Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 10:25

Халқаро янгиликлар

Эртага қозоғистонликлар президент сайлайди

Қозоғистонлик йигит президентликка номзодларнинг сайловолди тарғибот қоғозлари илинган тахта олдидан ўтиб кетмоқда. Олмаота шаҳри.

9 июнь куни Қозоғистон Республикасида Президент сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат 8 июнь "сукунат куни" бўлди - сайловолди ташвиқотлари ўтказилмади.

Қозоғистон президенти лавозимга етти номзод даъвогарлик қилмоқда. Булар амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қосим-Жомарт Тоқаев, “Буюк дашт бургутлари” республика жамоат бирлашмасидан Садибек Тугел, касаба уюшмалари Федерациясидан Амангелди Таспихов, “Ақ жол” партиясидан Дания Еспаева, “Ауил” партиясидан Толеутай Раҳимбеков, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбеков ва “Миллат тақдири” бирлашган миллий-ватанпарвар ҳаракатидан Амиржан Косановдир.

Номзодлар орасида хотин-қизлардан ҳам бор. У “Ақ жол” партиясидан номзод Дания Еспаевадир.

Қозоғистон президенти сайловини кузатиш учун ўнлаб халқаро ташкилотлардан мингдан зиёд халқаро кузатувчи келгани хабар қилинди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, ўзбекистонлик давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари хам Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини кузатиш учун ушбу мамлакатга етиб борган.

Келаси ҳафтада Бишкекда ШҲТ саммити бўлиб ўтади

Давлат раҳбарларининг саммитида иштирок этиш учун Россия, Қозоғистон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари келади.

Тадбирда кузатувчи сифатида Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғилистон президентлари қатнашади. Бу ҳақда матбуот анжуманида Қирғизистон президенти аппаратининг ташқи сиёсат бўлими мудири Данияр Сидиқов маълум қилди.

Саммит якуни бўйича 20га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлиси аввалига 14−15 июнга белгиланган эди. Кейинроқ саммит ўтадиган сана 13-14 июнга ўзгартирилди.

2018 йилда саммит Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилди, ўшанда раислик Қирғизистонга ўтган эди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтадиган навбатдаги саммитида Шинжон -Уйғур мухториятидаги уйғурлар, этник қозоқ ва қирғизларга Хитой ҳукумати томонидан босим кўрсатилаётгани масаласи муҳокама қилинмайди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиков жорий йил январида баёнот берган эди.

NASA космосга саёҳат уюштирмоқчи. Станцияда 1 кун туриш - $35 000

Халқаро космик станция

АҚШ космик агентлиги (NASA) космонавтикага алоқаси йўқ ҳар қандай кишининг Халқаро космик станцияга тижорий парвозига рухсат бериш режасини жума куни эълон қилди.

Сайёҳнинг Халқаро космик станцияда бир кеча-кундуз бўлиши, станцияда коммунал хизматлардан фойдаланиши учун олинадиган ҳақни қўшиб ҳисоблаганда 35 минг долларга тушиши айтилди.

Космик станцияга етиб олиш ва ерга қайтиб келиш учун алоҳида ҳақ тўланади.

Сайёҳларни Халқаро космик станцияга ташиш билан шуғулланувчи дастлабки компаниялардан бири Илон Маскнинг SpaceX компанияси бўлиши кутилмоқда.

Қирғизистон экс-президенти президентга қарши “Сўўрўнбай, кет!” деган шиор билан чиқмоқчи

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев митингда. Бишкек, 2019, 8 июнь.

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев “Қирғизистонда ҳокимият ўзбошимчалигини тўхтатмаса,Сўўрўнбай, кет! деган шиор билан чиқамиз”, деди. Бу ҳақда хабар қилган Азаттиқ радиосига кўра, экс-президент бундай баёнот билан 8 июнь куни Қирғизистон социал-демократик партияси Бишкекда ўтказган митингда нутқ сўзлаётиб айтган.

Сўўрўнбай - Қирғизистон президенти Жээнбековнинг исми.

Президент маъмурияти бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмагани хабар қилинди.

Экс-президент Алмазбек Атамбаев асос солган Қирғизистон социал-демократик партияси уюштирган митинг “Сукут сақлама! Гапир!” деган шиор остида ўтди.

Митингчилар фикрича, мамлакатнинг ҳозирги ҳокимияти олиб бораётган коррупцияга қарши кураш экс-президентнинг сафдошларигагина қаратилган.

Расмий Бишкек бундай айбловларни инкор этиб келади.

Россия таниқли фаоллари ҳибсга олинган журналист Иван Голунов ҳимоясига пикет ўтказмоқда

Москвадаги пикет иштирокчилари.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги бош бошқармаси биноси олдида¸ шунингдек Пермь ва Ярославль шаҳарларида «Медуза» нашри журналисти Иван Голунов ҳимоясига пикет ўтказилмоқда.

Латвияда жойлаган нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинди.

Москвадаги пикетда Россия фуқаролик жамиятининг таниқли вакиллари¸ жумладан ëзувчи Виктор Шендерович ¸ "Новая газета" журналистлари Павел Канигин, Илья Азар и Алиса Кустиковалар чиқди.

Пикет иштирокчиларидан айримларининг полиция бўлимига олиб кетилгани айтилмоқда.

Голунов адвокати¸ журналистнинг чўнтаги ва у яшаган квартирага қасддан наркотик моддалар ташлаб қўйилганини айтмоқда.

Голунов ҳамкасблари унинг ҳибсга олинишини журналистнинг профессионал фаолияти билан боғламоқда ва кейинги пайтларда унга турли таҳдидлар кўпайганини айтмоқда.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари¸ Голуновнинг ҳибсга олиниши Россияда мустақил журналистларга қарши кучайиб бораëтган босимнинг давоми эканини айтмоқда ва Москвадан уни озод қилишни сўрамоқда.

Россия мухолифати етакчиларидан бири Алексей Навальний Голуновнинг ҳибсга олинишини сентябрь ойига белгиланган минтақавий сайловлар олдидан "журналистлар овозини ўчириш" уриниши деб баҳолади.

Тереза Мэй Консерваторлар партияси раҳбари лавозимидан кетди

Тереза Мэй партия раҳбарлигидан кетишини 24 май куни эълон қилган эди.

7 июнь куни Тереза Мэй Британия Консерваторлар партияси раҳбари лавозимини расман тарк этди. Мэй¸ партия мамлакат Бош вазири лавозимига янги номзодни сайлагунга қадар Лондон ҳукумати раҳбари бўлиб қолади.

Мэй Британиядаги ҳукмрон партия раҳбари лавозимидан 7 июнь куни истеъфога чиқишини 24 май куни эълон қилган эди. Ўз баëнотида Мэй¸ мамлакат манфаатлари учун шундай қарорга келгани ва бу ҳаракати Британияни Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқариш жараëнини боши берк кўчадан олиб чиқишига умид қилаëтганини айтган эди.

Консерваторлар партиясининг Бош вазирликка даъвогарлик қилаëтган аъзолари 10 июнь куни ўз дастурини тақдим этади. Номзодларни овозга қўйиш жараëни парламентнинг 13 июнь кунги мажлисига белгиланган.

Британия матбуотига кўра¸ ҳозирга қадар партиянинг 11 аъзоси Бош вазирликка даъвогарлик қилишини билдирган.

Улар орасида мамлакатни ЕИдан чиқариш¸ айни пайтда¸ иттифоқда қолиш тарафдорлари ҳам бор.

Россияда 550 нафар учувчи ишдан ҳайдалди

Ан-148 йўловчи учқичи 2018 йил февралида Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан қулаб тушган ва бортдаги 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган эди.

"Саратовские авиалинии" ширкатига қарашли Ан-148 йўловчи учқичи ҳалокати ортидан ўтказилган текширувлар натижасида Россия фуқаролик авиациясининг 550 нафар учувчиси ишдан бўшатилган.

Россия Бош прокурори Юрий Чайка Давлат думасига қилган ҳисоботида шуни маълум қилди.

Ан-148 йўловчи учқичи 2018 йил февралида Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан қулаб тушган ва бортдаги 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган эди.

Бу ҳалокатни тафтиш қилган махсус қўмита унга учувчиларнинг нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлди¸ деган хулосага келган. Айтилишича¸ учувчилардан бирининг Росавиация томонидан тан олинмаган ўқув юртини битиргани аниқлангани ортидан давлат авиация агентлиги бундай ўқув юртлари битирувчилари дипломларини бекор қилган.

Boeing компанияси маълумотига кўра¸ Россия ва МДҲга аъзо бошқа давлатларга келаси 20 йил ичида 27 минг нафар учувчи керак бўлади.

АҚШ ва Европада учувчилар асосан хусусий муассасаларда ўқиса¸ Россияда йўловчи учқични бошқариш ваколатини берувчи махсус фуқаролик авиацияси институти Челябинскда жойлашган.

Исëн чиққан Хўжанд қамоқхонасининг собиқ бошлиғи 4 йилга қамалди

Хўжанд қамоқхонаси

Хўжанддаги №3/3 рақамли қаттиқ қўриқланадиган колониянинг собиқ бошлиғи Файзулло Сафарзод суд ҳукми билан 4 йил озодликдан маҳрум этилди.

Тожикистон Адлия вазирлиги расмийсининг Озодлик тожик хизматига билдиришича¸ Сафарзод хизмат ваколатини суистеъмол қилиш ва иш фаолиятида лоқайдликка йўл қўйганликда айбдор деб топилган.

Колония собиқ раҳбари билан унинг 7 нафар собиқ хизматчиси ҳам суд қилинган ва лоқайдликда айбланган собиқ қўриқчиларга 2¸5 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланган. Ҳозирда Хўжанддаги вақтинчалик сақлаш изоляторида қолаëтган Сафарзоднинг Душанбедаги махсус режимдаги колонияга жўнатилиши айтилмоқда.

Файзулло Сафарзод 2018 йилнинг 15 ноябрида ўзи бошқараëтган колонияда исëн чиқиши ортидан ҳибсга олинган.

8 ноябрга ўтар кечаси бошланган маҳбуслар исëни оқибатида¸ расмий маълумотга кўра¸ 21 нафар маҳбус¸ икки нафар қўриқчи ўлган.

Туркманистонда банк орқали ички пул жўнатмалари хизмати тўхтатилди

Туркманистон, Halkbank биноси.

Туркманистонда жорий йилнинг апрелидан бошлаб мамлакат ичида банк орқали пул жўнатмаларини юбориш хизмати кўрсатилмаяпти. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур хизмат Туркманистонда фақат «Halkbank»да мавжуд эди. Бу хизмат бекор қилингани ортидан мамлакат ичида банк орқали пул жўнатмаларини амалга ошириш мумкин бўлмай қолди.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг билдиришича, амалда мавжуд бўлган почта орқали пул жўнатиш тизими қиммат ва ноқулайдир.

“Почта орқали пул жўнатсангиз 10 фоиз комиссия тўлайсиз. Бу жуда қиммат ва ноқулай, бироқ бошқа имконият йўқ”, дейди мухбир.

Бундан ташқари почта орқали жўнатилган пул эгасига етиб боргунига қадар бир неча ҳафта кутишга тўғри келади. Банк орқали пул жўнатмасини эса эртаси куни олиш мумкин эди.

Қирғизистон оммавий муштлашув бўлган қишлоққа борган Туркия элчисига норозилик нотаси топширди

Туркия элчиси Денгиз Комил Фирот.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 6 июнь куни Туркия элчиси Денгиз Комил Фиротга ички ишларга аралашмаслик тўғрисидаги нотани топширди. Туркия элчиси оммавий муштлашув содир бўлган Бишкек яқинидаги Ўрўқ қишлоғига боргани ортидан норозиликка сабабчи бўлди.

Ўрўқ қишлоғида Рамазон ҳайити намози ўқилганидан сўнг икки-уч ўсмир ўртасида муштлашув бўлган. Кейин бу муштлашувга каттароқ ёшдагилар қўшилган.Айрим одамларнинг провокацион ҳаракатлари туфайли қишлоқдаги уйлардан бирида қишга ғамланган ем-ҳашакка ўт қўйилган, 12та уйнинг ва автомашиналарнинг деразалари тошбўрон қилиниб синдирилган.

Воқеа жойига Туркия элчиси Денгиз Комил Фирот ҳам бориб, аҳоли билан суҳбатлашган эди.

Фирот қишлоққа шу ерда яшайдиган элчихона ходимини олиб кетиш учун келганини айтган. Бироқ ижтимоий тармоқларда элчининг ҳаракати ички ишга аралашув сифатида баҳоланиб, норозиликларга сабаб бўлган эди.

Литва қрим татарларнинг депортация қилинишини геноцид сифатида тан олди

1944 йилги депортация қурбонларини хотирлаш тадбирида иштирок этаётоган қрим татар ёшлари.

Литва парламенти 6 июнь куни 1944 йилда Сталин раҳбарлигидаги Совет ҳукумати Қримдан қрим татарларини депортация қилганини геноцид сифатида тан олди.

1944 йилнинг 18 майида қрим татарлари ўз ватанларидан мажбурий тарзда ҳайдаб чиқарилган эди. Совет ҳукумати “депортацияга иккинчи жаҳон уруши пайтида қрим татарлари фашистлар Германиясини қўллагани сабаб бўлди”, деб изоҳлаган эди.

Қайта қуриш йилларида Совет ҳукумати, кейинроқ эса Россия ва Украина бу депортацияни ноқонуний деб тан олганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 191 минг қрим татар ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистонга, Қозоғистонга ва Тожикистонга, озроқ қисми Марий АССР, Урал, Кострома ва Тула вилоятларига кўчирилган.

Маълумотларда билдирилишича, мажбурий депортация оқибатида қрим татарларининг 46 фоизи ҳалок бўлган.

Нью-Йорк полицияси 50 йил олдин гей-барда ўткизган рейди учун узр сўради

Stonewall гей-барига кириш жойи.

Нью-Йорк полицияси 1969 йилда Stonewall гей-барига рейд уюштиргани учун узр сўради. Мазкур воқеа гейларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига асос солган эди.

6 июнь куни полиция бошлиғи Жеймс О'Нил: “Мен бўлиб ўтган воқеа бўлмаслиги керак эди, деб ҳисоблашимни биламан. Нью-Йорк полициясининг ҳаракати нотўғри бўлган. Бу ҳаракатлар дискриминация ва репрессия бўлган. Бунинг учун мен узр сўрайман”, деб айтди.

Гей фаоллар Нью-Йорк полицияси бошлиғининг бу нутқини олқишладилар. Улар узоқ йиллардан бери полициядан 1969 йилги ҳаракат учун узр сўрашни талаб қилиб келаётгандилар.

1969 йилнинг июнида полиция Нью-Йоркнинг Гринвич-Виллиж мавзесидаги Stonewall гей-барида ноқонуний рейдлар ўтказгани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетган эди.

Мавзега қўшимча полиция кучлари чақирилиб, ўнлаб одамлар ҳибсга олинганди. Бир ҳафта давом этган тартибсизликлар гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига асос солган.

Германияда 85 беморни укол қилиб ўлдирган медбрат умрбод қамалди

Германиянинг Олденбург шаҳар суди собиқ тиббиёт ходими Нилс Хёгелни 2000-2005 йиллар давомида 85 одамни ўлдирганликда айбдор деб топди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хёгел судда ўзи ўлдирган беморларнинг қариндошларидан ва дўстларидан узр сўради.

42 ёшли Хёгел Ольденбург ва Демменхорст шаҳарларидаги касалхоналарда ишлаётганида, ўзи танлаб олган беморларни укол қилиш орқали ўлдирган.

У беморларни махсус ўлдираётгани тўғрисида ишончли маълумотлар 2005 йилда пайдо бўлган. Ўшанда касалхона ходимларидан бири Хёгел беморларга белгиланган меъёрдан кўра кўпроқ дори бераётганини кўриб қолган.

2008 йилда Хёгел “одамни ўлдиришга уриниш”да айбланиб 7,5 йилга қамалганди. 2015 йилда эса у яна бир неча одамни ўлдирганликда айбланган. Айни ўша пайтда унинг юзга яқин бемор ўлимига алоқадар экани аниқланган.

Терговчиларнинг билдиришича, Хёгел “шунчаки зериккани ортидан мана шундай тажрибалар”ни амалга оширганини айтган.

Психиатрларнинг билдиришларича, Хёгел одам ўлдириш орқали “наркотик модда қўлланилганида пайдо бўладиган таъсир”ни олишга интилган.

Россия полициядан жабрланган икки кишига 10 минг евро тўлайдиган бўлди

Европа Суди

Россия ҳукумати милиция ходими томонидан калтакланган икки нафар чувашияликка 10 минг евро тўлайди.

Пайшанба куни инсон ҳақлари бўйича Европа суди Россия ҳукумати ва жабрланувчилар ўртасидаги сулҳ келишувини тасдиқлаган эди, дея хабар берди "Зона права" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти.

2016 йилнинг 8 сентябрида Новочебоксар шаҳри нозири Александр Семенов АЁҚШ станциясида ҳеч қандай сабабсиз икки эркакни дўппослаган эди.

Бу қилмиши учун милиция зобити ишдан бўшатилди.

Айни йилнинг ноябрида эса ўз айбига иқрор бўлган Александр Семенов уч йиллик шартли жазога ҳукм этилган эди.

Папа Ватиканда президент Владимир Путин билан учрашади

Папа Франциск 2015 йилда Путин билан учрашган эди

Ватиканнинг эълон қилишича, Папа Франциск келгуси ой Россия президенти Владимир Путинни қабул қилади.

"Муқаддас Ота 4 июлда Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни қабул қилади," - деди Ватикан сўзчиси Алессандро Гисотти 6 июнь куни чиқарилган баёнотда.

Москвада эса Кремль сўзчиси Дмитрий Песков режалаштирилган ташрифга тайёргарликлар аллақачон бошланганини айтди.

"Путин сафарига тайёргарликлар давом этаяпти, мазкур сафар ҳошиясида Папа билан учрашув режалаштирилган," - деди Песков.

Франциск ҳозиргача Путин билан икки марта - 2013 ва 2015 йилларда учрашган.

2015 йилда бўлиб ўтган учрашувда Франциск Украина можаросига қўшилган барча тарафларни тинчликни ўрнатиш учун "самимона ҳаракат" қилишга чақирган эди.

Қозоқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Олмаотада ҳужумга учради

Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сауле Абилдахан қизи Олмаота шаҳрида бир нечта нотаниш аёллар томонидан ҳужумга учраганини маълум қилди.

Сауле Абилдахан қизининг айтишича, 5 июнь куни полиция томонидан сўроқ қилингандан кейин ҳужумга учраган.

Олмаота шаҳар шифохонаси бош врачи Қувонч Жанбўлатнинг айтишича, баданининг турли жойлари лат еган ҳуқуқбон тез ёрдам машинасида шифохонага келтирилган.

Жанбўлатга кўра, Сауле Абилдахан тиббий ёрдам кўрсатилгандан бир неча соат ўтиб шифохонани тарк этган.

Абилдахан қизи шу ҳафта давомида полиция идорасида номаълум бир аёл шикояти асосида икки марта сўроқ қилинганини айтади. Ҳуқуқбон полиция унга қандай айблов қўйиши мумкинлигини билмаслигини билдирди.

Сауле Абилдахан қизи ёлғиз оналар ва кўп фарзандли оилалар рўбарў бўлаётган муаммолар ҳақида ижтимоий тармоқларда қилган чиқишлари билан танилган.

Суданда ҳарбийлар ва норозилар тўқнашуви пайтида ҳалок бўлганлар сони юз нафарга етди

2019 йилнинг 5 июни. Хартумдаги баррикадалар қолдиқлари.

Судан пойтахти Хартмуда намойишга чиққанлар лагерида ҳарбийлар билан содир этилган тўқнашув оқибатида ҳалок бўлганлар сони юз нафарга етди. Хабарда айтилишича, 40 нафар одамнинг жасади Нил дарёсидан топилди.

Апрель ойида ҳарбий тўнтариш оқибатида президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилганидан бери Суданни 10 кишидан иборат Олий ҳарбий кенгаш бошқариб келмоқда.

Ҳарбийлар ва мухолифат вакиллари ўтиш даврида ҳукуматни ким бошқариши керак деган масалада бир неча ҳафта музокаралар ўтказди. Натижада томонлар янги сайлов ўтказилгунига қадар мамлакатни фуқаролар ва ҳарбийлардан иборат қўшма ҳукумат бошқариши юзасидан муросага эришдилар.

Мухолифат ҳарбийларни қўшма ҳукуматни тезроқ шакллантиришга чақириб, Мудофаа вазирлиги олдида намойиш ўтказа бошладилар. 3 июнь куни ҳарбийлар мухолифат тарафдорларини куч қўллаб тарқатишни бошлаган эди.

Европа Иттифқига аъзо саккиз давлат Суданда тинч намойишчиларга қарши қурол қўлланилганини қораладилар.

Нормандияга иттифоқчи кучлар туширилганининг 75 йиллиги нишонланмоқда

1944 йилнинг 6 июли. Нормандияга 150 минг аскар киритилган эди.

Германиянинг Франциядаги элчиси Николаус Мейер-Ландрут ўтган асрнинг 30-40 йилларида немис ҳукумати жаҳонда юзага келган “буюк бўлиниш”га ҳамда босқинчи сифатида ўзга мамлакатларга кириб келган немис аскарлари ўлимига масъул эканини айтди.

Элчи бу ҳақда Франциядаги Ла-Камбе қабристонида ўтган тадбир пайтида гапирди. Мазкур қабристонда 21 минг нафар немис аскари дафн этилган.

Айни пайтда Европада фашистлар Германиясига қарши курашган иттифоқчилар армияси Нормандия соҳилига туширилганининг 75 йиллги нишонланмоқда.

Британиянинг Портсмут шаҳрида ўтаётган тантаналарда АҚШ президенти Дональд Трамп, Британия Бош вазири Тереза Мэй, Германия канцлери Ангела Меркель ва бошқа ўнлаб давлатларнинг лидерлари иштирок этмоқда.

Қиролича Елизавета Нормандия фахрийларини қутлаш маросимида иштирок этди.

1944 йилнинг 6 июнида 150 минг аскарнинг Нормандияга кириб келиши Гитлер томонидан бошланган Иккинчи жаҳон уришининг тез орада якунланишига туртки бўлган эди. Иттифоқчилар қўшинилари Европанинг асосий қисмини немис босқинчиларидан озод қилди.

Иттифоқчи қўшниларнинг Нормандияга туширилиши инсоният тарихидаги энг йирик десант амалиёти бўлиб қолмоқда. Унда 7 мингта ҳарбий кема иштирок этган.

ФИФА аёллар футболини ривожлантиришга эътибор қаратмоқчи

ФИФА президенти Жанни Инфантино.

Халқаро футбол федерацияси – ФИФА аёллар футболини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Бу ҳақда 5 июнь куни ташкилотнинг Парижда ўтган қурултойида маълум қилинди.

-Биз аёллар футбол жамоаларига ва аёллар футболи бўйича мусобақаларга сармоя ётқизишимиз зарур. Эркаклар футболи учун қилинаётган ишларни аёллар футболи учун ҳам қилиш етарли эмас. Аёллар футболи ўзича бир спортдир ва биз аёллар футболи бўйича мусобақаларни ташкил этишимиз зарур,-деди ФИФА президенти Жанни Инфантино.

Париж қурултойида Инфантино яна бир муддатга ФИФА президентлигида қолдирилди. Инфантино президентликка ягона номзод бўлгани учун қурултойга келган 211 вакил сайлов ўтказмасдан турибоқ уни яна 4 йил лавозимида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

49 ёшли швейцариялик адвокат Инфантино биринчи марта 2016 йилда Зепп Блаттернинг ўрнига президентликка сайланган эди. Ўшанда Блаттер ФИФАдаги коррупция жанжали ортидан истеъфо беришга мажбур бўлган.

Украина Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатида собит

Украина президенти Володимир Зеленский.

Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан учрашувларни давом эттирмоқда. У 5 июнь куни Европа Кенгаши президенти Дональд Туск билан музокара ўтказди.

-Украина Европа Иттифоқига интеграциялашиш бўйича ҳаракатларни давом эттиради. Европа Иттифоқига интеграциялашув Украина мустақиллигининг, украин халқи фаровонлигининг ва иқтисодий-техник тараққиётнинг бош кафолатидир,-деди Зеленский.

Зеленский президент сифатидаги илк сафарини 4 июнда Брюсселдан бошлади.

Володимир Зеленский НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувдан сўнг ўтказган матбуот анжуманида Киев Москва билан музокараларга тайёр эканини билдирган эди.

Зеленский Украина Минск келишими шартларини бажаришдан бош тортмаслигини ҳам таъкидлади.

Қирғизистон собиқ бош прокурори 26 июнгача қамоққа олинди

Бишкек шаҳар, Биринчи май туман суди Аида Саляновани эҳтиёт чораси сифатида 26 июнгача қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди, деб хабар қилди Азаттиқ радиоси.

Собиқ Бош прокурор Аида Салянова “Қонундаги ўғри” Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадор кўрилиб, 3 июнь куни 48 соатга қўлга олинган эди.

Маълум бўлишича, у 3 июнь куни Ички ишлар вазирлигига сўроққа чақирилган. Сўроқдан сўнг терговчи уни гумонланувчи сифатида ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарган.

Қирғизистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Шамил Атаханов ҳам 21 май куни «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаевга қамоқдан чиқишга кўмаклашганликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Аввалроқ Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилиши билан боғлиқ иш доирасида Бишкекда беш нафар таниқли шифокор, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ва Жазони ўташ бўйича давлат хизмати раисининг маслаҳатчиси Калибек Качкиналиев қамоққа олинган.

Оғир жиноятни содир этганликда айбланиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган «Қонундаги ўғри» Азиз Батукаев 2013 йилда «саратон касалига чалинган ва яқин кунларда вафот этади» деган ташхис асосида суд ҳукми билан қамоқдан бўшатилган эди. У ўша куниёқ тарихий ватани Чеченистонга учиб кетган.

Бироқ орадан 6 йил ўтгач бу ташхис соҳта бўлгани ва Батукаев қамоқдан ноқонуний бўшатилгани юзасидан жиноят иши очилди.

Бундан аввал парламент депутатлари ва жамоатчилик Батукаевнинг қамоқдан бўшатилиши қанчалик қонуний бўлганини текширишни талаб қилиб келаётган эди.

Трамп: Эронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳар доим бор

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини, аммо Теҳронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳар доим борлигини таъкидлади.

Британияга қилган ташрифи давомида сўзлаган Трамп:

- Энди иш бошлаганимда Эрон душманлик руҳи билан суғорилган эди. Дунёдаги биринчи рақамли террор давлати эди, ҳозир ҳам шундай бўлса керак, - деди.

Президентдан Эронга қарши ҳарбий чора кўриш эҳтимоли ҳақида сўралганда, шундай жавоб берди:

- Бундай эҳтимол ҳар доим бор. Мен буни хоҳлайманми? Йўқ, лекин бундай эҳтимол ҳар доим бор.

Трамп президент Ҳасан Руҳоний билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини қўшимча қилди.

Трамп 2015 йилда Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Эронга қарши таҳдидларни кучайтираëтган Трамп маъмурияти иқтисодий санкцияларни қайта жорий қилди.

Форс кўрфазида рўй бергани иддао қилинган бир неча сўнгги ҳодисалар ортидан АҚШ Эроннинг минтақа учун фавқулодда таҳдид эканини таъкидламоқда.

5 июнь куни Эрон олий раҳбари Ояталуллоҳ Али Хоманаий Трамп музокара ўтказиш таклифи билан Теҳронни лақиллата олмаслигини ва Эрон ўз ракета дастуридан воз кечмаслигини таъкидлади.

Хитой президенти Россияга хизмат сафари билан боради

Хитой президенти Си Цзиньпин

Хитой президенти Си Цзиньпин Россияга хизмат сафари билан боради. Бу ҳақда Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков билдирди. Ушаков ташриф “Хитой ва Россия ўртасидаги дўстлик ва иқтисодий муносабатларнинг янги даврига” мос келганини таъкидлади.

Си Цзиньпин 5 июнь тушдан кейин Москвага етиб боради ва президент Владимир Путин билан учрашади.

Икки етакчи Россия беш йил олдин Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиши ортидан Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатлари совиб кетган бир пайтда учрашмоқда.

Хитой президенти 6-8 июнь кунлари Санкт-Петербургда ўтказиладиган иқтисодий форумда ҳам иштирок этади.

Ушаков Си Цзиньпиннинг ташрифи ҳақида “бу икки тарафлама муносабатларимиз учун ўта муҳим”, деди. Унинг сўзларига кўра, Путин билан Си Цзиньпин глобал ҳамда стратегик ҳамкорлик ҳақида декларация имзолайди.

Freedom House матбуот репрессиясининг янги услублари ҳақида огоҳлантирди

Венгрияда бош вазири Виктор Орбан (чапда) Сербия президент Александр Вучич билан.

Freedom House ташкилоти сиёсий етакчилар мустақил матбуотни сиқувга олишнинг янги услубларидан фойдаланаётгани ҳақида огоҳлантирди. Ташкилотнинг 5 июнь куни эълон қилинган ҳисоботида бу ҳолат нафақат авторитар давлатларда, балки демократик давлатларда ҳам кузатилаётгани эътироф этилади.

Ҳисоботга кўра, демократия таҳдид остида қолаётган айрим давлатларда аксилдемократик етакчилар турли хил молиявий ва юридик механизмлар ёрдамида мустақил журналистларни сиқувга олиб, ўзларига хайрихоҳ матбуотни қўлламоқда.

Масалан, Венгрияда бош вазир Виктор Орбаннинг ҳукмрон “Фидес” партияси матбуотни тўлиқ назоратга олган, натижада ҳозирги кунда ҳукумат хабарлари ҳамда дезинформация қоришиб кетмоқда.

Сербияда эса президент Александр Вучич Орбан изидан боришга уринмоқда ва журналистларни сиқувга олмоқда.

Ташкилот ҳисоботида Орбан ҳукумати билан Вучич маъмурияти “танқидий журналистикани йўқ қилиб, популист кучларга йўл очиб беришда катта ютуқларга эришгани” айтилади.

АҚШ элчиси қирғизистонликларни "Ё, Рамазон" айтиб табриклади (ВИДЕО)

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу.

Рамазон ҳайити муносабати билан АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу ва элчихона ходимлари мусулмонларни қирғиз тилида Рамазон қўшиқларини айтиб табрикладилар.

Табрик ёзилган видео элчихонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 4 июнь куни жойлаштирилди. Қирғизистонда 5 июнь куни ҳайит нишонланмоқда.

Рамазон ҳайити 5 июнь куни Қирғизистондан ташқари Ўзбекистон, Қозоғистон, Индонезия, Малайзия, Хитой, Австралия, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Англия, Франция, Испания, Аргентина, Бразилия ва Мексика каби давлатларда нишонланади.

4 июнь куни Тожикистон, Туркманистон, Россия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, БАА, Миср, Туркия, АҚШ ва Германияда Рамазон ҳайити белгиланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG