Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 03:41

Халқаро янгиликлар

Cанкт-Петербургда 30 нафардан кўпроқ одам кабобдан заҳарланди

Тез ёрдам машинаси

Санкт-Петербургда 30 нафардан кўпроқ одам сифатсиз кабобдан заҳарланди, дея хабар берди "Интерфакс" агентлиги Санкт-Петербург ҳокимлигига таяниб.

Заҳарланганлардан 26 нафари ҳозирда касалхонага ётқизилган. Шифокорлар уларга "сальмонеллёз" ташхисини қўйган.

Санкт-Петербург шаҳар ҳокимлигига кўра, одамларнинг оммавий тарзда тез ёрдам хизматига мурожаат қилиши шанба куни бошланиб, якшанба куни ҳам давом этган.

Заҳарланганларнинг барчаси "Евро кебаб" тармоғига қарашли ошхоналардан бирининг мижозлари бўлганлар.

Роспотребнадзорнинг Санкт-Петербург шаҳар идораси "Евро кебаб" тармоғига қарашли ошхоналарни текшира бошлаган ва аллақачон у ерда санитария нормаларига риоя этилмагани ва зарурий ҳужжатларнинг йўқлигини аниқлаган.

Иркутскдаги сув тошқини оқибатларини бартараф этишга ҳарбийлар жалб этилмоқда (ВИДЕО)

Иркутск вилоятидаги сув тошқинларида 4 мингдан кўпроқ уй сув остида қолди.

Иркутск вилоятининг бешта туманида минглаб уйларни босган сув тошқини оқибатларини бартараф этишга ҳарбийлар жалб қилинди.

Марказий ҳарбий округнинг махсус отряди 30 июнда Нижнеудинск шаҳрига жўнатилди. Ҳарбийлар бу шаҳарга Кемерово вилоятидан махсус техникалар билан етиб келгунларича минг километрдан кўроқ йўл юришлари лозим.

29 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сув тошқинлари оқибатида камида беш одам ҳалок бўлгани, икки одам бедарак йўқолгани, 130 одам касалхонага ётқизилганини маълум қилган эди. Минглаб одамлар хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.

ТАСС агентлиги тошқинлардан 4 мингдан ортиқ уй, 16та йўл, 13та кўприк ҳамда 27 қишлоқ ва шаҳар зарар кўрганини хабар қилди.

Ўзанидан тошган Ия дарёси тўғонни бузиб ташлади ва Тулун шаҳрида сув кўп қаватли уйларнинг иккинчи қаватигача кўтарилди.

Қозоғистонда иорданиялик, ливанлик ва маҳллий ишчилар ўртасида оммавий муштлашув содир этилди (ВИДЕО)

Оммавий муштлашув пайтида олинган сурат.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги йирик нефтгаз лойиҳасида ишлаётган иорданиялик ва ливанлик юзлаб ишчилар маҳаллий ишчилар билан оммавий муштлашув ортидан бошқа ҳудудга кўчирилди.

30 июнда тарқатилган расмий билдирувда айтилишича, воқеа жойидан кўчирилган хорижлик ишчилар жиддий қўриқланаётган меҳмонхонага жойлаштирилган.

Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади “Твиттер" саҳифасида: “Худога шукур, уларнинг барчаси соғ-саломат. Ҳукумат барча хавфсизлик чоралари қўлланилди, вазият барқарор, деб ишонтирмоқда”, деб ёзди.

(Эҳтиёт бўлинг, бу видеода зўравонлик саҳналари мавжуд!!!)

Иордания расмийси 107 нафар иорданиялик ишчидан беш нафари енгил тан жароҳати олганини билдирди.

Ливиянинг Қозоғистондаги элчиси Гискард ал Хоурий 150 нафар ливиялик воқеа жойидан кўчирилгани ва полиция ҳимоясига олинганини билдирди.

Атирау вилоят ҳокимияти эса Сonsolidated Contracting Engineering and Procurement S.A.L Offshore (CCEP) ширкати ишчиларининг ўзаро муштлашуви чоғида 30 одам жароҳатланганини тасдиқлади.

Ишчилар ўртасидаги муштлашув 29 июнда бўлган. Бунга Ливия фуқароси қўлидаги рацияни маҳаллий қизнинг оғзига тақаб суратга тушгани ва буни WhatsApp орқали тарқатгани сабаб бўлди.

Эрдўғон Россия билан ҳарбий ҳамкорлик Туркия учун муҳим эканини айтди

С-400 тизими.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара Вашингтон огоҳлантирувига қарамай Россия билан ҳарбий-техник ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди.

-Ҳамкорлигимиз, айниқса, С-400ни сотиб олиш бўйича давом этмоқда. Биз бу масалани Душанбеда ўтган саммитда ҳам гаплашганмиз ва бугунги кунда йўл харитасига амал қилган ҳолда ишлаяпмиз. Бу биз учун биринчи галдаги вазифа, жумладан, ракеталарни ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва янги технологияларни сотиб олиш, - деди Эрдўғон 29 июнда Япониянинг Осака шаҳрида ўтган "Катта йигирматалик" саммити пайтида журналистларга берган интервьюсида.

Туркия С-400 тизимларини чиндан қабул қилиб олса, Вашингтон Анқарага қарши санкция жорий қилиши ҳамда мамлакатдаги иқтисодий таназзул янада кескинлашиши мумкин.

10 июнь куни АҚШ Намоёндалар палатаси Туркияни С-400 тизимларини сотиб олишдан воз кечишга ва Анқара бунга амал қилмаса, мамлакатга қарши санкция жорий қилишга чорловчи резолюцияни қабул қилди.

Исроил Ливандан туриб Сурияга ракеталар отди

Исроил зарбаси оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани айтилди.

Сурия ҳукуматига мойил нашрлар 1 июль куни Исроил армияси Дамашқ ва Хомс яқинидаги ҳарбий позицияларга зарба бергани ҳақида хабар қилди.

SANA агентлигининг Сурия ҳукумат кучлари расмийларига таяниб маълум қилишича, ҳарбий позицияларга Исроил учоқлари Ливан ҳудудидан туриб ракеталар отган.

SANA агентлиги кейинги хабарларида Исроил зарбаси оқибатида Дамашқнинг жанубий -ғарбидаги Саҳная шаҳрида тинч аҳолидан тўрт киши ҳалок бўлганини билдирди.

Исроил армияси матбуот хизмати Сурия матбуоти тарқатган мазкур хабарга изоҳ беришдан бош тортди.

Трамп Ким билан учрашувидан мамнун эканини билдирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин билан.

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин билан учрашув натижаларидан мамнун эканини билдирди.

-Бугун менга айтилган гаплардан келиб чиқадиган бўлсак, бу учрашув олдинга қараб ташланган жуда катта қадам бўлди,-деди Трамп.

Шимолий Корея телевидениеси 1 июлда тарқатган хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари “Корея ярим оролини ядровий қуроллардан ҳоли ҳудудга айлантириш масаласидаги самарали мулоқотни жонлантириш ва давом эттиришдан манфаатдор” эканликларини изҳор қилганлар.

50 дақиқа ёпиқ эшиклар ортида сўзлашган президентлар ядровий масала бўйича боши берк кўчага кириб қолган музокараларни қайта тиклаш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил қилганлар. Шунингдек, Трамп Ким Чен Инни АҚШга таклиф қилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп 30 июнь куни кутилмаганда Пхеньян раҳбари Ким Чен Инга Шимолий ва Жанубий Корея чегарасида учрашишни таклиф этган эди.

Трамп Шимолий Корея тупроғига қадам босган АҚШнинг энг биринчи президенти бўлди.

Трамп Японияда ўтаётган G20 саммитидан сўнг Жанубий Кореяга сафар қилишни режалаган.

Трамп ва Ким Чен Ин сўнгги бор шу йилнинг феврал ойида учрашишган, ва музокаралар барбод бўлган эди.

Трамп Хитой маҳсулотларига тариф жорий қилишни кейинга қолдирди

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой президенти Си Цзиньпин билан ўтказган савдо музокаралари “кутилгандан яхшироқ” ўтганини айтди. Трамп, шунингдек, музокаралар давом этар экан, Хитой маҳсулотларига янги тариф жорий қилишни кейинга қолдиришни ваъда қилди.

Трамп Си билан учрашувни “ажойиб” дея таърифлади ва “биз қайта изга тушдик”, деди.

АҚШ президенти Twitterда Хитой АҚШ фермерлари маҳсулотларини харид қилишга рози бўлгани ҳақида ёзди.

Трамп, шунингдек, Сига Huawei Technologies Хитой ширкатига енгиллик беришни таклиф қилган.

Аввалроқ АҚШ ушбу ширкат Хитой ҳукуматига ўта яқин эканлигини, шу сабаб АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солишини маълум қилган эди.

Ушбу ижобий ўзгаришларга қарамасдан, Хитой ва АҚШ ўртасида юзага келган савдо уруши доирасида юзага келган кўплаб савол жавобсиз қолмоқда.

Аллақачон жорий қилинган тарифлар ҳар икки давлат учун миллиардлаб долларга тушмоқда ва глобал биржа бозорларини беқарорлаштирмоқда.

Трамп Хитойнинг савдо услубларидан шикоят қилиб келади. АҚШ маъмурияти Хитойни Америка ширкатларидан муаллифлик ҳуқуқларига эга технологияларни ўғирлашни бас қилиб, Хитойда АҚШ ва бошқа ширкатлар дучор бўладиган тўсиқларни олиб ташлашга чорлаб келади.

Хитой эса Вашингтон талаблари ошиқча эканлигини, АҚШ ҳам ён бериши кераклигини таъкидлайди.

Сибирда сув тошқинлари камида беш одам умрига зомин бўлди

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сибир жанубида, Байкал кўлига яқин ҳудудда содир бўлган тошқинлар туфайли ҳалок бўлганлар сони бештага етганини маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, камида 6та аҳоли пункти турғунлари сув тошқини туфайли ўз қишлоғини тарк эта олмаяпти.

29 июнь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тахминан 350 одам тошқинлар туфайли жароҳат олганини, уларнинг 100 нафари шифохонада даволанаётганини маълум қилди.

Вазирлик, шунингдек, керакли жиҳозлар ортилган Ил-76 самолёти ҳодиса жойига етиб борганини маълум қилди.

ТАСС агентлиги тошқинлардан 4 мингдан ошиқ одам, 16та йўл, 13та кўприк ҳамда 27 қишлоқ ва шаҳар зарар кўрганини хабар қилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кейинги кунларда тошқинлар давом этишини маълум қилди.

Японияда ўтган “Катта йигирматалик” саммитидан қайтган президент Владимир Путин 29 июнь куни тошқинлар содир бўлаётган ҳудуд яқинидаги Братск шаҳрига учиб борди.

Туркманистонда бензин тақчиллигига барҳам бериш учун янги завод қурилди

Туркманистонда йирик бензин заводи иш бошлади. Мамлакатда кейинги ойларда ёқилғи тақчиллиги кузатиб келинади.

Туркманистон расмийлари 1,7 миллиард долларга тушган лойиҳа ушбу муаммони ҳал қилишга кўмаклашишига умид қилмоқда.

Япония ва Туркия ширкатлари консорциуми қурган завод табиий газни бензин, дизель ёқилғиси ҳамда суюқ табиий газга айлантириб берувчи янги технологиялар асосида ишлайди.

Заводни очиш маросимида президент Гурбангули Бердимуҳамедов завод йилига 600 минг тонна бензин ишлаб чиқариши кутилаётганини таъкидлади.

Туркманистон табиий газ захираларига бой бўлса-да, мамлакат аҳолиси ишсизлик ва иқтисодий стагнациядан азият чекиб келади.

Шаҳарлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун бир вақтлар бепул бўлган коммунал хизматлари пуллик бўлди. Шунингдек, расмийлар аҳоли орасидаги ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги ҳақидаги муҳокама ва норозиликни бўғишга ҳаракат қилиб келади.

Айни пайтда пойтахт Ашхободнинг айрим туманларида ҳамда мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ёқилғи тақчиллиги давом этмоқда.

Россия ва Саудия нефть нархини ушлаш учун ишлаб чиқаришни чеклашда давом этмоқчи

OPEC логоси

Россия ва Саудия Арабистони расмийлари нефть ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти бўлмиш OPEC+ гуруҳи нефть нархлари кўтарилишини таъминлаш учун нефть қазиб олиш кўламини чеклаш бўйича келишувни яна 6-9 ойга узайтиришга келишиб олганини маълум қилди.

Японияда “Катта йигирматалик” саммитида иштирок этаётган Россия президенти Владимир Путин Россия ҳам, Саудия Арабистони ҳам келишувни узайтиришни қўллашини таъкидлади.

Саудия энергетика вазири Холид ал-Фалиҳ келишув тўққиз ойга узайтирилишини кутиш мумкинлигини айтди.

OPEC+ гуруҳи глобал нефть нархларини барқарорлаштириш учун курашиб келади. Гуруҳ аъзолари янги келишув тафсилотларини муҳокама қилиш учун 1-2 июл кунлари Венада учрашади.

Россия ва Саудия Арабистонидан ҳам кўп нефть ишлаб чиқарувчи АҚШ OPEC гуруҳининг аъзоси эмас.

2019 йилнинг бошидан бери Брент хом нефти нархи 25 фоизга кўтарилди.

Аммо Reuters агентлиги ўтказган сўровнома глобал иқтисод секинлаб борар экан, нефть нархлари тушиши мумкинлигини кўрсатди.

Россия OPEC аъзоси бўлмаса-да, кейинги йилларда ушбу картелдаги таъсирини ошириб келади.

Қатарда Толибон билан тинчлик музокараларининг еттинчи раунди бошланди

Толибон вакиллари

Қатарда АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ва Толибон вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раунди бошланди.

Толибон матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид 29 июнь куни Twitterда АҚШ вакиллари ҳамда “Ислом Амирлиги гуруҳи” ўртасидаги музокараларнинг еттинчи раунди бошлангани ҳақида ёзди.

Музокаралар бошланган кунда толиблар Афғонистон шимолида камида 26 нафар ҳукумат жангчисини ўлдирди.

Жангарилар Бағлон вилоятида хавфсизлик пунктларига ҳужум қилган. Толибон матбуот котиби 28 нафар жангчи ўлдирилгани, 12 нафари эса жароҳат олганини билдирди. Вилоят полицияси рамийси эса 26 жангчи ҳалок бўлганини айтди.

Мудофаа вазирлиги расмийси ушбу ҳужум Толибон зўравонлик позицияси билан музокара ўтказиш ниятида эканлигидан дарак беришини таъкидлади.

Афғонистондаги 18 йиллик урушга барҳам бериш мақсадида ўтказилаётган музокараларда Толибон вакилларига Мулла Абдул Ғани Барадар етакчилик қилиб келади. Барадар Мулла Муҳаммад Умар билан Толибон ҳаракатига асос солган.

Доҳа музокаралари давомида Афғонистондан хорижлик қўшинларни олиб чиқиб кетиш санаси ҳамда Толибон томонидан Афғонистон ҳудудида ҳужумлар уюштиришни бас қилиш ваъдаси муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Толибон Кобулдаги ҳукуматни Ғарб давлатлари “қўғирчоғи” деб атаб, Афғонистон расмийлари билан музокара олиб боришдан бош тортиб келади.

Европа давлатларида рекорд жазирама қайд этилди

Франция ва Испанияда июнь ойидаги энг иссиқ ҳарорат қайд этилди.

Ушбу давлатларда ҳаво ҳарорати 40 даражадан кўтарилди.

Германия, Полша ва Чехияда ҳам аҳоли ушбу ҳафта мисли кўрилмаган жазирамани бошдан кечирди.

Метеорологлар минтақага иссиқ ҳаво Шимолий Африкадан кириб келаётгани айтишмоқда

Франция ва Испанияда ҳукумат иссиқ ҳаво туфайли айрим ҳудудларда ўрмон ёнғинлари юзага келиши эҳтимолидан аҳолини огоҳлантирган.

Трамп кутилмаганда Ким Чен Инга учрашув таклиф этди

АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп кутилмагандан Пхенян раҳбари Ким Чен Инга Шимолий ва Жанубий Корея чегарасида учрашишни таклиф этди.

"Агар Ким истаса мен у билан қўл сиқиб кўришиш ва унга салом айтиш учун демилитаризация ҳудудида учрашаман", дея Twitter'даги саҳифаси орқали маълум қилди Трамп шанба куни эрталаб.

New York Times нашрига кўра, бу таклиф Трамп маслаҳатчилари учун ҳам кутилмаган холат бўлган..

Трамп Японияда ўтаётган G20 саммитидан сўнг Жанубий Кореяга сафар қилишни режалаган.

Трамп ва Ким Чен Ин сўнгги бор шу йилнинг феврал ойида учрашишган, ва музокаралар барбод бўлган эди.

Ханойда ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин режалаштирилган Трамп ва Кимнинг биргаликда тушлиги бекор қилинганди. Трамп ва Ким Чен Ин музокаралар ўтказилган жойни тарк этишганди.

Ҳозирча Трампнинг сўнгги таклифига Шимолий Корея томони муносабат билдирмади.

Россиянинг Иркутск вилоятига келган селда икки киши ҳалок бўлди

Иркутск вилоятидаги кўплаб қишлоқларни сув босди

Россиянинг Сибирь минтақасида кучли ёғингарчиликдан пайдо бўлган сел натижасида икки одам ҳалок бўлди, дея хабар берди маҳаллий расмийлар.

Иркутск вилоятининг уч туманида бир неча кун давомида тинимсиз ёққан кучли ёмғир ортидан вилоятда 27 июнь куни фавқулодда вазият эълон қилинди.

Иркутск вилояти маъмуриятининг 28 июнь куни маълум қилишича, Тулунск тумани Евдокимовка қишлоғида расмийларнинг эвакуация ҳақидаги буйруғига бўйсунмаган эр-хотин ўтган тунда ҳалок бўлган.

Reuters: Ғарб махсус хизматлари хакерлари “Яндекс”га ҳужум уюштирди

Reuters агентлиги ғарб махсус хизматлари билан алоқада бўлган хакерлар Россиянинг “Яндекс” интернет -сервисига ўтган йилнинг кузида ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

27 июнда тарқатилган хабарда айтилишича, хакерлар “Яндекс” фойдаланувчилари маълумотларини кузатиб борувчи жосуслик дастурини сиздирганлар.

Манбаларга кўра, хакерлар сервиснинг фойдаланувчиларни авторизация қилувчи тизими ҳақида техник маълумотларни қўлга киритмоқчи бўлганлар.

"Яндекс" расмий вакили Reuters агентлигига сервисга қилинган ҳужум ўз вақтида ҳозиржавоблик билан қайтарилганини ва фойдаланувчиларга таҳдид мавжуд эмаслигини билдирди.

Агентликнинг уч нафар манбаси хакерлар Regin дастуридан фойдаланганини билдирган.

“Мазкур дастур АҚШ, Британия, Австралия, Янги Зеландия ва Канада махсус хизматлари томонидан хакерлик ҳужумларида қўлланилади”, деб ёзди Reuters.

Бу мамлакат Миллий хавфсизлик вакиллари агентликка маълумот беришдан бош тортганлар.

Атамбаев амалдаги президент Жээнбеков ҳокимиятини тан олмаслигини билдирди (ФОТО, ВИДЕО)

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев 27 июнь куни парламент унинг собиқ президент мақомини бекор қилганини шарҳлар экан, амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков ҳокимиятини тан олмаслигини билдирди. Унга кўра, Жээнбеков ҳукумати ҳуқуқий майдондан чиқиб кетган.

-Биз бир йил аввал ҳуқуқий майдондан чиқиб бўлдик ва амалдаги ҳукумат ҳукмронлиги даврида бу ҳуқуқий майдонга қайта олмаймиз. Чунки бу ҳукумат ўз одамларини ҳимоя қилишни билган ҳолда, ўзига қаршилик қилганларни қамаш билан шуғулланмоқда,-деди Алмазбек Атамбаев.

Парламент қарори Алмазбек Атамбаевни жиноий жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

Қирғизистон парламенти махсус комиссияси 18 июнь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 6 айблов бўйича айбдор деб топган ва 20 июнда парламент бу айбловлар нақадар асосли эканини ўрганиб чиқишни Бош прокуратурага топширган эди.

Парламент Атамбаевни ўз сиёсатига қарши чиққан фаоллар ва журналистларга босим кўрсатганликда ва қатор коррупциявий ҳаракатларда гумонламоқда.

Прокуратура 27 июнда депутатларнинг гумонлари тасдиқланганини билдиргани ортидан парламент Атамбаевнинг экс-президент мақомини бекор қилган.

Арисликлар Чимкентда норозилик намойиши ўтказди (ВИДЕО)

Чимкентда 27 июнь куни ўтган намойиш иштирокчилари.

Чимкентга эвакуация қилинган арисликлар 27 июнь куни Туркистон вилояти марказининг асосий кўчасини тўсиб қўйди.

Норозилар ҳукуматдан ўзларини ҳарбий омборхоналар жойлашган Арис шаҳрига қайтармасликни ва бошқа ҳудудлардан уй берилишини талаб қилмоқдалар.

Арисда 2009 йилдан бери бир неча марта портлашлар юз бериб, одамлар ҳалок бўлган эди.

Норозилар билан учрашган Туркистон вилояти ҳокими Умурзоқ Шокеев Арис шаҳрини ҳарбий омборхоналардан тозалаб, ҳаёт учун хавфсиз шаҳарга айлантириш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берди.

Арис шаҳрида 24 июнь тонгида ҳарбий омборхонада ёнғин чиқиши оқибатида содир бўлган портлашларда уч киши ҳалок бўлгани ва 80дан ортиқ одам яралангани маълум қилинди.

Японияда "Катта йигирматалик" саммити бошланмоқда

Япониянинг Осака шаҳрида саммитга келганларни кутиб олиш маросими.

Япониянинг Осака шаҳрида 28 июнь куни “Катта йигирматалик” - G20 саммити бошланди.

Икки кун давом этадиган тадбирда АҚШ, Россия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Мексика каби дунёнинг йирик 20та давлати раҳбарлари иштирок этади.

Саммит доирасида жума куни Россия ва АҚШ президентларининг учрашувлари ҳам назарда тутилган.

Дональд Трамп саммитга жўнаб кетиш арафасида Оқ Уйда журналистларга берган суҳбатида Владимир Путин билан учрашиш ниятидан воз кечмаганини билдирди:

-Президент Владимир Путин билан менинг ўртамда жуда яхши мулоқот бўлади. Унга нима демоқчи эканимни ўзим биламан, бу сизнинг ишингиз эмас,-деди Трамп.

Россия президенти вакили аввалроқ мазкур учрашувда томонлар стратегик барқарорлик ва минтақалардаги конфликтларни муҳокама қилишини билдирган.

Трамп ва Путин ўртасидаги биринчи тўлиқ форматдаги учрашув 2018 йилнинг июлида Хельсинкида бўлиб ўтган эди.

Халқаро жиноят суди Мьянмада мусулмонлар қирғин қилинганини ўрганади

Мьянмадан қочаётган роҳинжа мусулмон оиласи.

Қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган Халқаро жиноят суди Мьянмада роҳинжа мусулмонлар вазияти билан боғлиқ гумонларни ўрганиш учун Учинчи палатани ташкил қилди.

Энди Учинчи палата судьялари Халқаро жиноят суди прокурорига роҳинжа мусулмонлари юзасидан тўлақонли тергов ўтказишга топшириқ бериш масаласини ҳал қилишлари лозим. Прокурор Фата Бенсуда бу борада огоҳлантирилди.

2017 йилнинг августида «Аракан роҳинжаларини қутқариш армияси» қуролли гуруҳи Мьянма ҳарбийларига ҳужуми қилган эди. Бунга жавобан ҳукумат қўшинлари Ракхайн вилоятида ҳарбий амалиёт ўтказиб кўплаб мусулмонларни қатлиом қилган. 750 минг роҳинжа мусулмон уйларини ташлаб Бангладешга қочишга мажбур бўлган эди.

Мьянма ҳукумати 2019 йил 21 июндан бошлаб Ракхайн вилоятида яшайдиган бир миллиондан кўпроқ мусулмонларни интернетдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

БМТ роҳинжа мусулмонларга интернетга кириш тақиқлаб қўйилганини “минтақада инсон ҳуқуқлари қўпол бузилаётганини яшириш ҳаракати” сифатида баҳолади.

2017 йилнинг августида Мьянмада ҳарбийлар роҳинжа мусулмонлар қарши уюштирган қирғинни БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи “этник тозалаш”, деб баҳолаган.

Брейк-данс, серфинг, чўққига кўтарилиш ва скейтбординг Олимпия ўйинлари дастурига киритилади

Брейк-дансерлар.

Халқаро олимпия қўмитаси Парижда 2024 йилда ўтадиган Ёзги Олимпия ўйинлари дастурига брейк-данс, серфинг, чўққига кўтарилиш ва скейтбордингни киритиш тўғрисидаги дастлабки қарорни қабул қилди.

Якуний қарор 2020 йилнинг декабрида ўтадиган навбатдаги йиғилишда қабул қилинади.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахга кўра, мазкур спорт турлари Олимпия ҳаракатини ривожлантириш дастури талабларига тўла жавоб беради.

“Бу спорт турлари гендер балансига эга, кўпроқ шаҳарликларга оид ва ёш авлод билан мулоқотни ушлаб туради”, деди Томас Бах.

Брейк-данс мусобақалари 2018 йилда Аргентинада ўтган Ёшлар Олимпиадаси дастурига киритилган эди.

Арисдаги портлашлар пайтида 350 одам бедарак йўқолгани расман инкор этилди

Арисда 80га яқин одам яралангани айтилмоқда.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Арис шаҳрида 350 одам бедарак йўқолгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эканини билдирди.

«Ҳодисанинг биринчи куни мана шундай хабар пайдо бўлган эди. Аммо бу хабар икки марта асосли равишда расман инкор этилди. Шаҳарнинг барча аҳолиси эвакуация қилинган ва уларнинг шахси аниқланган. Бедарак йўқолганлар йўқ», дейилади расмий баёнотда.

Арис шаҳридаги портлашлар оқибатида уч киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Улардан икки нафари ҳарбий, бир нафари маҳаллий аҳоли вакилидир.

43 минг киши яшайдиган шаҳардан 41 минг киши эвакуация қилинди. Улар Шимкентдаги мактаб ва масжидларга жойлаштирилди. Расмийлар ҳозирча шаҳарга қайтиш хавфли эканини, портлашлар такрорланиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада 24 июнь тонгида чиққан ёнғин оқибатида снарядлар портлай бошлаган эди.

Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ёнғин сабаби ҳозирча аниқланмаганини айтди.

Грузия парламенти намойишларни уюштирган мухолифатчини прокуратурага топширди

Ника Мелия.

Грузия парламенти мухолифатдаги Ягона миллий ҳаракат партияси лидери Ника Мелиянинг депутатлик даҳлсизлигини бекор қилди ва Бош прокуратурага уни қўлга олиш учун рухсат берди.

Ника Мелия 20 июнда Тбилисида намойишлар пайтида иғво қилиб, тартибсизликларни келтириб чиқарганликда айбланмоқда. Мелия прокуратуранинг бу баёнотини ва айбловни “абсурд” деб атади.

Етти кундан бери тўхтамаётган намойишлар 20 июнь куни Тбилисида ўтган Православ парламентлараро анжуманида Россия депутати Сергей Гаврилов ташкилот раиси сифатида Грузия парламенти раиси ўрнида ўтириб сўзлагани ортидан бошланиб кетган эди.

21 июнь куни Грузия парламенти раиси Ираклий Кобахидзе истеъфо берган. Аммо норозилар 20 июндаги митингни бостириш чоғида намойишчиларга куч ишлатгани учун ички ишлар вазири истеъфо беришини ҳамда қўлга олинганлар озод этилишини талаб қилмоқда.

АҚШ ва Россия президентлари G20 саммити доирасида учрашади

АҚШ ва Россия президентлари G20 гуруҳининг 2018 йилги саммити доирасида ҳам учрашган эди.

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин Япониянинг Осака шаҳрида ўтадиган тараққий қилган Йигирмалик саммити доирасида 28 июнь куни учрашади.

Бу ҳақда Путин ëрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Кремль расмийсига кўра¸ иккала президент АҚШ ва Россия муносабатларининг ҳозирги аҳволи¸ стратегик барқарорлик ва Сурия¸ Корея ярим ороли¸ Афғонистон¸ Украина¸ Венесуэладаги минтақавий можаролар ҳамда Эрон ядровий дастури билан боғлиқ масалаларда фикр алмашади.


Ушаков баëноти арафасида Оқ уй маъмурияти Трампнинг Осака саммити доирасида қатор президентлар¸ хусусан¸ Путин билан ҳам хусусий суҳбат ўтказишини билдирган эди.

АҚШ разведкаси ва ҳуқуқ тизимлари томонидан Трамп президентликка сайланган 2016 йилги сайловларга фаол аралашганликда айбланган Кремль раҳбарияти билан Вашингтон муносабатлари¸ Оқ уйга кўра¸ «ҳозирда ëмон аҳволда» қолмоқда.

Эрон олий руҳонийси АҚШ санкция ва “ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий

Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз мамлакати АҚШнинг “шафқатсиз санкциялари ва ҳақоратлари”га бўйин эгмаслигини билдирди.

Хоманаий расмий сайтида эълон қилинган бу баëнот АҚШ президенти 24 июнь куни Эрон раҳбарияти¸ хусусан¸ оятуллоҳ Хоманаий бойликларини нишонга олувчи кескин санкциялар жорий қилганига жавоб сифатида пайдо бўлди.

25 июнь куни янада кучайган сўз урушида Эрон раҳнамоси Оқ уйдагиларни “руҳий касаллар” деб атаган бўлса¸ Трамп¸ Эрон АҚШга бирор шаклда зиëн етказишга уринса¸ “мамлакатни ер юзидан йўқ қилиб юбориш” билан таҳдид қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний эса¸ Трамп маъмуриятининг Теҳрон раҳбарларига қарши ҳаракатини “ахмоқона” деб атади.

Эрон ҳукумати АҚШ билан кескинлик ошиб бораëтган бир пайтда¸ 27 июндан бошлаб уранни тўйинтириш ишларини тезлатишини билдирди.

АҚШ махсус тергов гуруҳи раҳбари Роберт Мюллер Конгресс эшитувларида қатнашишини билдирди

Роберт Мюллер АҚШ Федерал тергов бюросининг собиқ директори.

Россиянинг АҚШдаги сўнгги президентлик сайловига аралашуви ва Трамп сайловолди кампаниясининг Россия билан ҳамкорлик қилган-қилмаганини тергов қилган махсус гуруҳ раҳбари Роберт Мюллер Конгрессда кўрсатма беради.

Мюллер 17 июль куни мухолиф демократлар назоратидаги Конгресснинг Суд ва разведка ишлари қўмитаси аъзолари саволларига жавоб беради ва бу эшитувлар жамоатчиликка бевосита кўрсатилади.

Конгрессдаги икки қўмита намояндалари Мюллернинг эшитувларда қатнашиш ҳақида юборилган расмий сўровни қондиришга тайëрлигини билдирганини айтди.

Мюллер раҳбарлик қилган махсус тергов гуруҳи ўз хулосасини икки ой аввал Адлия вазирлигига тақдим қилган эди.

Бу ҳисоботнинг жамоатчиликка тақдим этилган қисқартирилган қисмида Россиянинг АҚШ сайловига муттасил аралашиш уринишлари тасдиқлангани ҳолда¸ Трамп кампанияси ва Россия ҳукуматининг бу жараëнда ҳамкорлик қилгани исботини топмагани айтилган.

Айни пайтда Мюллер¸ Трампнинг бу терговда ҳақиқат қарор топишига халал берган-бермагани ҳақида аниқ хулоса чиқаришдан бош тортган ва бу ишни конституцияга кўра¸ Конгрессга қолдирган эди.

Мухолиф демократлар Трампни айни шу ишда айбламоқда ва ҳақиқат қарор топишига халақит бериш¸ АҚШ конституциясига кўра¸ президентга нисбатан импичмент (ҳокимиятдан четлатиш) жараëнини бошлашга асос бўлади.

Президент Трамп Мюллернинг Конгресс қўмитаси олдида ҳисоб бериш эҳтимолига эътироз билдириб келмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG