Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:35

Халқаро янгиликлар

Қирғизистон собиқ бош прокурори 26 июнгача қамоққа олинди

Бишкек шаҳар, Биринчи май туман суди Аида Саляновани эҳтиёт чораси сифатида 26 июнгача қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди, деб хабар қилди Азаттиқ радиоси.

Собиқ Бош прокурор Аида Салянова “Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадор кўрилиб, 3 июнь куни 48 соатга қўлга олинган эди.

Маълум бўлишича, у 3 июнь куни Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган. Сўроқдан сўнг терговчи уни гумонланувчи сифатида ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов ҳам 21 май куни «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаевга қамоқдан чиқишга кўмаклашганликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Аввалроқ Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш доирасида Бишкекда беш нафар таниқли шифокор, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ва Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раисининг маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев қамоққа олинган.

Оғир жиноятни содир этганликда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаев 2013 йилда «саратон касалига чалинган ва яқин кунларда вафот этади» деган ташхис асосида суд ҳукми билан қамоқдан бўшатилган эди. У ўша куниёқ тарихий ватани Чеченистонга учиб кетган.

Бироқ орадан 6 йил ўтгач бу ташхис соҳта бўлгани ва Батукаев қамоқдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан жиноят иши очилди.

Бундан аввал парламент депутатлари ва жамоатчилик Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши қанчалик қонуний бўлганини текширишни талаб қилиб келаётган эди.

Трамп: Эронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳар доим бор

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини, аммо Теҳронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳар доим борлигини таъкидлади.

Британияга қилган ташрифи давомида сўзлаган Трамп:

- Энди иш бошлаганимда Эрон душманлик руҳи билан суғорилган эди. Дунёдаги биринчи рақамли террор давлати эди, ҳозир ҳам шундай бўлса керак, - деди.

Президентдан Эронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳақида сўралганда, шундай жавоб берди:

- Бундай эҳтимол ҳар доим бор. Мен буни хоҳлайманми? Йўқ, лекин бундай эҳтимол ҳар доим бор.

Трамп президент Ҳасан Руҳоний билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини қўшимча қилди.

Трамп 2015 йилда Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Эронга қарши таҳдидларни кучайтираëтган Трамп маъмурияти иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди.

Форс кўрфазида рўй бергани иддао қилинган бир неча сўнгги ҳодисалар ортидан АҚШ Эроннинг минтақа учун фавқулодда таҳдид эканини таъкидламоқда.

5 июнь куни Эрон олий раҳбари Ояталуллоҳ Али Хоманаий Трамп музокара ўтказиш таклифи билан Теҳронни лақиллата олмаслигини ва Эрон ўз ракета дастуридан воз кечмаслигини таъкидлади.

Хитой президенти Россияга хизмат сафари билан боради

Хитой президенти Си Цзиньпин

Хитой президенти Си Цзиньпин Россияга хизмат сафари билан боради. Бу ҳақда Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков билдирди. Ушаков ташриф “Хитой ва Россия ўртасидаги дўстлик ва иқтисодий муносабатларнинг янги даврига” мос келганини таъкидлади.

Си Цзиньпин 5 июнь тушдан кейин Москвага етиб боради ва президент Владимир Путин билан учрашади.

Икки етакчи Россия беш йил олдин Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиши ортидан Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлари совиб кетган бир пайтда учрашмоқда.

Хитой президенти 6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтказиладиган иқтисодий форумда ҳам иштирок этади.

Ушаков Си Цзиньпиннинг ташрифи ҳақида “бу икки тарафлама муносабатларимиз учун ўта муҳим”, деди. Унинг сўзларига кўра, Путин билан Си Цзиньпин глобал ҳамда стратегик ҳамкорлик ҳақида декларация имзолайди.

Freedom House матбуот репрессиясининг янги услублари ҳақида огоҳлантирди

Венгрияда бош вазири Виктор Орбан (чапда) Сербия президент Александр Вучич билан.

Freedom House ташкилоти сиёсий етакчилар мустақил матбуотни сиқувга олишнинг янги услубларидан фойдаланаётгани ҳақида огоҳлантирди. Ташкилотнинг 5 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида бу ҳолат нафақат авторитар давлатларда, балки демократик давлатларда ҳам кузатилаётгани эътироф этилади.

Ҳисоботга кўра, демократия таҳдид остида қолаётган айрим давлатларда аксилдемократик етакчилар турли хил молиявий ва юридик механизмлар ёрдамида мустақил журналистларни сиқувга олиб, ўзларига хайрихоҳ матбуотни қўлламоқда.

Масалан, Венгрияда бош вазир Виктор Орбаннинг ҳукмрон “Фидес” партияси матбуотни тўлиқ назоратга олган, натижада ҳозирги кунда ҳукумат хабарлари ҳамда дезинформация қоришиб кетмоқда.

Сербияда эса президент Александр Вучич Орбан изидан боришга уринмоқда ва журналистларни сиқувга олмоқда.

Ташкилот ҳисоботида Орбан ҳукумати билан Вучич маъмурияти “танқидий журналистикани йўқ қилиб, популист кучларга йўл очиб беришда катта ютуқларга эришгани” айтилади.

АҚШ элчиси қирғизистонликларни "Ё, Рамазон" айтиб табриклади (ВИДЕО)

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу.

Рамазон ҳайити муносабати билан АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу ва элчихона ходимлари мусулмонларни қирғиз тилида Рамазон қўшиқларини айтиб табрикладилар.

Табрик ёзилган видео элчихонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 4 июнь куни жойлаштирилди. Қирғизистонда 5 июнь куни ҳайит нишонланмоқда.

Рамазон ҳайити 5 июнь куни Қирғизистондан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Индонезия, Малайзия, Хитой, Австралия, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Англия, Франция, Испания, Аргентина, Бразилия ва Мексика каби давлатларда нишонланади.

4 июнь куни Тожикистон, Туркманистон, Россия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Туркия, АҚШ ва Германияда Рамазон ҳайити белгиланган.

Чехияда сўнгги 30 йилда биринчи марта ҳукуматга қарши энг катта намойиш ўтказилди (ВИДЕО)

Прагадаги намойиш.

Чехия пойтахти Прагада ўнг минглаб одамлар Бош вазир Андрей Бабиш истеъфосини талаб қилиб намойишга чиқди.

Ташкилотчилар 4 июнь куни Вацлав майдонида ўтказилган намойишга 120 минг одам келганини айтмоқда. Бу 1989 йилда собиқ Чехословакияда коммунистик тузумга барҳам берган Баҳмал инқилобидан бери мамлакатда ўтказилган энг катта намойиш бўлди.

Норозилик намойишлари миллиардер бўлган Бош вазир Андрей Бабиш Европа Иттифоқи Чехия қишлоқ хўжалиги учун берган субсидияларни ўзлаштириб олганликда гумонланаётгани ортидан бошланиб кетди.

Бабич эса бу гумонларни инкор этиб, ўзига қарши “сиёсий жараён” олиб борилаётганини иддао қилмоқда.

Хитойда Тяньаньмэнь намойишининг қонли бостирлиганига 30 йил тўлди

Бэйжин, 1989 йил 4 июнь. Намойишни бостириш чоғида ҳалок бўлган одамлар.

Хитой пойтахти Бэйжин марказидаги Тяньаньмэнь майдонида хавфсизлик кучайтирилган тартибда назорат қилинмоқда.

4 июнь куни мазкур майдонда демократик ўзгаришларни талаб қилиб чиққан асосан ёшлардан иборат намойиш аёвсиз ва қонли тарзда бостирилганига 30 йил тўлди.

Минглаб намойишчиларни тарқатиш пайтида юзлаб одамлар ҳалок бўлгани ва кейинроқ намойиш иштирокчиларининг кўпчилиги репрессия қилингани тўғрисида Хитойда расман гапирилмайди.

Бугунги кунда Тяньаньмэнь майдонига кириш учун бир нечта полиция постидан ўтишга тўғри келмоқда. Полиция ҳужжатларни диққат билан текширгачгина, майдонга киритиш ёки киритмасликни мустақил ҳал қилмоқда.

Хориж журналистларига майдонни фотосуратга ва видотасвирга олишга рухсат берилмаяпти.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича офисининг матбуот котиби Равин Шамдасани 4 июнь куни Хитой ҳукумати мазкур воқеани хотирлаши мумкин бўлган қатор шахсларни қўлга олгани ва қолган одамлар қўрқитилгани тўғрисида хабар берди.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 3 июнь куни Хитой ҳукуматини Тяньаньмэнь намойиши пайтида ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганларнинг сонини ҳамда рўйхатини расман жамоатчиликка эълон қилишга чақирди.

Афғонистонда Рамазон ҳайити муносабати билан амнистия эълон қилинди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Рамазон ҳайити муносабати билан 4 июнда сўзлаган табрик нутқида амнистия эълон қилганини билдирди:

-Одамларнинг талабларини инобатга олган ҳолда ҳамда ҳайит муносабати билан 887 нафар маҳбус қамоқлардан озод қилинади,- деди Ашраф Ғани.

Афғон президенти муносабатларни яхшилаш мақсадида 27 июнь куни Покистонга ташриф қилишини ҳам маълум қилди.

Кобул Покистонни Толибларга бошпана бераётганликда ва бу билан Афғонистондаги вазиятни издан чиқаришга ҳисса қўшаётганликда айблаб келади.

Покистон эса, аксинча, Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан эгнг манфаатдор давлат эканини билдирмоқда.

Зеленский президент сифатидаги илк сафарини Брюсселдан бошлади

Украина президенти Володимир Зеленский Еврокомиссия раиси Жан-Клод Юнкер билан Брюсселда. 2019 йилнинг 4 июли.

Брюсселга расмий ташриф билан борган Украина президенти Володмир Зеленский НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувдан сўнг ўтказган матбуот анжуманида Киев Москва билан музокараларга тайёр эканини билдирди.

Зеленский Украина Минск келишими шартларини бажаришдан бош тортмаслигини ҳам таъкидлади.

Зеленский Украинада барқарорлик ўрнатиш бўйича Минск музокараларининг навбатдаги босқичида Бош штаб бошлиғи Руслан Хомчук ҳам иштирок этишини айтди:

-Бош штаб бошлиғи бизнинг Украина доктринасига таянган ҳолда иш олиб боради. 5 июнь куни бизнинг биринчи учрашувимиз бўлиб ўтади. Бу Минск форматидаги биринчи учрашувимиздир ва унда Бош штаб бошлиғи ҳам қатнашади. Бу ўқ отишни тўхтатиш сари қўйилган илк қадам бўлади. Биз бунга барҳам беришни истаймиз,-деди Зеленский.

Минск музокараларига борувчи Украина делегациясига собиқ президент Леонид Кучма раҳбарлик қилади.

Қирғизистон: Рамазон ҳайити намози фақат Бишкекдагина марказий майдонда ўқилади

Бишкекда 2018 йилда ўқилган ҳайит намози.

Жорий йилда Рамазон ҳайити намози фақат Қирғизистон пойтахти Бишкекдагина марказий майдонда ўқилади. Мамлакатнинг бошқа вилоятлари марказларида ва шаҳарларда ҳайит намози масжидларда адо этилади.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу борада вилоят қозиятлари маълум қилган. Муфтият нега бундай қарор қабул қилингани юзасидан тушунтириш бермади.

Қирғизистонда Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини шаҳарларда марказий майдонларда ва катта стадионларда ўқиш анъанага айланган эди.

Биргина Бишкек марказий майдонида ўқиладиган ҳайит намозларига камида 50 минг одам йиғилиши айтиб келинади.

Рамазон ҳайити Қирғизистонда Ўзбекистонда бўлгани каби 5 июнь куни нишонланади. Бишкекда ҳайит намози соат 7:30да ўқилади.

Нурсултонда кўп болали оналар ҳукумат биноси олдида норозилик намойиши ўтказди

Нурсултонда намойиш ўтказаётган оналар.

Қозоғистон пойтахти Нурсултонда муддатидан олдин президентлик сайловига бир ҳафта қолганида ижтимоий пособиялар миқдорини кўпайтириш ва яшаш шароитини яхшилаш талаби билан намойиш ўтказилмоқда.

3 июнь куни намойишчилар ҳукуматдан кўп болали ва ёлғиз оналарга кафолатланган молиявий қўллов ваъдасини бажаришни талаб қилди.

Улар намойиш пайтида “Бизнинг болаларимизга муносиб уй-жой” деган шиорларни ҳайқириб турдилар.

Намойишчилар Бош вазир Асқар Мамин, муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев ва собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан учраштиришни ҳам талаб қилмоқдалар.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Бердибек Сапарбаев намойишчилар билан учрашди ва уларни музокаралар учун парламент биносига киришга таклиф қилди. Бироқ норозилар бундан бош тортдилар.

Февраль ойида Нурсултонда кўп болали оиладаги 5 нафар қиз ота-она назоратисиз қолиб ёнғинда ёниб кетганидан бери мамлакатда оналарнинг бу каби намойишлари тез-тез ўтказилиб турилибди.

Трампнинг куёви Фаластинда тинчлик ўрнатиш масаласида интервью берди

Оқ Уйнинг катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер.

Оқ Уйнинг катта маслаҳатчиси ва президент Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер Axios on HBOга берган интервьюсида Фаластинда тинчлик ўрнатиш масаласига эътибор қаратди.

"Фаластинликлар АҚШ молиявий кўмакни тўхтатиб қўйгани ва АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчирганидан сўнг ҳам Вашингтон томонидан таклиф қилинаётган тинчлик режасини қабул қиладиларми?" деган саволга Кушнер:

-Фаластинликлар менга ёки яна кимгадир ишониш ёки ишонмаслик нуқтаи назаридан келиб чиқиб хулоса қилмасликлари керак. Улар бу масалани фактларга таянган ҳолда муҳокама қилиб, кейин қарор қабул қиладилар. Улар "бу нарса бизнинг ҳаётимизни яхшилай оладими?" деган саволга жавоб топишлари лозим,-деб айтди.

Май ойининг охирларида БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов Фаластин мухториятида вазият ёмонлашаётгани тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилган эди.

Ҳисоботда таъкидланишича, бу АҚШ Фаластинга кўрсатиладиган ёрдамни тўхтатгани ҳамда Фаластин ҳукумати Исроил берадиган кўмакни олишдан бош тортгани билан изоҳланади.

Унга кўра, олти ой ичида Ғазо минтақасида ўтказилган намойишлар пайтида Исроил ҳарбийлари томонидан 70 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Ҳисоботда Ғазо минтақасида гуманитар инқироз юзага келгани, электр энергияси, озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги кузатилаётгани ҳам таъкидланган.

НАТО Македонияни аъзоликка қабул қилишга тайёр

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг (чапда) ва Шимолий Македония Бош вазири Зоран Заев.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ташкилот Шимолий Македонияни ҳарбий альянсга 30-аъзо сифатида қабул қилишга тайёр эканини билдирди. Мамлакат пойтахти Скопьеда Бош вазир Зоран Заев билан 3 июнь куни учрашган Столтенберг:

-НАТОга аъзолик Шимолий Македония халқи хавфсизлигини таъминлайди ва фаровонлик келтиради,-деб айтди.

Столтенбергга Шимолий Македония сафарида ташкилотга аъзо 29 давлатнинг элчилари ҳамроҳлик қилмоқда. Улар ҳукумат аъзолари билан учрашиб, Шимолий Македониянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши масаласини ҳам муҳокама қилмоқдалар.

Македония билан Греция ўртасида 2018 йилнинг июнида эришилган келишувга биноан, Македония ўз номини Шимолий Македония деб ўзгартириши унинг НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун йўл очди.

Грециянинг бир вилояти ҳам Македония деб аталиши туфайли, Афина келажакда ҳудудий ихтилоф чиқишининг олдини олиш мақсадида 1991 йилдан бери Македониядан ўз номини алмаштиришни талаб қилиб келаётган эди.

Хитойдаги мусулмонларни "қайта тарбиялаш лагерларини" фош қилган хитойлик қозоқ Қозоғистонни тарк этди

Сайрагул Сауитбай

Судда берган кўрсатмалари Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор районидаги “қайта тарбиялаш лагерларини” фош қилишга ёрдам берган хитойлик этник қозоқ Сайрагул Сауитбай Қозоғистонни тарк этди. Бу ҳақда Сауитбайнинг адвокати Айман Омарова маълум қилди.

Сауитбай Қозоғистон унга бошпана беришдан бош тортгани учун оиласи билан Швецияга учиб кетган.

Сауитбай ўтган йилнинг апрелида Хитойдан қочиб кетиб, судда Хитой ғарбида “қайта тарбиялаш лагерлари“ тармоғи мавжудлиги ҳақида кўрсатма берган эди. Сауитбай бу лагерларда минглаб этник қозоқ ушлаб турилганини айтган.

Сауитбай болалар боғчаси ходими ўлароқ ҳукуматнинг мамлакатдаги мусулмонларни, жумладан, уйғурларни, қозоқларни, қирғизларни ҳамда хуэйларни қайта тарбиялаш режаси билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш имконига эга бўлган.

Аммо Қозоғистон Сауитбайга бошпана беришдан бош тортди.

БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси ўтган йилда Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерларига” юборилаётганини билдирган эди. Қўмита бу ҳолатни улкан “қуролсизлантириш лагерига“ қиёслаган.

Кремль уй қамоғидаги америкалик сармоячи Санкт-Петербург форумида қатнаша олмаслигидан афсус билдири

Майкл Калви

Кремль сармоя жамғармалари менежери, америкалик Майкл Калви Санкт-Петербургда ўтказиладиган иқтисодий форумда иштирок этишини истайди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков билдирди.

Baring Vostok сармоя ширкати асосчиси Калви Россиядаги энг таниқли хорижлик сармоячиларнинг биридир. У ва унинг бир неча шериги февраль ойида қўлга олиниб, молиявий жиноятларда айбланган эди. Ҳозир у уй қамоғида ушлаб турилибди.

Песков Калвига қарши очилган ишни президент Владимир Путин шахсан кузатиб бораётганини айтди. Аммо котиб Кремль бу ишга аралашмаслигини таъкидлади.

Калви ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади. Калви ва унинг ҳамкасбларининг қўлга олиниши Россияда тадбиркорлик қилиш билан боғлиқ таҳдидларга яна эътибор қаратди.

Санкт-Петеррбургда ҳар йили ўтказиладиган форумда Россияга сармоя ётқизиш тарғиб қилинади. Бундан ташқари, форум давомида Россия ширкатлари ва хориж ширкатлари ўртасида шартномалар имзоланади.

Песков форумда Калви қатнаша олмаслиги ачинарли ҳолат эканлигини, аммо сармоячи форумда қатнашиши учун изн беришга қурби етмаслигини айтди.

Тожикистонда икки кун тинмай ёққан ёмғирдан бир киши ҳалок бўлди, юзлаб уйларга зиён етди

Сўнгги икки кун мобайнида Тожикистонда юз берган кучли ёғингарчилик бир киши ҳалок бўлиб, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида юзлаб уй-жойга зиён етди.

Фавқулотда вазиятлар қўмитасининг хабар қилишича, 1 июнь куни ёғингарчилик оқибатида Рудакий туманидаги Чоргултеппа жамоатига қарашли Оби Шифо қишлоғида сув тошқини юз берган: бунинг оқибатида 70 та уй-жойга зиён етган, 8 та турар жой биносининг ертўласи қисман сув остида қолган, қурбонлар бўлмаган.

ФВҚ маълумотига кўра, табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида қўмитанинг ишчи гуруҳи Рудакий туманига жўнаб кетди.

2 июн, якшанба куни Хатлон вилояти Хуросон тумани Қизил қальа қишлоқ жамоатига қарашли Меҳнатобод қишлоғида ёғингарчилик туфайли сув тошқинлари келиб чиқди. Табиий офат оқибатида Хуросон туманининг Бандар қишлоғида истиқомат қилувчи 18 ёшли Меърожиддин Набиев вафот этди. 18 та уй-жойга зиён етди, қишлоқни Бохтар-Душанбе автомобил йўли билан боғловчи кўприк қисман зарар кўрди.

Қирғизистонда Атамбаев даврида судларни назорат қилган мулозим ҳибсга олинди

Манас Арабаев

Қирғиз Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси президент аппаратининг суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими собиқ мудири Манас Арабаев ушланганини маълум қилди.

Қўмитага кўра, собиқ мулозим хорижий инвесторларнинг тадбиркорлик объектларини тортиб олиш мақсадида айрим жиноий гуруҳлар манфаатлари йўлида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган мансабдорларни жавобгарликка тортиш йўналишида ўтказилган тадбирлар доирасида ҳибсга олиган.

Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги даврида Манасбек Арабаев шаънига унинг суд тизимини назорат қилиши борасида айбловлар айтилган эди. Жумладан, 2018 йилнинг апрелида собиқ судья Мақсуда Оморованинг баёноти анча шов-шувга айланган эди. Судья очиқчасига Арабоевнинг қизи ўзини ишдан четлатганини айтган эди, унинг сўзларига қараганда, «қиз одил судлов ишига аралашган, топшириқлар бериб турган».

2018 йилнинг июлида Бош прокуратура Арабаевнинг судлар ишига эҳтимолий аралашуви борасида текширувлардан сўнг жиноий иш қўзғатишдан воз кечган эди. Текширувда жиноят аломатлари исботланмагани хабар қилинган.

Трамп уч кунлик ташриф билан Буюк Британияга етиб борди

АҚШ президенти Дональд Трамп хотини Мелания билан тушган учоқ Лондондаги аэропортга қўнди. 2019, 3 июнь

АҚШ президенти Дональд Трамп Британияга уч кунлик хизмат сафарини Қиролича Елизавета II ва унинг оиласи билан учрашувдан бошлайди.

Трампнинг бугун бошланган хизмат сафари Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш масаласида бўҳронга юз тутган бир пайтга тўғри келмоқда. Ўтган ойда Брексит масаласида ечим топа олмаётган Тереза Мэй истеъфога чиқишга қарор қилганини маълум қилган эди.

Трамп Брексит масаласида кескин фикрларни билдириб келади. Ташрифи арафасида президент собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Мэйнинг ўрнини эгаллашга аъло номзод эканлигини таъкидлади. Президент, шунингдек, Мэйнинг ўрнини эгаллайдиган бош вазир Брюссель билан музокаралардан воз кечиб, Европа Иттифоқидан ажралиш жаримасини тўлашдан бош тортиши ва иттифоқни бирор келишувсиз тарк этиши кераклигини таъкидлади.

Трампнинг қиролича билан банкети давомида намойишчилар Парламент майдонида "халқ банкетини" ўтказишни режалаштирмоқда.

Қирғизистонда уранни геологик қидириш ва қазиб олиш тақиқланди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда уранга қарши намойиш, 2019 йил 26 апрель.

Қирғизистонда радиоактив элементларни, жумладан, уранни геологик тадқиқ қилиш, қазиб олиш тақиқланди. Шунингдек, бу мақсад учун ширкатларга берилган лицензиялар бекор қилинди.

Ҳукуматнинг билдиришича, бу борадаги буйруқни Бош вазир Мухаммедкалий Абилгазиев имзолаган. Бундан аввалроқ парламент ҳукуматга “Қирғизистон халқини радиациядан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича чоралар кўриш” мажбуриятини юклаган эди.

Қирғизистонда ўтган ойда Иссиқкўл вилояти ҳамда Бишкек шаҳрида юзлаб одамлар уран қазиб олинишига қарши намойишларга чиққан эдилар.

Жамоатчилик босими остида ҳукумат норозиликларга сабаб бўлган “Қизил Ўмпўл” конини ишлатишни тўхтатган ва президент Сўўрўнбай Жээнбеков бундан буён Қиризистонда уран қазиб олиш тўхтатилиши ҳақида ваъда берган эди.

Қозоғистон Суриядан 200 нафардан кўпроқ фуқаросини олиб келди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон Суриядан 171 нафар балоғатга етмаган болани ва 67 нафар аёлни ватанга қайтарди. Бу ҳақда Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев маълум қилди.

Президентга кўра, 28 майдан 31 майгача ўтказилган «Жусан» деб номланган гуманитар амалиёт доирасида Қозоғистонга қайтарилганлар махсус адаптация марказларига жойлаштирилган.

Бу билан Қозоғистон Суриядан олиб келган ватандошлар сони 357 нафарга етди. Бунга қадар икик марта мана шундай амалиёт ўтказилганди.

29 май куни Ўзбекистон ҳам Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан 156 нафар ўзбекистонликни олиб келгани хабар қилинган эди.

Туркманистонда озиқ-овқат сотиб олиш учун одамлар яна навбатларга турмоқда

Ашхабоддаги озиқ-овқат дўконларидан биридаги навбат.

Туркманистонда шу кунларда шакар, гурунч ва ўсимлик мойи сотган давлат дўконлари олдида узун навбатлар пайдо бўлди. Озодлик радиоси туркман хизматининг билдиришича, айрим дўконлар олдида навбат кутаётган одамлар сони юз нафардан ошиб кетмоқда.

-Уларнинг орасида ёш боласини етаклаб олган аёлларни, қарияларни, ўсмирларни кўриш мумкин. Улар тонг саҳардан навбатларга турмоқдалар. Шакар, гурунч ва ўсимлик мойи дўконларнинг “орқа ўғри эшигидан” сотилиб кетмоқда,-деб билдирди радио мухбири.

Хабарларга қараганда, бугунги кунда ҳар бир одамга килоси 8 манат (2,5 доллар)дан бўлган гурунчдан уч кило, ҳар бир килоси 7 манат (2 долларга яқин)дан бўлган шакардан 1 кило сотиб олишга рухсат берилган.

Хусусий дўконларда эса гурунчнинг нархи 20 манатни, шакарнинг килоси 12 манатни ташкил қилмоқда. Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам кўтарилиб бормоқда.

Ҳукумат озиқ-овқат маҳсулотларини аҳолига сотишда нима учун чекловлар қабул қилинганини расман тушунтирмади.

Туркманистонда сўнгги икки йилдан бери ҳаёт учун зарур бўлган биринчи галдаги маҳсулотлар тақчиллиги кузатилмоқда.

Бундан аввал ҳам бир неча марта шакар, тухум, ўсимлик мойи, ун ва нон тақчиллиги оқибатида давлат дўконлари олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлгани хабар қилинган эди.

БМТ Халқаро суди Украинанинг Россияга қарши даъво аризасини кўриб чиқишни бошлайди

Ҳаага. Халқаро суд биноси.

БМТ қошидаги Халқаро суд жорий ҳафтада Украинанинг Россияга нисбатан даъво аризаси юзасидан тингловларни бошлайди. Киев Москвани Қримни босиб олганликда ҳамда Донбассда россияпараст исёнчиларни қўллаётганликда айблаб судга мурожаат қилган эди.

Ҳаага судида 3 июнь куни Россия Украина аризаси юзасидан ўз эътирозларини тақдим этиши кутилмоқда.

Украина эса 4 июнь куни ўз позициясини ҳимоя қилади. Тингловнинг иккинчи раунди 6-7 июнь кунлари ўтказилади.

Суд бошланиши арафасида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва вакиллари БМТнинг Халқаро суди мазкур масалани кўриб чиқишга ваколатли эмаслигини исботлашга ҳаракат қилишини билдирди.

Украина Халқаро судга 2017 йилда Россияга нисбатан даъво аризаси киритган эди.

Ироқда франциялик яна икки одам ўлим жазосига ҳукм қилинди

Ироқдаги қамоқхоналардан бири.

Бағдод суди “Ислом давлати” сафларида жанг қилган Франциянинг икки нафар фуқаросига нисбатан ўлим жазосини белгилади. Бу билан Ироқда террорчилик фаолияти учун сўнгги бир неча ҳафта ичида судланган францияликлар сони 9 кишига етди.

Франциянинг 12 нафар фуқароси АҚШ қўллаб-қувватлаётган Сурия демократик кучлари томонидан “Ислом давлати” гуруҳига қарши жангларда қўлга олинган ҳамда Ироққа жорий йилнинг январь ойида топширилган эди.

Франция ўз фуқароларини Ироқ суди белгилаган ўлим жазосидан қутқариб қолиш учун барча дипломатик имкониятларни ишга солишини билдирди.

Хьюман Райтс Вотч эса Ироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини гумонланувчиларга нисбатан қийноқларни қўллаганликда айбламоқда.

Помпео: АҚШ Эрон билан ҳеч қандай шартларсиз музокараларни бошлашга ҳозир

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Теҳрон билан ҳеч қандай шарт қўймай туриб музокаралар ўтказишга тайёр эканини билдирди.

-Биз Эрон билан ҳеч қандай шартларсиз гаплашишга тайёрмиз. Биз музокараларга ҳозирмиз. Аммо АҚШ Эрон Ислом Республикаси ҳукуматининг зарали фаолиятини чеклаш бўйича ҳаракатларини давом эттираверади,-деди Помпео.

Помпео бу ҳақда 2 июнь куни Швейцария ташқи ишлар вазири Игнацио Кассис билан мазкур мамлакатнинг Беллинцон шаҳрида ўтган учрашуви чоғида гапирди. Швейцария Эронда АҚШ манфаатларини тамсил қилади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аббас Мусави Теҳрон бу каби сўз ўйинларига эътибор қилмаслигини ва Вашингтон билан музокараларга борилмаслигини билдирди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Рим папаси Руминияда циганлардан католик черкови номидан узр сўради

Рим папаси Руминиянинг Блаж шаҳрида, 2019 йил 2 июнь.

Рим папаси Франциск 2 июнь куни Руминия сафарини якунлаётиб Блаж шаҳрида нутқ сўзлади ва католик черкови номидан циганлардан камситишлар, хўрлашлар ва паст назар билан қарашлар учун узр сўради.

Папанинг циганлар билан учрашувда қилган чиқиши ҳақида Озод Европа-Озодлик радиосига гапирган Руминия католик черкови расмийси Кристиан Барта :

-Мен Руминиянинг барча покиза виждонли фуқаролари билан бир қаторда умид қиламанки, папа Францискнинг циган жамоаси билан учрашуви муҳтож одамларни интеграциялашувига кўмаклашувчи самарали ижтимоий сиёсатни шакллантиришга хизмат қилади,-деб билдирди.

Европада циганлар асрлардан бери таъқиблар остида бўлиб келган. Тарихий ҳужжатларга қараганда, юз минглаб циганлар Германия фашизми томонидан уюштирилган Холокостда қирғин қилинган.

Руминияда аҳолининг 10 фоизини циганлар ташкил қилади. Улар мунтазам тарзда дискриминация қилинаётганларидан ва қашшоқликда яшашга мажбур бўлаётиганларидан шикоят қилиб келадилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG