Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2019, Тошкент вақти: 14:54

Халқаро янгиликлар

АҚШ ва Россия президентлари G20 саммити доирасида учрашади

АҚШ ва Россия президентлари G20 гуруҳининг 2018 йилги саммити доирасида ҳам учрашган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Япониянинг Осака шаҳрида ўтадиган тараққий қилган Йигирмалик саммити доирасида 28 июнь куни учрашади.

Бу ҳақда Путин ëрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Кремль расмийсига кўра¸ иккала президент АҚШ ва Россия муносабатларининг ҳозирги аҳволи¸ стратегик барқарорлик ва Сурия¸ Корея ярим ороли¸ Афғонистон¸ Украина¸ Венесуэладаги минтақавий можаролар ҳамда Эрон ядровий дастури билан боғлиқ масалаларда фикр алмашади.


Ушаков баëноти арафасида Оқ уй маъмурияти Трампнинг Осака саммити доирасида қатор президентлар¸ хусусан¸ Путин билан ҳам хусусий суҳбат ўтказишини билдирган эди.

АҚШ разведкаси ва ҳуқуқ тизимлари томонидан Трамп президентликка сайланган 2016 йилги сайловларга фаол аралашганликда айбланган Кремль раҳбарияти билан Вашингтон муносабатлари¸ Оқ уйга кўра¸ «ҳозирда ëмон аҳволда» қолмоқда.

Эрон олий руҳонийси АҚШ санкция ва “ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз мамлакати АҚШнинг “шафқатсиз санкциялари ва ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди.

Хоманаий расмий сайтида эълон қилинган бу баëнот АҚШ президенти 24 июнь куни Эрон раҳбарияти¸ хусусан¸ оятуллоҳ Хоманаий бойликларини нишонга олувчи кескин санкциялар жорий қилганига жавоб сифатида пайдо бўлди.

25 июнь куни янада кучайган сўз урушида Эрон раҳнамоси Оқ уйдагиларни “руҳий касаллар” деб атаган бўлса¸ Трамп¸ Эрон АҚШга бирор шаклда зиëн етказишга уринса¸ “мамлакатни ер юзидан йўқ қилиб юбориш” билан таҳдид қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний эса¸ Трамп маъмуриятининг Теҳрон раҳбарларига қарши ҳаракатини “ахмоқона” деб атади.

Эрон ҳукумати АҚШ билан кескинлик ошиб бораëтган бир пайтда¸ 27 июндан бошлаб уранни тўйинтириш ишларини тезлатишини билдирди.

АҚШ махсус тергов гуруҳи раҳбари Роберт Мюллер Конгресс эшитувларида қатнашишини билдирди

Роберт Мюллер АҚШ Федерал тергов бюросининг собиқ директори.

Россиянинг АҚШдаги сўнгги президентлик сайловига аралашуви ва Трамп сайловолди кампаниясининг Россия билан ҳамкорлик қилган-қилмаганини тергов қилган махсус гуруҳ раҳбари Роберт Мюллер Конгрессда кўрсатма беради.

Мюллер 17 июль куни мухолиф демократлар назоратидаги Конгресснинг Суд ва разведка ишлари қўмитаси аъзолари саволларига жавоб беради ва бу эшитувлар жамоатчиликка бевосита кўрсатилади.

Конгрессдаги икки қўмита намояндалари Мюллернинг эшитувларда қатнашиш ҳақида юборилган расмий сўровни қондиришга тайëрлигини билдирганини айтди.

Мюллер раҳбарлик қилган махсус тергов гуруҳи ўз хулосасини икки ой аввал Адлия вазирлигига тақдим қилган эди.

Бу ҳисоботнинг жамоатчиликка тақдим этилган қисқартирилган қисмида Россиянинг АҚШ сайловига муттасил аралашиш уринишлари тасдиқлангани ҳолда¸ Трамп кампанияси ва Россия ҳукуматининг бу жараëнда ҳамкорлик қилгани исботини топмагани айтилган.

Айни пайтда Мюллер¸ Трампнинг бу терговда ҳақиқат қарор топишига халал берган-бермагани ҳақида аниқ хулоса чиқаришдан бош тортган ва бу ишни конституцияга кўра¸ Конгрессга қолдирган эди.

Мухолиф демократлар Трампни айни шу ишда айбламоқда ва ҳақиқат қарор топишига халақит бериш¸ АҚШ конституциясига кўра¸ президентга нисбатан импичмент (ҳокимиятдан четлатиш) жараëнини бошлашга асос бўлади.

Президент Трамп Мюллернинг Конгресс қўмитаси олдида ҳисоб бериш эҳтимолига эътироз билдириб келмоқда.

Арис қурол омборидаги портлашларда уч одам ўлди, камида 70 нафари яраланди

Арисдан 45 минг одам эвакуация қилинди.

26 июнь куни эрталаб расмийлар Арисда жароҳат олган ҳарбий шифохонада жон берганини маълум қилди. 1987 йилда туғилган шимкентлик ҳарбий контрактчи эса портлашлар туфайли ҳалок бўлган учинчи шахс бўлди. Хабарларга кўра, портлашлар давомида машинасига снаряд келиб тушган оддий фуқаро ҳам ҳалок бўлган.

Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида снарядлар портлай бошлаган эди.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаганини айтди. Унга кўра, Арис шаҳрида яшовчи 45 минг аҳоли эвакуация қилинди.

Воқеа жойига борган президент Қасим-Жомарт Тоқаев барча айбдорлар қонун асосида жавобгарликка тортилиши билдирди.

Қирғизистон прокуратураси собиқ президент Атамбаевга билдирилган беш айбловни тасдиқлади

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент Алмазбек Атамбаевга парламент томонидан билдирилган олти айбловдан бештасини асосли деб топди.

Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов бу ҳақда парламентга 25 июнь куни маълум қилди. Бош прокурорнинг бу баёноти парламентга Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш учун асос беради.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топшириш тўғрисида қарор чиқарганди.

Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

Атамбаев эса ўзига қўйилган айбловларни “абсурд, сиёсий мухолифатдан ўч олиш”, деб баҳоламоқда.

Мьянмада мусулмонлар интернетдан маҳрум қилинди

Мьянма манзараси.

Мьянма ҳукумати Ракхайн вилоятида яшайдиган бир миллиондан кўпроқ мусулмонларни интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Ракхайн вилояти рохинжа мусулмонлари зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Улар мунтазам равишда этник тўқнашувлар оқибатида таъқибларга учраб келмоқдалар.

Вилоятда 21 июндан бошлаб интернет тўсиб қўйилган. Аҳоли уларнинг ахборот олиш ҳуқуқи бузилаётганидан шикоят қилмоқда.

Бироқ Мьянма Алоқа вазирлиги интернетдан тўсиқ қачон олиб ташланиши тўғрисида аниқ маълумот бермади. Вазирлик “қачон бу ҳудудда тартиб ва тинчлик ўрнатилсагина” интернетга тўсиқ олинишини айтмоқда.

Хабарларга қараганда, Ракхайн вилоятида интернетни тўсиб қўйиш тўғрисидаги қарор Бош вазир Аун Сан Су Чжи ҳукумати томонидан қабул қилинган. Аун Сан Су Чжи 1991 йилда Нобель Тинчлик мукофотининг лауреати бўлган эди.

БМТ рохинжа мусулмонларга интернетга кириш тақиқлаб қўйилганини “минтақада инсон ҳуқуқлари қўпол бузилаётганини яшириш ҳаракати” сифатида баҳолади.

2017 йилнинг августида Мьянмада ҳарбийлар рохинжа мусулмонлар қарши қирғин уюштирган эди. БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи бу қирғинни “этник тозалаш”, деб баҳолаган.

Мьянмадаги қирғин оқибатида камида 750 минг рохинжа мусулмон Бангладешга қочишга мажбур бўлган.

Саудия Яманда "Ислом давлати" гуруҳи амири қўлга олинганини билдирди

Яман пойтахти Санодаги бир кўча.

Саудия Арабистони “Ислом давлати” гуруҳининг Ямандаги амири махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини билдирди.

Расмий баёнотда айтилишича, амир Абу Усома ал Муҳожир “Ислом давлати” гуруҳининг бир неча дала қўмондони ва жангарилари билан бирга қўлга олинган.

Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳарбий вакили бўлган полковник Турки ал Маликийнинг маълум қилишича, амалиёт 3 июнь куни Саудия ҳарбийлари ва Яманнинг халқаро ҳамжамият тан олган ҳукуматига қарашли махсус отряди ҳамкорлигида ўтказилган.

Яманда 2014 йилда Хутий шиа исёнчилари бошлаб берган фуқаролар уруши оқибатида шу кунгача 10 минг одам ҳалок бўлди, 3 миллион одам ўз уйини ташлаб кетди. Саудия Хутий исёнчиларига қарши 2015 йилнинг 26 мартидан уруш олиб бормоқда.

БМТ гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар тахмин қилинганидан 56 фоиз кўп эканини аниқлади

Иллюстратив сурат.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси жаҳонда гиёҳванд моддаларнинг бир тури бўлган опиоидларни истеъмол қилувчи одамлар сони аввал тахмин қилинганидан 56 фоизга кўпроқ эканини маълум қилди.

Бошқарма ҳисоботида айтилишича, бу ҳолат Ҳиндистон ва Нигериянинг аҳоли зич яшайдиган минтақаларида ўтказилган йирик ижтимоий сўров натижасида аниқланган. БМТ бошқармасига кўра¸ опиоид истеъмол қилувчилар сони 53 миллион 400 минг одамдан кам эмас.

Опиоидларни табиий ўсимликлар, масалан, кўкноридан ҳам, кимёвий усул билан ҳам тайёрласа бўлади.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2017 йилда Колумбияда кокаин ишлаб чиқариш 25 фоизга кўпайган ва 1976 тоннага етган.

Айни пайтда Афғонистонда қурғоқчилик туфайли афюн етиштириш 25 фоизга камайган ва 2018 йил ҳолатига кўра, 7 790 тоннани ташкил қилган.

Грузияда намойишларни уюштирганликда айбланаётган мухолифат лидери сўроқ қилинди

Грузиядаги намойиш пайтида.

Грузияда норозилик намойишлари олтинчи куни ҳам тўхтамади. Норозилар ички ишлар вазири истеъфога чиқарилишини талаб қилмоқдалар.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган.

Аммо ўша куни норозилик намойишни бостириш учун полиция куч қўллаб, кўплаб одамларни қўлга олган эди. Шунинг учун норозилар ички ишлар вазири истеъфосини ҳамда қўлга олинганларнинг озод этилишини талаб қилмоқдалар.

25 июнь куни кечқурун норозилар сафига Грузия собиқ президенти Георгий Маргвелашвили келиб қўшилди.

Шу куни Грузия мухолифатидаги Ягона миллий ҳаракат партияси лидери Ника Мелия намойишларни уюштирганликда айбланиб прокуратурага чақиртирилди ва сўроқ қилинди.

Бош прокуратура парламентга жиноий жавобгарликка тортиш учун Ника Мелиядан депутатлик даҳлсизлигини олиб ташлаш илтимоси билан мурожаат қилди. Мелия прокуратуранинг бу баёнотини ва айбловни “абсурд” деб атади.

Москва суди жосусликда айбланган Польша фуқаросини 14 йилга озодликдан маҳрум этди

S-300

Москва шаҳар суди жосусликда айбдор деб топилган Польша фуқаросини 14 йилга озодликдан маҳрум этди.

25 июнь куни судья Андрей Суворов Польша фуқароси Мариан Радзайевскийни жосусликда айбдор деб топди ва айни куннинг ўзида ҳукм чиқарди.

Жиноят ишидаги материаллар махфий ҳисоблангани учун суд ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди.

Радзайевский 2018 йилнинг апрель ойида ҳибсга олинган эди.

Терговчилар сўзларига кўра, у S-300 ракета тизимининг эҳтиёт қисмларини ноқонуний йўллар билан сотиб олиб, Польшага юборишни режалаштирган.

Шимолий Кавказдаги Ингушетия раҳбари истеъфога чиқди

Чеченистон билан имзоланилган чегара келишувига қарши ингушлар норозилик митинглари ўтказди

Россиянинг нотинч Шимолий Кавказ минтақасида жойлашган Ингушетияни 11 йилдан буён идора этиб келаётган Юнусбек Евкуров истеъфога чиқаётганини эълон қилди.

Бу ҳақда Евкуровнинг 24 июнда қилган баёноти қўшни Чеченистон билан имзоланган зиддиятли чегара битими норозиликларни кучайтирган бир паллага тўғри келди.

2018 йил сентябрида Юнусбек Евкуров ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров хуфия музокаралар ўтказиб, чегара битимини имзолаган эди.

Битимнинг имзоланганига қарши чиққан Ингушетиядаги фаоллар Евкуровни баъзи ҳудудларни Чеченистонга ноқонуний бериб юборганликда айблашди.

Ушбу битим сабаб Юнусбек Евкуровнинг обрўси Ингушетияда кескин тушиб кетди.

Чегара битимига қарши Ингушетияда бир неча бор норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Арис шаҳридаги портлашларда бир одам ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди

Арис шаҳридаги портлаш.

Қозоғистоннинг Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида бир одам ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Туркистон вилояти ҳокими Ўмирзак Шокеевнинг айтишича, портлаш бошланган маҳалда воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилган одам автомашинага ўтирган пайтда снаряд теккан. Бу одам ҳалок бўлган.

Портлашлар оқибатида камида 25 одам жароҳатланган¸ улардан учтаси оғир аҳволда. Яраланганлар орасида беш нафар бола борлиги айтилмоқда.

Расмийларга кўра, ҳарбий омборхоналар жойлашган ҳудуд ҳозиргача хавфли бўлиб қолаётганини, портлашлар бир неча кун давом этиши мумкин.

Арис шаҳрига президент Касим-Жомарт Токаев жўнаб кетди.

Трамп Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийга санкция жорий этди

Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп 24 июнда Эронга, жумладан, олий руҳоний оятуллоҳ Али Хоманаийга нисбатан қатъий санкциялар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

-Мен имзолашим кутилаётган фармон ортидан жорий этиладиган санкция олий руҳоний Али Хоманаий ва унинг маъмуриятини, у билан яқин муносабатда бўлганларни асосий молиявий ресусрлардан маҳрум қилади. Оятуллоҳ Хоманаийнинг ҳамда маъмуриятининг молиявий активлари ҳам санкциялар остида бўлади,-деди Трамп фармонни имзолаш арафасида.

Сўнгги кунларда Трамп Эронга нисбатан босимни кучайтиришда давом этиши ҳақида билдирган эди. Трампга кўра, босим «Эрон ҳукумати ўзининг хавфли фаолиятига барҳам бермагунига қадар» давом этади.

Трамп 2015 йилда АҚШ Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Экспертлар АҚШ ва Эрон ўртасида қуролли конфликт юзага келиши эҳтимолидан ташвиш билдириб келмоқдалар.

Россиянинг ЕКПАга аъзолиги қайта тикланди

Иллюстратив сурат.

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ЕКПА) уч йиллик танаффусдан сўнг, Россиянинг ташкилотга аъзолигини қайта тиклади.

ЕКПА Страсбургдаги ёзги сессиясини 25 июнь куни бу масалага овоз бериш билан бошлади. Ассамблеяга аъзо давлатлардан келган 118 депутат Россия аъзолигини тиклаш учун, 62 депутат қарши овоз берди, 10 депутат бетараф қолди.

Россия энди 26 июнь куни Европа Кенгаши янги бош котибини сайлаш жараёнида иштирок эта олади.

ЕКПА 2014 йилда Қрим аннексия қилингани ортидан Россияни аъзоликдан чиқарган эди.

Европа Кенгашига 47 давлат аъзо ҳисобланади. Мазкур ташкилот ЕврОсиё қитъасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича энг асосий органдир.

ЕКПА Москвага нисбатан жиддий санкциялардан бирини бекор қилган биринчи ташкилот бўлди.

Европа Кенгаши Истанбул мэрлигига ўтган сайловни шаффоф деб баҳолади

Истанбул. Экрем Имомўғлу тарафдорлари байрам қилмоқда.

Европа Кенгаши Истанбул шаҳар мэрлигига 23 июнь куни ўтказилган қайта сайловни «шаффоф ва айни пайтда мураккаб вазиятда ўтган тадбир», деб баҳолади.

Европа Кенгашининг сайловларни кузатиш учун келган делегацияси раҳбари Эндрю Доусон 24 июнда журналистларга берган интервьюсида:

-23 июнда Истанбул аҳолиси жуда яхши ташкил этилган ва шаффоф сайловда янги мэрни танлаб олди. Бироқ сайлов пайтида вазият жуда мураккаб ва кескин бўлгани кузатилди,-деб айтди.

Доусон айрим жойлардаги сайлов участкаларида ҳукумат босими кучли бўлганини, кузатувчиларга нисбатан таҳдидлар қилинганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Истанбул мэрлиги учун президент Режаб Тоййип Эрдўғон мансуб бўлган АК партияси вакили, собиқ Бош вазир Бинали Йилдирим ва мухолифат вакили, Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу курашди.

Дастлабки натижаларга қараганда,Экрем Имомўғлу 54 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди.

Истанбул мэрлигига 21 март куни ўтказилган сайловда ҳам Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу энг кўп овоз йиққан эди. Аммо президент сайловда қонунбузарликлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилаган эди.

Тбилисида норозилар ички ишлар вазири истеъфосини талаб қилмоқда

Грузиядаги намойиш пайтида олинган сурат.

Грузия пойтахти Тбилисида норозилик намойишларининг бешинчи куни норозилар марказий Шота Руставели кўчасини тўсиб қўйдилар.

24 июнь куни кечқурун парламент биноси олдига йиғилган бир неча минг одам ўзларининг айрим талаблари инобатга олинмагани ортидан мана шундай ҳаракат қилди.

Норозилар ички ишлар вазирини ишдан бўшатишни, намойишнинг биринчи кунида қўлга олинган норозиларни қамоқдан озод қилишни ва намойишчиларга куч қўллаган полициячиларни жазолашни талаб қилмоқда.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган.

Россия грузин виноси «сифати устидан назорат»ни кучайтирди

2006-2013 йилларда ҳам Россия грузин винолари импортига тақиқ қўйган эди.

Роспотребнадзор Грузиядан Россияга экспорт қилинаëтган алкоголь маҳсулотлари сифат ва хавфсизлиги устидан назоратни кучайтирди.

Бу ҳақда хабар қилган идора иддаосича¸ кейинги беш йил давомида Грузиядан Россияга келаëтган сифатсиз алкоголь маҳсулотлари ҳажми уч бараварга ошган.

Биргина 2018 йилда¸ расмий баëнотда айтилишича¸ Россия Грузиядан келтирилган 203 минг тонна спиртли ичимликни мамлакатга киритмаган.

Роспотребнадзорнинг бу баëноти Россия ва Грузия муносабатлари кескинлашиб бораëтган бир пайтда эълон қилинди.

Абхазия ва Жанубий Осетиянинг Россия томонидан Грузиядан ажратиб олинишида фаол қатнашган россиялик депутат Сергей Гавриловнинг грузин парламенти раиси курсисидан туриб нутқ сўзлаши ортидан Тбилисида бошланган норозилик намойишлари ҳамон давом этмоқда.

Россиянинг босқинчилик сиëсатини қоралаëтган намойишчилар Гавриловни мамлакатга таклиф қилган ҳукумат расмийлари истеъфосини талаб қилмоқда.

Аксилроссия намойишларига жавоб тариқасида Путин 21 июндан бошлаб Россия авиакомпанияларининг Грузияга учишини тақиқлаб қўйди.

Бу Путин ҳукуматининг Грузия товарларига қарши биринчи ҳужуми эмас. 2006-2013 йилларда Россияда машҳур "Боржоми" суви ва грузин винолари импорти тақиқланган эди.

Ўшанда ҳам ҳукумат бу тақиқни расман маҳсулотлар сифатининг талабга жавоб бермаслиги билан изоҳлаган эди.

Грузия Қишлоқ хўжалик вазирлигига кўра¸ мамлакатда ишлаб чиқарилаëтган алкоголь маҳсулотларининг қарийб ярми Россияга экспорт қилинади. Россияликлар ичаëтган ҳар уч винодан бири грузин виносидир.

Трамп Эрон билан мулоқот бошлашга тайëрлигини билдирди

Эронга қарши ўзи маъқулланган ҳарбий ҳужумларни сўнгги дақиқада яна ўзи тўхтатган АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон билан мулоқот қилиш истагини билдирди.

NBC News телеканалига берган интервьюсида Оқ уй раҳбари бундай мулоқот бошлаш учун олдиндан шарт қўйилмаслигини билдирди.

Айни пайтда Трамп¸ Эрон билан музокаралар кун тартибига ядровий дастур масаласи киритилишига умид билдирди.

- Агар Эронда қайтадан гуллаб-яшнаëтган давлатга айланиш истаги бўлса¸ биз жуда тез келишувга эришишимиз мумкин¸ деди суҳбат давомида Трамп.

Яқин Шарқ сафарини бошлаган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам айни руҳда гапирди.

"Эрон АҚШ билан мулоқот бошлаш истагини кўрсатиши билан¸ Вашингтон ҳам жавоб қадамини қўяди"¸ деди Помпео жумладан.

«Минтақа муаммоларига стратегик ҳамкорлар билан ëндашувнинг бир хил»лигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида Помпео сафар давомида Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари билан учрашади.

Теҳрон ҳукумати билан мулоқотга ҳозирлигини айтиши ортидан Трампнинг 24 июнь куни Эронга қарши янги санкция жорий қилиши кутилмоқда.

1979 йилги Эрон ислом инқилоби ортидан Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик муносабатлар тўхтатилган.

400 дан ошиқ учувчи Boeing ширкатини судга берди

Boeing 737 MAX учқичлари парвози бутун дунë бўйлаб тўхтатилган.

Ғарб матбуоти хабарларига кўра¸ 400 дан ошиқ учувчи дунëнинг йирик самолëтсозлик ширкати – Boeing устидан судга шикоят аризаси топширган.

Ҳозирча шахси ва қайси авиакомпанияда ишлаши очиқланмаган учувчилар ширкатни 737 MАХ русумидаги учқичлари дизайнидаги камчиликларни атайлаб яширганликда айбламоқда.

Аризачилар Boeing раҳбариятидан молиявий йўқотишлари ва руҳий хасталиклар учун миллионлаб доллар компенсация талаб қилмоқда.

Учувчилар аризасида 737 MAX дефектини бекитишнинг иккита авиафалокатга сабаб бўлгани айтилган. Эфиопия ва Индонезия ҳаво йўлларига қарашли икки 737 MAX учқичининг ҳавога кўтарилишдан кўп ўтмай кутилмаганда қулаши оқибатида жами 346 одам нобуд бўлди.

Учувчилар аризасининг жорий йил 21 октябрида Чикаго судида кўриб чиқилиши белгиланган.

Boeing ширкатининг янги авлод учқичи бўлган 737 MAX учқичлари Эфиопия ва Индонезиядаги қулашлардан кейин бутун дунë бўйлаб эксплуатациядан олинди.

Мазкур русумдаги учқичлар компьютер дастурида муаммо бўлганини тан олган Boeing ¸ ҳозирга келиб унинг ҳал этилганини айтмоқда.

Москвада тожик муҳожирлари оммавий равишда овқатдан заҳарланди

Иллюстратив сурат.

Россиядаги фабрикалардан бирида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари оммавий равишда заҳарланиб, касалхонага ётқизилди. Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, воқеа 22 июнь куни Москва яқинидаги Одинцово шаҳарчасида юз берди.

«Тез ёрдам» машиналари 50 нафарга яқин тожикистонликни касалхонага олиб кетган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир бўлиб, реанимацияда сақланмоқда.

Тожикистон меҳнат вазирлигининг Россиядаги ваколатхонаси матбуот котиби Иброҳим Аҳмаднинг айтишича, айни пайтда касалхонада 12 муҳожир даволанмоқда. Қолганларга эса уйда даволанишга рухсат берилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, тожикистонликлар ўзлари ишлаётган фабрика ошхонасида тайёрланган овқатни еб заҳарланишган.

Фабрика раҳбарияти, тожиклар қовун еб заҳарланишганини иддао қилмоқда. Бироқ муҳожирлар қовун сотиб олишга пуллари бўлмаганини айтмоқдалар.

Мазкур фабрикада 200 нафар тожикистонлик меҳнат қилади.

Истанбул мэрлигига қайта сайловда Эрдўғон партияси яна ютқазди

Экрем Имомўғлу сайловда 54 фоиз овоз олгани айтилмоқда.

Туркиянинг энг катта шаҳри - Истанбул мэрлигига 23 июнь куни ўтказилган қайта сайловда, дастлабки натижаларга кўра, яна мухолифат вакили Экрем Имомўғлу 54 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғон мансуб бўлган АК партияси вакили, собиқ Бош вазир Бинали Йилдирим сайловчиларнинг ишончини қозона олмади.

Истанбул мэрлигига 21 март куни ўтказилган сайловда ҳам Республика халқ партиясидан номзод Экрем Имомўғлу энг кўп овоз йиққан эди. Аммо президент сайловда қонунбузарликлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилаган эди.

Чехияда кейинги 30 йилда ҳукуматга қарши энг катта намойиш бўлиб ўтди (ВИДЕО, ФОТО)

Прагадаги намойиш.

Чехия пойтахти Прагада юз минглаб одамлар Бош вазир Андрей Бабиш истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Ташкилотчиларга кўра, 23 июнда ўтказилган намойишда 250 минг одам иштирок этган. Бу 1989 йилда собиқ Чехословакияда коммунистик тузумга барҳам берган Баҳмал инқилобидан бери мамлакатда ўтказилган энг катта намойиш бўлди.

-Бизнинг мамлакатимиз кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Бироқ ҳукумат уларни ҳал этмаяпти. Бош вазир фақат ўз манфаатини ўйлагани ортидан ҳукумат ҳам муаммоларни ҳал қилишни ўйламаяпти,-деди митинг ташкилотчиси бўлган «Демократия учун миллион сония» ташкилоти раҳбари Микулаш Минар.

Бабишга қарши намойишлар 4 июнь куни Вацлав майдонида бошланган эди. Ўшанда намойишга 120 минг одам келгани билдирилган.

Норозилик намойишлари миллиардер бўлган Бош вазир Андрей Бабиш Европа Иттифоқи Чехия қишлоқ хўжалиги учун берган субсидияларни ўзлаштириб олганликда гумонланаётгани ортидан бошланиб кетди.

Бабиш эса бу гумонларни инкор этиб, ўзига қарши “сиёсий жараён” олиб борилаётганини иддао қилмоқда.

Грузияда Россияга қарши кайфиятдагиларнинг митинглари давом этмоқда

Тбилисидаги намойиш.

Грузия пойтахти Тбилисида Россияга қарши кайфиятдаги минглаб норозилар 23 июнь куни ҳам намойишларни давом эттирдилар. Улар қатор давлат амалдорларининг истеъфога кетишини талаб қилмоқдалар.

Норозилар «Россия оккупант», «Ватанимнинг 20 фоиз ҳудудини Россия босиб олган» каби шиорларни кўтариб чиқдилар.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

Ўша кунги намойишларда полиция ва норозилар ўртасида юз берган тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳатланган.

21 июнь куни эса Беларусга сафар қилган Грузия президенти Саломе Зурабишвили зудликда ватанига қайтишга мажбур бўлган эди.

-Айни пайтда Грузияда вазият мураккаб, шунинг учун мен Грузияда бўлишим шарт деган қарорга келдим. Мамлакатда бирорта воқеа юз берса, давлат раҳбари ўша ерда бўлиши лозим. Шунинг учун мен бу ердан кетиб, ўз халқим билан бирга бўлишим керак,-деди Зурабишвили.

Туркия келажагини ҳал қилиши кутилган Истанбул мэрлиги учун қайта сайлов бўлди

Истанбулда сайловчилар шаҳар мэрини қайта сайлаш учун 23 июнь куни яна овоз бердилар.

Илк сайловда мухолиф номзоди ғалаба қозонган, аммо президент Эрдўғоннинг қонунбузарликлар бўлди, деган айблови ортидан натижа бекор қилинган эди.

21 март кунги сайловда мухолифатдан номзод Икром Имомўғли энг кўп овоз йиққан эди. Аммо, президент сайловда қонунбузилишлар ва коррупцияга йўл қўйилди, деган айблов билан чиққанди.

6 май куни эса Туркия олий сайлов комиссияси натижаларни бекор қилди ва 23 июнга қайта сайлов бегилади.

Шу тариқа, 23 июнь куни сайловчилар 49 яшар Икром Имомўғли ва амалдаги партия асосчиларидан бири бўлган Бинали Йилдиримга овоз бериш учун чиқдилар.

Киевда кўпсонли полиция кузатуви остида навбатдаги гей-парад бўлиб ўтди

Киевда минглаб одам иштирокидаги гей-парад бўлиб ўтди. Иштирокчилар 23 июнь куни қўлларида камалакранг ва Украина байроқларини кўтарган ҳолда шаҳар марказидан юриб ўтдилар.

Ташкилотчилар "Тенглик марши" деб номланган тадбир қарийб 8 минг одам иштирок этганини билдирди.

Иштирокчилар орасида бир неча хориж дипломати ҳам бўлди.

Ташкилотчилар президент Владимир Зеленскийни ҳам таклиф қилишгани, аммо ундан таклифга бирор жавоб бўлмаганини билдирди.

Жинсий озчиликларга қарши бўлган намойишчилар ҳам ўз слоганларини кўтариб, марказда йиғилди. Полицияга кўра, 9 одам қўлга олинган.

Киевда гей-парад 2016 йилдан буён йилда бир ўтказиб келинади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG