Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 23:15

Халқаро янгиликлар

Москва суди жосусликда айбланган Польша фуқаросини 14 йилга озодликдан маҳрум этди

S-300

Москва шаҳар суди жосусликда айбдор деб топилган Польша фуқаросини 14 йилга озодликдан маҳрум этди.

25 июнь куни судья Андрей Суворов Польша фуқароси Мариан Радзайевскийни жосусликда айбдор деб топди ва айни куннинг ўзида ҳукм чиқарди.

Жиноят ишидаги материаллар махфий ҳисоблангани учун суд ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.

Радзайевский 2018 йилнинг апрель ойида ҳибсга олинган эди.

Терговчилар сўзларига кўра, у S-300 ракета тизимининг эҳтиёт қисмларини ноқонуний йўллар билан сотиб олиб, Польшага юборишни режалаштирган.

Шимолий Кавказдаги Ингушетия раҳбари истеъфога чиқди

Чеченистон билан имзоланилган чегара келишувига қарши ингушлар норозилик митинглари ўтказди

Россиянинг нотинч Шимолий Кавказ минтақасида жойлашган Ингушетияни 11 йилдан буён идора этиб келаётган Юнусбек Евкуров истеъфога чиқаётганини эълон қилди.

Бу ҳақда Евкуровнинг 24 июнда қилган баёноти қўшни Чеченистон билан имзоланган зиддиятли чегара битими норозиликларни кучайтирган бир паллага тўғри келди.

2018 йил сентябрида Юнусбек Евкуров ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров хуфия музокаралар ўтказиб, чегара битимини имзолаган эди.

Битимнинг имзоланганига қарши чиққан Ингушетиядаги фаоллар Евкуровни баъзи ҳудудларни Чеченистонга ноқонуний бериб юборганликда айблашди.

Ушбу битим сабаб Юнусбек Евкуровнинг обрўси Ингушетияда кескин тушиб кетди.

Чегара битимига қарши Ингушетияда бир неча бор норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Арис шаҳридаги портлашларда бир одам ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди

Арис шаҳридаги портлаш.

Қозоғистоннинг Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида бир одам ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзак Шокеевнинг айтишича, портлаш бошланган маҳалда воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилган одам автомашинага ўтирган пайтда снаряд теккан. Бу одам ҳалок бўлган.

Портлашлар оқибатида камида 25 одам жароҳатланган¸ улардан учтаси оғир аҳволда. Яраланганлар орасида беш нафар бола борлиги айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳарбий омборхоналар жойлашган ҳудуд ҳозиргача хавфли бўлиб қолаётганини, портлашлар бир неча кун давом этиши мумкин.

Арис шаҳрига президент Касим-Жомарт Токаев жўнаб кетди.

Трамп Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийга санкция жорий этди

Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп 24 июнда Эронга, жумладан, олий руҳоний оятуллоҳ Али Хоманаийга нисбатан қатъий санкциялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

-Мен имзолашим кутилаётган фармон ортидан жорий этиладиган санкция олий руҳоний Али Хоманаий ва унинг маъмуриятини, у билан яқин муносабатда бўлганларни асосий молиявий ресусрлардан маҳрум қилади. Оятуллоҳ Хоманаийнинг ҳамда маъмуриятининг молиявий активлари ҳам санкциялар остида бўлади,-деди Трамп фармонни имзолаш арафасида.

Сўнгги кунларда Трамп Эронга нисбатан босимни кучайтиришда давом этиши ҳақида билдирган эди. Трампга кўра, босим «Эрон ҳукумати ўзининг хавфли фаолиятига барҳам бермагунига қадар» давом этади.

Трамп 2015 йилда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Экспертлар АҚШ ва Эрон ўртасида қуролли конфликт юзага келиши эҳтимолидан ташвиш билдириб келмоқдалар.

Россиянинг ЕКПАга аъзолиги қайта тикланди

Иллюстратив сурат.

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ЕКПА) уч йиллик танаффусдан сўнг, Россиянинг ташкилотга аъзолигини қайта тиклади.

ЕКПА Страсбургдаги ёзги сессиясини 25 июнь куни бу масалага овоз бериш билан бошлади. Ассамблеяга аъзо давлатлардан келган 118 депутат Россия аъзолигини тиклаш учун, 62 депутат қарши овоз берди, 10 депутат бетараф қолди.

Россия энди 26 июнь куни Европа Кенгаши янги бош котибини сайлаш жараёнида иштирок эта олади.

ЕКПА 2014 йилда Қрим аннексия қилингани ортидан Россияни аъзоликдан чиқарган эди.

Европа Кенгашига 47 давлат аъзо ҳисобланади. Мазкур ташкилот ЕврОсиё қитъасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича энг асосий органдир.

ЕКПА Москвага нисбатан жиддий санкциялардан бирини бекор қилган биринчи ташкилот бўлди.

Европа Кенгаши Истанбул мэрлигига ўтган сайловни шаффоф деб баҳолади

Истанбул. Экрем Имомўғлу тарафдорлари байрам қилмоқда.

Европа Кенгаши Истанбул шаҳар мэрлигига 23 июнь куни ўтказилган қайта сайловни «шаффоф ва айни пайтда мураккаб вазиятда ўтган тадбир», деб баҳолади.

Европа Кенгашининг сайловларни кузатиш учун келган делегацияси раҳбари Эндрю Доусон 24 июнда журналистларга берган интервьюсида:

-23 июнда Истанбул аҳолиси жуда яхши ташкил этилган ва шаффоф сайловда янги мэрни танлаб олди. Бироқ сайлов пайтида вазият жуда мураккаб ва кескин бўлгани кузатилди,-деб айтди.

Доусон айрим жойлардаги сайлов участкаларида ҳукумат босими кучли бўлганини, кузатувчиларга нисбатан таҳдидлар қилинганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Истанбул мэрлиги учун президент Режаб Тоййип Эрдўғон мансуб бўлган АК партияси вакили, собиқ Бош вазир Бинали Йилдирим ва мухолифат вакили, Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу курашди.

Дастлабки натижаларга қараганда,Экрем Имомўғлу 54 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди.

Истанбул мэрлигига 21 март куни ўтказилган сайловда ҳам Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу энг кўп овоз йиққан эди. Аммо президент сайловда қонунбузарликлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилаган эди.

Тбилисида норозилар ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилмоқда

Грузиядаги намойиш пайтида олинган сурат.

Грузия пойтахти Тбилисида норозилик намойишларининг бешинчи куни норозилар марказий Шота Руставели кўчасини тўсиб қўйдилар.

24 июнь куни кечқурун парламент биноси олдига йиғилган бир неча минг одам ўзларининг айрим талаблари инобатга олинмагани ортидан мана шундай ҳаракат қилди.

Норозилар ички ишлар вазирини ишдан бўшатишни, намойишнинг биринчи кунида қўлга олинган норозиларни қамоқдан озод қилишни ва намойишчиларга куч қўллаган полициячиларни жазолашни талаб қилмоқда.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган.

Россия грузин виноси «сифати устидан назорат»ни кучайтирди

2006-2013 йилларда ҳам Россия грузин винолари импортига тақиқ қўйган эди.

Роспотребнадзор Грузиядан Россияга экспорт қилинаëтган алкоголь маҳсулотлари сифат ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтирди.

Бу ҳақда хабар қилган идора иддаосича¸ кейинги беш йил давомида Грузиядан Россияга келаëтган сифатсиз алкоголь маҳсулотлари ҳажми уч бараварга ошган.

Биргина 2018 йилда¸ расмий баëнотда айтилишича¸ Россия Грузиядан келтирилган 203 минг тонна спиртли ичимликни мамлакатга киритмаган.

Роспотребнадзорнинг бу баëноти Россия ва Грузия муносабатлари кескинлашиб бораëтган бир пайтда эълон қилинди.

Абхазия ва Жанубий Осетиянинг Россия томонидан Грузиядан ажратиб олинишида фаол қатнашган россиялик депутат Сергей Гавриловнинг грузин парламенти раиси курсисидан туриб нутқ сўзлаши ортидан Тбилисида бошланган норозилик намойишлари ҳамон давом этмоқда.

Россиянинг босқинчилик сиëсатини қоралаëтган намойишчилар Гавриловни мамлакатга таклиф қилган ҳукумат расмийлари истеъфосини талаб қилмоқда.

Аксилроссия намойишларига жавоб тариқасида Путин 21 июндан бошлаб Россия авиакомпанияларининг Грузияга учишини тақиқлаб қўйди.

Бу Путин ҳукуматининг Грузия товарларига қарши биринчи ҳужуми эмас. 2006-2013 йилларда Россияда машҳур "Боржоми" суви ва грузин винолари импорти тақиқланган эди.

Ўшанда ҳам ҳукумат бу тақиқни расман маҳсулотлар сифатининг талабга жавоб бермаслиги билан изоҳлаган эди.

Грузия Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра¸ мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган алкоголь маҳсулотларининг қарийб ярми Россияга экспорт қилинади. Россияликлар ичаëтган ҳар уч винодан бири грузин виносидир.

Трамп Эрон билан мулоқот бошлашга тайëрлигини билдирди

Эронга қарши ўзи маъқулланган ҳарбий ҳужумларни сўнгги дақиқада яна ўзи тўхтатган АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон билан мулоқот қилиш истагини билдирди.

NBC News телеканалига берган интервьюсида Оқ уй раҳбари бундай мулоқот бошлаш учун олдиндан шарт қўйилмаслигини билдирди.

Айни пайтда Трамп¸ Эрон билан музокаралар кун тартибига ядровий дастур масаласи киритилишига умид билдирди.

- Агар Эронда қайтадан гуллаб-яшнаëтган давлатга айланиш истаги бўлса¸ биз жуда тез келишувга эришишимиз мумкин¸ деди суҳбат давомида Трамп.

Яқин Шарқ сафарини бошлаган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам айни руҳда гапирди.

"Эрон АҚШ билан мулоқот бошлаш истагини кўрсатиши билан¸ Вашингтон ҳам жавоб қадамини қўяди"¸ деди Помпео жумладан.

«Минтақа муаммоларига стратегик ҳамкорлар билан ëндашувнинг бир хил»лигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида Помпео сафар давомида Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари билан учрашади.

Теҳрон ҳукумати билан мулоқотга ҳозирлигини айтиши ортидан Трампнинг 24 июнь куни Эронга қарши янги санкция жорий қилиши кутилмоқда.

1979 йилги Эрон ислом инқилоби ортидан Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилган.

400 дан ошиқ учувчи Boeing ширкатини судга берди

Boeing 737 MAX учқичлари парвози бутун дунë бўйлаб тўхтатилган.

Ғарб матбуоти хабарларига кўра¸ 400 дан ошиқ учувчи дунëнинг йирик самолëтсозлик ширкати – Boeing устидан судга шикоят аризаси топширган.

Ҳозирча шахси ва қайси авиакомпанияда ишлаши очиқланмаган учувчилар ширкатни 737 MАХ русумидаги учқичлари дизайнидаги камчиликларни атайлаб яширганликда айбламоқда.

Аризачилар Boeing раҳбариятидан молиявий йўқотишлари ва руҳий хасталиклар учун миллионлаб доллар компенсация талаб қилмоқда.

Учувчилар аризасида 737 MAX дефектини бекитишнинг иккита авиафалокатга сабаб бўлгани айтилган. Эфиопия ва Индонезия ҳаво йўлларига қарашли икки 737 MAX учқичининг ҳавога кўтарилишдан кўп ўтмай кутилмаганда қулаши оқибатида жами 346 одам нобуд бўлди.

Учувчилар аризасининг жорий йил 21 октябрида Чикаго судида кўриб чиқилиши белгиланган.

Boeing ширкатининг янги авлод учқичи бўлган 737 MAX учқичлари Эфиопия ва Индонезиядаги қулашлардан кейин бутун дунë бўйлаб эксплуатациядан олинди.

Мазкур русумдаги учқичлар компьютер дастурида муаммо бўлганини тан олган Boeing ¸ ҳозирга келиб унинг ҳал этилганини айтмоқда.

Москвада тожик муҳожирлари оммавий равишда овқатдан заҳарланди

Иллюстратив сурат.

Россиядаги фабрикалардан бирида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари оммавий равишда заҳарланиб, касалхонага ётқизилди. Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, воқеа 22 июнь куни Москва яқинидаги Одинцово шаҳарчасида юз берди.

«Тез ёрдам» машиналари 50 нафарга яқин тожикистонликни касалхонага олиб кетган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир бўлиб, реанимацияда сақланмоқда.

Тожикистон меҳнат вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси матбуот котиби Иброҳим Аҳмаднинг айтишича, айни пайтда касалхонада 12 муҳожир даволанмоқда. Қолганларга эса уйда даволанишга рухсат берилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, тожикистонликлар ўзлари ишлаётган фабрика ошхонасида тайёрланган овқатни еб заҳарланишган.

Фабрика раҳбарияти, тожиклар қовун еб заҳарланишганини иддао қилмоқда. Бироқ муҳожирлар қовун сотиб олишга пуллари бўлмаганини айтмоқдалар.

Мазкур фабрикада 200 нафар тожикистонлик меҳнат қилади.

Истанбул мэрлигига қайта сайловда Эрдўғон партияси яна ютқазди

Экрем Имомўғлу сайловда 54 фоиз овоз олгани айтилмоқда.

Туркиянинг энг катта шаҳри - Истанбул мэрлигига 23 июнь куни ўтказилган қайта сайловда, дастлабки натижаларга кўра, яна мухолифат вакили Экрем Имомўғлу 54 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғон мансуб бўлган АК партияси вакили, собиқ Бош вазир Бинали Йилдирим сайловчиларнинг ишончини қозона олмади.

Истанбул мэрлигига 21 март куни ўтказилган сайловда ҳам Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу энг кўп овоз йиққан эди. Аммо президент сайловда қонунбузарликлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилаган эди.

Чехияда кейинги 30 йилда ҳукуматга қарши энг катта намойиш бўлиб ўтди (ВИДЕО, ФОТО)

Прагадаги намойиш.

Чехия пойтахти Прагада юз минглаб одамлар Бош вазир Андрей Бабиш истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Ташкилотчиларга кўра, 23 июнда ўтказилган намойишда 250 минг одам иштирок этган. Бу 1989 йилда собиқ Чехословакияда коммунистик тузумга барҳам берган Баҳмал инқилобидан бери мамлакатда ўтказилган энг катта намойиш бўлди.

-Бизнинг мамлакатимиз кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ ҳукумат уларни ҳал этмаяпти. Бош вазир фақат ўз манфаатини ўйлагани ортидан ҳукумат ҳам муаммоларни ҳал қилишни ўйламаяпти,-деди митинг ташкилотчиси бўлган «Демократия учун миллион сония» ташкилоти раҳбари Микулаш Минар.

Бабишга қарши намойишлар 4 июнь куни Вацлав майдонида бошланган эди. Ўшанда намойишга 120 минг одам келгани билдирилган.

Норозилик намойишлари миллиардер бўлган Бош вазир Андрей Бабиш Европа Иттифоқи Чехия қишлоқ хўжалиги учун берган субсидияларни ўзлаштириб олганликда гумонланаётгани ортидан бошланиб кетди.

Бабиш эса бу гумонларни инкор этиб, ўзига қарши “сиёсий жараён” олиб борилаётганини иддао қилмоқда.

Грузияда Россияга қарши кайфиятдагиларнинг митинглари давом этмоқда

Тбилисидаги намойиш.

Грузия пойтахти Тбилисида Россияга қарши кайфиятдаги минглаб норозилар 23 июнь куни ҳам намойишларни давом эттирдилар. Улар қатор давлат амалдорларининг истеъфога кетишини талаб қилмоқдалар.

Норозилар «Россия оккупант», «Ватанимнинг 20 фоиз ҳудудини Россия босиб олган» каби шиорларни кўтариб чиқдилар.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

Ўша кунги намойишларда полиция ва норозилар ўртасида юз берган тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳатланган.

21 июнь куни эса Беларусга сафар қилган Грузия президенти Саломе Зурабишвили зудликда ватанига қайтишга мажбур бўлган эди.

-Айни пайтда Грузияда вазият мураккаб, шунинг учун мен Грузияда бўлишим шарт деган қарорга келдим. Мамлакатда бирорта воқеа юз берса, давлат раҳбари ўша ерда бўлиши лозим. Шунинг учун мен бу ердан кетиб, ўз халқим билан бирга бўлишим керак,-деди Зурабишвили.

Туркия келажагини ҳал қилиши кутилган Истанбул мэрлиги учун қайта сайлов бўлди

Истанбулда сайловчилар шаҳар мэрини қайта сайлаш учун 23 июнь куни яна овоз бердилар.

Илк сайловда мухолиф номзоди ғалаба қозонган, аммо президент Эрдўғоннинг қонунбузарликлар бўлди, деган айблови ортидан натижа бекор қилинган эди.

21 март кунги сайловда мухолифатдан номзод Икром Имомўғли энг кўп овоз йиққан эди. Аммо, президент сайловда қонунбузилишлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни эса Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилади.

Шу тариқа, 23 июнь куни сайловчилар 49 яшар Икром Имомўғли ва амалдаги партия асосчиларидан бири бўлган Бинали Йилдиримга овоз бериш учун чиқдилар.

Киевда кўпсонли полиция кузатуви остида навбатдаги гей-парад бўлиб ўтди

Киевда минглаб одам иштирокидаги гей-парад бўлиб ўтди. Иштирокчилар 23 июнь куни қўлларида камалакранг ва Украина байроқларини кўтарган ҳолда шаҳар марказидан юриб ўтдилар.

Ташкилотчилар "Тенглик марши" деб номланган тадбир қарийб 8 минг одам иштирок этганини билдирди.

Иштирокчилар орасида бир неча хориж дипломати ҳам бўлди.

Ташкилотчилар президент Владимир Зеленскийни ҳам таклиф қилишгани, аммо ундан таклифга бирор жавоб бўлмаганини билдирди.

Жинсий озчиликларга қарши бўлган намойишчилар ҳам ўз слоганларини кўтариб, марказда йиғилди. Полицияга кўра, 9 одам қўлга олинган.

Киевда гей-парад 2016 йилдан буён йилда бир ўтказиб келинади.

Трамп мамлакатдаги нолегал муҳожирлар оммавий депортациясини 2 ҳафтага кечиктирди

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатга кирган ноқонуний муҳожирларни оммавий ушлаш ва депортация қилиш амалиётини 2 ҳафтага кечиктирди.

Бу амалиёт 23 июнь куни бошланиши керак эди.

Президент Трамп бундай қарорни "демократларнинг сўрови", хусусан, Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси сўровига биноан қабул қилганини таъкидлади.

Айни пайтда, президент икки ҳафта ичида Конгрессдаги икки партия вакиллари - демократлар ва республикачилар чегарадаги бўҳронни ҳал қилиш бўйича келишувга эришмаса, айни режа амалга оширилишини ҳам билдирди.

Кейинги ҳафтада АҚШ Конгрессида чегарада ушланган нолегал муҳожирларни вақтинча сақлаш марказлари аҳволини ўнглаш учун 4 ярим миллиард доллар пул ажратиш масаласи овозга қўйилади.

Шу йилнинг май ойида АҚШ ҳарбийлари Мексика билан чегарада 129 минг муҳожирни ушлади. Июнь ойи бошидан бери эса 60 минг одам ушланган.

Владимир Путин Гуржистонга парвозларни тақиқлаб қўйди

Тбилисида намойишлар тўхтагани йўқ

Россия президенти Владимир Путин мамлакат авиакомпанияларига жорий йил 8 июлидан бошлаб Гуржистонга қатновларни вақтинча ман этувчи фармонни имзолади.

"Миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида" қабул қилинган фармонда шунингдек Россия туроператор ва турагентларига тақиқ давомида Грузияга йўлланмалар сотишни тўхтатиш тавсия қилинган.

Бундан ташқари Владимир Путин ўз ҳукуматига ҳозирда Гуржистонда бўлган мамлакат фуқароларини Россияга қайтариш чораларини кўришни топширди.

Путин фармони Гуржистонда оммавий намойишлар бўлаётган бир пайтга тўғри келди.

Намойишлар Гуржистон парламентида Россия давлат Думаси депутати Сергей Гаврилов чиқиш қилиши ортидан бошланди.

Сергей Гавриловнинг парламент спикери ўриндиғида ўтириб, русча гапиргани ортидан парламентдаги гуржи мухолифати мажлисни тўхтатди.

Тбилисида бўлиб ўтаётган намойишларда бир киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ киши ҳибсга олинди.

Гуржистон президенти Россияни мамлакатда ички низоларни ташкиллаштиришда айблади.

Трамп уруш фахрийсини Мудофаа вазирлигига номзод этиб тайинлашини эълон қилди

Марк Эспер

АҚШ президенти Доналд Трамп 21 июнда Армия котиби Марк Эсперни Мудофаа вазири этиб тайинлашни таклиф қилаётганини эълон қилди.

Ҳозирда Мудофаа вазири вазифасини бажараётган Патрик Шанахан оилавий сабаблар туфайли айни вазифадан номзодини олиб ташлагани учун Марк Эспер 24 июндан бошлаб Мудофаа вазири вазифасини бажара бошлайди.

Агар Сенат томонидан тасдиқланса, у Жим Маттисдан кейинги илк доимий Мудофаа вазири бўлади.

Жим Маттис президент Трамп билан баъзи хорижий сиёсат масалаларида келиша олмай 2019 йил бошида қўққисдан истеъфо берган эди.

Армия фахрийси Марк Эспер биринчи Ироқ урушида қатнашган.

Атамбаев парламент ўзига қўйган айбларни “абсурд” деб атади

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев мухолифатдаги Социал-демократлар партияси раисидир.

Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев мамлакат парламентининг ўзига қўйган айбларини бирор ҳуқуқий асосга эга бўлмаган “абсурд” деб атади.

Атамбаев муносабатини у раҳбар бўлган Социал-демократлар партияси раиси ўринбосари Қундуз Жолдубаева эълон қилди.

Бу баëнотда Атамбаев ўзига қўйилган айбларни жорий президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг “сиëсий мухолифларини йўқ қилиш” истаги ифодаси деб атади.

«Сўўрўнбай Жээнбеков овозимни ўчириш учун мени уйдирма айблар билан ноқонуний айблашдан бошқа йўл тополмади. Бир йилдан кўпроқ энг ифлос усуллар¸ энг ифлос сиëсат ва энг ифлос миш-мишлар ишлатилаëтган бўлса-да¸ бу ишдан ҳеч нарса чиқмайди”¸ дейилади Атамбаев баëнотида.

Собиқ президент жамоатчиликка ҳокимият томонидан ўз “ҳалол шахси”га ҳужум уюштиришда ишлатилаëтган депутатлар исми-шарифи ва репутациясига эътибор қаратишни тавсия этади.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топди.

Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганлик, Қўй-Тош қишлоғида уй қуриш учун ноқонуний равишда ер олганлик, жиноий авторитет (вор в законе) Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлик, “Ака инвест” ширкати билан боғлиқ можаро ва Бишкек иссиқлик электр станциясини таъмирлаш жараёнида коррупцияга йўл қўйганликда айбдор деб топди.

Киев суди Саакашвилининг парламент сайловида қатнашишига рухсат берди

Грузия собиқ президенти¸ Одесса собиқ губернатори Михаил Саакашвили Зеленский президентликка келиши ортидан Украинага қайтди.

21 июнь куни Киев суди Грузия собиқ президенти ва Одесса собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг Украина парламент сайловларида қатнашишига йўл очувчи қарор чиқарди.

Facebookда суд қарори видеосини жонли тарзда кўрсатган Саакашвили¸ уни адолатли деб атади ва Украинада вазият ўзгарганини таъкидлади.

Украина қонунчилигига кўра¸ Олий Рада депутатлигига номзодини қўймоқчи бўлган шахс сўнгги 5 йил ичида мамлакат ҳудудида мунтазам яшаган бўлиши керак.

Ўтган йил февралида Саакашвилини собиқ президент Порошенко мамлакатдан депортация қилгани боис¸ у бу талабни техник жиҳатдан қондира олмайди.

Ўзининг депортация қилинишини “ноқонуний” деб атаган Саакашвили¸ номзодини қўйиш учун суддан ҳуқуқий ечим топиб беришни сўради.

Май ойида янги президент Володимир Зеленский Украина ватандошлигини қайтатиб берганидан сўнг Саакашвили Украинага қайтди.

“Янги кучлар ҳаракати” деб номланган сиëсий партия раҳбари бўлган Саакашвили ўз командаси билан Зеленскийга Украинадаги коррупция устидан ғалаба қозонишда ëрдам бериш ниятида эканини айтмоқда.

Зеленский ўтган ой президент сифатида қасамëд қилганининг эртасига парламентни тарқатиб юборди. Украина Олий Радасига муддатидан олдин сайловлар 21 июлга белгиланган.

Март ойида тўрт йилга қамалган чечен ҳуқуқ ҳимоячиси озодликка чиқди

Оюб Титиевни кутиб олишга унинг яқинлари ва ҳамкасблари келди.

"Мемориал" инсон ҳақлари марказининг Грозний бўлими раҳбари Оюб Титиев 21 июнь куни озодликка чиқди.

Наркотик сақлаганликда айбланиб, январь ойида ҳибсга олинган Титиев чечен суди ҳукми билан 18 март куни тўрт йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Титиев наркотикларнинг полиция томонидан ташлангани ва ўзининг Чеченистондаги инсон ҳақлари ҳимоячиларини йўқ қилиш мақсадида жазоланганини айтиб келмоқда.

Титиевни сиëсий маҳбус деб эътироф қилган халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Россия ҳукуматидан унинг озод этилишини талаб қилиб келди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистларга тоқатсизлиги билан танилган Чеченистон президенти Рамзан Қодиров уларга “халқ душмани ва сотқинлар сингари муомала қилиниши кераклиги”ни айтган.

NYT: Трамп охирги дақиқаларда Эронга қарши ҳарбий ҳужум режасидан қайтган

АҚШ ва Эрон раҳбарияти ўртасидаги кескинлик кучайиб бормоқда.

The New York Times газетасининг ëзишича¸ президент Дональд Трамп 20 июнь куни Эронга қарши ҳарбий ҳужум уюштириш режасини тасдиқлаган¸ аммо бир неча соатдан сўнг “тўсатдан” ўз фикридан қайтган.

АҚШ Эронни халқаро ҳаво ҳудудида учувчисиз бошқариладиган разведка дронини уриб туширганликда айбламоқда ва ҳужум ана шу ҳаракатга жавоб тариқасида режаланган.

АҚШ нашрининг ëзишича¸ Трамп Эрондаги қатор объектлар¸ хусусан унинг ҳарбий радар ва ракета батареяларига қарши ҳаво ҳужумларини Вашингтон вақти билан кечки соат 7 да маъқуллаган. Оқ уйдаги “қизғин сўзлашувлардан сўнг қабул қилинган бу қарор ортидан”¸ газетанинг билдиришича¸ ҳарбий ва дипломатик расмийлар ҳужум бошланишини кутган. Тунга бориб Трамп ҳужум режасини бекор қилган.

Бу муҳокамада қатнашган расмийларнинг газетага айтишича¸ ҳужумлар Эрон ҳарбийлари ва фуқаролари орасидаги талофатларни камайтириш мақсадида 21 июнь куни саҳарда амалга оширилиши керак бўлган.

Эрон АҚШ разведка дрони ўз ҳаво ҳудудига ўтгани учиб уриб туширилганини айтмоқда ва АҚШнинг "ҳар қандай агрессиясига қарши тегишли жавоб қайтаришга тайëр"лигини таъкидламоқда.

Уммон кўрфазидаги нефть танкерларига ҳужум қилингани айтилиб¸ бу ҳужумлар учун АҚШ ва Саудия Арабистони Эронни айблаши ортидан¸ минтақада янги уруш хавфи кучайиб бормоқда.

Трамп маъмуриятининг демократ мухолифлари¸ қолаверса БМТ Оқ уйни Эронга қарши уруш оқибатлари “ҳалокатли” бўлишидан огоҳлантирмоқда.

Грузияда Россия депутати парламент спикери креслосига ўтиргани ортидан норозилик намойиши ўтказилди

Тбилисидаги намойиш пайти.

Россиялик депутат Тблисида ўтган анжуманда Грузия парламенти раиси креслосига ўтирганидан ғазабга келган намойишчилар 21 июнь тонгига қадар ОМОН билан тўқнашдилар.

Полиция тунги соат иккида норозиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Расмий хабарларда айтилишича, 70 одам жароҳатланди, улардан 39 нафари полициячидир.

20 июнь куни Тблисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнига ўтириб олган. Бу ҳолат протоколнинг қўпол бузилиши қаторида талқин қилиниб, минглаб норозилар кўчага чиққан эди.

Москва 2008 йилда Грузия билан қисқа муддатли уруш ўтказиб, Жанубий Осетия, кейинроқ Абхазияга харбий кучларини киритган эди. Москва Грузиянинг бу икки айирмачи минтақасини мустақил давлатлар сифатида тан олган.

Украина Конституциявий суди парламентни тарқатиш қарорини қонуний деб топди

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина Конституциявий суди 20 июнь куни президент Володимир Зеленскийнинг парламентни тарқатиш ва навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармони қонуний экани тўғрисида қарор чиқарди.

16 нафар судья «қарор қатъий ва шикоятга ўрин йўқ», деб қарор қилди. Зеленский маъмурияти Конституциявий суд қарорини “адолатли”, деб атади ва олқишлади.

Президент маъмуриятининг билдиришича, Украина парламентига халқнинг ишончи 4 фоизни ташкил қилади ва шундан келиб чиққан ҳолда “парламентни тарқатиш халқнинг иродасидир”.

20 майда президент сифатида қасамёдга келтирилган Зеленский 21 май куни парламентни тарқатиш ва 21 июлда навбатдан ташқари сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Бироқ бу фармон ижро этилишига парламент депутатлари қарши чиқаётган эдилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG