Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 23:00

Халқаро янгиликлар

Атамбаев парламент ўзига қўйган айбларни “абсурд” деб атади

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев мухолифатдаги Социал-демократлар партияси раисидир.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат парламентининг ўзига қўйган айбларини бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмаган “абсурд” деб атади.

Атамбаев муносабатини у раҳбар бўлган Социал-демократлар партияси раиси ўринбосари Қундуз Жолдубаева эълон қилди.

Бу баëнотда Атамбаев ўзига қўйилган айбларни жорий президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг “сиëсий мухолифларини йўқ қилиш” истаги ифодаси деб атади.

«Сўўрўнбай Жээнбеков овозимни ўчириш учун мени уйдирма айблар билан ноқонуний айблашдан бошқа йўл тополмади. Бир йилдан кўпроқ энг ифлос усуллар¸ энг ифлос сиëсат ва энг ифлос миш-мишлар ишлатилаëтган бўлса-да¸ бу ишдан ҳеч нарса чиқмайди”¸ дейилади Атамбаев баëнотида.

Собиқ президент жамоатчиликка ҳокимият томонидан ўз “ҳалол шахси”га ҳужум уюштиришда ишлатилаëтган депутатлар исми-шарифи ва репутациясига эътибор қаратишни тавсия этади.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топди.

Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганлик, Қўй-Тош қишлоғида уй қуриш учун ноқонуний равишда ер олганлик, жиноий авторитет (вор в законе) Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлик, “Ака инвест” ширкати билан боғлиқ можаро ва Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топди.

Киев суди Саакашвилининг парламент сайловида қатнашишига рухсат берди

Грузия собиқ президенти¸ Одесса собиқ губернатори Михаил Саакашвили Зеленский президентликка келиши ортидан Украинага қайтди.

21 июнь куни Киев суди Грузия собиқ президенти ва Одесса собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг Украина парламент сайловларида қатнашишига йўл очувчи қарор чиқарди.

Facebookда суд қарори видеосини жонли тарзда кўрсатган Саакашвили¸ уни адолатли деб атади ва Украинада вазият ўзгарганини таъкидлади.

Украина қонунчилигига кўра¸ Олий Рада депутатлигига номзодини қўймоқчи бўлган шахс сўнгги 5 йил ичида мамлакат ҳудудида мунтазам яшаган бўлиши керак.

Ўтган йил февралида Саакашвилини собиқ президент Порошенко мамлакатдан депортация қилгани боис¸ у бу талабни техник жиҳатдан қондира олмайди.

Ўзининг депортация қилинишини “ноқонуний” деб атаган Саакашвили¸ номзодини қўйиш учун суддан ҳуқуқий ечим топиб беришни сўради.

Май ойида янги президент Володимир Зеленский Украина ватандошлигини қайтатиб берганидан сўнг Саакашвили Украинага қайтди.

“Янги кучлар ҳаракати” деб номланган сиëсий партия раҳбари бўлган Саакашвили ўз командаси билан Зеленскийга Украинадаги коррупция устидан ғалаба қозонишда ëрдам бериш ниятида эканини айтмоқда.

Зеленский ўтган ой президент сифатида қасамëд қилганининг эртасига парламентни тарқатиб юборди. Украина Олий Радасига муддатидан олдин сайловлар 21 июлга белгиланган.

Март ойида тўрт йилга қамалган чечен ҳуқуқ ҳимоячиси озодликка чиқди

Оюб Титиевни кутиб олишга унинг яқинлари ва ҳамкасблари келди.

"Мемориал" инсон ҳақлари марказининг Грозний бўлими раҳбари Оюб Титиев 21 июнь куни озодликка чиқди.

Наркотик сақлаганликда айбланиб, январь ойида ҳибсга олинган Титиев чечен суди ҳукми билан 18 март куни тўрт йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Титиев наркотикларнинг полиция томонидан ташлангани ва ўзининг Чеченистондаги инсон ҳақлари ҳимоячиларини йўқ қилиш мақсадида жазоланганини айтиб келмоқда.

Титиевни сиëсий маҳбус деб эътироф қилган халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Россия ҳукуматидан унинг озод этилишини талаб қилиб келди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга тоқатсизлиги билан танилган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров уларга “халқ душмани ва сотқинлар сингари муомала қилиниши кераклиги”ни айтган.

NYT: Трамп охирги дақиқаларда Эронга қарши ҳарбий ҳужум режасидан қайтган

АҚШ ва Эрон раҳбарияти ўртасидаги кескинлик кучайиб бормоқда.

The New York Times газетасининг ëзишича¸ президент Дональд Трамп 20 июнь куни Эронга қарши ҳарбий ҳужум уюштириш режасини тасдиқлаган¸ аммо бир неча соатдан сўнг “тўсатдан” ўз фикридан қайтган.

АҚШ Эронни халқаро ҳаво ҳудудида учувчисиз бошқариладиган разведка дронини уриб туширганликда айбламоқда ва ҳужум ана шу ҳаракатга жавоб тариқасида режаланган.

АҚШ нашрининг ëзишича¸ Трамп Эрондаги қатор объектлар¸ хусусан унинг ҳарбий радар ва ракета батареяларига қарши ҳаво ҳужумларини Вашингтон вақти билан кечки соат 7 да маъқуллаган. Оқ уйдаги “қизғин сўзлашувлардан сўнг қабул қилинган бу қарор ортидан”¸ газетанинг билдиришича¸ ҳарбий ва дипломатик расмийлар ҳужум бошланишини кутган. Тунга бориб Трамп ҳужум режасини бекор қилган.

Бу муҳокамада қатнашган расмийларнинг газетага айтишича¸ ҳужумлар Эрон ҳарбийлари ва фуқаролари орасидаги талофатларни камайтириш мақсадида 21 июнь куни саҳарда амалга оширилиши керак бўлган.

Эрон АҚШ разведка дрони ўз ҳаво ҳудудига ўтгани учиб уриб туширилганини айтмоқда ва АҚШнинг "ҳар қандай агрессиясига қарши тегишли жавоб қайтаришга тайëр"лигини таъкидламоқда.

Уммон кўрфазидаги нефть танкерларига ҳужум қилингани айтилиб¸ бу ҳужумлар учун АҚШ ва Саудия Арабистони Эронни айблаши ортидан¸ минтақада янги уруш хавфи кучайиб бормоқда.

Трамп маъмуриятининг демократ мухолифлари¸ қолаверса БМТ Оқ уйни Эронга қарши уруш оқибатлари “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Грузияда Россия депутати парламент спикери креслосига ўтиргани ортидан норозилик намойиши ўтказилди

Тбилисидаги намойиш пайти.

Россиялик депутат Тблисида ўтган анжуманда Грузия парламенти раиси креслосига ўтирганидан ғазабга келган намойишчилар 21 июнь тонгига қадар ОМОН билан тўқнашдилар.

Полиция тунги соат иккида норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Расмий хабарларда айтилишича, 70 одам жароҳатланди, улардан 39 нафари полициячидир.

20 июнь куни Тблисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнига ўтириб олган. Бу ҳолат протоколнинг қўпол бузилиши қаторида талқин қилиниб, минглаб норозилар кўчага чиққан эди.

Москва 2008 йилда Грузия билан қисқа муддатли уруш ўтказиб, Жанубий Осетия, кейинроқ Абхазияга харбий кучларини киритган эди. Москва Грузиянинг бу икки айирмачи минтақасини мустақил давлатлар сифатида тан олган.

Украина Конституциявий суди парламентни тарқатиш қарорини қонуний деб топди

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина Конституциявий суди 20 июнь куни президент Володимир Зеленскийнинг парламентни тарқатиш ва навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармони қонуний экани тўғрисида қарор чиқарди.

16 нафар судья «қарор қатъий ва шикоятга ўрин йўқ», деб қарор қилди. Зеленский маъмурияти Конституциявий суд қарорини “адолатли”, деб атади ва олқишлади.

Президент маъмуриятининг билдиришича, Украина парламентига халқнинг ишончи 4 фоизни ташкил қилади ва шундан келиб чиққан ҳолда “парламентни тарқатиш халқнинг иродасидир”.

20 майда президент сифатида қасамёдга келтирилган Зеленский 21 май куни парламентни тарқатиш ва 21 июлда навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бироқ бу фармон ижро этилишига парламент депутатлари қарши чиқаётган эдилар.

Путин Россияда 10 минг рубль ойлик борлигига ишонмаслигини айтди

Путин 20 июнда саволларга жавоб берди.

Россия президенти Владимир Путин 20 июнда қилган халқ билан мулоқоти чоғида саволларга жавоб берар экан, давлат томонидан илгари сурилаётган лойиҳалардан асосий мақсад одамлар ҳаётини фаровонлаштириш эканини айтди.

Путинга кўра, айнан шу мақсадда ҳукумат қўшимча нарх солиғи миқдорини кўтариш каби қадамларга боришга мажбур бўлмоқда. Путинга кўра, солиқнинг оширилиши натижасида “ишлаб чиқариш ўса бошлади, инфляция қисқарди ва даромадлар кўпайди”.

Айни пайтда Путин АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари Россияга сезиларли таъсир кўрсатганини ҳам айтиб ўтди:

-Албатта, ҳеч ким санкцияларни ёқтирмайди. Аммо бир қараб кўринг, биз 50 миллиард доллар йўқотдик, Европа эса 240 миллиард доллар зарар кўрди, - деди Путин.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар муддатини яна бир йилга узайтириш тўғрисида қарор чиқарди.

Путин журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россияда 10 минг рубль ойлик борлигига ишонмаслигини айтди.

Айни пайтда Путин ғарб санкциялари, нефть ва газ нархининг арзонлаши, россияликлар жуда кўп кредит олиши сабабли аҳолининг даромадлари қисқарганини тан олди.

“Аҳолининг реал даромадлари бир неча йилдан бери озайиб келаётган эди, лекин ҳозир улар кўпаймоқда. Ўртача иш ҳақи, энг кам иш ҳақи миқдори, пенсиялар, умуман олганда, ҳамма нарса ўсаяпти”, деди Путин.

Британия дипломати Қирғизистон Бизнес омбудсмени бўлди

Британиянинг Бишкекдаги собиқ элчиси Робин Орд-Смит.

Британиянинг Бишкекдаги собиқ элчиси Робин Орд-Смит Қирғизистон Бизнес омбудсмен лавозимига сайланди.

Иқтисодчи эксперт Азамат Акенеев 19 июнда бундай қарор бизнес ассоциациялар, ҳукумат ҳамда Европа қайта тиклаш ва тараққиёт банки вакилларидан иборат махсус комиссия томонидан қабул қилинганини айтди.

Бизнес омбудсмен лавозими Қирғизистон ҳукумати томонидан январь ойида таъсис этилган эди.

53 ёшли Робин Орд-Смит 2015 йилнинг июнидан 2019 йилнинг январигача Британиянинг Қирғизистондаги элчиси лавозимида ишлаган.

Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки Қирғизистонда Бизнес омбудсмен тизими учун 1,5 миллион евро пул ажратиши кутилмоқда.

АҚШдаги Ривьер-Бич шаҳри хакерларга 600 минг доллар тўлаб беришга рози бўлди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Флорида штатидаги Ривьер-Бич шаҳар кенгаши хакерларга 600 минг доллар тўлаб беришга рози бўлди. Хакерлар бу шаҳар компьютер тизимини ўз назоратига олиб, компьютерлардаги маълумотлар базасига киришни блоклаб қўйган эдилар.

“Биз доимо қўрқувда яшай олмаймиз. Биз олдинга қараб қадам ташлашимиз керак. Шаҳримиз юз йиллик тарихга эга ва биз шаҳар сифатида қолиб, ишлашимизга ишонишимиз зарур”, деб билдирди 19 июнь куни шаҳар кенгаши қарорини эълон қилган комиссар Дуглас Лоусон.

Шаҳар кенгаши хакерларга тўланадиган пул суғурта ширкати томонидан қопланишини айтмоқдалар. Хакерларга талаб қилинган пул биткойн шаклида берилади.

Федерал Тергов бюросининг билдиришича, 2018 йилда хакерлар АҚШдаги копьютерларга 1493 марта ҳужум қилгани ва компьютерлар эагалари хакерларга 3 миллион 600 минг доллар тўлаб беришга мажбур бўлганлар.

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини сўроқдан сўнг қўйиб юборилди

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини.

Европа футбол ассоциацияси – УЕФА собиқ президенти Мишель Платинига айблов билдирилмади ва сўроқдан кейин қўйиб юборилди.

Франция миллий жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлган Мишель Платини Қатарнинг 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбон қилиб танланиш жараëнидаги коррупция билан боғлиқ иш доирасида 18 июнь куни сўроққа чақиртирилган эди.

Айни иш доирасида Николя Саркози ҳукуматида Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Клод Геан ҳам сўроқ қилинган.

2010 йили Халқаро футбол федерацияси ижроия қўмитаси қарори билан 2018 йилги чемпионатга мезбонлик қилиш Россияга¸ 2022 йилги мезбонлик эса Қатарга берилган эди.

Бу қарордан кўп ўтмай Британия нашрлари ФИФА ижроия қўмитасидаги овоз беришдаги коррупцияга оид журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Аммо ФИФА томонидан ташкил этилган мустақил қўмита бу хулосани рад этган эди.

АҚШ Сенати Саудия ва БААга қурол сотмаслик тўғрисидаги қарорни қабул қилиши кутилмоқда

Вашингтон, Капитолий биноси.

АҚШ Сенати 20 июнь куни Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларига 8 миллиард долларлик қурол сотиш тўғрисидаги қонун ижросини тўхтатувчи қарорни қабул қилиши кутилмоқда.

Президент Дональд Трамп маъмурияти Конгресснинг қаршилигига қарамай, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига қурол сотиш фикридан воз кечмоқчи эмас.

Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Эрон Яманда Хутий шиа исёнчиларини қўллаб-қувватлашда давом этаётгани ортидан юзага келган мураккаб вазиятдан келиб чиққан ҳолда Саудияга қурол сотиш шарт деб ҳисоблашини айтмоқда.

Танқидчилар эса АҚШ сотган қурол воситасида Саудия Яманда исёнчиларга қарши ҳужумга ўтиши мумкинлигини, бу эса минтақадаги вазиятни янада мураккаблаштириб, Ямандаги гуманитар вазиятни ҳозиргидан ҳам ёмонлаштириши мумкин, демоқдалар.

БМТнинг билдиришича, бугунги кунда Яманда миллионлаб одамлар очликда яшамоқда.

АҚШ сенаторлари Истанбулдаги Саудия консулхонасида журналист Жамол Хашшогининг ўлдирилишига Саудия Арабистони валиаҳд шаҳдодаси алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотлар ортидан бу давлатга қурол сотилишига қарши чиқмоқда.

Ҳолландия MH17 самолёти ҳалокатига алоқадор кўрилганларни халқаро қидирувга берди

МН17 учоғи қулаган жой.

Ҳолландия прокуратураси Malaysia Airlines ширкатига қарашли MH17 учоғини уриб туширишда иштирок этган уч нафар россиялик ва бир нафар украиналикни жиноий жавобгарликка тортишини маълум қилди.

-Бугун биз жиноий жавобгарликка тортиш лозим бўлган тўрт гумонланувчини қўлга олиш тўғрисида давлатларга халқаро ордерларни жўнатамиз. Улар, шунингдек, халқаро ва миллий қидирувда бўлган шахслар рўйхатига ҳам киритилади. Шу муносабат билан биз уларнинг тўлиқ исмларини айтамиз ва фотосуратларини кўрсатамиз: бу тўрт одам: Игорь Гиркин, Сергей Дубинский, Олег Пулатов ва Леонид Харченко,-деди 19 июнь куни Ҳолландия Бош прокурори Фред Вестербеке

19 июнда Bellingcat тергов гуруҳи 2014 йили Украина шарқида Малайзияга қарашли MH17 рейси билан учиб кетаётган йўловчи самолётнинг уриб туширилишига алоқадор янги гумонланувчиларни аниқлагани хабар қилинган эди.

Bellingcat 19 июнь куни эълон қилган ҳисоботда кўрсатилган гумонланувчилар Украинанинг Донецк вилоятидаги айирмачилар тузган Мудофаа вазирлигига бўйсунувчи гуруҳларга аъзо шахслардир.

MH17 учоғи 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда уриб туширилган.

БМТ ҳисоботи: Уруш ва зўравонликлар туфайли 71 миллионга яқин одамнинг яшаш жойи ўзгарди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қочқинлар агентлигига кўра, ўтган йилда урушлар, таъқиблар ва зўравонликлар туфайли 71 миллион одам ўз яшаш жойини ўзгартирган.

Бу 2017 йилга нисбатан 2 миллионга кўпдир.

Қочқинлар бўйича БМТ олий комиссари томонидан чиқарилган "Глобал трендлар" номли йиллик ҳисобот 2018 йил охирида дунёдаги қочинлар, бошпана изловчилар ва ўз мамлакатида яшаш жойини ўзгартирганлар сонини ҳисоблаб чиққан.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, Суриядан 6,7 миллион одам чиқиб кетган бўлса, Афғонистонни 2,7 миллион одам тарк этган.

Ҳисобот 20 июнда нишонланувчи Бутунжаҳон Қочқинлар Куни арафасида чоп этилди.

Туркия президенти Эрдўғон собиқ ҳамкасби Муҳаммад Мурсийни "шаҳид" деб эълон қилди

Муҳаммад Мурсий қамоқхонада.

Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон 17 июнь куни суд залида вафот этган Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсийни “шаҳид” деб атади.

-Бизнинг назаримизда, Мурсий ўзи ишонган иш учун ҳаётини қурбон қилган шаҳиддир. Тарих ҳеч қачон уни қамоққа ташлаган, унга ўлим жазоси билан таҳдид қилган ва унинг азобга солинишига сабабчи бўлган мустабидларни, золимларни унутмайди,-деди Эрдўғон.

Мурсийни дафн этиш маросими 18 июнь куни бўлиб ўтди. Собиқ президентнинг ўғли Аҳмаднинг билдиришича, Мурсийни Шарқия шаҳридаги оилавий мозорга дафн этишга рухсат берилмади. Шунинг учун Мурсий пойтахт Қоҳиранинг Наср Сити мавзесидаги қабристонга кўмилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Миср ҳукуматини Мурсийнинг ўлими юзасидан тезкор, холис, шаффоф ва адолатли тергов ўтказишга чақирди.

Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий 17 июнь куни суд залида вафот этган. 67 ёшли Мурсий тақиқланган “Мусулмон биродарлари” ташкилоти лидерларидан бири бўлган эди. Мурсий 2012 йилда Мисрда демократик сайлов ортидан ҳокимиятга келган биринчи президент.

У 2013 йилда оммавий намойишлар оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилгани ортидан “Мусулмон биродарлари” ҳаракати тақиқланган. Мурсий ўшандан бери қамоқхонада сақланиб келинаётган эди.

“Мусулмон биродарлари” ҳаракати Миср ҳукуматини Мурсийни “ секин-асталик билан қасддан ўлдиришда” айблади.

Facebook расман шахсий криптовалютасини ишлаб чиққанини билдирди

Иллюстратив сурат.

Facebook ширкати расман шахсий криптовалютасини ишлаб чиққанини маълум қилди. Facebook Libra деб аталувчи бу криптовалюта биткоиннинг асосий рақобатчисига айланади, деб умид қилмоқда.

The Wall Street Journal янги криптовалютани ишлаб чиқишда Visa, Mastercard, PayPal, Uber Technologies тўлов тизимлари операторлари ва лойиҳага 10 миллион доллар сармоя киритаётган айрим ширкатлар иштирок этишини маълум қилди.

Facebook бу лойиҳани амалга ошириш учун Calibra деб номланган шўъба ширкатни таъсис этди. Мазкур ширкат базасида Facebook тармоғи фойдаланувчилари учун рақамли виртуал кармон ташкил этилади. Бу кармон орқали фойдаланувчилар онлайн харидларни амалга оширишлари ва бир-бирларига пул жўнатишлари мумкин бўлади.

Душанба куни биткоин йил давомида яна бир рекордни ўрнатгани хабар қилинди. Биткоин нархи 2018 йилнинг 1 майидан бери биринчи марта кўтарилди ва 9 минг 322 долларни ташкил этди.

АҚШда 1 миллиард долларлик 16 тонна кокаин қўлга тушди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Филадельфия портида умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган 16 тонна кокаин қўлга олинди. Расмий маълумотга қараганда, бу АҚШ тарихида бангфурушларга қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлди.

“Бу миқдордаги кокаин миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин эди. Кема экипажи қўлга олинди ва уларга федерал қонунчилик асосида айблов билдирилди”, деб ёзди 18 июнь куни прокурор Уильям МакСуэйн.

АҚШ нашрларининг ёзишича, наркотик модда юк кемасидаги еттита контейнердан топилган.

Чили, Панама ва Багам портларида ҳам тўхтаб ўтган мазкур кема Европага йўл олаётган эди.

АҚШ наркотикларга қарши кураш агентлигининг билдиришича, мамлакатга гиёҳванд моддаларнинг 93 фоизи Колумбиядан олиб келинади.

Венгрияда бедарак йўқолган туристлар жасадларини қидириш ишлари давом этмоқда

Қутқарувчилар Дунай дарёсида туристларнинг жасадларини қидирмоқда.

Венгрия полицияси Дунай дарёсида туристлар кемаси ағдарилиши оқибатида бедарак йўқолган барча одамларнинг жасадини топмагунига қадар, қидирув ишларини тўхтатмайди. Бу ҳақда 18 июнь куни Будапешт полицияси расмий вакили Сома Чечи маълум қилди.

-Будапешт полицияси бедарак йўқолганларнинг жасадини топиш учун барча имкониятлар тугагунига қадар ишларни давом эттиради. Ҳозир бунинг учун қанча вақт кетишини аниқ айта олмаймиз. Будапешт полицияси қидирув ишларни Жанубий Корея полицияси билан ҳамкорликда давом эттирмоқда,- деди Чечи.

30 май куни Дунай дарёсида сайёҳлик кемасининг ағдарилиши оқибатида камида 7 одам ўлган ва 21 нафар одам бедарак йўқолган эди.

Жанубий Кореядан келган 35 сайёҳни Будапешт бўйлаб Дунай дарёсида сайр қилдираётган кемага бошқа бир кеманинг келиб урилиши оқибатида ағдарилгани хабар қилинган.

АҚШ Украинага яна 250 миллон долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади

АҚШ 2014 йилдан бери Украинага 1,5 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Украина армиясига 250 миллион долларлик ҳарбий – техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Украинага бу сафар снайперлик қуроллари ва зенит гранатомётларидан ташқари артиллерияга қарши радарлар ҳамда хавфсиз алоқа ускуналари ҳам берилади. Қуролларнинг асосий қисми Украина ҳарбий-денгиз флоти ва махсус топшириқларни бажарувчи отрядлар учун мўлжалланган.

Пентагон мазкур ёрдам АҚШ ва Украина ўртасидаги хавфсизликка оид ҳамкорлик доирасида украин армияси мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида берилаётганини билдирди.

“Америкалик ҳамкорларимиздан Россия агрессиясига қарши курашда бизни қўллаб-қувватлашда давом этаётгани учун миннатдормиз”, дейилади Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси тарқатган баёнотда.

2014 йилдан бери АҚШ Украинага 1,5 миллиард долларга яқин ҳарбий-техник ёрдам кўрсатди.

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини коррупция иши бўйича сўроққа чақиртирилди

УЕФА собиқ президенти Мишель Платини (чапда).

Европа футбол ассоциацияси – УЕФА собиқ президенти¸ Франция миллий жамоаси таркибида Европа чемпиони бўлган Мишель Платини сўроқ қилинмоқда.

Le Monde газетасининг ëзишича¸ Платини Қатарнинг 2022 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбон қилиб танланиш жараëнидаги коррупция билан боғлиқ иш доирасида кўрсатма бермоқда.

Француз нашри¸ Платинининг терговга гувоҳ сифатида чақиртирилганини билдирди.

Mediapart нашри эса¸ айни иш доирасида Николя Саркози ҳукуматида Ички ишлар вазири лавозимида ишлаган Клод Геаннинг ҳам сўроқ қилинаëтганини хабар қилди.

2010 йили Халқаро футбол федерацияси ижроия қўмитаси қарори билан 2018 йилги чемпионатга мезбонлик қилиш Россияга¸ 2022 йилги мезбонлик эса Қатарга берилган эди.

Бу қарордан кўп ўтмай Британия нашрлари ФИФА ижроия қўмитасидаги овоз беришдаги коррупцияга оид журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Аммо ФИФА томонидан ташкил этилган мустақил қўмита бу хулосани рад этган эди.

Футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларининг Қатарда ўтказилиши¸ бу мамлакатда футбол инфраструктураси йўқлиги ва иқлимининг нобоплиги туфайли танқидга учраб келмоқда.

Мунтазам суратда ëзда ўтказиб келинган жаҳон биринчилиги ўйинлари¸ Қатар ëзининг ниҳоятда иссиқлиги боис¸ ноябрь-декабрь ойларига белгиланган.

Қозоғистонда норозиликка чиққан 4000 дан ошиқ одам полиция томонидан ушланди

Тинч норозилик намойишига чиққан қозоғистонликларни қўлга олишга махсус полиция отрядлари жалб этилди. 12 июнь¸ Олмаота.

Кейинги беш кун ичида норозиликка чиққан қозоғистонликлардан 4000 дан ошиғи полиция томонидан қўлга олинган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбаев 18 июнь кунги ҳукумат йиғилишидан сўнг журналистларга шундай маълумот берди.

Ички ишлар вазири бу намойишлар расмий идоралар рухсатисиз ўтказилгани боис¸ уларни “ноқонуний” деб атади.

Вазирга кўра¸ ушланганларнинг аксарияти қўйиб юборилган. Айни пайтда¸ 677 нафар намойишчи 15 суткалик қамоққа ҳукм этилган¸ 305 нафари жаримага тортилган.

"Полиция намойишчиларга қарши махсус техникадан фойдаланмади. Уларга қарши на кўздан ëш оқизувчи газ¸ на дубинка ишлатилди”¸ деди журналистларга Қозоғистон Ички ишлар вазири.

9 июнь кунги сайловда Қозоғистонни 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев танлаган ворис - Қасим-Жомарт Тоқаев¸ расмий баëнотга кўра¸ 71 фоиз овоз билан президентликка сайланди.

Норозилик намойишларига чиққан қозоғистонликлар¸ сайлов натижаларининг сохталаштирганини айтмоқда.

ЕХҲТ кузатувчилари¸ 9 июнь кунги сайловларнинг фундаментал ҳуқуқларга ҳурматсизлик¸ тинч намойишчиларнинг қўлга олиниши ва сайлов куни кузатилган овоз беришдаги ноқисликлар боис демократик стандартларга мос ўтмаганини билдирди.

13 июнь куни Инсон ҳақлари бўйича БМТ идораси Қозоғистондаги ҳибсга олишлар¸ сиëсий қарашлари ва ўзгача фикрини тинч ва қонуний ифода қилганларни жазолаш кўлами юзасидан жиддий хавотир билдирди.

БМТ: 2050 йилгача ер шари аҳолиси қарийб 10 миллиардга етади

БМТ янги ҳисоботига кўра¸ дунëнинг тараққий қилган ҳудудларида туғилиш камайган бир пайтда¸ 2050 йилга бориб Африка аҳолиси икки бараварга кўпаяди.

БМТ Аҳолишунослик бўлими ҳозирлаган янги ҳисоботга кўра¸ 2050 йилга бориб ер шари аҳолиси 9.7 миллиардга етади.

Айни пайтда¸ ҳисобот муаллифлари аҳоли сонининг ўсиши секин-аста пасайиб¸ аксар давлатлар аҳолининг қариши билан боғлиқ жиддий муаммоларга учрашини прогноз қилади.

Қайд этилишича¸ 1990 йили битта онага ўртача 3¸2 та бола тўғри келган бўлса¸ 2019 йили бу кўрсаткич 2¸5 га тушган¸ 2050 йилга бориб эса¸ бир онага 2¸2 бола тўғри келиши кутилмоқда.

2018 йилда ер шари аҳолисининг ҳар 11 тадан бири 65 ëшдан кекса бўлган бўлса¸ 2050 йилга бориб бу кўрсаткич ўрта ҳисобда олтитадан биттани ташкил этади. Ижтимоий муҳофаза ¸ пенсия ва соғлиқни сақлашга маблағ ажратишни ошириб бораëтган Шимолий Америка ва Европада эса ҳар тўрт одамдан бири 65 ëшдан кўпроқ яшай бошлайди.

Аҳоли ўсиш жараëнининг ҳозирги суръатидан келиб чиқиб мутахассислар 2050 йилга бориб аҳоли сони бўйича Ҳиндистоннинг Хитойдан ўзиши¸ Африка аҳолисининг ҳам икки бараварга кўпайишини тахмин қилган.

БМТ ҳисоботи хулосасига таянган Pew тадқиқот маркази 22-асрга бориб аҳоли ўсишининг деярли тўхтаб қолишини башорат қилди.

Марказ тадқиқотчилари¸ 2050-2100 йиллар орасида туғилишнинг кескин камайиб¸ ер шари аҳолиси сонининг 1 миллиард 300 миллионга кўпайишини прогноз қилади.

Парламент махсус комиссияси собиқ президент Атамбаевга тўққизта айблов билдирди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, 2019 йилнинг 8 июни.

Қирғизистон парламентининг собиқ президент Алмазбек Атамбаевдан президентлик иммунитетини олиб ташлаш масаласида тузилган махсус комиссияси 18 июнда ўз ишини давом эттиради.

17 июнь куни комиссия собиқ президентга тўққизта жиддий айблов билдирди. Улар орасида хизмат ваколатидан ўз фойдасига фойдаланиш, қонундаги ўғри Азиз Батукеевни ноқонуний равишда қамоқдан бўшатиш, коррупция, ерни ноқонуний равишда трансформация қилиш, пул ювиш, Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш пайтида коррупцияга йўл қўйиш каби айбловлар бор.

12 нафардан иборат парламент комиссияси парламент вакилларидан 60 нафари Атамбаевни президентлик пайтида коррупцияга боғлиқ қатор жиноятларни содир этишда айблагани ортидан 13 июнда ташкил этилган эди.

Комиссия мазкур айбловларни кўриб чиқиб, Атамбаевга қандай чора кўриш масаласида ўз таклифини билдириши лозим.

Комиссия хулосаси эълон қилинганидан сўнг Бош прокуратура жиноят иши қўзғатилишига асос бор, деб ҳисобласа, парламентга мурожаат қилади.

Парламентнинг 120 депутатидан 80 нафари рози бўлса, Атамбаевнинг жавобгарликка тортилмаслик иммунитети бекор қилинади.

Туркманистонда президентнинг ўғли вилоятга ҳоким бўлди

Сердар Бердимуҳаммедовга депутатлик нишони топширилмоқда.

Туркманистоннинг авторитар президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзининг ягона ўғлини Ахал вилояти ҳокими этиб тайинлади.

Туркман давлат нашрларининг билдиришича, 37 ёшли Сердар Бердимуҳаммедовни ҳоким этиб тайинлаш тўғрисидаги фармон 17 июнда имзоланган.

Сердар Бердимуҳаммедов отасининг вориси сифатида президентликни қабул қилиб олиши мумкинлиги айтилиб келинади.

61 ёшли Гурбангули Бердимуҳаммедов 2006 йилнинг декабрида вафот этган Сапармурод Ниёзовдан кейин Туркманистоннинг иккинчи президентидир. Мухолифат фикрича, Бердимуҳаммедов Туркманистонда ўзгача фикрни бостирган ва ислоҳотлар ўтказмаган.

Январь ойида Сердар Бердимуҳаммедов Ахал вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Ундан аввалроқ эса президентнинг ўғли Ташқи ишлар вазирлиги ахборот бўлими бошлғи бўлган.

Миср собиқ президенти Мурсий суд залида вафот этди

Муҳаммад Мурсий.

Мисрнинг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президенти Муҳаммад Мурсий 17 июнь куни суд залида ҳушидан кетгани ортидан вафот этди.

Давлат телевидениесининг билдиришича, Мурсий Фаластиннинг Ҳамас ташкилоти фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган эди.

- Муҳаммад Мурсий ал Оят суд мажлиси пайтида вафот этди. Унга судда жосуслик айблови билдирилган. У суддан ўзига сўз беришни илтимос қилган. Суд рухсат берган. Суд мажлисида танаффус эълон қилинган пайтда Мурсий ҳушидан кетиб йиқилди ва вафот этди. Унинг жасади касалхонага олиб борилди,- деб билдирди Миср телевидениеси.

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, Мурсийнинг танасидан ҳеч қандай жароҳат излари топилмаган.

67 ёшли Мурсий тақиқланган “Мусулмон биродарлари” ташкилоти лидерларидан бири бўлган эди. Мурсий 2012 йилда Мисрда демократик сайлов ортидан ҳокимиятга келган биринчи президент.

У 2013 йилда оммавий намойишлар оқибатида ҳокимиятдан четлаштирилгани ортидан “Мусулмон биродарлари” ҳаракати тақиқланган. Мурсий ўшандан бери қамоқхонада сақланиб келинаётган эди.

“Мусулмон биродарлари” ҳаракати Миср ҳукуматини Мурсийни “ секин-асталик билан қасддан ўлдиришда” айблади.

АҚШ Яқин Шарққа аскар киритадиган бўлди

Пентагон эълон қилган суратлардан бири.

АҚШ яна бир бор Эронни нефть танкерларига ҳужум қилганликда айблади ва шу муносабат билан Яқин Шарққа аскар киритишини билдирди.

Пентагон 17 июнда ўтган ҳафтада Уммон бўғозида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эрон иштироки борлигини тасдиқловчи суратларни эълон қилди.

Мазкур суратларнинг асосий қисми АҚШ ҳарбий вертолёти томонидан олинган. Суратларда Эрон ҳарбийлари Япония нефть танкери ёнида портламай қолган минани тозалаётгани акс этган.

Вашингтон фикрича, Теҳрон далилларни йўқ қилиш мақсадида мана шундай чораларни кўрган. Шу куни Вашингтон Яқин Шарққа мудофаа мақсадларида минг нафарга яқин ҳарбийсини жўнатишини эълон қилди.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG