Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2019, Тошкент вақти: 22:49

Халқаро янгиликлар

Теҳрон АҚШ Эрон ташқи ишлар вазирига қарши санкция жорий қилганини кескин қоралади

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф

Теҳрон Вашингтоннинг Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифга қарши санкция жорий қилганини “ёш болаларга хос бемаъни қадам" дея кескин қоралади.

1 август куни – Вашингтон Зарифга қарши молиявий санкция жорий қилганидан кейин бир кун ўтиб – Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Вашингтоннинг бу қарори АҚШ Зарифдан “қўрқишини” кўрсатишини айтди.

- Улар ёш болага ўхшаб иш тутишяпти. Ҳар кун қўнғироқ қилиб, гаплашишни хоҳлаймиз, дейишаётган эди, аммо кейин ташқи ишлар вазирига қарши санкция жорий қилишди, Душманларимиз шунчалик ожиз-ки, улар ақл билан чора кўриш ва фикрлаш қобилиятидан ажралиб қолишди,- деди президент.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2015 йилда Вашингтон Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Трамп Путинга Сибирдаги ўрмон ёнғинларига қарши курашда ёрдам таклиф қилди

Саха-Ёқутистон ўрмонларидаги ёнғин. 2019, 30 июль.

АҚШ президенти Дональд Трамп Россияга Сибирдаги ўрмон ёнғинларига қарши курашда ёрдам таклиф қилди. Кремлнинг маълум қилишича, Трамп бу таклифни президент Владимир Путинга телефон орқали қилган.

Путин эса “чин юракдан мамнуният” изҳор қилиб, вазият талаб қилса, ёрдам таклифини қабул қилишини айтган.

Бир неча кун олдин Сибирда бошланган ёнғинлар йирик ҳудудга тарқалиб кетди, натижада минглаб одам эвакуация қилинди. Россия расмийлари Сибирнинг беш ҳудудида фавқулодда вазият жорий қилиб, армияни сафарбар қилди.

Путин Трамп таклифи бир кун келиб АҚШ ва Россия ўзаро муносабатларини яхшилай олишини кўрсатишини таъкидлади. Икки етакчи телефон орқали сўзлашишга ва шахсан учрашишга келишиб олган.

Кремль 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаганидан кейин, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескин совиб кетган.

Москвада намойишларда қатнашганларнинг уйи тинтув қилиняпти

Сентябрга белгиланган Москва шаҳар Думаси сайловига ўз номзодини кўрсатишга уринаётган мухолифатчи Любовь Соболь штабида имзо тўпловчиларга йўл-йўриқ кўрсатиб келаётган Алексей Миняйло уйини полиция тинтув қилди.

Бу ҳақда хабар қилган “ОВД-Инфо” мустақил нашрига кўра, полиция Миняйло уйини 1 август куни тинтув қилган. Тинтув расмийлар рухсат бермаган 27 июль кунги норозилик намойишлари тергови билан боғлиқ эканлиги айтилмоқда. Норозилик намойишига либерал сиёсат фаолларининг Москва шаҳар кенгашига бўлиб ўтадиган сайловга номзод кўрсатиши билан боғлиқ муаммолар туртки берди. Намойиш вақтида “Путинсиз Россия!” ва “Россия озод бўлади!” сингари шиорлар янгради.

Россия пойтахтидаги норозилик намойиши вақтида 1400 га яқин киши ҳибсга олинди.

Намойишлар бўйича тергов 30 июль куни очилган. Россия Жиноят кодексида кўрсатилган “оммавий тартибсизлик келтириб чиқариш” жинояти учун 15 йилгача қамалиш мумкин.

Намойишларда қатнашганлар уйига 31 июль куни полиция бора бошлади. Уйига полиция ходимлари борганлар орасида “Сўл блок” етакчиси Василий Кузьмин ҳамда “Агора” инсон ҳуқуқлари ҳимоя гуруҳи етакчиси Павел Чиковлар бор. Чиковнинг сўзларига кўра, полиция уйи тинтув қилинган шахслардан яна норозилик намойишида иштирок этса, жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги ҳужжатни имзолашни сўрамоқда.

Пекин расмийлари “ҳалол”га қарши кураш бошлади

Пекиндаги масжидлардан бири.

Пекин расмийлари пойтахтдаги ҳалол ресторан ва дўкон эгаларига арабча ёзув ва Ислом динига оид рамзлардан фойдаланишни тақиқламоқда.

Пекинда ҳалол маҳсулотлар билан савдо қиладиган 11 дўкон ва рестораннинг Reuters агентлиги мухбири билан суҳбатлашган ходимлари амалдорлар ўзларига ҳилол каби рамзлар ва араб тилидаги “ҳалол” ёзувларини олиб ташлашни буюрганини айтганлар.

Исми ошкор қилинишини истамаган менежерлардан бирига кўра, хитойлик амалдорлар исломий рамз ва ёзувлар ёт маданият эканини, дўкондорлар кўпроқ Хитой маданияти намуналаридан фойдаланиши лозимлигини урғулаганлар. Шу боис айрим дўкондорлар ўз муассасаларидаги арабча “ҳалол” ёзувини хитойча “цин цзэнь” сўзига алмаштиришга мажбур бўлишган.

Пекин ҳукуматининг миллий ва диний масалалар қўмитаси ҳалол ресторанларга оид буйруқ умуммиллий директива эканини айтиб, бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Араб ёзуви ва исломий рамзларга қарши кампания Хитойда мусулмонларга қарши 2016 йилдан бери авж олиб келаётган босимнинг янги босқичи ўлароқ кўрилмоқда.

Кампания бутун мамлакат бўйлаб Яқин Шарқ услубида барпо этилган масжид қуббаларини йиқиб, улар ўрнига хитойча пагодаларни тиклашни ўз ичига олган.

20 миллион мусулмон истиқомат қиладиган Хитойда дин эркинлиги қонунлар билан кафолатланган, бироқ ҳукумат диндорларнинг амалларини Коммунистик партия мафкурасига мослаштиришга уриниб келади.

Хитойда Исломга эътиқод қилувчиларгина эмас, насронийлар ва бошқа дин вакиллари ҳам таъқибга учраб туради. Бироқ 2009 йили Шинжонда уйғурлар ва ханлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлардан кейин бу мамлакатда мусулмонларга нисбатан таъқиб-тазйиқ кучайиб кетган.

Шинжондаги тартибсизликлардан сўнг Пекин “террорчиликка қарши кураш”ни авж олдирди. Хитойда мусулмонларга нисбатан босимнинг кучайиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлди.

БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси ўтган йили Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерлари”га юборилаётгани ва бунинг халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига зидлигини билдирган. Бироқ Пекин Шинжондаги ўз фаолияти диний экстремизмни бартараф қилишга қаратилганини иддао қилиб келади.

Қирғизистонда Путинни “қотил" ва "агрессор" деган фаолларга қарши жиноят иши тўхтатилди

Қирғизистонлик фаоллар Нурлан Қаримшақов ва Гулзана Имаева Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси олдидаги пикетда, 2019 йил 27 марти.

Қирғизистон милицияси жамоатчилик фаоллари – эр-хотин Нурлан Қаримшақов ва Гулзана Имаевага нисбатан очилган жиноят ишини тўхтатди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига фаолларнинг адвокати Замир Жўўшев маълум қилган.

Қаримшақов ва Имаева шу йилнинг 27 март куни, яъни Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифидан бир кун аввал РФнинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида пикетга чиққандилар. Пикет чоғида эр-хотин қўлларида "Путин агрессор, қотил" ва "Иссиқкўлда Путиннинг торпедаларига ўрин йўқ" деб ёзилган плакатларни кўтариб турганлар.

Тез орада фаоллар милиция томонидан ушланган ва уларнинг хонадонида тинтув ўтказилган. Кейин эса Қаримшақов ва Имаевага нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 313-моддаси 2-қисми ("Ирқий, этник, миллий, диний ёки минтақалараро нифоқ қўзғатиш") бўйича иш очилган.Уларга нисбатан судга қадар тергов ишлари олиб борилаётган эди.

Адвокат Замир Жўўшевга кўра, психолого-лингвистик экспертиза хулосалари асосида терговчи фаолларга нисбатан очилган жиноят ишини тўхтатишга қарор қилган.

Душанбеда хот-догдан заҳарланган 18 киши шифохонага ётқизилди

Тожикистон пойтахтидаги Юқумли касалликлар шифохонасига 28 июль куни “Мақсад” тез овқатланиш нуқтасида хот-дог истеъмол қилган 18 киши ётқизилган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, шифокорлар бу одамларнинг барчасига ичак бузилиши ташхиси қўйганлар. Икки кун мобайнида хасталардан 4 нафарига уйга кетишга рухсат берилган, қолган 14 киши ҳали ҳам шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Душанбенинг Сино туманидаги давлат Эпидемиология назорат хизмати вакили Мухиддин Гулаевга кўра, ҳодиса ортидан “Мақсад” овқатланиш нуқтаси ёпиб қўйилган, ундаги маҳсулотлар экспертиза учун юборилган.

Ашхобод дўконларида моғор босган ун сотилмоқда

Иллюстратив сурат.

Туркманистон пойтахтида яшовчилар давлат дўконларида аҳолига сотилаётган ун сифатидан шикоят қилаяптилар. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар тарқатди.

“Қўшним давлат дўконидан 50 килограммлик қопда ун сотиб олди. Улар қопни очишганида ёқимсиз ҳид тарқалган ва ун тупроқдек қорайиб кетган эди. Улар унни қайтариб дўконга олиб боришган, аммо сотувчилар қопни қайтариб олишмаган”, дейди Озодликнинг Ашхободдаги мухбири.

Туркманистонда давлат дўконларида ун хусусий дўконларга нисбатан арзонроқ сотилади. 50 килограммлик бир қоп унни давлат томонидан белгиланган нарх - 50 манатга (тақрибан 14 АҚШ доллари) сотиб олиш мумкин.

Озодлик мухбирига кўра, дўкон пештахталарига сифатли оқ ун қўйилган, одамларга эса қопда кулранг ва ҳидли ун сотилмоқда. Унинг аниқлашича, пойтахтдаги давлат дўконларида сотилаётган сифатсиз ун “Туркменгаллаонумлери” давлат компаниясига тегишли Ашхобод ун комбинатида ишлаб чиқарилади. Комбинат вакиллари ахолининг сифатсиз маҳсулотлар борасидаги шикоятлари юзасидан ҳеч бир изоҳ бермаганлар.

Украинада Кремль пропагандасига қарши туриш учун рус тилидаги телеканал ишга туширилади

Украина ўз кўрсатувларини рус тилида бутун жаҳон бўйлаб намойиш қиладиган телеканални ишга туширишни режаламоқда. Унинг вазифаларидан бири айирмачилар назоратидаги Шарқий Украина ҳудудларини қамраб олаётган Россия давлат ОАВларига қарши туришдир, дея билдирди Украина президенти идорасининг раҳбар ўринбосари Кирилл Тимошенко 29 июль куни.

Украинанинг янги президенти Володимир Зеленский сайловолди кампанияси чоғида ҳукумат кучлари ва Россия томонидан дастакланаётган айирмачилар ўртасидаги зиддиятга барҳам беришини ваъда қилганди.

Қрим аннексия қилинганидан ва Украина шарқида Россия айирмачиларни дастаклай бошлаганидан бери ўтган 5 йил ичида содир бўлган тўқнашувларда 13 мингдан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.

Кирилл Тимошенкога кўра, Украина ишғол этилган Донбасс ва Қрим ҳудудларидаги одамлар хайрихоҳлигини қозониш йўлида олиб борилган ахборот урушини деярли бой бериб бўлган. Бироқ, мулозим фикрича, “ҳали ҳам вазиятни ўзгартириш учун имкон бор”.

“Биз Украинанинг рус тилида фаолият юритадиган каналини очиш вариантини ишлаб чиқдик. Бу канал ёрдамида биз бутун дунёдаги русийзабон аҳолини қамраб олишимиз мумкин”, дея билдирди К.Тимошенко “Интерфакс-Украина” агентлигига берган суҳбатида.

Унинг фикрича, мазкур телеканал давлатга қарашли бўлиши лозим, лекин ахборотни у Украинадаги хусусий каналлардан олади.

Афғонистон: Фараҳдаги портлаш оқибатида 28 одам ўлди

Иллюстратив сурат.

Афғонистоннинг Фараҳ вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида камида 28 нафар тинч аҳоли вакили – автобус йўловчилари нобуд бўлди. Ўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор.

31 июль куни эрталаб содир бўлган ҳодиса чоғида яна 10 киши тан жароҳати олган. Маҳаллий расмийлар қурбонлар сони ортиши мумкинлигини айтмоқда.

Ҳужум учун масъулиятини ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ ҳодиса содир бўлган жойда “Толибон” жангарилари фаол ҳаракат. Йўл четига ўрнатилган бомбалардан улар давлат амалдорлари ва куч ишлатар тузилмалар ходимларига қарши ҳужумларда фойдаланадилар.

БМТ: 2018 йили қуролли тўқнашувларда 12 мингдан зиёд бола нобуд бўлди ва жароҳатланди

Иллюстратив сурат.

2018 йили содир бўлган қуролли тўқнашувларда 12000 дан зиёд бола ҳаётдан кўз юмди ёки тан жароҳати олди. Бу эса аввалги йилларга солиштирганда энг ёмон кўрсаткичдир. Бу ҳақда БМТнинг қуролли тўқнашувлар шароитида болаларнинг аҳволи хусусида 30 июль куни ёйинланган ҳисоботида айтилади.

Жабрланганлар сони бўйича Афғонистон, Фаластин, Сурия ва Яман каби мамлакатлар рўйхат бошида келади.

БМТ кузатувчилари вояга етмаганларга қарши 24 мингта “оғир ҳуқуқбузарлик”ни қайд этганлар. Улар орасида аскарларнинг болалардан фойдаланиши, жинсий зўравонлик, бола ўғирлаш, мактаб ва касалхоналарга ҳужум кабилар бор.

Покистондаги портлашда тўрт киши нобуд бўлди

Покистон жанубий-шарқидаги Кветта шаҳрида 30 июль куни содир бўлган портлаш тўрт киши умрига зомин бўлди. Қурбонлардан бири аёл, икки нафари бола экани айтилмоқда.

Портлаш чоғида яна 25 киши тан жароҳати олган. Маҳаллий полиция вакили Бахат Ачақзай портлаш ҳадафи полиция машинаси бўлганини билдирди.

Ҳодиса учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ.

БМТ Тожикистонни инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар ўтказишга чақирди

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси Тожикистонда инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан ташвиш билдирди ва мамлакат расмийларини вазиятни ўнглаш учун ошиғич чоралар кўришга чақирди.

БМТ экспертлари томонидан ёйинланган 12 саҳифали ҳисоботда президентнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақоратлаганлик учун жазони кўзда тутувчи қонунлардан тортиб ўсмирларнинг масжидга қатнашини тақиқлаш ва жинсий озчиликларнинг ҳуқуқларини бузиш каби муаммоларга эътибор қаратилади.

БМТ экспертлари, тожик расмийларининг коррупцияга қарши кураш борасида кўраётган чораларига қарамай, бу муаммо оммавий тус олиб бораётганини урғулайдилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Қўмитаси Тожикистонда иқрорлик кўрсатмасини олиш учун қийноқ қўллаш амалиёти давом этаётгани юзасидан ҳам хавотир билдирган.

БМТ вакиллари мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳам урғулаганлар. Экспертлар тожик расмийларига хабар сайтларини блоклаш амалиётидан воз кечишни, оилавий зўравонликка қарши курашни кучайтиришни ҳам тавсия этганлар.

106 миллион банк мижози шахсий маълумотини ўғирлаганликда гумонланаëтган ҳакер қўлга олинди

Capital One банки бош қароргоҳи.

АҚШ Федерал тергов бюроси мамлакатдаги Capital One банкининг 106 миллион мижозига оид шахсий маълумотларни ўғирлаганликда гумонланаëтган Пейж Томпсонни ҳибсга олди.

Компьютер муҳандиси экани айтилаëтган шахс¸ The Seattle Times газетасининг ëзишича¸ 14 йил мобайнида кредит картага мурожаат қилган америкалик ва канадаликларга оид маълумотни ўғирлаганликда гумонламоқда.

Ўғирланган маълумотлар орасида банк мижозининг исми-шарифи¸ яшаш манзили¸ телефон номерлари¸ кредит рейтинги¸ тўлов баланси ва ижтимоий суғурта рақамлари бор.

Ҳибсга олинган пайтида Томпсон¸ маълумот сақлаш виртуал марказида¸ унгача эса Amazon ширкатида ишлаган.

Иккинчи хотинини ўлдирган Теҳрон собиқ ҳокими ўлимга ҳукм этилди

Муҳаммад Али Нажафий (ўртада) суд залида.

Эрон адлия тизими расмийларининг 30 июль куни билдиришича¸ Теҳрон шаҳрининг собиқ ҳокими Муҳаммад Али Нажафий иккинчи хотинини отиб ўлдирганликда айбдор деб топилган ва ўлимга ҳукм этилган.

Нажафий¸ 28 май куни оилавий жанжал ортидан иккинчи хотини Митра Остадни уйида отиб ўлдириш ортидан жиноятига иқрор бўлиб¸ ўзи полицияга таслим бўлган.

Айтилишича¸ Эрон пойтахтининг собиқ мэри ҳукм устидан 20 кун ичида шикоят қилиши мумкин.

Эронда ўқотар қурол воситасидаги қотиллик кам учрайдиган ҳодиса. Айни пайтда¸ мамлакатда амал қиладиган шариат қонунларига кўра¸ кўпхотинлиликка рухсат бор.

Муҳаммад Али Нажафий ўтган йили ëш қизлар рақсга тушган тўйга боргани учун ашаддий диндорлар танқидига нишон бўлиши ортидан истеъфога чиққан эди.

Теҳрон ҳокими бўлгунга қадар Нажафий Эрон вице-президенти лавозимида ҳам ишлаган.

Дарё оқизиб кетган қирғизистонлик аскарнинг жасади Ўзбекистондан топилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Оқбулоқ дарёсида чўкиб кетган қирғизистонлик аскарнинг жасадини топиб, ватанига йўллашган. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, марҳум аскарнинг жасади Қирғизистон ҳудудида ҳам, Ўзбекистон ҳудудида ҳам 10 кун қидирилган. 19 июль куни дарё оқизиб кетган аскарнинг жасади воқеа жойидан 11 километр наридан топилгани айтилмоқда.

Ҳозирда тегишли экспертиза ва чора-тадбирлар олиб борилмоқда, дейилади Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида.

Покистонда учоқ қулаши оқибатида камида 17 киши нобуд бўлди

Равалпинди яқинидаги учоқ қулаган жой, Покистон, 2019 йил 30 июли.

Покистоннинг Равалпинди шаҳри яқинида 30 июль куни чоғроқ ҳарбий учоқ қулаши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий ҳарбийларга кўра, авиаҳалокатда қурбон бўлганларнинг 12 нафари тинч аҳоли вакили, 5 нафари эса ҳарбийдир. Учоқ қулаши натижасида, шунингдек, ўндан зиёд киши тан жароҳати олган. Расмийлар минтақада фавқулодда вазият эълон қилганлар.

Ярадорлардан айримларининг аҳволи оғир бўлгани учун қурбонлар сони янада ортиши мумкин. Авиаҳалокатга нима сабаб бўлгани ҳақида ҳали маълумот берилганича йўқ. Учоқ Мора Калу қишлоғи узра машқ парвозини амалга ошираётган пайтда қулагани айтилмоқда.

БМТ: Афғонистонда ўтган олти ой ичида 1300 дан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Афғонистонда 1300 нафардан кўпроқ тинч аҳоли вакили ўлдирилди, 2466 киши ярадор бўлди, дейилади Афғонистонга кўмак бериш бўйича БМТ миссиясининг (UNAMA) 30 июль куни тақдим этилган ҳисоботида.

Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонига оид маълумотлар АҚШ расмийларининг Афғонистонда қарийб 18 йилдан бери давом этиб келаётган урушни якунлашга уриниши қабатида ҳамда “Толибон” ҳаракати билан музокаралар нозик паллага кирган бир пайтда ёйинланди. Вашингтон Афғонистонда (сентябрь ойи охирига белгиланган) президент сайлови арафасида – 1 сентябрга қадар тинчлик битимига эришишни режаламоқда.

Афғонистонда ҳали-ҳамон уруш давом этаяпти, толиблар эса мамлакатнинг ярмига тенг ҳудудни ўз назорати остида тутиб турибдилар.

Қирғиз суди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга берилган умрбод қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди

Азимжон Асқаров.

Чуй вилоят суди 2010 йилдаги қонли воқеалар ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган 68 яшар Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш илтимосини қондирмади.

Асқаров иши мамлакат қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ортидан 30 июль куни судда қайта кўриб чиқилган. Азимжон Асқаровнинг ўзи маҳкамада қатнашмаган.

Унинг адвокати Валерьян Вахитов Асқаровни суддан озод қилишни сўраган. Бироқ айблов томони умрбод қамоққа ҳукм этилганлар ишлари қайта кўрилмаслигини билдирган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил сентябрида Ўш воқеаларига алоқадорликда айбланиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган. У тартибсизликлар уюштириш ҳамда милиция ходимининг ўлимига алоқадорликда айбланган. Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига урғу бериб келадилар.

2016 йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилган, аммо қирғиз суди ҳукмни ўзгартирмаган.

Асқаров ишига доир бугунги маҳкамада Британия, Германия, Швейцария элчихоналари, Human Rights Watch халқаро ташкилоти ҳамда БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакиллари кузатувчилик қилишди.

Британия Форс кўрфазига иккинчи ҳарбий кема юборганига Эрон эътироз билдирди

Эрон ҳукумати матбуот котиби Али Рабией

Буюк Британия Форс кўрфазига иккинчи ҳарбий кемани юборди. Аввалроқ расмий Теҳрон Британиянинг кўрфаздаги танкерларни Европа етакчилигидаги ҳарбий миссия ёрдамида ҳимоя қилишни йўлга қўйиш таклифини қоралаган эди.

Британия Мудофаа вазирлиги Ҳормуз бўғозидан ўтаётган Британия байроғи остида сузаётган кемаларни ҳимоялаш учун HMS Montrose кемасини юборган эди. Эндиликда HMS Duncan кемаси кўрфазга етиб борди.

Эрон ҳукумати матбуот котиби Али Рабией Британиянинг Форс кўрфазига Европа кемаларини юбориш режаси “душманлик руҳида” эканлигини таъкидлади.

Британия бундай чораларга 19 июль куни Эрон Британия танкерини қўлга олгани сабаб бўлганини айтмоқда.

Икки ҳафта олдин Британия расмийлари Гибралтар яқинида Эрон танкерини қўлга олди. Кема Европа Иттифоқи Сурияга қарши жорий қилган санкцияларни бузгани айтилмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео ҳам кўрфазга кўпроқ ҳарбий кема юборишга чорлаб келади.

Навальнийни даволаётган врач: Мижозимнинг заҳарлагангани эҳтимолдан холи эмас

Алексей Навальний

Москвада полиция “Коррупцияга қарши кураш” жамғармаси раҳбари Алексей Навальний ётқизилган қамоқ шифохонаси олдида тўпланган йигирмадан ошиқ одамни тарқатиб юбориб, бир журналистни қўлга олди.

Куни кеча маъмурий жазо ўтаётган Навальний “ўткир аллергик реакция” ташхиси қўйилиб, ҳибсхонадан шошилинч тарзда касалхонага ўтказилган эди. Навальнийнинг шахсий доктори мижози номаълум химикат билан заҳарлангани эҳтимолдан холи эмаслигини айтди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда полиция Навальний ётқизилган шифохона олдида тўпланган шахсларни тарқатаётганини кўриш мумкин.

Полиция, шунингдек, ҳодисани жонли эфирга узатиб турган “Дождь” журналистини қўлга олган.

Навальнийнинг врачи Анастасия Васильева у билан қисқа суҳбатлашганидан кейин, унга қўйилган “ўткир аллергик реакция” ташхисига ишонмаслигини, мижози аслида заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтди.

“Коррупцияга қарши кураш” жамғармаси матбуот котиби Кира Ярмишга кўра, кеча “[Навальний]нинг юзлари шишиб, териси қизариб кетган”.

Калифорниядаги отишмада 3 киши ўлди

АҚШнинг Калифорния штати Гилрой шаҳрида гастрономик фестивалда чиққан отишмада 3 киши нобуд бўлди, ўндан зиёд одам тан жароҳати олди. Бу ҳақда Associated press агентлиги шаҳар мэридан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Гувоҳларга кўра, Garlic Festival анжуманида чодирлардан бирида бўлган 20 яшар йигит атрофидаги одамларга қарата ўт очган.

Полиция ҳужумчини қидирмоқда ва ўт очганлар икки киши бўлганига оид маълумотни текширмоқда.

Кобулдаги ҳужумда камида 20 киши ҳалок бўлди

Кобулда Афғонистон вице-президенти лавозимига номзод Амрулла Солиҳ офисига 28 июль куни уюштирилган ҳужум чоғида камида 20 киши нобуд бўлди, 50 чоғли одам яраланди.

Reuters агентлиги хабарига кўра, Амрулла Солиҳнинг ўзи енгил жароҳат олган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 6 соат давом этган амалиёт чоғида 4 нафар жангари ўлдирилган ва 150 дан зиёд одам қутқарилган.

Ҳодиса Афғонистондаги президент сайлови ташвиқот кампаниясининг илк кунида содир бўлди. Ҳужум учун масъулиятни ҳали ҳеч бир гуруҳ зиммасига олганича йўқ.

Қирғизистонда собиқ бош вазир С. Исақов ҳимоясига митинг ўтказилади

С.Исақов ҳимоясига Қўчқор туманида тузилган штаб.

Қирғизистоннинг Норин вилояти Қўчқор туманида 29 июль куни собиқ бош вазир Сапар Исақов ҳимоясига митинг ўтказилади.

Қирғизистон социал-демократик партияси вакилларига кўра, митинг собиқ бош вазирнинг туғилган куни муносабати билан бўлиб ўтади.

Аввалроқ Сапар Исақов туғилган Қўчқор туманидаги хусусий уйлардан бирида унинг ҳимоясига штаб очилгани ҳақида хабар қилинганди. У ерда собиқ бош вазирнинг тарафдорлари Исақовни озод этиш талаби билан имзо тўпламоқдалар.

Собиқ бош вазир Сапар Исақов 2018 йили қўлга олинган. Қирғизистоннинг собиқ президенти А. Атамбаевга энг яқин амалдорлардан бўлган С. Исақов Бишкек иссиқлик электр марказининг модернизация қилиниши ва Миллий тарих музейининг таъмирланишида коррупцияга йўл қўйганликда айбланмоқда. Мазкур жиноят ишлари бўйича маҳкама давом этмоқда.

Нигериядаги ҳужумда 65 киши нобуд бўлди

“Боко Ҳарам” жангарилари ҳужумига учраган қишлоқ.

Нигериянинг Борно штатида “Боко Ҳарам” радикал гуруҳи вакиллари дафн маросимидан қайтаётган одамларга ҳужум қилиб, 65 киши умрига зомин бўлишди. 27 июль кунги ҳужумда яна 11 киши тан жароҳати олгани айтилмоқда.

Ҳужумни қоралаган мамлакат президенти Муҳаммад Бухорий хавфсизлик чораларини кучайтиришга ваъда берган.

Сўнгги тўққиз йил ичида “Боко Ҳарам” радикал гуруҳи ҳужумлари туфайли Нигериянинг жанубий-шарқининг ўзида 20 мингдан зиёд одам қурбон бўлган, 2 миллион чоғли киши уй-жойини ташлаб кетган.

Тожикистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган 80 нафар афғонистонлик Кобулга топширилди

Тожикистон расмийлари мамлакат қамоқхоналарида жазо ўтаётган 80 нафар афғонистонликни Кобулга топширди.

Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси матбуот котиби Фаҳим Кухдомани Озодлик радиоси тожик хизматига Тожикистон қамоқхоналарида сақланаётган 80 нафар афғонистонликни топшириш маросими 28 июль куни эрталаб 4 да тожик-афғон чегарасининг “Панжи поён” назорат-ўтиш пунктида бошланган.

Афғон дипломатларига кўра, Тожикистоннинг жазони ўташ муассасаларида 90 дан зиёд афғонистонлик жазо ўтаётган эди. Уларнинг кўпчилиги наркотик контрабандаси ва афғон-тожик чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун қамалган. Кобулга топширилган маҳбуслар қолган жазо муддатини афғон қамоқхоналарида ўтайди.

Май ойида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Афғонистон ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббонийга Тожикистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган 80 нафар афғонистонликни Кобулга топширишга ваъда берган эди. Айни пайтда Душанбе расмийлари “ўта оғир жиноятлар учун қамалган, шу жумладан, террорчилик ҳаракатларини амалга оширган ёки тожик чегарачиларини яралаган контрабандачилар”ни Тожикистон қамоқхоналарида қолдиришга қарор қилганлар.

Июнь охирида Кобул Афғонистон қамоқхоналарида жазо ўтаётган тожикистонликларнинг сўнгги гуруҳини топширган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG