Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 22:50

Халқаро янгиликлар

Трамп Хитой маҳсулотларига тариф жорий қилишни кейинга қолдирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой президенти Си Цзиньпин билан ўтказган савдо музокаралари “кутилгандан яхшироқ” ўтганини айтди. Трамп, шунингдек, музокаралар давом этар экан, Хитой маҳсулотларига янги тариф жорий қилишни кейинга қолдиришни ваъда қилди.

Трамп Си билан учрашувни “ажойиб” дея таърифлади ва “биз қайта изга тушдик”, деди.

АҚШ президенти Twitterда Хитой АҚШ фермерлари маҳсулотларини харид қилишга рози бўлгани ҳақида ёзди.

Трамп, шунингдек, Сига Huawei Technologies Хитой ширкатига енгиллик беришни таклиф қилган.

Аввалроқ АҚШ ушбу ширкат Хитой ҳукуматига ўта яқин эканлигини, шу сабаб АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солишини маълум қилган эди.

Ушбу ижобий ўзгаришларга қарамасдан, Хитой ва АҚШ ўртасида юзага келган савдо уруши доирасида юзага келган кўплаб савол жавобсиз қолмоқда.

Аллақачон жорий қилинган тарифлар ҳар икки давлат учун миллиардлаб долларга тушмоқда ва глобал биржа бозорларини беқарорлаштирмоқда.

Трамп Хитойнинг савдо услубларидан шикоят қилиб келади. АҚШ маъмурияти Хитойни Америка ширкатларидан муаллифлик ҳуқуқларига эга технологияларни ўғирлашни бас қилиб, Хитойда АҚШ ва бошқа ширкатлар дучор бўладиган тўсиқларни олиб ташлашга чорлаб келади.

Хитой эса Вашингтон талаблари ошиқча эканлигини, АҚШ ҳам ён бериши кераклигини таъкидлайди.

Сибирда сув тошқинлари камида беш одам умрига зомин бўлди

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сибир жанубида, Байкал кўлига яқин ҳудудда содир бўлган тошқинлар туфайли ҳалок бўлганлар сони бештага етганини маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, камида 6та аҳоли пункти турғунлари сув тошқини туфайли ўз қишлоғини тарк эта олмаяпти.

29 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тахминан 350 одам тошқинлар туфайли жароҳат олганини, уларнинг 100 нафари шифохонада даволанаётганини маълум қилди.

Вазирлик, шунингдек, керакли жиҳозлар ортилган Ил-76 самолёти ҳодиса жойига етиб борганини маълум қилди.

ТАСС агентлиги тошқинлардан 4 мингдан ошиқ одам, 16та йўл, 13та кўприк ҳамда 27 қишлоқ ва шаҳар зарар кўрганини хабар қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кейинги кунларда тошқинлар давом этишини маълум қилди.

Японияда ўтган “Катта йигирматалик” саммитидан қайтган президент Владимир Путин 29 июнь куни тошқинлар содир бўлаётган ҳудуд яқинидаги Братск шаҳрига учиб борди.

Туркманистонда бензин тақчиллигига барҳам бериш учун янги завод қурилди

Туркманистонда йирик бензин заводи иш бошлади. Мамлакатда кейинги ойларда ёқилғи тақчиллиги кузатиб келинади.

Туркманистон расмийлари 1,7 миллиард долларга тушган лойиҳа ушбу муаммони ҳал қилишга кўмаклашишига умид қилмоқда.

Япония ва Туркия ширкатлари консорциуми қурган завод табиий газни бензин, дизель ёқилғиси ҳамда суюқ табиий газга айлантириб берувчи янги технологиялар асосида ишлайди.

Заводни очиш маросимида президент Гурбангули Бердимуҳамедов завод йилига 600 минг тонна бензин ишлаб чиқариши кутилаётганини таъкидлади.

Туркманистон табиий газ захираларига бой бўлса-да, мамлакат аҳолиси ишсизлик ва иқтисодий стагнациядан азият чекиб келади.

Шаҳарлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун бир вақтлар бепул бўлган коммунал хизматлари пуллик бўлди. Шунингдек, расмийлар аҳоли орасидаги ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги ҳақидаги муҳокама ва норозиликни бўғишга ҳаракат қилиб келади.

Айни пайтда пойтахт Ашхободнинг айрим туманларида ҳамда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ёқилғи тақчиллиги давом этмоқда.

Россия ва Саудия нефть нархини ушлаш учун ишлаб чиқаришни чеклашда давом этмоқчи

OPEC логоси

Россия ва Саудия Арабистони расмийлари нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти бўлмиш OPEC+ гуруҳи нефть нархлари кўтарилишини таъминлаш учун нефть қазиб олиш кўламини чеклаш бўйича келишувни яна 6-9 ойга узайтиришга келишиб олганини маълум қилди.

Японияда “Катта йигирматалик” саммитида иштирок этаётган Россия президенти Владимир Путин Россия ҳам, Саудия Арабистони ҳам келишувни узайтиришни қўллашини таъкидлади.

Саудия энергетика вазири Холид ал-Фалиҳ келишув тўққиз ойга узайтирилишини кутиш мумкинлигини айтди.

OPEC+ гуруҳи глобал нефть нархларини барқарорлаштириш учун курашиб келади. Гуруҳ аъзолари янги келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун 1-2 июл кунлари Венада учрашади.

Россия ва Саудия Арабистонидан ҳам кўп нефть ишлаб чиқарувчи АҚШ OPEC гуруҳининг аъзоси эмас.

2019 йилнинг бошидан бери Брент хом нефти нархи 25 фоизга кўтарилди.

Аммо Reuters агентлиги ўтказган сўровнома глобал иқтисод секинлаб борар экан, нефть нархлари тушиши мумкинлигини кўрсатди.

Россия OPEC аъзоси бўлмаса-да, кейинги йилларда ушбу картелдаги таъсирини ошириб келади.

Қатарда Толибон билан тинчлик музокараларининг еттинчи раунди бошланди

Толибон вакиллари

Қатарда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва Толибон вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди бошланди.

Толибон матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид 29 июнь куни Twitterда АҚШ вакиллари ҳамда “Ислом Амирлиги гуруҳи” ўртасидаги музокараларнинг еттинчи раунди бошлангани ҳақида ёзди.

Музокаралар бошланган кунда толиблар Афғонистон шимолида камида 26 нафар ҳукумат жангчисини ўлдирди.

Жангарилар Бағлон вилоятида хавфсизлик пунктларига ҳужум қилган. Толибон матбуот котиби 28 нафар жангчи ўлдирилгани, 12 нафари эса жароҳат олганини билдирди. Вилоят полицияси рамийси эса 26 жангчи ҳалок бўлганини айтди.

Мудофаа вазирлиги расмийси ушбу ҳужум Толибон зўравонлик позицияси билан музокара ўтказиш ниятида эканлигидан дарак беришини таъкидлади.

Афғонистондаги 18 йиллик урушга барҳам бериш мақсадида ўтказилаётган музокараларда Толибон вакилларига Мулла Абдул Ғани Барадар етакчилик қилиб келади. Барадар Мулла Муҳаммад Умар билан Толибон ҳаракатига асос солган.

Доҳа музокаралари давомида Афғонистондан хорижлик қўшинларни олиб чиқиб кетиш санаси ҳамда Толибон томонидан Афғонистон ҳудудида ҳужумлар уюштиришни бас қилиш ваъдаси муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Толибон Кобулдаги ҳукуматни Ғарб давлатлари “қўғирчоғи” деб атаб, Афғонистон расмийлари билан музокара олиб боришдан бош тортиб келади.

Европа давлатларида рекорд жазирама қайд этилди

Франция ва Испанияда июнь ойидаги энг иссиқ ҳарорат қайд этилди.

Ушбу давлатларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан кўтарилди.

Германия, Полша ва Чехияда ҳам аҳоли ушбу ҳафта мисли кўрилмаган жазирамани бошдан кечирди.

Метеорологлар минтақага иссиқ ҳаво Шимолий Африкадан кириб келаётгани айтишмоқда

Франция ва Испанияда ҳукумат иссиқ ҳаво туфайли айрим ҳудудларда ўрмон ёнғинлари юзага келиши эҳтимолидан аҳолини огоҳлантирган.

Трамп кутилмаганда Ким Чен Инга учрашув таклиф этди

АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп кутилмагандан Пхенян раҳбари Ким Чен Инга Шимолий ва Жанубий Корея чегарасида учрашишни таклиф этди.

"Агар Ким истаса мен у билан қўл сиқиб кўришиш ва унга салом айтиш учун демилитаризация ҳудудида учрашаман", дея Twitter'даги саҳифаси орқали маълум қилди Трамп шанба куни эрталаб.

New York Times нашрига кўра, бу таклиф Трамп маслаҳатчилари учун ҳам кутилмаган холат бўлган..

Трамп Японияда ўтаётган G20 саммитидан сўнг Жанубий Кореяга сафар қилишни режалаган.

Трамп ва Ким Чен Ин сўнгги бор шу йилнинг феврал ойида учрашишган, ва музокаралар барбод бўлган эди.

Ханойда ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин режалаштирилган Трамп ва Кимнинг биргаликда тушлиги бекор қилинганди. Трамп ва Ким Чен Ин музокаралар ўтказилган жойни тарк этишганди.

Ҳозирча Трампнинг сўнгги таклифига Шимолий Корея томони муносабат билдирмади.

Россиянинг Иркутск вилоятига келган селда икки киши ҳалок бўлди

Иркутск вилоятидаги кўплаб қишлоқларни сув босди

Россиянинг Сибирь минтақасида кучли ёғингарчиликдан пайдо бўлган сел натижасида икки одам ҳалок бўлди, дея хабар берди маҳаллий расмийлар.

Иркутск вилоятининг уч туманида бир неча кун давомида тинимсиз ёққан кучли ёмғир ортидан вилоятда 27 июнь куни фавқулодда вазият эълон қилинди.

Иркутск вилояти маъмуриятининг 28 июнь куни маълум қилишича, Тулунск тумани Евдокимовка қишлоғида расмийларнинг эвакуация ҳақидаги буйруғига бўйсунмаган эр-хотин ўтган тунда ҳалок бўлган.

Reuters: Ғарб махсус хизматлари хакерлари “Яндекс”га ҳужум уюштирди

Reuters агентлиги ғарб махсус хизматлари билан алоқада бўлган хакерлар Россиянинг “Яндекс” интернет -сервисига ўтган йилнинг кузида ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

27 июнда тарқатилган хабарда айтилишича, хакерлар “Яндекс” фойдаланувчилари маълумотларини кузатиб борувчи жосуслик дастурини сиздирганлар.

Манбаларга кўра, хакерлар сервиснинг фойдаланувчиларни авторизация қилувчи тизими ҳақида техник маълумотларни қўлга киритмоқчи бўлганлар.

"Яндекс" расмий вакили Reuters агентлигига сервисга қилинган ҳужум ўз вақтида ҳозиржавоблик билан қайтарилганини ва фойдаланувчиларга таҳдид мавжуд эмаслигини билдирди.

Агентликнинг уч нафар манбаси хакерлар Regin дастуридан фойдаланганини билдирган.

“Мазкур дастур АҚШ, Британия, Австралия, Янги Зеландия ва Канада махсус хизматлари томонидан хакерлик ҳужумларида қўлланилади”, деб ёзди Reuters.

Бу мамлакат Миллий хавфсизлик вакиллари агентликка маълумот беришдан бош тортганлар.

Атамбаев амалдаги президент Жээнбеков ҳокимиятини тан олмаслигини билдирди (ФОТО, ВИДЕО)

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев 27 июнь куни парламент унинг собиқ президент мақомини бекор қилганини шарҳлар экан, амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳокимиятини тан олмаслигини билдирди. Унга кўра, Жээнбеков ҳукумати ҳуқуқий майдондан чиқиб кетган.

-Биз бир йил аввал ҳуқуқий майдондан чиқиб бўлдик ва амалдаги ҳукумат ҳукмронлиги даврида бу ҳуқуқий майдонга қайта олмаймиз. Чунки бу ҳукумат ўз одамларини ҳимоя қилишни билган ҳолда, ўзига қаршилик қилганларни қамаш билан шуғулланмоқда,-деди Алмазбек Атамбаев.

Парламент қарори Алмазбек Атамбаевни жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топширган эди.

Парламент Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

Прокуратура 27 июнда депутатларнинг гумонлари тасдиқланганини билдиргани ортидан парламент Атамбаевнинг экс-президент мақомини бекор қилган.

Арисликлар Чимкентда норозилик намойиши ўтказди (ВИДЕО)

Чимкентда 27 июнь куни ўтган намойиш иштирокчилари.

Чимкентга эвакуация қилинган арисликлар 27 июнь куни Туркистон вилояти марказининг асосий кўчасини тўсиб қўйди.

Норозилар ҳукуматдан ўзларини ҳарбий омборхоналар жойлашган Арис шаҳрига қайтармасликни ва бошқа ҳудудлардан уй берилишини талаб қилмоқдалар.

Арисда 2009 йилдан бери бир неча марта портлашлар юз бериб, одамлар ҳалок бўлган эди.

Норозилар билан учрашган Туркистон вилояти ҳокими Умурзоқ Шокеев Арис шаҳрини ҳарбий омборхоналардан тозалаб, ҳаёт учун хавфсиз шаҳарга айлантириш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берди.

Арис шаҳрида 24 июнь тонгида ҳарбий омборхонада ёнғин чиқиши оқибатида содир бўлган портлашларда уч киши ҳалок бўлгани ва 80дан ортиқ одам яралангани маълум қилинди.

Японияда "Катта йигирматалик" саммити бошланмоқда

Япониянинг Осака шаҳрида саммитга келганларни кутиб олиш маросими.

Япониянинг Осака шаҳрида 28 июнь куни “Катта йигирматалик” - G20 саммити бошланди.

Икки кун давом этадиган тадбирда АҚШ, Россия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Мексика каби дунёнинг йирик 20та давлати раҳбарлари иштирок этади.

Саммит доирасида жума куни Россия ва АҚШ президентларининг учрашувлари ҳам назарда тутилган.

Дональд Трамп саммитга жўнаб кетиш арафасида Оқ Уйда журналистларга берган суҳбатида Владимир Путин билан учрашиш ниятидан воз кечмаганини билдирди:

-Президент Владимир Путин билан менинг ўртамда жуда яхши мулоқот бўлади. Унга нима демоқчи эканимни ўзим биламан, бу сизнинг ишингиз эмас,-деди Трамп.

Россия президенти вакили аввалроқ мазкур учрашувда томонлар стратегик барқарорлик ва минтақалардаги конфликтларни муҳокама қилишини билдирган.

Трамп ва Путин ўртасидаги биринчи тўлиқ форматдаги учрашув 2018 йилнинг июлида Хельсинкида бўлиб ўтган эди.

Халқаро жиноят суди Мьянмада мусулмонлар қирғин қилинганини ўрганади

Мьянмадан қочаётган роҳинжа мусулмон оиласи.

Қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган Халқаро жиноят суди Мьянмада роҳинжа мусулмонлар вазияти билан боғлиқ гумонларни ўрганиш учун Учинчи палатани ташкил қилди.

Энди Учинчи палата судьялари Халқаро жиноят суди прокурорига роҳинжа мусулмонлари юзасидан тўлақонли тергов ўтказишга топшириқ бериш масаласини ҳал қилишлари лозим. Прокурор Фата Бенсуда бу борада огоҳлантирилди.

2017 йилнинг августида «Аракан роҳинжаларини қутқариш армияси» қуролли гуруҳи Мьянма ҳарбийларига ҳужуми қилган эди. Бунга жавобан ҳукумат қўшинлари Ракхайн вилоятида ҳарбий амалиёт ўтказиб кўплаб мусулмонларни қатлиом қилган. 750 минг роҳинжа мусулмон уйларини ташлаб Бангладешга қочишга мажбур бўлган эди.

Мьянма ҳукумати 2019 йил 21 июндан бошлаб Ракхайн вилоятида яшайдиган бир миллиондан кўпроқ мусулмонларни интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

БМТ роҳинжа мусулмонларга интернетга кириш тақиқлаб қўйилганини “минтақада инсон ҳуқуқлари қўпол бузилаётганини яшириш ҳаракати” сифатида баҳолади.

2017 йилнинг августида Мьянмада ҳарбийлар роҳинжа мусулмонлар қарши уюштирган қирғинни БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи “этник тозалаш”, деб баҳолаган.

Брейк-данс, серфинг, чўққига кўтарилиш ва скейтбординг Олимпия ўйинлари дастурига киритилади

Брейк-дансерлар.

Халқаро олимпия қўмитаси Парижда 2024 йилда ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинлари дастурига брейк-данс, серфинг, чўққига кўтарилиш ва скейтбордингни киритиш тўғрисидаги дастлабки қарорни қабул қилди.

Якуний қарор 2020 йилнинг декабрида ўтадиган навбатдаги йиғилишда қабул қилинади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахга кўра, мазкур спорт турлари Олимпия ҳаракатини ривожлантириш дастури талабларига тўла жавоб беради.

“Бу спорт турлари гендер балансига эга, кўпроқ шаҳарликларга оид ва ёш авлод билан мулоқотни ушлаб туради”, деди Томас Бах.

Брейк-данс мусобақалари 2018 йилда Аргентинада ўтган Ёшлар Олимпиадаси дастурига киритилган эди.

Арисдаги портлашлар пайтида 350 одам бедарак йўқолгани расман инкор этилди

Арисда 80га яқин одам яралангани айтилмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Арис шаҳрида 350 одам бедарак йўқолгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини билдирди.

«Ҳодисанинг биринчи куни мана шундай хабар пайдо бўлган эди. Аммо бу хабар икки марта асосли равишда расман инкор этилди. Шаҳарнинг барча аҳолиси эвакуация қилинган ва уларнинг шахси аниқланган. Бедарак йўқолганлар йўқ», дейилади расмий баёнотда.

Арис шаҳридаги портлашлар оқибатида уч киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Улардан икки нафари ҳарбий, бир нафари маҳаллий аҳоли вакилидир.

43 минг киши яшайдиган шаҳардан 41 минг киши эвакуация қилинди. Улар Шимкентдаги мактаб ва масжидларга жойлаштирилди. Расмийлар ҳозирча шаҳарга қайтиш хавфли эканини, портлашлар такрорланиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида снарядлар портлай бошлаган эди.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаганини айтди.

Грузия парламенти намойишларни уюштирган мухолифатчини прокуратурага топширди

Ника Мелия.

Грузия парламенти мухолифатдаги Ягона миллий ҳаракат партияси лидери Ника Мелиянинг депутатлик даҳлсизлигини бекор қилди ва Бош прокуратурага уни қўлга олиш учун рухсат берди.

Ника Мелия 20 июнда Тбилисида намойишлар пайтида иғво қилиб, тартибсизликларни келтириб чиқарганликда айбланмоқда. Мелия прокуратуранинг бу баёнотини ва айбловни “абсурд” деб атади.

Етти кундан бери тўхтамаётган намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган. Аммо норозилар 20 июндаги митингни бостириш чоғида намойишчиларга куч ишлатгани учун ички ишлар вазири истеъфо беришини ҳамда қўлга олинганлар озод этилишини талаб қилмоқда.

АҚШ ва Россия президентлари G20 саммити доирасида учрашади

АҚШ ва Россия президентлари G20 гуруҳининг 2018 йилги саммити доирасида ҳам учрашган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Япониянинг Осака шаҳрида ўтадиган тараққий қилган Йигирмалик саммити доирасида 28 июнь куни учрашади.

Бу ҳақда Путин ëрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Кремль расмийсига кўра¸ иккала президент АҚШ ва Россия муносабатларининг ҳозирги аҳволи¸ стратегик барқарорлик ва Сурия¸ Корея ярим ороли¸ Афғонистон¸ Украина¸ Венесуэладаги минтақавий можаролар ҳамда Эрон ядровий дастури билан боғлиқ масалаларда фикр алмашади.


Ушаков баëноти арафасида Оқ уй маъмурияти Трампнинг Осака саммити доирасида қатор президентлар¸ хусусан¸ Путин билан ҳам хусусий суҳбат ўтказишини билдирган эди.

АҚШ разведкаси ва ҳуқуқ тизимлари томонидан Трамп президентликка сайланган 2016 йилги сайловларга фаол аралашганликда айбланган Кремль раҳбарияти билан Вашингтон муносабатлари¸ Оқ уйга кўра¸ «ҳозирда ëмон аҳволда» қолмоқда.

Эрон олий руҳонийси АҚШ санкция ва “ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз мамлакати АҚШнинг “шафқатсиз санкциялари ва ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди.

Хоманаий расмий сайтида эълон қилинган бу баëнот АҚШ президенти 24 июнь куни Эрон раҳбарияти¸ хусусан¸ оятуллоҳ Хоманаий бойликларини нишонга олувчи кескин санкциялар жорий қилганига жавоб сифатида пайдо бўлди.

25 июнь куни янада кучайган сўз урушида Эрон раҳнамоси Оқ уйдагиларни “руҳий касаллар” деб атаган бўлса¸ Трамп¸ Эрон АҚШга бирор шаклда зиëн етказишга уринса¸ “мамлакатни ер юзидан йўқ қилиб юбориш” билан таҳдид қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний эса¸ Трамп маъмуриятининг Теҳрон раҳбарларига қарши ҳаракатини “ахмоқона” деб атади.

Эрон ҳукумати АҚШ билан кескинлик ошиб бораëтган бир пайтда¸ 27 июндан бошлаб уранни тўйинтириш ишларини тезлатишини билдирди.

АҚШ махсус тергов гуруҳи раҳбари Роберт Мюллер Конгресс эшитувларида қатнашишини билдирди

Роберт Мюллер АҚШ Федерал тергов бюросининг собиқ директори.

Россиянинг АҚШдаги сўнгги президентлик сайловига аралашуви ва Трамп сайловолди кампаниясининг Россия билан ҳамкорлик қилган-қилмаганини тергов қилган махсус гуруҳ раҳбари Роберт Мюллер Конгрессда кўрсатма беради.

Мюллер 17 июль куни мухолиф демократлар назоратидаги Конгресснинг Суд ва разведка ишлари қўмитаси аъзолари саволларига жавоб беради ва бу эшитувлар жамоатчиликка бевосита кўрсатилади.

Конгрессдаги икки қўмита намояндалари Мюллернинг эшитувларда қатнашиш ҳақида юборилган расмий сўровни қондиришга тайëрлигини билдирганини айтди.

Мюллер раҳбарлик қилган махсус тергов гуруҳи ўз хулосасини икки ой аввал Адлия вазирлигига тақдим қилган эди.

Бу ҳисоботнинг жамоатчиликка тақдим этилган қисқартирилган қисмида Россиянинг АҚШ сайловига муттасил аралашиш уринишлари тасдиқлангани ҳолда¸ Трамп кампанияси ва Россия ҳукуматининг бу жараëнда ҳамкорлик қилгани исботини топмагани айтилган.

Айни пайтда Мюллер¸ Трампнинг бу терговда ҳақиқат қарор топишига халал берган-бермагани ҳақида аниқ хулоса чиқаришдан бош тортган ва бу ишни конституцияга кўра¸ Конгрессга қолдирган эди.

Мухолиф демократлар Трампни айни шу ишда айбламоқда ва ҳақиқат қарор топишига халақит бериш¸ АҚШ конституциясига кўра¸ президентга нисбатан импичмент (ҳокимиятдан четлатиш) жараëнини бошлашга асос бўлади.

Президент Трамп Мюллернинг Конгресс қўмитаси олдида ҳисоб бериш эҳтимолига эътироз билдириб келмоқда.

Арис қурол омборидаги портлашларда уч одам ўлди, камида 70 нафари яраланди

Арисдан 45 минг одам эвакуация қилинди.

26 июнь куни эрталаб расмийлар Арисда жароҳат олган ҳарбий шифохонада жон берганини маълум қилди. 1987 йилда туғилган шимкентлик ҳарбий контрактчи эса портлашлар туфайли ҳалок бўлган учинчи шахс бўлди. Хабарларга кўра, портлашлар давомида машинасига снаряд келиб тушган оддий фуқаро ҳам ҳалок бўлган.

Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида снарядлар портлай бошлаган эди.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаганини айтди. Унга кўра, Арис шаҳрида яшовчи 45 минг аҳоли эвакуация қилинди.

Воқеа жойига борган президент Қасим-Жомарт Тоқаев барча айбдорлар қонун асосида жавобгарликка тортилиши билдирди.

Қирғизистон прокуратураси собиқ президент Атамбаевга билдирилган беш айбловни тасдиқлади

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси собиқ президент Алмазбек Атамбаевга парламент томонидан билдирилган олти айбловдан бештасини асосли деб топди.

Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов бу ҳақда парламентга 25 июнь куни маълум қилди. Бош прокурорнинг бу баёноти парламентга Алмазбек Атамбаевдан даҳлсизлик мақомини олиб ташлаш учун асос беради.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топшириш тўғрисида қарор чиқарганди.

Комиссия Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

Атамбаев эса ўзига қўйилган айбловларни “абсурд, сиёсий мухолифатдан ўч олиш”, деб баҳоламоқда.

Мьянмада мусулмонлар интернетдан маҳрум қилинди

Мьянма манзараси.

Мьянма ҳукумати Ракхайн вилоятида яшайдиган бир миллиондан кўпроқ мусулмонларни интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Ракхайн вилояти рохинжа мусулмонлари зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланади. Улар мунтазам равишда этник тўқнашувлар оқибатида таъқибларга учраб келмоқдалар.

Вилоятда 21 июндан бошлаб интернет тўсиб қўйилган. Аҳоли уларнинг ахборот олиш ҳуқуқи бузилаётганидан шикоят қилмоқда.

Бироқ Мьянма Алоқа вазирлиги интернетдан тўсиқ қачон олиб ташланиши тўғрисида аниқ маълумот бермади. Вазирлик “қачон бу ҳудудда тартиб ва тинчлик ўрнатилсагина” интернетга тўсиқ олинишини айтмоқда.

Хабарларга қараганда, Ракхайн вилоятида интернетни тўсиб қўйиш тўғрисидаги қарор Бош вазир Аун Сан Су Чжи ҳукумати томонидан қабул қилинган. Аун Сан Су Чжи 1991 йилда Нобель Тинчлик мукофотининг лауреати бўлган эди.

БМТ рохинжа мусулмонларга интернетга кириш тақиқлаб қўйилганини “минтақада инсон ҳуқуқлари қўпол бузилаётганини яшириш ҳаракати” сифатида баҳолади.

2017 йилнинг августида Мьянмада ҳарбийлар рохинжа мусулмонлар қарши қирғин уюштирган эди. БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи бу қирғинни “этник тозалаш”, деб баҳолаган.

Мьянмадаги қирғин оқибатида камида 750 минг рохинжа мусулмон Бангладешга қочишга мажбур бўлган.

Саудия Яманда "Ислом давлати" гуруҳи амири қўлга олинганини билдирди

Яман пойтахти Санодаги бир кўча.

Саудия Арабистони “Ислом давлати” гуруҳининг Ямандаги амири махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини билдирди.

Расмий баёнотда айтилишича, амир Абу Усома ал Муҳожир “Ислом давлати” гуруҳининг бир неча дала қўмондони ва жангарилари билан бирга қўлга олинган.

Саудия Арабистонининг Ямандаги ҳарбий вакили бўлган полковник Турки ал Маликийнинг маълум қилишича, амалиёт 3 июнь куни Саудия ҳарбийлари ва Яманнинг халқаро ҳамжамият тан олган ҳукуматига қарашли махсус отряди ҳамкорлигида ўтказилган.

Яманда 2014 йилда Хутий шиа исёнчилари бошлаб берган фуқаролар уруши оқибатида шу кунгача 10 минг одам ҳалок бўлди, 3 миллион одам ўз уйини ташлаб кетди. Саудия Хутий исёнчиларига қарши 2015 йилнинг 26 мартидан уруш олиб бормоқда.

БМТ гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар тахмин қилинганидан 56 фоиз кўп эканини аниқлади

Иллюстратив сурат.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси жаҳонда гиёҳванд моддаларнинг бир тури бўлган опиоидларни истеъмол қилувчи одамлар сони аввал тахмин қилинганидан 56 фоизга кўпроқ эканини маълум қилди.

Бошқарма ҳисоботида айтилишича, бу ҳолат Ҳиндистон ва Нигериянинг аҳоли зич яшайдиган минтақаларида ўтказилган йирик ижтимоий сўров натижасида аниқланган. БМТ бошқармасига кўра¸ опиоид истеъмол қилувчилар сони 53 миллион 400 минг одамдан кам эмас.

Опиоидларни табиий ўсимликлар, масалан, кўкноридан ҳам, кимёвий усул билан ҳам тайёрласа бўлади.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2017 йилда Колумбияда кокаин ишлаб чиқариш 25 фоизга кўпайган ва 1976 тоннага етган.

Айни пайтда Афғонистонда қурғоқчилик туфайли афюн етиштириш 25 фоизга камайган ва 2018 йил ҳолатига кўра, 7 790 тоннани ташкил қилган.

Грузияда намойишларни уюштирганликда айбланаётган мухолифат лидери сўроқ қилинди

Грузиядаги намойиш пайтида.

Грузияда норозилик намойишлари олтинчи куни ҳам тўхтамади. Норозилар ички ишлар вазири истеъфога чиқарилишини талаб қилмоқдалар.

Намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган.

Аммо ўша куни норозилик намойишни бостириш учун полиция куч қўллаб, кўплаб одамларни қўлга олган эди. Шунинг учун норозилар ички ишлар вазири истеъфосини ҳамда қўлга олинганларнинг озод этилишини талаб қилмоқдалар.

25 июнь куни кечқурун норозилар сафига Грузия собиқ президенти Георгий Маргвелашвили келиб қўшилди.

Шу куни Грузия мухолифатидаги Ягона миллий ҳаракат партияси лидери Ника Мелия намойишларни уюштирганликда айбланиб прокуратурага чақиртирилди ва сўроқ қилинди.

Бош прокуратура парламентга жиноий жавобгарликка тортиш учун Ника Мелиядан депутатлик даҳлсизлигини олиб ташлаш илтимоси билан мурожаат қилди. Мелия прокуратуранинг бу баёнотини ва айбловни “абсурд” деб атади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG