Линклар

Шошилинч хабар
12 ноябр 2019, Тошкент вақти: 01:32

Халқаро янгиликлар

Путин Википедияни Россия энциклопедиясига алмаштиришни таклиф қилмоқда

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Википедияни бошқа энциклопедия билан алмаштиришни таклиф қилди, дея хабар қилади РИА Новости агентлиги.

Путинга кўра, уни электрон шаклдаги “Россия катта энциклопедияси” билан алмаштириш мақсадга мувофиқроқ. Россия президенти “Россия катта энциклопедияси”даги маълумотлар Википедиядаги маълумотлардан кўра ҳаққонийроқ эканини иддао қилди.

Аввалроқ Россиянинг ўз “Википедия”сини яратиш учун 2020-2022 йилларда 1,7 млрд рубль (қарийб 27 млн доллар) ажратиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.

Википедия ҳар ким маълумот кирита оладиган очиқ энциклопедия бўлиб, шу кунгача унинг базасида 300 га яқин тилда (шу жумладан, ўзбек тилида) маълумотлар жамланган. Ўзбекча Википедияда шу кунда 133 мингга яқин мақола бор.

Москвада теракт уюштиришга уринганликда айбланган қирғизистонлик қўлга олинди

Москванинг Черёмушки суди қарори билан қирғизистонлик 30 ёшли Талант Ўнуров ҳибсга олинди. Тергов қўмитаси уни террор хуружи ҳозирлаганликда айбламоқда. Москва тергов қўмитаси вакиласи Юлия Ивановага кўра, Ўнуров айбини тан олган.

“Тергов маълумотига кўра, Қирғизистон Республикасидан бўлган шахс 2019 йил сентябрида террор хуружи содир этиш мақсадида пойтахт (Москва) ҳудудига келган. Бир ой давомида у ўзига шерик излаган, адабиётларни ўрганган, ўқув видеороликларини томоша қилган ҳамда номаълум шахсларга қарши қаратилган қонунга зид ҳаракатларни содир этиш учун жой қидирган. Сўроқ пайтида у айбини тан олди”, деган Иванова Ўнуров террор хуружини айнан қаерда содир этмоқчи бўлганини очиқламаган.

Мазкур айблов бўйича қирғизистонлик йигит 15 йилгача қамалиши мумкин. Ҳозирча у 2020 йилнинг 1 январигача ҳибсга олинган.

ТАСС агентлиги манбаси Ўнуров 1 ноябрь куниёқ қўлга олингани ва у гўё радикал ислом тарафдори эканини билдирган.

Туркманистонда одамлар бўм-бўш банкоматлар олдида соатлаб навбатда турибди

Туркманистон банкоматларида яна нақд пул йўқ. Айни дамда Мари ва Лебап вилоятларининг аҳолиси пластик карталарга ўтказилган пулларини нақд пулга айлантира олмаяпти.

"Марида пенсия ва ногиронлик нафақалари аллақачон карталарга ўтказилган, аммо банкоматлар бўм-бўш, нақд пул йўқ. Туман банкоматларида пул умуман йўқ, ўз пулларини олмоқчи бўлган пенсионерлар шаҳардаги барча банкоматларни кезиб чиқмоқда", дея хабар қилади Озодлик радиоси туркман хизматининг Маридаги мухбири. Аммо банкоматлар олдида навбат кутаётганлар ўз ҳисобида қанча пул борлигини билиш билангина чекланмоқдалар.

Маридаги банкоматлар олдида полиция ходимлари навбатчилик қилаяпти. Нақд пул танқислиги Туркманистоннинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Озодлик туркман хизматининг Лебап вилоятидаги мухбирига кўра, "Дайхан" ва "Халқ" банкларининг маҳаллий бўлимлари вакиллари банкоматларда пул йўқлигини пахта йиғим-терими мавсуми ва фермерларга тўловлар билан изоҳлашмоқда. Банкоматлар олдида навбат кутишлар Тошҳовузда ҳам кузатилаяпти.

Шу йилнинг август ойида Туркманистон раҳбарияти банкоматларда пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони тан олган. Ўшанда президент Бердимуҳамедов банкоматларда нақд пул танқислиги ҳукуматнинг молиявий сиёсатига боғлиқ эмаслигини, муаммолар техник характерга эга эканини айтиб, бу борада барча масъулиятни мулозим зиммасига юклаганди.

Турк ҳарбийлари Бағдодийнинг опасини қўлга олишди

ИД собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодий.

Турк ҳарбийлари ИД собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг опасини қўлга олишди. Бу ҳақда халқаро ахборот агентликлари юқори лавозимли турк амалдори сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатишди.

Манбага кўра, 65 ёшли Расмия Авад оиласи билан Суриянинг Ҳалаб вилоятидаги Азаз шаҳри яқинида яшашга мослаштирилган контейнерда жон сақлаётган бўлган. Аёл душанба оқшомида ўтказилган махсус амалиёт натижасида эри, келини ва беш фарзанди билан биргаликда қўлга олинган.

“Бу истихборат учун олтин кони кабидир. Унинг ИД тўғрисида билганлари бизнинг бу ташкилотга оид тасаввурларимизни анча кенгайтириши мумкин”, деди манба.

“Ислом давлати” террор гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой америкалик ҳарбийларнинг махсус амалиёти чоғида ўзини портлатиб юборганди. Амалиёт пайтида ИДга оид айрим ҳужжатлар ҳам қўлга киритилган. Бағдодийнинг ўрнини ким эгаллагани ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас.

Украин дипломатлари Россиядан қўлга олинган кемаларни қайтаришни талаб қилишди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ўтган йил ноябрида Қора денгизда қўлга олинган украин кемаларини қайтариш талаби ёзилган нота йўллади. Бу ҳақда Украина ТИВ раҳбари Вадим Пристайко Киевда Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Нотада Россиядан кемалар координатлари ва уларни топшириш вақтини очиқлаш талаб қилинган.

Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Елена Зеркаль Фейсбукдаги ўз саҳифасида аввалроқ Киев 7 марта шу каби талаб билан Россияга мурожаат қилгани ва бирор марта ҳам жавоб олмаганини ёзди.

БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича халқаро трибунали май ойида Россия кемаларни Украинага қайтариши лозимлиги юзасидан қарор қабул қилган, аммо Москва трибунал юрисдикциясини тан олмаслигини билдирган. Россия иддаосича, украин кемалари денгиз чегараларини бузган.

2018 йилнинг 25 ноябрь куни россиялик чегарачилар Азов денгизида Керчь бўғозидан ўтишга уринган Украинага тегишли "Бердянск" ва "Никополь" катерлари ҳамда "Яни Капу" шатакка олувчи кемасини қўлга олган. Ўша пайтда кемалардаги 24 нафар экипаж аъзоси ҳам ушланган. Улар 9 ой Москвадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган ҳамда сентябрь ойи бошларида Украина ва Россия ўртасидаги асир алмаштириш келишуви доирасида ватанларига қайтганлар. Кемалар эса ҳали ҳам Россияда тутиб турилибди.

Қозоғистон автотранспортда бензин олиб чиқилишини 6 ойга чеклаб қўйди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон расмийлари жорий йил 2 ноябридан бошлаб автомобиль транспорти орқали бензин ва дизель ёқилғиси олиб чиқилишини ярим йилга чеклаб қўйишди.

Бу чора Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг “Қозоғистон Республикаси худудларидан нефть маҳсулотларини олиб чиқишдаги айрим масалалар тўғрисида”ги қўшма буйруғида акс этган. Ҳужжат "Адилет" норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинган.

Ҳужжат билан 2709, 2710, 2902, 3403, 3811 кодли ёқилғилар олиб чиқилишига чеклов киритилган. Бу хорижлик ҳайдовчилар ўз автомобилларига ёқилғи қуя олмаслигини англатмайди (бензобакларда ёқилғи олиб чиқиш мумкин). Бироқ уларга 20 литрдан ортиқ бўлган канистрлар ва ҳажми орттирилган махсус бензобакларга бензин олишга рухсат берилмайди. Автомобиль транспортида ёқилғи мойлаш материалларининг олиб чиқиш ҳам тақиқланган.

2019 йил ёзида қозоқ расмийлари чегара яқинидаги россиялик ҳайдовчилар арзон бензин илинжида Қозоғистонга ёппасига келаётганини сезиб қолишган. Маълум бўлишича, Қозоғистондаги Россия ширкатларига тегишли АЁҚШларда ҳам бензин Россиядагига нисбатан 1,5 баробар арзон экан. Узоқ масофага қатнайдиган россиялик ҳайдовчиларга кўра, бу ерда катта юк машиналари бакини тўлдириш билан 10 минг рублгача пулни тежаб қолиш мумкин экан.

Қозоғистон энергетика вазири Қанат Бўзумбаев эътирофича, нархи арзон бўлгани туфайли қозоқ бензини нархлар анча қиммат бўлган Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга “оқиб кетаяпти”. Вазир айниқса Россия томондан Қозоғистонга ҳар куни минглаб юк машиналари ва енгил автомобиллар кираётганига эътибор қаратди.

"Енгил машиналар ўнлаб канистрда ёқилғи олмоқда, юк машиналарига эса қўшимча баклар ўрнатилмоқда ва бизнинг минг тонналаб бензин, дизель ёқилғимиз қўшни мамлакатларга олиб чиқиб кетилаяпти. Яъни биз ўзгалар иқтисодиётига субсидия киритаяпмиз", деган вазир Бўзумбаев.

Қирғизистон темир йўл қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Россиядан ёрдам кутмоқда

Иллюстратив сурат.

Россия билан ҳамкорликда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига “Қирғиз темир жўлу” давлат корхонасининг темир йўл қурилиши ва лойиҳалаштириш дирекцияси раҳбари Жамшитбек Қалилов маълум қилган.

“Россия билан ҳамкорликда ТИА ишлаб чиқилди – йўл қаердан ўтиши, қурилиш билан бир вақтда қайси конлар ўзлаштирилиши ва бошқалар белгиланди. Россия молиялаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда бўлдим, улар ҳам ёрдам беришга ваъда қилишди”, деган Қалилов.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл қурилиши борасидаги ташаббус 2000-йиллар бошида илгари сурилган бўлса-да, ҳаётга татбиқ этилмай келади. 2002 йили Пекин бўлажак йўлнинг ТИАсига аниқлик киритган ва йўналишини белгилаган. Ўша пайтдаги мулоҳазага кўра, Тўругарт довонидан ўтадиган йўл Арпа жайлоо орқали ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига ва у ердан Ўзбекистонга ўтиб кетиши керак эди. Темир йўлнинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил этиши кўзда тутилганди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳокимият тепасига келганидан кейин “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўналиши ўрнига “Тожикистон-Қирғизистон-Қозоғистон-Россия” йўналиши бўйича йўл қуриш ғоясини илгари сурди. Аммо бу ташаббусни ҳеч ким дастакламади. Шундан кейин қирғиз расмийлари яна “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” лойиҳасига қайтишди ва янги йўналишни таклиф этишди.

2017 йили “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўл қурилиши бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи тузилган ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун бир-биридан фарқли учта вариант кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.

Ироқнинг Карбало шаҳрида намойишчилар Эрон консуллигига ҳужум қилди

3 ноябрь куни ироқлик намойишчилар шиаларнинг муқаддас шаҳри Карбалода Эрон консуллигига ҳужум қилди.

Намойишчилар ўз ғазабларини Ироқда илдиз отган коррупция ва ишсизликка қаратганлар.

Улар, шунингдек, Эронни Ироқнинг ички ишларига аралашишда айблашмоқда.

Ассошиэйтд Пресс агентлигининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, намойишчилар консуллик биносидан Эрон байроғини тушириб, ўрнига Ироқ байроғини тикканлар.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода намойишчиларнинг Молотов коктейлини консуллик деворига отаётганини кўриш мумкин.

Ироқ Инсон ҳақлари Олий Комиссарлиги тарқатган хабарга кўра, 4 ноябрда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда уч нафар намойишчи ҳалок бўлган ва яна 12 киши яраланган.

Ҳозиргача асосан Бағдод ва жанубий минтақаларда бўлиб ўтаётган эътироз намойишларида ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошди.

Россияда ашаддий миллатчилар юриши бўлиб ўтмоқда

Россиянинг бир неча шаҳарларида ашаддий рус миллатчиларининг юриши - “Русский марш” ўтказилмоқда.

Бундай юришлар ҳар йили 4 ноябрь - президент Владимир Путиннинг ташаббуси билан жорий этилган байрам – “Халқ бирлиги” кунида бўлиб ўтади.

Москвада “Русский марш” Люблино районида бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбир ташкилотчилари юриш билан бир қаторда намойиш ўтказишни ҳам режалаштирганлар.

Миллатчилар юриши, шунингдек, Санкт-Петербург, Новосибирск, Псков, Саратов ва Екатеринбург шаҳарларида кузатилмоқда.

15 йилдан буён ўтказилаётган юришларда иштирок этувчилар сони охирги йилларда кескин озайди.

Ўтган йил юриш ва намойишлар Россиянинг 12та шаҳрида бўлиб ўтганди.

HRW туркман расмийларидан Гараевни озод қилишни талаб қилди

Қасимберди Гараев.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистонда гей Қасимберди Гараевнинг бедарак йўқолиб қолиши муносабати билан баёнот эълон қилди.

Баёнотда туркман расмийларидан Гараевнинг ҳибсда ёки эмаслиги сўралиб, агар ҳибсда бўлса, дарҳол озод қилиниши ва унинг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берилиши талаб қилинади.

Жинсий озчилик вакили бўлган Гараев Озодлик радиоси туркман хизматида у ҳақда материал эълон қилинганидан кейин полиция идорасига чақирилган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

Human Rights Watch Қасимберди Гараев ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланаётгани юзасидан ташвиш изҳор қилади.

Ташкилот вакили Рейчел Денберга кўра, Туркманистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг абгорлиги, кишининг ихтиёрига зид равишда бедарак йўқолиб қолишига оид ҳолатлар кузатилаётгани боис Гараевнинг хавфсизлиги масаласида хавотирларга асос бор.

Тожикистонда 3 мингга яқин бола “метрика”сиз юрибди

Тожикистонлик юзлаб бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмас ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

БМТнинг Болалар жамғармаси ва Тожикистон ҳукуматининг “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 3 мингга яқин “кўринмас бола” аниқланган.

Меҳнат мигрантларининг фарзандлари кўпинча қариндошлари ва танишлари қарамоғида қолади. Бу болаларнинг мавжудлигини айрим ҳолатларда давлат ҳатто билмайди ҳам: бу болаларнинг кўпчилигида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқ, улар ҳеч қаерда қайддан ўтмаган, улардан айримлари мактабга бормайди ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган.

Тожикистоннинг айрим ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилаётган “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган 2 минг нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган. Яна 300га яқин ўсмирга “метрика” топшириш кутилмоқда, дея маълум қилишди ЮНИСЕФ вакиллари Душанбеда бўлиб ўтган конференцияда.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ болаларнинг аниқ сони маълум эмас. Расмийлар ўз вақтида гувоҳнома олиш учун ФХДЁ идораларига мурожаат қилмаган ота-оналарни айбламоқда. Ота-оналар эса мамлакатда иш топа олмаганликлари боис йиллар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон юришлари, айрим ҳолларда фарзандлари учун гувоҳнома олишни ёддан чиқариб қўйишларини айтишади.

АҚШ: Эрон “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон ядровий дастури ҳақида гапирмоқда, 25 сентябрь, 2019 йил, Ню Йорк

Эрон халқаро террорчилик ташкилотларини маблағ билан таъминлаш ҳамда Ер юзи, хусусан, Европада “ўз фитначилик режалари”да иштирок этиш билан “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда, дейилади АҚШ Давлат департаментининг янги ҳисоботида.

1 ноябрда эълон қилинган “Терроризм бўйича 2018 йилги мамлакатлар ҳисоботи”га кўра, Эрон “ўзининг топшириқларини бажараётган ва бутун жаҳонда зарарли таъсирини ёяётган террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун” йилига 1 миллиард АҚШ доллари сарфлайди.

Ҳисоботдаги рўйхатда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” шиалар ҳаракати, Фаластиннинг “Ҳамас” ва “Ислом жиҳоди” исломчи гуруҳлари санаб ўтилади.

Эроннинг таҳдиди Яқин Шарқ билан чегараланиб қолмайди, у чин маънода глобалдир, ‒ деди Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш масалалари мувофиқлаштирувчиси Натан Сейлз Вашингтондаги матбуот брифингида.

"Терроризм бўйича мамлакатлар ҳисоботи" 2004 йилдан бери Давлат департаментининг Конгрессни бутун дунёдаги терроризм бўйича доимий тарзда хабардор қилиб туриш хусусидаги мандатига кўра ҳар йили чоп этилади.

Ҳисоботнинг эълон қилиниши Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетган пайтга тўғи келмоқда.

Бунга АҚШ президенти Доналд Трампнинг 2008 йили дунёнинг етакчи давлатлари билан Эрон ўртасида унинг ядро дастури бўйича эришилган битимдан Қўшма Штатларни олиб чиққани сабаб бўлган эди.

Вашингтон анча вақтдан бери Эронни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаш ва минтақани беқарорлаштиришда айблаб келади, аммо Теҳрон буни рад этади.

Украина билан Болгария Франция президентининг миграцияга оид фикридан норози бўлди

Франция президенти Эммануэл Макрон, 16 октябрь, 2019 йил

Украина билан Болгария Францияга дипломатик норозилик билдирди.

Бунга ушбу мамлакат президенти Эммануэл Макроннинг 1 ноябрда эълон қилинган интервьюсидан келтирилган иқтибос сабаб бўлди.

Унда Макроннинг Украина билан Болгариядан келаётган иммигрантлар ҳақидаги гапи таҳқиромуз, деб баҳоланмоқда.

Болгария ҳукумати вакили 2 ноябрда Франция элчиси Софияга чақирилиши ва ундан Макроннинг фикрини тушунтириб бериш талаб этилиши ҳақида баёнот берди. Айни чоқда Украина Франция элчисини 1 ноябрда чақирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги баёнотга кўра, элчи Макроннинг сўзлари контекстдан юлиб олинганини айтган.

“Франция элчиси Франция томонининг Украина ватандошларининг Европа бўйлаб сафар қилаётгани юзасидан шикояти йўқлигини билдирди", дейилади баёнотда.

Макрон Valeurs Actuelles журналига берган интервьюсида ишлаш ҳуқуқи бўлмаган мигрантлардан кўра “квотага асосланган миграция”ни маъқул кўришини айтиб, “болгар ва украинларнинг яширин тармоқлари”дан кўра Гвинея ёки Кот-д'Ивуардан келаётган қонуний мигрантларни афзал билишини қўшимча қилган эди.

Болгар ва украин халқларини ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, −дея Болгария бош вазири ўринбосари Красимир Каракачановнинг сўзларидан иқтибос келтирди Болгария ахборот воситалари 2 ноябрда.

Болгария Европа комиссиясининг “Макрон пакети” деб аталган - автомобилларда юк ташишнинг ноқонуний амалиётига қарши ислоҳотга қарши чиқиб келмоқда.

Расмий Софияга кўра, ушбу ислоҳот болгар фирмаларини камситади ҳамда Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари фирмаларининг юк ташиш борасидаги рақобатини бартараф қилишга қаратилган.

Россия гейларнинг болалар билан суҳбатлашганига оид видео бўйича жиноят иши қўзғади

Real talk каналининг ижтимоий тармоқдаги баннери

Москва прокуратураси YouTube каналидаги Real Talk деб аталувчи лойиҳа устидан жиноят иши қўзғади.

Бунга бир гуруҳ боланинг Россиянинг гейлар жамоати вакиллари билан суҳбати акс этган иккита видео сабаб бўлди, дейилади “Правозашчити Откритки” инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилоти вакили Валентина Дехтяренко 2 ноябрда тарқатган баёнотда.

Дехтяренкога кўра, прокуратура Россия Жиноят кодексининг 132-моддасига асосланиб, жиноят иши қўзғатган, ўша моддада “жинсий алоқа билан боғлиқ зўравонлик ҳаракатлари”га жазо назарда тутилган.

Сентябрда Россиянинг давлатга қарашли ахборот воситалари берган хабарларда айтилишича, Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой ҳуқуқни қўлловчи идоралари вакилларидан ушбу видеоларни кўриб чиқишни сўраган, чунки улардан бирида собиқ порноактриса тасвирга олинган. У видеоларни “ғайриахлоқий” ва “ахлоқан тоқат қилиб бўлмайдиган” деб атаган.

Ўтган ойда видеолар продюсерига вояга етмаганлар орасида ноанъанавий ҳаёт тарзини “тарғиб қилгани” учун маъмурий жазо қўлланган эди.

Афғонистонда 9 ўқувчи мина портлашидан ҳалок бўлди

Ўтган йили Қуролли зиддият маълумот базаси лойиҳаси (ACLED) Афғонистонни ўлим сони бўйича дунёдаги энг ҳалокатли минтақа деб эълон қилган эди.

Афғонистон шимоли-шарқидаги Таҳор вилоятида йўл четига қўйилган мина портлашидан тўққиз ўқувчи ҳалок бўлди.

Таҳор вилояти ҳокими матбуот котиби Жавод Ҳижрийнинг айтишича, 1 ноябр куни маҳаллий вақт билан эрталаб 8.30да ўқувчилар мактабга кетишаётганида толибон жангарилари ўрнатган минага дуч келишган.

Толибон жангарилари Таҳор вилоятига кучли ўрнашган. Аммо, ҳозирча Афғонистондаги ҳеч бир гуруҳ мина портлашига жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Афғонистондаги уруш қирқ йилдан буён давом этади. Ўтган йили Қуролли зиддият маълумот базаси лойиҳаси (ACLED) Афғонистонни ўлим сони бўйича дунёдаги энг ҳалокатли минтақа деб эълон қилган эди.

Трампга импичмент қўллаш масаласида АҚШ иккига бўлинди

Washington Post нашри ва ABC News канали ўтказган сўровга кўра, респондентларнинг 49 фоизи АҚШ президенти Доналд Трампни ҳокимиятдан четлатиш тарафдори, 47 фоизи эса импичментга қарши эканини билдирган.

Сўровдан аён бўлишича, республикачиларнинг 82 фоизи импичментга қарши, демократларнинг шунча фоизи эса импичмент тарафдори.

Аввалроқ АҚШ вакиллар палатаси кўпчилик овоз билан Трампга нисбатан импичмент жараёни бошланишини расмийлаштирувчи резолюцияни қабул қилганди.

421 вакилдан 232 нафари бу ташаббусни ёқлаб овоз берди. Лекин, республикачилар орасидан ҳеч бир конгрессмен ташаббусни маъқулламади.

Демократлар президентни 2019 йил июлида Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон мулоқотида ваколатини суиистеъмол қилганликда айбламоқда.

Улар фикрича, Трамп қўнғироқ вақтида Зеленскийни АҚШ собиқ вице-президенти, 2020 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида Трампнинг эҳтимолий рақиби Жозеф Байденнинг ўғли Хантер Байденнинг Украинадаги фаолияти тергов қилиниши лозимлигига кўндирмоқчи бўлган.

Покистонда диндорлар бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда

“Жамияти Уламаи-Ислом“ партияси етакчиси Мавлоно Фазлур Раҳмон “Озодлик маршини“ 27 октябрь куни Карачи шаҳрида бошлаган эди. Исломобод, 2019, 1 ноябрь.

Покистон пойтахти Исломободда радикал исломий партиянинг минглаб аъзоси тўпланиб, бош вазир Имрон Хон истеъфосини талаб қилмоқда. Уларнинг норозилигига мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлди.

“Жамияти Уламаи-Ислом“ партияси етакчиси Мавлоно Фазлур Раҳмон “Озодлик маршини“ 27 октябрь куни Карачи шаҳрида бошлаган эди.

Намойишчилар 31 октябрь куни автобус, велосипед ва автомобилларда Исломободга етиб борди.

Расмийлар эса намойишчилар ҳукумат бинолари жойлашган ҳудудга етиб боришига йўл қўймаслик учун полиция ва ҳарбийлаштирилган кучларни сафарбар қилди, муҳим кўчаларни тўсиб қўйди.

Ўтган йилда ҳокимият тепасига келган Хон ўсиб бораётган инфляция ва нархларга қарамасдан, истеъфога чиқишдан бош тортиб келади.

Раҳмон Хон ҳукумати армия томонидан ноқонуний тарзда ҳокимиятга ўтқизилганини таъкидлади.

Имрон Хон 2018 йилда коррупцияни йўқ қилиш, оддий аҳолига кўмаклашиш ҳамда мамлакатнинг оқсаётган иқтисодини тиклаш каби ваъдаларни бериб, сайловда ғолиб чиққан эди.

Туркия ва Россия Суриянинг шимоли-шарқида қўшма назоратни бошлади

Туркия ва Россия ҳарбийлари Сурия шимолида қўшма назорат миссиясини бошлаш арафасида учрашди.2019, 1 ноябрь.

1 ноябрь куни Туркия ва Россия қўшинлари Сурия шимолида қўшма назорат миссиясини бошлади. Москва ва Анқара эришган келишувга биноан, Сурия чегарасидаги ҳудуднинг бир қисми Анқара назоратига берилади, бошқа қисмини эса Россия ҳарбийлари ва унинг иттифоқчиси бўлган президент Башар Асадга содиқ кучлар назорат қилади.

Туркия Мудофаа вазирлиги Twitterда “Ер ва ҳаво қўшинлари”дан иборат қўшма назорат миссияси Суриянинг ал-Дарбасия шаҳри яқинига етиб боргани ҳақида ёзди.

Россия Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий полицияси ходимлари ва турк чегарачиларидан иборат патруль ал-Дарбасия чегара постида ўз фаолиятини бошлаганини тасдиқлади.

Вазирлик тарқатган баёнотда айтилишича, ҳарбий колонна бир неча зирҳли техникадан, жумладан, Россиянинг БТР-82, "Тигр" ва "Тайфун" автомобилларидан иборат. Вазирликка кўра, ҳарбийлар 110 кмга чўзилувчи ҳудудни назорат қилади.

"Сурия демократик кучлари" гуруҳи назорат миссияси сафарбар қилинганини тасдиқлади.

Туркия Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётини АҚШ президенти Дональд Трамп минтақадан Америка қўшинларни олиб чиқиб кетишга қарор қилганидан кейин бошлаган эди.

Россияда Интернет эркинлигини чеклайдиган қонун кучга кирди

Интернет эркинлиги ҳимоясига чиққанлар акцияси. Москва, 2018, апрель.

1 ноябрь куни Россияда "Суверен Интернет" аталмиш қонун кучга кирди. Танқидчилар ушбу қонун ҳукумат фуқароларнинг онлайн фаолиятини янада қаттиқроқ назорат қилишига йўл очиб беришини айтмоқда.

Россия президенти Владимир Путин рус интернет тармоғини халқаро тармоқдан изоляция қилиш тўғрисидаги ушбу қонунни жорий йилнинг майида имзолаган эди.

Қонун Интернет провайдерларини Россия ичидаги Интернет трафигини ҳукумат бошқарувидаги нуқталардан ўтказувчи технологиялардан фойдаланишга мажбурлайди.

Қолаверса, қонун доирасида маҳаллий номлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган.

Қонун тарафдорлари лойиҳа рунетни мустақил қилиш имконини беришини айтмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россияни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун бундай қонун зарур.

Танқидчилар эса, қонун Россияда Интернет эркинлигини кескин чеклашини айтмоқда. Хусусан, уларнинг айтишича, қонун Россия разведкасига Интернетни кенг кўламда цензура қилишга ҳамда фойдаланувчиларни янада яқиндан назорат қилишга йўл очиб беради. Бундан ташқари, танқидчилар ушбу қонун ёрдамида Россия ҳукумати оммавий норозиликлар онлайн уюштирилиши олдини олишга уринаётганини айтмоқда.

Халқаро ташкилотлар Путинни мазкур қонунни имзоламасликка чақирган эди.

Озод Европа/Озодлик радиоси Душанбени тожик хизмати журналистларини аккредитациядан ўтказишга чақирди

"Озод Европа/Озодлик" (RFERL) радиоси президенти Жейми Флай Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов билан. Душанбе шаҳри, 2019, 28 август.

"Озод Европа/Озодлик" (RFERL) радиоси президенти Жейми Флай Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Асловга йўллаган мактубида Тожикистон ҳукумати радио тожик хизматининг ("Озоди") айрим журналистларини аккредитациядан ўтказишдан бош тортгани ва бошқа ходимларга қисман аккредитация тақдим этмаётгани, бу эса “ташкилотнинг Тожикистондаги миссиясига тўсқинлик қилаётгани” учун мамлакат ташқи сиёсат идорасини танқид қилди.

«Вазирлик бизнинг журналистларимизнинг аккредитацияси ҳақидаги бир неча бор қилган сўровларимизга фақат кеча, ва фақат қисман маъқулловлар билан жавоб қайтарди», - дейилади Жейми Флай хатида.

Унинг қайд қилишича, "Озод Европа/Озодлик" радиоси Тожикистондаги воқеаларни ёритишда босимга ён бермаяпти ва Тожикистон ТИВни зудлик билан Озодлик радиосининг барча журналистларини аккредитация қилишга ва уларнинг ўз ишини бажаришга рухсат беришга чақиради.

Ҳозирги вақтда Озоди радиосининг ўн бир журналисти ва ходимларига ишлаш таъқиқланган, негаки, улар мамлакат ТИВдан аккредитациядан ўтказилмаган. Журналистлар орасида аккредитацияси узайтирилишини кутаётган янги уч ходим ва 6 журналист бор. Аккредитацияси 1 ноябрь куни якунланган 9 журналистдан 7 нафарига Тожикистон ТИВ аккредитациясини узайтирди, бироқ 6 ҳолатда аккредитация муддати фақат 6 ойга чўзилган, 1 ҳолатда 3 ойга узайтирилган. Қисқа рухсатномалар тожик қонунларига зид бўлиб, у муддат 1 йиллик бўлишни талаб қилади, дейди Жейми Флай.

Аввалроқ, АҚШ сенаторлари гуруҳи Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга йўллаган мурожаатларида ваколатли органлар Озоди радиоси ходимларига аккредитация бермаётганидан ташвиш билдириб, бу факт “Тожик –Америка муносабатларининг барқарорлигига таъсир кўрсатиши мумкин”лигини айтишган. Илгарироқ, 9 октябрь куни АҚШКонгресси хорижий ОАВ журналистларини аккредитацияси механизмларидан сўз эркинлигини чеклаш воситаси сифатида фойдаланилишини қоралаб, имкони борича тезроқ Озоди радиоси мухбирларини аккредитациядан ўтказишга чақирганди.

Трамп: АҚШ ва Хитой савдо келишувини имзолаш учун янги жой эълон қилинади

АҚШ президенти Доналд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп 31 октябрь куни Қўшма Штатлар ва Хитой тез орада у ва Хитой раиси Си Цзинпин жаҳон иқтисодиётига зарар етказган савдо урушини якунлашга қаратилган келишувни имзолаши кутилаётган янги жой ҳақида эълон қилишларини айтди.

Бир кун олдин Чили расмийлари ноябрь ўрталарига белгиланган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини ўтказишни бекор қилганлари ҳақида эълон қилишди. Мазкур форум бир ярим йилдан бери савдо урушини олиб бораётган Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги кескинликни юмшатишга ёрдам бериши кутилмоқда.

«Хитой ва АҚШ савдо келишувининг биринчи босқичини имзолаш учун янги жой танлаш устида иш олиб бормоқдалар », — дейди Трамп twit- хабарида.

«Янги жой тез орада эълон қилинади. Президент Си ва президент Трамп келишувни амалга оширадилар!» — деди Трамп.

Чили расмийлари мамлакатда аксилҳукумат норозиликлар давом этаётган бир пайтда савдо масалалари бўйича АТЭС йиғилиши ва БМТнинг иқлим ўзгариши муаммоларига бағишлаб, декабрь ойига белгиланган конференциясини ўтказишни бекор қилишди.

Туркманистонда полицияга чақирилган гей бедарак йўқолди

Туркманистонда 24 ёшли Қасимберди Гараев полицияга чақирилганидан кейин бедарак йўқолди. У мамлакатда жинсий озчиликларга қарши тоқатсизлик мавжудлигини оммавий ахборот воситалари орқали очиқ айтган илк гей бўлиб ҳисобланади.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Гараев ҳибсга олинган бўлиши ва хатар остида бўлиши мумкин, чунки Туркманистонда гомосексуализм ҳалигача жиноят саналади.

Қасимберди Гараев у ҳақда Озодликда мақола чиққанидан бир неча кун ўтиб – 24 октябрь куни полиция идорасига чақиртирилган. Озодликда унинг исми ўзгартирилган, фақат ёши ва онколог шифокор бўлиб ишлаши зикр этилганди.

Полицияга чақирувдан кейин Гараев билан алоқа узилган. Маълумотларга кўра, мақола ёйинланганидан кейин Туркманистон хавфсизлик идоралари Озодлик билан суҳбатлашган киши тавсифига тўғри келиши мумкин бўлган ёш шифокорларнинг барчасини текшира бошлаган.

Гараев ўз интервьюсида амакиси Туркманистон президенти қўриқчилик хизматида ишлашини айтган. Бу тафсилот унинг шахси аниқланишига сабаб бўлиши мумкинлигини билганига қарамай, у бу ҳақда зикр этишни муҳим, деб билган.

Гараев ўтган йили Беларусдан қайтиш чоғида интернет орқали бир йигит билан танишгани, аммо у билан учрашмоқчи бўлган пайтда бу полиция тузоғи бўлиб чиққанини ҳам айтган. Ўша пайтда уни отаси ва амакиси полиция бўлимидан олиб чиқиб кетишган, акс ҳолда у жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эди.

Сўнгги пайтларда Озодликнинг туркман хизмати Туркманистонда жинсий озчилик вакилларига нисбатан зўравонлик ҳолатлари содир этилганига оид бир нечта хабар келиб тушган.

Таҳририят Гараевлар оиласи Ашхободдаги уйидан кўчиб кетганини аниқлаган. Аммо оила ўз ихтиёри билан кўчиб кетганми ёки бунга мажбур қилинганми – ҳозирча маълум эмас.

ИД ўз лидери Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлади

Абу Бакр ал-Бағдодий.

“Ислом давлати” террор гуруҳи илк бор ўз лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлимини тасдиқлади. Бунга оид маълумот ИДга яқин Amaq агентлиги хабарида акс этди.

Бағдодий 26 октябрь куни Сурия ҳудудида АҚШ ҳарбийларининг махсус амалиёти чоғида ўлдирилган эди. Амалиётда қуруқликдаги ва ҳаво кучлари қатнашган.

АҚШ президенти Дональд Трамп ал-Бағдодий ўзини портлатиб юборганини билдирган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги 30 октябрь куни амалиётга оид илк сурат ва видеолавҳаларни ёйинлади. Ёйинланган оқ-қора кадрларда ҳарбийларнинг ал-Бағдодий яширинган мажмуага яқинлашиб келаётгани, АҚШ учоқлари яқин атрофдаги жиҳодчиларга қарата ўт очаётгани акс этган.

Украина депутати парламент мажлисида фоҳиша билан онлайн суҳбатлашгани учун узр сўради

Депутат Боҳдан Яраменко бир ўғил ва бир қизнинг отасидир.

30 октябрь куни Украина президенти Володомир Зеленскийнинг ҳукмрон “Халқ хизматкори” партияси аъзоси парламент мажлиси давомида Интернетда пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аёллар профилларини варақлаб, улар билан суҳбатлашгани учун узр сўради.

Бир ўғил ва бир қизнинг отаси Боҳдан Яраменко Facebookда “ножўя иш” қилгани ҳақида ёзди. Депутат, шунингдек, фоҳишалар саҳифаларини кўраётгани акс этган видео сохта деб иддао қилган видеосини ўчирганини маълум қилди.

48 ёшдаги Яраменко “Ножўя ишларим туфайли ноқулай аҳволга тушган аёлимдан тортиб, парламент фракцияси ва президентгача барчадан узр сўрайман:”, деб ёзди.

30 октябрь куни сиёсатчи Mamba ва Loveeto сайтларида аёллар профилларини кўриб ўтиргани акс этган тасвирлар тарқалди.

Видеода сиёсатчи 32 ёшли аёл профилини ўқиётганини, кейин эса бошқа бир аёл билан учрашиш тафсилотларини муҳокама қилаётганини кўриш мумкин. Унинг саволига жавобан аёл бир соатлик жинсий алоқа нархини ёзган. Ўша куни Яраменко енгилтак фойдаланувчилар учун мўлжалланган Tinder иловасидан фойдалангани ҳам видеога тушиб қолган.

Сиёсатчи Украина парламентининг ташқи сиёсат ҳамда парламентаро ҳамкорлик қўмитаси етакчисидир.

НАТО Бош котиби Россияни Украинада айирмачиларни қувватлашни бас қилишга чақирди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 31 октябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россияни Украина шарқида айирмачиларни қўллашни бас қилиб, Украина ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирди..

31 октябрь куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган котиб Москва Керчь бўғозида қўлга олган уч Украина кемасини қайтариб бериши кераклигини таъкидлади.

- Россия Украина шарқида айирмачиларни қўллашни бас қилиши керак, - деди Столтенберг.

НАТО Бош котиби 31 октябрь куни Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Учрашув ортидан ўтказилган матбуот анжумани давомида НАТО раҳбари альянс минтақада ҳарбий машқлар ўтказишини ҳамда Қора денгизда Украинани қўллашини айтди.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган эди.

Аммо БМТнинг Гамбургда жойлашган Денгиз қонунлари бўйича халқаро трибунали жорий йилнинг майида Россия Украинанинг кемаларини ва денгизчиларини Украинага қайтариши шарт, деган қарорни чиқарган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG