Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:56

Халқаро янгиликлар

Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш лагерларини" фош қилган хитойлик қозоқ Қозоғистонни тарк этди

Сайрагул Сауитбай

Судда берган кўрсатмалари Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районидаги “қайта тарбиялаш лагерларини” фош қилишга ёрдам берган хитойлик этник қозоқ Сайрагул Сауитбай Қозоғистонни тарк этди. Бу ҳақда Сауитбайнинг адвокати Айман Омарова маълум қилди.

Сауитбай Қозоғистон унга бошпана беришдан бош тортгани учун оиласи билан Швецияга учиб кетган.

Сауитбай ўтган йилнинг апрелида Хитойдан қочиб кетиб, судда Хитой ғарбида “қайта тарбиялаш лагерлари“ тармоғи мавжудлиги ҳақида кўрсатма берган эди. Сауитбай бу лагерларда минглаб этник қозоқ ушлаб турилганини айтган.

Сауитбай болалар боғчаси ходими ўлароқ ҳукуматнинг мамлакатдаги мусулмонларни, жумладан, уйғурларни, қозоқларни, қирғизларни ҳамда хуэйларни қайта тарбиялаш режаси билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш имконига эга бўлган.

Аммо Қозоғистон Сауитбайга бошпана беришдан бош тортди.

БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси ўтган йилда Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерларига” юборилаётганини билдирган эди. Қўмита бу ҳолатни улкан “қуролсизлантириш лагерига“ қиёслаган.

Кремль уй қамоғидаги америкалик сармоячи Санкт-Петербург форумида қатнаша олмаслигидан афсус билдири

Майкл Калви

Кремль сармоя жамғармалари менежери, америкалик Майкл Калви Санкт-Петербургда ўтказиладиган иқтисодий форумда иштирок этишини истайди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков билдирди.

Baring Vostok сармоя ширкати асосчиси Калви Россиядаги энг таниқли хорижлик сармоячиларнинг биридир. У ва унинг бир неча шериги февраль ойида қўлга олиниб, молиявий жиноятларда айбланган эди. Ҳозир у уй қамоғида ушлаб турилибди.

Песков Калвига қарши очилган ишни президент Владимир Путин шахсан кузатиб бораётганини айтди. Аммо котиб Кремль бу ишга аралашмаслигини таъкидлади.

Калви ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади. Калви ва унинг ҳамкасбларининг қўлга олиниши Россияда тадбиркорлик қилиш билан боғлиқ таҳдидларга яна эътибор қаратди.

Санкт-Петеррбургда ҳар йили ўтказиладиган форумда Россияга сармоя ётқизиш тарғиб қилинади. Бундан ташқари, форум давомида Россия ширкатлари ва хориж ширкатлари ўртасида шартномалар имзоланади.

Песков форумда Калви қатнаша олмаслиги ачинарли ҳолат эканлигини, аммо сармоячи форумда қатнашиши учун изн беришга қурби етмаслигини айтди.

Тожикистонда икки кун тинмай ёққан ёмғирдан бир киши ҳалок бўлди, юзлаб уйларга зиён етди

Сўнгги икки кун мобайнида Тожикистонда юз берган кучли ёғингарчилик бир киши ҳалок бўлиб, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида юзлаб уй-жойга зиён етди.

Фавқулотда вазиятлар қўмитасининг хабар қилишича, 1 июнь куни ёғингарчилик оқибатида Рудакий туманидаги Чоргултеппа жамоатига қарашли Оби Шифо қишлоғида сув тошқини юз берган: бунинг оқибатида 70 та уй-жойга зиён етган, 8 та турар жой биносининг ертўласи қисман сув остида қолган, қурбонлар бўлмаган.

ФВҚ маълумотига кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида қўмитанинг ишчи гуруҳи Рудакий туманига жўнаб кетди.

2 июн, якшанба куни Хатлон вилояти Хуросон тумани Қизил қальа қишлоқ жамоатига қарашли Меҳнатобод қишлоғида ёғингарчилик туфайли сув тошқинлари келиб чиқди. Табиий офат оқибатида Хуросон туманининг Бандар қишлоғида истиқомат қилувчи 18 ёшли Меърожиддин Набиев вафот этди. 18 та уй-жойга зиён етди, қишлоқни Бохтар-Душанбе автомобил йўли билан боғловчи кўприк қисман зарар кўрди.

Қирғизистонда Атамбаев даврида судларни назорат қилган мулозим ҳибсга олинди

Манас Арабаев

Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси президент аппаратининг суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими собиқ мудири Манас Арабаев ушланганини маълум қилди.

Қўмитага кўра, собиқ мулозим хорижий инвесторларнинг тадбиркорлик объектларини тортиб олиш мақсадида айрим жиноий гуруҳлар манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган мансабдорларни жавобгарликка тортиш йўналишида ўтказилган тадбирлар доирасида ҳибсга олиган.

Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги даврида Манасбек Арабаев шаънига унинг суд тизимини назорат қилиши борасида айбловлар айтилган эди. Жумладан, 2018 йилнинг апрелида собиқ судья Мақсуда Оморованинг баёноти анча шов-шувга айланган эди. Судья очиқчасига Арабоевнинг қизи ўзини ишдан четлатганини айтган эди, унинг сўзларига қараганда, «қиз одил судлов ишига аралашган, топшириқлар бериб турган».

2018 йилнинг июлида Бош прокуратура Арабаевнинг судлар ишига эҳтимолий аралашуви борасида текширувлардан сўнг жиноий иш қўзғатишдан воз кечган эди. Текширувда жиноят аломатлари исботланмагани хабар қилинган.

Трамп уч кунлик ташриф билан Буюк Британияга етиб борди

АҚШ президенти Дональд Трамп хотини Мелания билан тушган учоқ Лондондаги аэропортга қўнди. 2019, 3 июнь

АҚШ президенти Дональд Трамп Британияга уч кунлик хизмат сафарини Қиролича Елизавета II ва унинг оиласи билан учрашувдан бошлайди.

Трампнинг бугун бошланган хизмат сафари Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш масаласида бўҳронга юз тутган бир пайтга тўғри келмоқда. Ўтган ойда Брексит масаласида ечим топа олмаётган Тереза Мэй истеъфога чиқишга қарор қилганини маълум қилган эди.

Трамп Брексит масаласида кескин фикрларни билдириб келади. Ташрифи арафасида президент собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Мэйнинг ўрнини эгаллашга аъло номзод эканлигини таъкидлади. Президент, шунингдек, Мэйнинг ўрнини эгаллайдиган бош вазир Брюссель билан музокаралардан воз кечиб, Европа Иттифоқидан ажралиш жаримасини тўлашдан бош тортиши ва иттифоқни бирор келишувсиз тарк этиши кераклигини таъкидлади.

Трампнинг қиролича билан банкети давомида намойишчилар Парламент майдонида "халқ банкетини" ўтказишни режалаштирмоқда.

Қирғизистонда уранни геологик қидириш ва қазиб олиш тақиқланди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда уранга қарши намойиш, 2019 йил 26 апрель.

Қирғизистонда радиоактив элементларни, жумладан, уранни геологик тадқиқ қилиш, қазиб олиш тақиқланди. Шунингдек, бу мақсад учун ширкатларга берилган лицензиялар бекор қилинди.

Ҳукуматнинг билдиришича, бу борадаги буйруқни Бош вазир Мухаммедкалий Абилгазиев имзолаган. Бундан аввалроқ парламент ҳукуматга “Қирғизистон халқини радиациядан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича чоралар кўриш” мажбуриятини юклаган эди.

Қирғизистонда ўтган ойда Иссиқкўл вилояти ҳамда Бишкек шаҳрида юзлаб одамлар уран қазиб олинишига қарши намойишларга чиққан эдилар.

Жамоатчилик босими остида ҳукумат норозиликларга сабаб бўлган “Қизил Ўмпўл” конини ишлатишни тўхтатган ва президент Сўўрўнбай Жээнбеков бундан буён Қиризистонда уран қазиб олиш тўхтатилиши ҳақида ваъда берган эди.

Қозоғистон Суриядан 200 нафардан кўпроқ фуқаросини олиб келди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон Суриядан 171 нафар балоғатга етмаган болани ва 67 нафар аёлни ватанга қайтарди. Бу ҳақда Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев маълум қилди.

Президентга кўра, 28 майдан 31 майгача ўтказилган «Жусан» деб номланган гуманитар амалиёт доирасида Қозоғистонга қайтарилганлар махсус адаптация марказларига жойлаштирилган.

Бу билан Қозоғистон Суриядан олиб келган ватандошлар сони 357 нафарга етди. Бунга қадар икик марта мана шундай амалиёт ўтказилганди.

29 май куни Ўзбекистон ҳам Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 156 нафар ўзбекистонликни олиб келгани хабар қилинган эди.

Туркманистонда озиқ-овқат сотиб олиш учун одамлар яна навбатларга турмоқда

Ашхабоддаги озиқ-овқат дўконларидан биридаги навбат.

Туркманистонда шу кунларда шакар, гурунч ва ўсимлик мойи сотган давлат дўконлари олдида узун навбатлар пайдо бўлди. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, айрим дўконлар олдида навбат кутаётган одамлар сони юз нафардан ошиб кетмоқда.

-Уларнинг орасида ёш боласини етаклаб олган аёлларни, қарияларни, ўсмирларни кўриш мумкин. Улар тонг саҳардан навбатларга турмоқдалар. Шакар, гурунч ва ўсимлик мойи дўконларнинг “орқа ўғри эшигидан” сотилиб кетмоқда,-деб билдирди радио мухбири.

Хабарларга қараганда, бугунги кунда ҳар бир одамга килоси 8 манат (2,5 доллар)дан бўлган гурунчдан уч кило, ҳар бир килоси 7 манат (2 долларга яқин)дан бўлган шакардан 1 кило сотиб олишга рухсат берилган.

Хусусий дўконларда эса гурунчнинг нархи 20 манатни, шакарнинг килоси 12 манатни ташкил қилмоқда. Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам кўтарилиб бормоқда.

Ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига сотишда нима учун чекловлар қабул қилинганини расман тушунтирмади.

Туркманистонда сўнгги икки йилдан бери ҳаёт учун зарур бўлган биринчи галдаги маҳсулотлар тақчиллиги кузатилмоқда.

Бундан аввал ҳам бир неча марта шакар, тухум, ўсимлик мойи, ун ва нон тақчиллиги оқибатида давлат дўконлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлгани хабар қилинган эди.

БМТ Халқаро суди Украинанинг Россияга қарши даъво аризасини кўриб чиқишни бошлайди

Ҳаага. Халқаро суд биноси.

БМТ қошидаги Халқаро суд жорий ҳафтада Украинанинг Россияга нисбатан даъво аризаси юзасидан тингловларни бошлайди. Киев Москвани Қримни босиб олганликда ҳамда Донбассда россияпараст исёнчиларни қўллаётганликда айблаб судга мурожаат қилган эди.

Ҳаага судида 3 июнь куни Россия Украина аризаси юзасидан ўз эътирозларини тақдим этиши кутилмоқда.

Украина эса 4 июнь куни ўз позициясини ҳимоя қилади. Тингловнинг иккинчи раунди 6-7 июнь кунлари ўтказилади.

Суд бошланиши арафасида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва вакиллари БМТнинг Халқаро суди мазкур масалани кўриб чиқишга ваколатли эмаслигини исботлашга ҳаракат қилишини билдирди.

Украина Халқаро судга 2017 йилда Россияга нисбатан даъво аризаси киритган эди.

Ироқда франциялик яна икки одам ўлим жазосига ҳукм қилинди

Ироқдаги қамоқхоналардан бири.

Бағдод суди “Ислом давлати” сафларида жанг қилган Франциянинг икки нафар фуқаросига нисбатан ўлим жазосини белгилади. Бу билан Ироқда террорчилик фаолияти учун сўнгги бир неча ҳафта ичида судланган францияликлар сони 9 кишига етди.

Франциянинг 12 нафар фуқароси АҚШ қўллаб-қувватлаётган Сурия демократик кучлари томонидан “Ислом давлати” гуруҳига қарши жангларда қўлга олинган ҳамда Ироққа жорий йилнинг январь ойида топширилган эди.

Франция ўз фуқароларини Ироқ суди белгилаган ўлим жазосидан қутқариб қолиш учун барча дипломатик имкониятларни ишга солишини билдирди.

Хьюман Райтс Вотч эса Ироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини гумонланувчиларга нисбатан қийноқларни қўллаганликда айбламоқда.

Помпео: АҚШ Эрон билан ҳеч қандай шартларсиз музокараларни бошлашга ҳозир

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Теҳрон билан ҳеч қандай шарт қўймай туриб музокаралар ўтказишга тайёр эканини билдирди.

-Биз Эрон билан ҳеч қандай шартларсиз гаплашишга тайёрмиз. Биз музокараларга ҳозирмиз. Аммо АҚШ Эрон Ислом Республикаси ҳукуматининг зарали фаолиятини чеклаш бўйича ҳаракатларини давом эттираверади,-деди Помпео.

Помпео бу ҳақда 2 июнь куни Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис билан мазкур мамлакатнинг Беллинцон шаҳрида ўтган учрашуви чоғида гапирди. Швейцария Эронда АҚШ манфаатларини тамсил қилади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббас Мусави Теҳрон бу каби сўз ўйинларига эътибор қилмаслигини ва Вашингтон билан музокараларга борилмаслигини билдирди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Рим папаси Руминияда циганлардан католик черкови номидан узр сўради

Рим папаси Руминиянинг Блаж шаҳрида, 2019 йил 2 июнь.

Рим папаси Франциск 2 июнь куни Руминия сафарини якунлаётиб Блаж шаҳрида нутқ сўзлади ва католик черкови номидан циганлардан камситишлар, хўрлашлар ва паст назар билан қарашлар учун узр сўради.

Папанинг циганлар билан учрашувда қилган чиқиши ҳақида Озод Европа-Озодлик радиосига гапирган Руминия католик черкови расмийси Кристиан Барта :

-Мен Руминиянинг барча покиза виждонли фуқаролари билан бир қаторда умид қиламанки, папа Францискнинг циган жамоаси билан учрашуви муҳтож одамларни интеграциялашувига кўмаклашувчи самарали ижтимоий сиёсатни шакллантиришга хизмат қилади,-деб билдирди.

Европада циганлар асрлардан бери таъқиблар остида бўлиб келган. Тарихий ҳужжатларга қараганда, юз минглаб циганлар Германия фашизми томонидан уюштирилган Холокостда қирғин қилинган.

Руминияда аҳолининг 10 фоизини циганлар ташкил қилади. Улар мунтазам тарзда дискриминация қилинаётганларидан ва қашшоқликда яшашга мажбур бўлаётиганларидан шикоят қилиб келадилар.

Россиядаги бомба заводида портлаш бўлди, сабаблар номаълум қолмоқда

A still image, taken from a video footage, shows smoke rising from the site of blasts at an explosives plant in the town of Dzerzhinsk, Nizhny Novgorod Region, Russia June 1, 2019. Elena Sorokina via REUTERS THIS IMAGE HAS BEEN SUPPLIED BY A THIRD PARTY

Россия расмийлари 1 июнь куни Дзержинск шаҳрида жойлашган портловчи моддалар заводида содир бўлган портлашни тергов қилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Валерий Цинков портлаш ортидан 700 нафар ишчи ҳодиса жойига сафарбар қилинганини маълум қилди.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги портлашлар ортидан 89 нафар одам тиббий ёрдам сўраб шифохонага мурожаат қилганини билдирди.

Вазирлик расмийси жароҳат олганларнинг аксари ўткир жисмлардан жароҳат олганини таъкидлади.

Расмий маълумотларга кўра, “Кристалл” заводида уч портлаш содир бўлган. Завод Россия Мудофаа вазирлиги учун кучли бомбалар тайёрлаб келган.

Афғонистонда содир бўлган портлашларда камида 7 одам ҳалок бўлди

Толиблар билан тинчлик музокараларига масъул АҚШ вакили Залмай Халилзод

Толиблар Рамазон ҳайити муносабати билан ўт очишни тўхтатишдан бош тортар экан, мамлакатда портлашлар тинчимаяпти.

Расмийлар 2 июнь куни пойтахт Қобулда уч портлаш содир бўлганини маълум қилди. Уларнинг бири университет талабаларини олиб кетаётган автобусда содир бўлган. Натижада камида бир одам ҳалок бўлган, 17 одам тан жароҳат олган. Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч ким ўз бўйнига олгани йўқ.

Автобусдаги портлашдан олти соат аввал Ғазни вилоятида амалга оширилган портлашда камида 6 нафар полициячи ҳалок бўлган.

Толиблар 22 май куни Ғазнида амалга оширилган портлаш учун масъулиятни ўз бўйнига олди. Автомобилга ўрнатилган бомба 4 одам, жумладан, 2 нафар полиция ходими ўлимига сабаб бўлди.

30-31 май кунлари амалга оширилган портлашлар эса ўнлаб одам ўлимига ёки жароҳат олишига сабаб бўлди.

Ўтган йилда толиблар ҳайит муносабати билан уч кунга ўт очишни тўхтаган эди. Аммо жангари гуруҳ президент Ашраф Ғанининг бу йил ҳам ўт очишни тўхтатиш таклифини рад этди.

Боснияда муҳожир марказида чиққан ёнғинда ўнлаб одам жароҳатланди

Босния шимоли-ғарбида жойлашган муҳожир марказида чиққан ёнғиндан камида 32 одам жароҳат олди.

Ғарбий Европага отланган 500 га яқин муҳожир яшаб келаётган Велика Кладуса марказидаги ёнғин 1 июнь куни бошланган.

Маҳаллий полиция матбуот котиби ёнғинга овқат пишириш мосламаси сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини айтди.

Ёнғин тез суратда тарқалган ва иморат ичидаги айрим муҳожирлар деразадан ўзларини ташлашга мажбур бўлган. Уларнинг 13 нафари шифохонада қолмоқда.

Ёнғин бир неча соатда бутунлай ўчирилган.

Пентагон сунъий йўлдошларини фазога чиқаришда Россия ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади

АҚШ Мудофаа вазирлиги 2023 йилдан бошлаб сунъий йўлдошларни фазога чиқаришда рус ракеталаридан фойдаланишни тўхтатади. 31 май куни эълон қилинган буйруқ Россиянинг ракета саноатига катта зарба бўлиши мумкин. Аммо бу қарор SpaceX ва Blue Origin каби хусусий АҚШ ширкатлари учун қўл келади.

АҚШнинг ушбу қарори Вашингтон ва Москва ўртасидаги муносабатлар тобора совиб бораётган бир пайтда эълон қилинди.

Пентагон одатда АҚШ ҳарбий сунъий йўлдошларини фақат АҚШ ширкатлари билан ҳамкорликда Ер орбитасига чиқаради.

Аммо АҚШ армияси баъзан тижорий ширкатлар хизматларидан ҳам фойдаланиб туради. Бундай тижорий ширкатларнинг айримлари эса рус ракеталаридан фойдаланади. “Роскосмос” вакили АҚШ ширкатлари ва ҳукумати “Союз” ҳамда “Протон”ракеталаридан фойдаланиб келаётганини билдирди.

Янги қарор 2023 йилдан бошлаб бунга чек қўяди. Пентагон бундай қарор АҚШ хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.

Саудия Арабистони подшоҳи Эронни террорчи жангариларни қўллашда айблади

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд Теҳронни террорчи жангариларни қўллашда, глобал нефть савдосига ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солаётганликда айблади.

Маккада бўлиб ўтаётган Исломий ҳамкорлик ташкилоти саммити давомида Саудия подшоҳи Бирлашган Араб Амирликлар соҳили яқинида нефть танкерларига ҳамда дронлар билан Саудия нефть қувурларига қилинган ҳужумларни “террор ҳужумлари” дея таърифлади.

Подшоҳнинг сўзларига кўра, қувурларга дронлар билан қилинган ҳужумларни Ямандаги ҳутий исёнчилар амалга оширган. Салмон уларни “Эрон қувватлаётган террорчи жангарилар” деб атади.

АҚШ қувватлаб келаётган сунний Саудия Арабистони шиа Эроннинг ашаддий рақиби бўлиб, иккала давлат минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун курашиб келади.

Кейинги ойларда Ҳўрмуз бўғозида вазият кескинлашди. Ўтган ойда АҚШ Эрон Форс кўрфазида ўз манфаатларига таҳдид солаётганини айтиб, кўрфазга учоқташир кемаларини юборган эди.

АҚШнинг Виржиния-Бич шаҳрида 12 киши қурол ишлатган шахс ҳужумидан ҳалок бўлди

Воқеа жойидан олинган сурат. 2019, 31 май оқшоми.

АҚШнинг Виржиния штатидаги Виржиния-Бич шаҳри мэриясига жума оқшомида шу муниципалитет ходими тўппонча ва ярим автомат милтиқ билан бостириб кириб ўт очиши оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди.

Ўт очган шахс полиция билан отишма чоғида ўлдирилди. Яраланган 4 киши касалхонага ётқизилди.

ОАВ хабарларига қараганда, жиноятни содир этганликда 40 яшар Дэуйн Крэддок гумон қилинмоқда. Унинг ҳаракатлари мотивлари ҳозирча номаълум.

Дэуйн Крэддок ўт очган пайтда мэрия биносида 400 га яқин киши бўлган. Полицияга кўра, ўлдирилганлардан бирининг жасади бино яқинидаги машинадан, қолганлар бинонинг 3 қаватидан топилган.

“Бугун Вирджиния-Бич тарихидаги энг даҳашатли кун бўлди”, - деди шаҳар мэри Бобби Дайер.

Франция ва Германия Украинада тинчлик ўрнатиш юзасидан музокараларни тиклашга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас.

Франция ва Германия Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича тўхтаб қолган музокараларни қайта жонлантиришни истайди. Бу ҳақда икки давлат ташқи ишлар вазирлари маълум қилди.

30 май куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас ҳамда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Киевда Украинанинг янги сайланган президенти Володимир Зеленский билан “жуда самарали” учрашув ўтказилганини айтишди.

2014 йил сентябрида ва 2015 йил февралида Украина ва Россия Беларусь пойтахти Минскда Германия ва Франция ўртамчилигида тинчликка эришиш шартномасини имзолаган эди. Ўшандан бери Германия ва Франция тарафларни битим шартларига амал қилишга чорлаб келади.

2014 йилдан бери Украина шарқида Киев кучлари ҳамда россияпараст айирмачилар ўртасида давом этаётган урушда камида 10 минг 300 одам ҳалок бўлди.

- Фурсатдан фойдаланиб, Минск тинчлик жараёнини қайта йўлга қўйишни истаймиз, чунки ҳозирча жараён тўхтаб қолган, - деди Маас.

Маас ва Дриан қўшма билдирув эълон қилиб, Москвани “тангликни кучайтириш ўрнига ишонч атмосферасини яратишга” чорлади.

Помпео: Эрон нефть нархини ошириш учун танкерларга ҳужум қилган

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Шу ой бошида Бирлашган Араб Амирликлари соҳилида танкерларга қилинган ҳужумни Эрон амалга оширган, деб баёнот берди АҚШ давлат котиби. Майк Помпеонинг фикрича, ҳужум нефть нархларини ошириш мақсадида қилинган.

29 май куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон ҳужумлар ортида Эрон турганини тасдиқловчи далиллар БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилишини айтган эди.

Помпеодан далиллар ҳақида сўралганда, улар билан танишиб чиққанини, Болтон тўғри баёнот берганини билдирди.

Теҳрон ушбу айбловларни “аҳмоқона” дея таърифлаб, рад этмоқда.

30 май куни АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Теҳрон АҚШ ёки унинг ҳамкорлари манфаатларига зарар етказиш учун ҳужум қилса, Вашингтон ҳарбий куч ишлатиши ҳақида огоҳлантирди.

Бу орада Маккада араб давлатлари етакчилари навбатдан ташқари саммит ўтказиб, халқаро ҳамжамиятни Эроннинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашувига барҳам бериш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Араб давлатлари Маккада ўтказилган фавқулодда саммитда Эронни қоралади

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд 

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд Маккада араб давлатлари етакчилари иштирокида ўтказилган навбатдан ташқари саммит давомида халқаро ҳамжамиятни Эроннинг бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашувига барҳам бериш учун барча чораларни кўришга чақирди.

30 май куни подшоҳ Эронни глобал ва минтақадаги террор гуруҳларига бошпана беришда ҳамда халқаро сув йўлларига таҳдид солишда айблади.

Саммит Теҳрон билан Вашингтон ва унинг араб ҳамкорлари ўртасидаги муносабатлари танглиги фонида ўтказилди.

АҚШ дастаклаб келаётган сунний Саудия Арабистони шиа Эроннинг ашаддий рақиби бўлиб, иккала давлат минтақада етакчиликни қўлга киритиш учун курашиб келади.

Саудия Арабистонида нефть қазиб олиш станцияларига ҳамда мамлакат соҳилига яқин ҳудудларда нефть танкерларига ҳужум қилиниши ортидан минтақадаги вазият янада кескинлашди. АҚШ ва араб давлатлари ҳужумларда Эронни ҳамда унинг ҳамкорларини айблади. Теҳрон эса бу айбловларни рад этиб келади.

Саммит иштирокчилари эълон қилган қўшма баёнотда араб давлатларининг ўзларини мудофаа қилиш ҳуқуқига урғу берилди.

АҚШда вазни 245 грамм чақалоқ туғилди. Унинг ҳаёти сақлаб қолинди (ВИДЕО)

Шу кунгача Токиода 268 грамм вазнда туғилган чақалоқ ҳаёти сақлаб қолинган энг кичик вазндаги бола бўлган эди.

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Диего шаҳридаги Sharp Mary Birch клиникаси шифокорлари муддатидан олдин туғилган ва оғирлиги 245 грамм бўлган қизалоқнинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Клиника тарқатган хабарда, чақалоқ Сэйби деб аталган. Унинг ҳақиқий исми ота-онасининг илтимоси билан сир сақланмоқда.

Хабарда айтилишича, қизча 2018 йилнинг декабрь ойида, ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида туғилган. Туғруқ пайтида онанинг аҳволи оғирлашган, қизалоқнинг ҳаёти ҳам хавф остида бўлган.

Сэйбининг онасига кўра, шифокорлар муддатидан олдин туғилган чақалоқ яшаб кетишига ишонишмаган, шундай бўлса ҳам уни дарҳол интенсив терапия бўлимига жойлаштиришган. Шифокорлар чақалоқнинг отасини қизи бир соат ичида вафот этишидан огоҳлантиришган. Аммо соатлар кунларга, кунлар эса ҳафталарга айланган ва қизалоқ яшаб қолган.

Сэйби 5 ой мобайнида шифокорлар назоратида касалхонада сақланди. Ҳозир унинг вазни 2 килони ташкил қилади. Уни уйга олиб кетишга рухсат берилган. Чақалоқнинг саломатлиги яхши.

Айова университети олимларининг билдиришларича, Сэйби шу кунгача ҳаёти сақлаб қолинган жаҳондаги энг кичик вазндаги чақалоқ бўлди.

Бундан аввал Япония пойтахти Токиода ҳам 268 грамм вазнга эга ўғил бола туғилгани хабар қилинган эди. Шифокорлар чақалоқни олти ой парваришлаб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга эришганлар.

Тожикистонда доллар тақчиллиги. Одамлар доллар сотиб олиш учун узун навбатларга турмоқда

Душанбеда доллар сотиб олиш учун навбатда турган одамлар.

Тожикистонда одамлар доллар сотиб олиш учун узундан-узоқ навбатларга туришга мажбур бўлмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, одамлар банкларнинг валюта алмаштириш шаҳобчаларига тунги соат 3-4ларда келиб навбатга турмоқда.

“Мен бугун бомдод намозини ўқибоқ бу ерга навбатга тургани келдим. Лекин навбатим келгунича доллар тугаб қолди. Қуруқ қўл билан қайтиб кетаяпман”, деб айтган душанбеликлардан бири.

Хабарда айтилишича, Тожикистонда сўнгги икки ҳафтадан бери доллар тақчиллиги кузатилмоқда. Валюта алмаштириш шаҳобчаларида бир одамга 200 доллардан ортиқ пул алмаштирилмаяпти.

Тақчиллик оқибатида давлат курси 9,45 сомоний бўлган 1 доллар қора бозорда 10 сомонийдан кўпроққа сотилмоқда.

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида кўп қаватли уй ёниб кетди

Жамбил вилояти Қозоғистон харитасида.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида чиққан ёнғинни ўт ўчирувчилар бир неча соат давомида ўчиришга муваффақ бўлдилар.

Расмий маълумотда айтилишича, ёнғин тўғрисида 30 май куни соат 19дан 38 дақиқа ўтганида хабар келган. Ёнғин соат 22:10да ўчирилган. Ёнғин оқибатида кўп қаватли уйнинг 1200 квадрат метри ениб кетган. Ёнғинни ўчириш учун 62 ўт ўчирувчи жалб қилинган.

Мазкур уйда 350 одам яшаган. Ёнғин пайтида уйда бўлган 171 одам, жумладан, 20 нафар бола эвакуация қилинди. Расмийлар ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бўлмаганини айтмоқда.

Туркманистонда Қадр кечаси муносабати билан амнистия эълон қилинди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Рамазон ойи муносабати билан 764 маҳбусни амнистия қилди.

Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, президент бу борадаги фармонни 29 май куни имзолади.

“Мазкур амнистия Рамазон ойининг муҳим босқичи бўлган Қадр кечаси муносабати билан берилди”, дейилади расмий хабарларда. Жорий йилда Қадр кечаси 31 майдан 1 июнга ўтар кечасига тўғри келмоқда.

Туркманистонда ҳар йили Рамазон ойида маҳбусларга амнистия бериш анъанага айланган.

Бердимуҳаммедов бундан олдин Наврўз муносабати билан март ойида 2000 маҳбусга амнистия берган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG