал-Ассадни қўллаб келади. АҚШ ва Туркия эса бошқа-бошқа исёнчи гуруҳларни дастаклаб келади. БМТ 2012 йилнинг июнида қабул қилган 2254-сонли резолюция Сурия ҳукуматини тинчлик музокараларини олиб боришга, янги конституция ишлаб чиқишга ҳамда БМТ назорати остида сайловлар ўтказишга чорлайди.

Олмаотада Виктор Цой ёдгорлигига ҳукуматдан норозилар постер илиб кетди

Олмаотада номаълум шахслар муддатидан олдин ўтказилаётган сайловлар арафасида совет давридаги рок юлдуз Виктор Цой ёдгорлигига норозилик изҳор қилинган плакатни илиб кетди.

Русча “Ўзгаришлар” ҳамда қозоқ тилида “Қозоқ баҳори” деб ёзилган плакат ҳайкалнинг ўнг қўлига илиб кетилди.

Плакатни ким қолдиргани ҳозирча номаълум.

rukh2k19 мухолифатчи гуруҳи Istagram тармоғида плакат видеосини “30 йилдан бери ўзгаришларни кутиб келамиз. Уларни ўзимиз амалга оширадиган вақт келди”, деган ёзув билан ёйинлади.

Цой ва у етакчилик қилган “Кино” гуруҳи Совет Иттифоқида 1980 йилларда катта шуҳрат қозонган. Уларнинг “Перемен” ашуласи совет ёшлари орасида эркинлик ва сиёсий ўзгаришларга бўлган умид рамзига айланган.

Ҳафта давомида Қозоғистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳукуматни танқид қилувчи постерлар илинди. Расмийлар бир неча шахсни постерларни ёйинлашда гумонлаб қўлга олган. Уларга оммавий тадбирлар бўйича қонунларни бузиш айблови қўйилди.

Европа Чемпионлар лигасининг Бакуда ўтган финалида "Челси" "Арсенал"ни ютди

Европа футбол лигасининг Озарбайжон пойтахти Бакуда ўтган финалида “Челси” “Арсенал”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этди.

29 май куни финал беллашуви ўтган стадионда бўш ўринлар жуда кўп бўлди. 70 минг киши сиғадиган стадионга фақат 6 мингта билет сотилди.

УЕФА финал учрашувини ўтказиш учун Европадан 4 минг километр олисдаги Бакуни танлагани футбол ишқибозлари ўртасида баҳсларга сабаб бўлмоқда. Масофанинг узоқлиги сабабли “Челси” ва “Арсенал” ишқибозларининг кўпчилиги Бакуга кела олмади.

Бундан ташқари “Арсенал” юлдузи бўлган арманистонлик Генрих Мхитарян Озарбайжон ва Арманистон ўртасида узоқ йиллардан бери Тоғли Қорабоғ масаласида зиддиятлар мавжудлиги муносабати билан Бакуга боришдан бош тортди.

Чемпионлар лигасининг навбатдаги ўйини “Ливерпуль” ва “Тоттенхем” ўртасида 1 июнь куни Мадридда бўлиб ўтади.

Будапештда кема ағдарилиши оқибатида камида 7 одам ҳалок бўлди

Дунай дарёси.

Венгрия пойтахти Будапештда 29 май куни кечқурун Дунай дарёсида сайёҳлик кемаси ағдарилиши оқибатида камида 7 одам ҳалок бўлди, 20 одам бедарак йўқолди.

Расмий хабарларга кўра, кема кучли жала ёғаётган пайтда ағдарилган. Кемада таҳминан 34 йўловчи бўлган.

Қутқарувчилар 7 одамни сувдан олиб чиқишга улгурган. Уларнинг барчаси касалхонага ётқизилгани, айни пайтда уларнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда.

Кемада қанча одам бўлгани аниқ эмас. Полиция кемада Жанубий Кореядан келган 33 нафар сайёҳ бўлганини, кема эгаси эса 32 сайёҳ ва экипажнинг икки аъзоси бўлганини айтмоқда.

Эрдўғон Трамп билан гаплашганидан сўнг террорчи сифатида қамалган олим озод этилди

Турк-Америка олими Серкан Гўлже.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон ва АҚШ президенти Дональд Трамп 29 май куни ўтказган телефон мулоқоти ортидан олим Серкан Гўлже турк қамоқхонасидан озод қилинди.

Турк-Америка олими Серкан Гўлже АҚШ Коинот агентлиги - НАСАнинг “Марс” дастури устида ишлаган. У террорчиликда айбланиб, уч йил қамоқхонада ёлғиз сақланган. 40 ёшли олимнинг озод этилиши юзасидан расмий тушунтириш берилмади.

Вашингтон Анқарани Гўлже ва бошқа қатор маҳбусларни озод этишга чақириб келаётган эди.

Гўлже 2016 йилда Туркияга оиласи билан дам олишга келган. У оиласи билан бирга яшаётган АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳрига қайтишига бир кун қолганида Фатҳулла Гуланга алоқадорликда айбланиб қўлга олинган эди.

2018 йилда Гўлже 7,5 йилга қамалган. Аппеляция суди бу муддатни 5 йилга туширган эди.

Эрдўғон ҳукумати Гуланни 2016 йили муваффақиятсизликка учраган давлат тўнтариши ташкилотчиси деб билади.

1999 йилдан бери АҚШда муҳожиратда яшаëтган Гулан ўзи ва тарафдорларига қўйилаëтган айбларни инкор қилиб келмоқда.

Бу воқеадан бери Туркияда 77 минг одам устидан жиноий иш очилди¸ 150 минг одам ўз ишидан ҳайдалди.

Назарбоев Евросиё иқтисодий иттифоқининг фахрий президенти бўлди

Назарбоев Путин ва Лукашенка билан.

Қозоғистоннинг Биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Евросиё иқтисодий иттифоқининг фахрий раиси бўлди. Бу ҳақда 29 май куни Твиттер саҳифасида Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай маълум қилди.

Қозоғистоннинг муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаевга кўра, Назарбоевни бу лавозимга Россия президенти Владимир Путин таклиф қилган. Бунга қадар ташкилотда фахрий раис лавозими мавжуд эмас эди.

Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлат раҳбарлари ташкилот фахрий раиси лавозимини жорий этишни режалаштираётганлари тўғрисида апрель ойида "Коммерсантъ" газетаси хабар берганди.

Нашрнинг билдиришича, бу лавозимни таъсис этиш ғояси Назарбоев 19 март куни президентликдан истеъфо бергани ва Евросиё иқтисодий иттифоқини ташкил этиш ғоясини биринчи бўлиб Назарбоев 1994 йилда таклиф қилгани ортидан пайдо бўлган.

АҚШ, Саудия ва БАА Эронга нисбатан босимни кучайтирмоқчи

Жон Болтон.

АҚШ ва унинг Форс кўрфазидаги асосий иттифоқчилари Саудия Арабистони ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Эронга нисбатан босимни кучайтиришга келишиб олди.

Уч давлат Эрондан ҳар қандай ҳужумларни тўхтатишни ва минтақавий ҳамкорлик баҳонасида террорчи гуруҳларни қўллашни тўхтатишни талаб қилди.

29 май куни Абу-Дабига борган АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Теҳрон минтақада АҚШ ва унинг иттифоқчилари манфаатларига таҳдид қиладиган бўлса “жуда кучли муносиб жавоб олиши”дан огоҳлантирди.

Айни пайтда Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 29 май куни ҳукумат йиғилишида АҚШни босимларни тўхтатишга чақирди:

-АҚШ бизга нисбатан шафқатсиз муносабатини, шафқатсиз санкцияларини тўхтатиб, ўз мажбуриятларини бажаришга киришган дақиқадан бошлаб улар ўзлари тарк этган музокаралар столига қайтиши мумкин. Улар учун йўл берк эмас, йўлимиз очиқ, - деди Руҳоний.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон 28 майда “минтақавий хавфсизликнинг кечиктириб бўлмас масалаларини муҳокама қилиш мақсадида” Бирлашган Араб Амирликларига келганини маълум қилган эди.

Болтон Бирлашган Араб Амирликларига АҚШнинг Эрон билан муносабатлари ўта кескинлашган бир пайтда ташриф буюрди. АҚШ минтақада Эроннинг асосий рақиблари бўлган давлатларнинг яқин иттифоқчиси саналади.

Михаил Саакашвили Украинага қайтди

Киевда Саакашвилини кутиб олиш маросими.

Грузиянинг собиқ президенти, Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили 29 май куни хориждан Украинага қайтди.

-Мен ўзим севган ва меҳр қўйган мамлакатга қайтдим. Мен кимдандир ўч олиш, кимнидир жазолаш ёки йўқ қилиш учун қайтмадим. Мен вайрон этиш учун эмас, балки энг яхши биладиган ишим- бунёд этиш учун қайтдим, - деди Саакашвили журналистларга Киев аэропортида.

Украина президенти Володимир Зеленский 28 май куни Михаил Саакашвилининг Украина ватандошлигини қайта тиклаган эди.

Саакашвилини 2015 йили Одесса губернатори лавозимига тайинлаган аввалги президент Петро Порошенко унга Украина ватандошлигини берган эди.

2017 йил июлида Саакашвили Янги кучлар ҳаракати деб номланган мухолифат гуруҳи тузиши ортидан Порошенко уни Украина ватандошлигидан маҳрум қилган эди. Шундан сўнг кучишлатар тузилмалар Саакашвилини Украинадан бадарға қилганди.

Путинни мазах қилган рус блогери расмийларни ҳақорат қилишда айбланди

Смоленск шаҳрида яшовчи блогер Сергей Командиров Интернетда Путин сурати остида “Ҳар бир фуқаро биринчи ўриндаги ***** ким эканлигини билади”, деб ёзилган мемни бўлишган.

Россия президенти Владимир Путинни мазах қилувчи мемни Интернетда бўлишган рус блогерига мунозарали “расмийларга ҳурматсизлик” бўйича янги қонун асосида расмий айблов қўйилди.

Смоленск шаҳрида яшовчи блогер Сергей Командиров Интернетда Путин сурати остида “Ҳар бир фуқаро биринчи ўриндаги ***** ким эканлигини билади”, деб ёзилган мемни бўлишган.

Командиров янги қонун 29 март куни кучга кирганидан кейин икки кун ўтиб, Новгород шаҳрида Юрий Картижевга айблов қўйилиши ортидан юқорида тилга олинган мемни бўлишган.

Янги қонунда расмийларни ёки давлат рамзларини ҳақорат қилганларни 15 кунгача қамаш ҳамда 100 минг рублгача жаримага тортиш белгиланган. Қонунни такрор бузганларга эса 200 минг рубль жарима солиниши мумкин.

27 май куни мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг ёрдамчиларидан бири Леонид Волков Twitterда Картижевга чиқарилган ҳукмни қоралагани учун расмийларга ҳурматсизлик кўрсатишда айбланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG