Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 21:39

Халқаро янгиликлар

Беларусда мактабга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 13 йилга қамалди

Қотилликда айбланаётган ўсмир.

Беларуснинг Ступци шаҳрида мактабда синфдошлари ва ўқитувчиларга пичоқ билан ҳужум қилган ўсмир 11 сентябрь куни суд ҳукми билан 13 йилга қамалди.

Матбуотда Вадим деб аталаётган ўсмир бундан ташқари ҳалок бўлганларнинг оилаларига 110 минг беларусь рубли, яъни 53 минг АҚШ доллари миқдорида товон пули ҳам тўлаб бериши лозим.

Ступци шаҳридаги 2-сонли мактабнинг 15 ёшли ўқувчиси бўлган Вадим шу йилнинг 11 февралида дарс пайтида ўқитувчи ва синфдошларига пичоқ билан ҳужум қилган эди. У 53 ёшли тарих ўқитувчисини ва 17 ёшли мактабдошини ўлдирган. У яна икки нафар ўқувчини яралаганди.

Беларусда бундай воқеа биринчи марта содир бўлди. Суд ўсмир безорилик қилиш истагида мана шундай ишга қўл урган, деб ҳисобламоқда. Судда судланувчи ўз айбига қисман иқрор бўлди.

Фаластин маъмурияти Нетаньяҳу режасини "ҳарбий жиноят" деб атади

Фаластиннинг бош музокарачиси Саёб Эрекат.

Фаластин бош музокарачиси Саёб Эрекат Исроилнинг босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилиш режасини ҳарбий жиноят деб атади.

- Исроил Бош вазирининг Иордан дарёси соҳилини аннексия қилиш мақсадида ўз халқидан мандат сўрагани ҳарбий жиноятнинг энг биринчи даражали белгисидир. Босиб олинган ҳудудларнинг аннексия қилиниши бу ҳарбий жиноятдир,-деди Эрекат.

Эрекат бу масала БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида муҳокама қилиниши айтиб, халқаро ҳамжамиятни муаммога бефарқ қарамасликка чақирди.

Бош вазир Бинямин Нетаньяҳу 10 сентябрда ўз тарафдорлари билан учрашув пайтида бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилишга ваъда берган эди.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.

Рус олигархи Малофеевга Болгарияга кириш 10 йилга тақиқланди

Болгария парламентининг жосусликда айбланаётган собиқ депутати Николай Малинов.

Болқондаги жосуслик жанжали ортидан Болгария нуфузли рус олигархи Константин Малофеевга мамлакатга киришни ўнг йилга тақиқлади.

Болгария Бош прокурори Сотир Цацаров тақиқ 11 сентябрдан кучга кирганини билдирди. Бундан бир кун олдин эса парламент собиқ депутати Николай Малиновга хориж давлати фойдасига жосуслик қилганлик айблови билдирилган эди.

Тергов материалларида қайд этилишича, Малинов Россиянинг Икки бошли бургут жамияти ва Стратегик тадқиқотлар институтига махфий ҳужжатларни тақдим этиш эвазига пул мукофоти олган.

Бундан ташқари Социалистик партиясининг собиқ аъзоси бўлган Малинов мазкур икки ташкилот билан Болгарияни Кремль таъсир доирасига қайтариш йўналишида ҳамкорлик қилган.

Бош прокурор Сотир Цацаров айни пайтда Николай Малиновнинг рус олигархи Константин Малофеев билан муносабатлари ўрганилаётганини билдирди. Украина шарқидаги россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлагини ортидан Малофеевга Европа Ититифоқи ва АҚШга кириш тақиқланган. Малофеев Икки бошли бургут жамияти раҳбари ҳамдир.

Аввалроқ жосуслик жанжали оқибатида 2009 йилдан 2017 йилгача Россия Стратегик тадқиқотлар институти раҳбари бўлган ташқи разведка хизмати генерал-лейтенанти Леонид Решетниковга ҳам Болгарияга келиш 10 йилга тақиқланганди.

Украина Россия билан 113 нафар украинни озод қилиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда

Россия қамоғидан 7 сентябрда бўшатилиб, ватанига қайтган Александр Колченко оиласи билан.

Киев ва Москва расмийлари Россия қамоқларида сақланаётган 113 нафар украиналикни озод этиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Украина Омбудсмени Людмила Денисова 10 сентябрь куни матбуотга маълум қилди.

Денисова 113 нафар украиналик, жумладан, 89 нафар қрим татар айнан қачон қамоқдан озод этилиши ва Украинага қайтарилиши мумкинлигини билмаслигини айтди. Бироқ у бу иш йил охиригача амалга ошади, деб умид қилмоқда.

7 сентябрь куни Россия ва Украина ўзаро 70 нафар асир билан алмашган эдилар. Мазкур қадам Ғарб давлатлари томонидан олқишланди. Қримга Россия томонидан қайтарилган 35 асир орасида фақат бир нафари қрим татардир.

Украина президенти Володимир Зеленский Озод Европа-Озодлик радиосига 7 сентябрь куни Россия қамоқларида қолаётган украиналиклар “асирлар билан алмашинишнинг иккинчи босқичида озод этилиши”ни айтди.

“Биз бир йил, икки йил, уч йил ҳақида гапирмаяпмиз. Биз бу ишни жуда тез амалга оширмоқчимиз”, деди президент.

Қозоғистондаги аксилхитой норозиликлар фонида Тоқаев Пекинга сафар қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 10 сентябрь куни икки кунлик ташриф билан Хитойга келди. Шу куни Facebook’даги саҳифасида президентнинг матбуот котиби Берик Курмангали Тоқаев Қозоғистон-Хитой ишбилармонлар кенгашининг олтинчи мажлиси очилишида иштирок этиши борасида хабар берди.

Шунингдек, унинг Хитой раиси Си Цзиньпин ва Хитой Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кэцян билан музокоралар олиб бориши, шунингдек Хитой сиёсатчилари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган, дея хабар берди матбуот котиби.

Президент этиб сайланганидан кейинги Тоқаевнинг Хитойга илк ташрифи ўтган ҳафта Қозоғистон шаҳарларида Хитой билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳаларга қарши чиқишлар фонида бошланди.

2011 йилда меҳнат шароитларини яхшиланишини талаб қилиб норозилик ўтказган нефтчилар намойиши бостирилган Қозоғистоннинг Мангистау вилоятидаги Жанаўзен шаҳрида 2 сентябр куни кўчаларга юзлаб одамлар чиқди. Улар Тоқаев 11–12 сентябрга режалаштирган Хитойга сафарини бекор қилишини талаб қилдилар. Олмаота, Нур-Султон, Ақтўбе ва Чимкент шаҳарларида ўтган ҳафтада кам сонли иштирокчилар бирдамлик акциясини ўтказдилар.

Намойишчилар, жумладан Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги ва саноатда 55та корхона қуришни назарда тутган Қозоғистон-Хитой хукуматлараро Шартномасиниг ҳаётга татбиқ этилишидан воз кечишга чақирдилар. Намойишчилар Жанаўзенда 9 сентябрь куни шаҳар майдонида яна тўланиб «Хитой экспансиясига йўл қўйиб бўлмаслик» лозимлигини айтишди. Намойиш иштирокчилари мамлакат Ғарбдан инвестиция олиши керак дея чақириқ билан чиқишди.

Россияда удмурт тили ҳимояси учун ўзига ўт қўйган олим вафот этди

Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин.

Ўз она тилининг ҳимояси учун Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 10 сентябрь куни ўзига ўт қўйган 79 ёшли удмурт олими Альберт Разин касалхонада оламдан ўтди.

Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни кўтариб пикет ўтказган ва ўзига ўт қўйган эди. Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган. Бу ҳодисадан кейин Удмуртия парламенти режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

Эронда футбол ишқибози бўлган аёл стадионга киритилмагани ортидан ўзига ўт қўйди

Футбол ишқибози бўлган эронлик аёллар.

Эронда стадионларда аёллар камситилишига норозилик билдириб ўзига ўт қўйган аёл вафот этди.

Саҳар Худоёрий жорий йилнинг март ойида ўзи ишқибоз бўлган футбол жамоаси ўйинини кўриш учун стадионга киришга уринган пайтда полиция томонидан қўлга олинган эди. Уч кун ҳибсда сақланганидан сўнг у гаров эвазига озод қилинган ва олти ой давомида унинг иши судда кўриб чиқилишини кутган.

Белгиланган куни Саҳар Худоёрий судга келган, бироқ суд судьянинг шахсий муаммолари туфайли бошқа кунга қолдирилган. Бироқ Худоёрий суд ходимларининг гапларидан ўзи олти ойдан икки йилгача қамалиши мумкинлигини билиб олган.

Шундан сўнг у суд олдидаги майдонга чиқиб ўзига ўт қўйган. Орадан бир ҳафта ўтгач у касалхонада жон берди.

Эронда 1981 йилда эркаклар мусобақалашаётган стадионга аёлларнинг киритилиши тақиқланган қонун қабул олинган.

ОАВ: АҚШ разведкаси Россиядан агентини махфий равишда олиб чиқиб кетди

АҚШ матбуоти Марказий Разведка Бошқармаси – МРБ 2017 йилда президент Путин ва унинг 2016 йилдаги АҚШ президентлик сайловига аралашуви тўғрисида қимматли ва махфий маълумотларни етказиб берган агентини Россиядан яширин равишда олиб чиқиб кетганини хабар қилди.

New York Times, CNN ва The Washington Post 9 сентябрь куни бу одам АҚШ разведкаси учун қимматбаҳо агент бўлганини ёзди.

Хабарларда айтилишича, агент бевосита президент Владимир Путиннинг аёнлари доирасида бўлмаган, лекин у Россияда хавфсизликка ва бошқа соҳаларга оид махфий ахборотни олиш имкониятига эга бўлган.

Россия ва Оқ Уй расмийлари матбуотда эълон қилинган мазкур маълумотларни инкор қилмоқда.

“Коммерсант” газетаси “агент Россия президенти маъмуриятида, ундан аввалроқ эса Россиянинг Вашингтондаги элчихонасида ишлаган бўлиши мумкин”, деган тахминни билдирди.

“Коммерсант”нинг ёзишича, бу одам Олег Смоленков бўлиши мумкин. У Путин 2008 йилдан 2012 йилгача Бош вазир бўлиб турганида унинг маъмуриятида ишлаган. Бунга қадар Смоленков Россиянинг Вашингтондаги элчихонасида иккинчи котиб бўлган.

Исроил босиб олинган Ғарбий соҳилни аннексия қилмоқчи

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху.

Бош вазир Бинямин Нетаньяху бир ҳафтадан кейин ўтадиган сайловда ғалаба қозонса, Исроил Иордания билан чегарадош ҳудудда босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилмоқчи. Нетаньяху Иордан дарёси соҳили ва Ўлик денгизнинг шимолий соҳилида Исроил суверенитетини ўрнатишга ваъда бермоқда.

Нетаняху билан ҳамкорликда коалицион ҳукумат тузадиган ўнгчи партиялар бу қарорни қўллаб-қувватлашлари кутилмоқда. Айни пайтда Бош вазир мухолифатдаги фаластинликларнинг қаттиқ қаршилигига дучор бўлади.

Исроил Ғарбий соҳилини Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ва Ғазо минтақаси билан биргаликда 1967 йилнинг июнидаги олти кунлик уруш мобайнида босиб олган эди.

Исроил 1980 йилда Шарқий Қуддус аннексиясини юридик жиҳатдан расмийлаштирган. Бир йилдан сўнг расман Ғўлон тепаликлари аннексия қилинган. Халқаро ҳамжамият Исроил аннексиясини тан олган эмас.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ Уйнинг Яқин Шарққа нисбатан аввалги сиёсатидан воз кечиб, Шарқий Қуддус ва Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олган.

АҚШнинг Кобулдаги элчихонасида 11 сентябрь куни ракета портлади

Кобулдаги АҚШ элчихонаси биноси.

АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ҳудудида 11 сентябрь эрта тонгда ракета портлади. Элчихона ходимлари овоз кучайтиргич орқали «Комплекс ҳудудида ракета портлади», деган огоҳлантирувни эшитганлар.

Ҳозирча ҳодиса юзасидан АҚШ ёки Афғонистон ҳукумати расмий билдирув тарқатмади. Бу портлаш Қўшма Штатларда 11 сентябрь террактлари содир этилганига 18 йил тўлган куни юз берди. Мазкур воқеа АҚШнинг Афғонистонда ҳарбий амалиётларни бошлашига сабаб бўлган эди.

Элчихонада ракета портлатилишидан бир кун олдин президент Дональд Трамп Толибон билан олиб борилаётган тинчлик музокаралари тўхтатилганини эълон қилган эди.

-Биз узоқ вақтдан бери полициячи вазифасини бажараяпмиз, аммо бу масъулиятни афғон ҳукумати ўз зиммасига олиши лозим. Мен Афғонистондан яқин орада чиқиб кетамиз, деб ваъда берганман. Биз жуда яхши ишларни амалга оширдик, - деди Трамп.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай Толибон ўзларининг сайтларига музокараларнинг тўхтатилиши Қўшма Штатларнинг ўзига зарар келтириши борасидаги огоҳлантиришни жойлаштирдилар.

Forbes: Россиялик тадбиркор Йордан марихуана ортидан миллиардер бўлди

Бизнесмен Борис Йордан (чапда)

Россиянинг "Ренессанс Страхование" ширкати эгаси ва НТВ телеканалининг собиқ раҳбари Борис Йордан марихуана ишлаб чиқариш ортидан миллиардерга айланди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.

Маълумотда айтилишича, Йордан психоактив моддаларни ишлаб чиқарувчи Curaleaf ширкати акцияларининг учдан бирига эгалик қилади.

АҚШда марихуана федерал даражада легаллаштирилмаган, бироқ ўтган йили Curaleaf Канада бозорига чиқди, бу ерда марихана истеъмолига рухсат берилиши тўғрисида қонун қабул қилинган эди.

Бугунги кунда Curaleaf капитали 3,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Россияда Йордан “Ренессанс Страхование" ширкатининг 50 фоизига эгалик қилувчи "Спутник" инвест гуруҳига эгалик қилади. Бу ширкатга Йордан 21 йил аввал асос солган.

2001 йилда НТВ телеканалида ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилиб, каналнинг хўжайини Владимир Гусинскийга мансуб активлар “Газпром” назоратига ўтганидан сўнг Борис Йордан НТВга бош директор этиб тайинланган эди. Бу лавозимда у 2003 йилнинг январигача - канал сиёсатини Кремль тўлиқ ўз назоратига олгунга қадар ишлади.

Трамп маслаҳатчи Жон Болтонни лавозимидан бўшатди

Эндиликда миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчи Жон Болтон.

АҚШ президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жон Болтонни лавозимидан озод қилганини билдирди.

Трампнинг 10 сентябрь куни Твиттер орқали маълум қилишича, унинг Болтон билан «жуда кўп масалаларда нуқтаи назарлари турлича» бўлган.

«Кеча кечқурун Жон Болтонга Оқ Уй унинг хизматига бундан буён муҳтож эмаслигини айтдим. Мен, маъмуриятдаги бошқалар каби, унинг кўплаб таклифларига қўшилмайман. Мен эрталаб унга истеъфога кетишни таклиф қилдим. Жонга хизмати учун миннатдорчилик билдираман. Кейинги ҳафтада миллий хавфсизлик бўйича янги маслаҳатчимни эълон қиламан», деб ёзди Трамп.

Оқ Уйдаги манбалар Жон Болтоннинг ёрдамчисини маслаҳатчи лавозимини вақтинча бажарувчи сифатида тайинланганини билдирдилар.

Boeing ва Lockheed Martin ширкатларининг собиқ раҳбари Купперман 2019 йилнинг бошидан бери Болтоннинг ёрдамчиси эди.

10 сентябрь куни давлат котиби Майк Помпео ҳам Болтон билан сиёсий масалаларда келиша олмаганини билдирди. Айни пайтда Помпео президент маъмуриятидан бирон бир амалдорнинг истеъфога кетиши Трамп ўз сиёсатини ўзгартиришини англатмаслигини эслатди.

Она тилини ҳимоя қилаётган 79 яшар удмурт олим ўзига ўт қўйди

Альберт Разин

10 сентябрь куни Россиянинг Удмуртия Республикаси пойтахти Ижевск шаҳрида 79 ёшли киши ўзига ўт қўйди.

Қўлида “Тилим эртага ўладиган бўлса, мен бугун ўлишга тайёрман” ҳамда “Менинг ватаним борми?” деб ёзилган плакатларни тутган Альберт Разин Ижевск парламенти биноси олдида ўзига ўт қўйган.

Разин танасининг деярли 100 фоизи куйиб кетган ва у оғир аҳволда шифохона ётқизилган.

Тергов қўмитаси ҳодиса бўйича иш қўзғади.

Хабарларга кўра, Удмуртия кенгаши ҳодиса ортидан режалаштирилган сессиясини кейинга қолдирган.

Докторантурани тамомлаган Разин маҳаллий тилларни ўқитиш бўйича қонун лойиҳасига қарши Удмуртия парламентига мактуб юборган фаоллар орасида бўлган. Ушбу қонун лойиҳаси Россиядаги этник озчиликлар норозилигига сабаб бўлиб келади.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг уч қўмитаси Трамп Украинага босим ўтказаётгани ҳақидаги иддаоларни тергов қилади

Украина президенти Володимир Зеленский

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг демократ аъзолари АҚШ президенти Дональд Трамп Украинани АҚШ президентлигига потенциал номзодни ёмонотлиқ қилишга чорлаб, босим ўтказаётгани ҳақидаги иддаоларни тергов қила бошлади.

9 сентябрь куни Вакиллар палатасининг Ташқи ишлар, Разведка ҳамда Назорат ва ислоҳот қўмиталари Трампнинг адвокати Пат Чиполлонега мактуб юбориб, Оқ уй тегишли ҳужжатларни, жумладан, Трампнинг Украина президенти Володимир Зеленский билан ўтказган суҳбати стенограммасини топширишни талаб қилди.

Трамп танқидчилари у Украина расмийлари ёрдамида АҚШ президентлигига демократлар партиясининг етакчи номзоди Жо Байденни ёмонотлиқ қилишга уринишда айбламоқда.

Байденнинг ўғли Ҳантер Байден 2014 йилда Украина собиқ президенти Виктор Янукович қўлида ишлаган Микола Злочевскийга тегишли Burisma Holdings газ ширкати директорлар кенгашига аъзо бўлган. Украина терговчилари ширкат Злочевский экология вазири ўлароқ ишлаган пайтда газ ишлаб чиқариш лицензияларини ноқонуний тарзда олган-олмаганини тергов қилган.

Вице-президент лавозимида ишлаган Байден собиқ президент Барак Обама қўли остида Украина билан алоқалар бўйича масъул шахс бўлган. Байден Киев расмийларидан Украинанинг коррупцияда айбланган бош прокурорини ишдан ҳайдашни талаб қилган.

Туркманистон, Эрон ва Беларус цензура энг кенг тарқалган 10 давлат қаторига киритилди

Ҳисоботда Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ҳаётнинг барча жиҳатини, жумладан, матбуотни мутлақ назорат қилиши ва улар ёрдамида шахсга сиғинишни тарғиб қилаётгани” айтилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзининг навбатдаги ҳисоботида Туркманистон, Эрон ва Беларусни матбуот цензураси энг чуқур илдиз отган ўн давлат қаторига киритди.

10 сентябрь куни эълон қилинган ҳисоботда ушбу давлатларнинг “репрессив ҳукуматлари мустақил матбуот эркинлигини чеклашнинг анъанавий методлари билан бир қаторда мураккаб рақамли цензура ҳамда кузатишлардан фойдаланади”, дейилади.

Цензура энг кенг тарқалган ўн давлатда расмийлар мустақил матбуотни бутунлай ман этган ёки унинг фаолиятини кескин чеклаб қўйган. Мустақил журналистларни сукут сақлашга мажбурлаш учун эса улар қамоққа олишлар, рақамли ва анъанавий кузатиш ҳамда бошқа йўллар билан қўрқитилади. Ҳисоботда ушбу мамлакатларда журналистларнинг ўзларини цензура қилиши ҳам кенг тарқалгани эътироф этилган.

Матбуот эркинлиги энг кўп чекланган уч давлат, яъни Эритрея, Шимолий Корея ва Туркманистонда матбуот ҳукумат линиясидан чиқмайди, мустақил журналистлар фақат хорижда туриб фаолият юритади.

Ҳисоботда Туркманистонда президент Гурбангули Бердимуҳамедов “ҳаётнинг барча жиҳатини, жумладан, матбуотни мутлақ назорат қилиши ва улар ёрдамида шахсга сиғинишни тарғиб қилаётгани” айтилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонни матбуот эркинлиги энг кенг чекланган 10 давлат қаторига киритмади.

CNN: АҚШ ўз информаторини Россиядан яширин олиб чиққан

АҚШнинг Москвадаги деворига осилган Америка байроғи.

Қўшма Штатлар 2017 йилда Россия ҳукумати аппаратида ишловчи ўзининг муҳим информаторини яширин тарзда Россиядан олиб чиққан. Бу ҳақда CNN телеканали Дональд Трамп маъмуриятидаги хабардор бир нечта манбаларга таяниб хабар қилди.

Қарор қабул қилишда бевосита иштирок этганлардан бирининг сўзларига қараганда, Россиядан информаторнинг эвакуация қилиниши Трамп атрофидагиларнинг махфий маълумотлар билан ишлашда малакаси етарли эмаслиги билан “қисман боғлиқ”дир. CNNнинг таъкидлашича, махфий маълумотлар билан ишлашда айрим кўнгилсизликлар хавотирларга сабаб бўлган, шунингдек, Россия хукуматида ишловчи америкалик жосуснинг фош бўлиш хавфи пайдо бўлган.

Эвакуация тўғрисидаги қарор 2017 йилда Оқ уйда май ойида Трампнинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва ўша вақтдаги Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк билан махфий маълумотларни муҳокама қилганидан кейин қабул қилинган.

Ўшанда МРБ директори Майк Помпео эди. Трамп маъмуриятидаги расмийлар билан бўлиб ўтган суҳбатда Помпео Москвадаги манбадан олинган катта миқёсдаги маълумотларнинг муҳокама қилинишини шубҳа остига олган эди. Фош бўлиш таҳдиди бўлган қимматли махфий агентнинг зудлик билан эвакуация қилиниши фавқулодда ва мажбурий чора бўлган.

АҚШ давлат котибининг вакили изоҳ беришдан воз кечди. Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришам баёнот берар экан: "CNN хабари нафақат хато, балки одамлар ҳаёти учун таҳдид бўлиши мумкин" деди.

Трамп толиблар билан тинчлик музокараларини тўхтатишини эълон қилди

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва АҚШ президенти Дональд Трамп билан. 2017, 21 сентябрдаги учрашув.

Оқ уй маъмурияти Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида келишувга эришиш мақсадида икки йилдан бери толиблар билан музокара олиб бораётганига қарамай, АҚШ президенти Дональд Трамп “Толибон” ҳаракати билан мулоқот тўхтатилганини эълон қилди.

Трампнинг баёноти президент 8 сентябрь куни Кэмп-Дэвид қароргоҳида толиблар етакчилари ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказилиши кутилган учрашувни бекор қилганидан сўнг янгради. Бу учрашувда Оқ уй 18 йилдан бери Афғонистонда бўлиб турган Америка қўшинларини олиб чиқиш масаласида ҳар икки томоннинг розилигини олишга ҳаракат қилмоқчи эди. Айни дамда бу ердаги Америка қўшинларининг сони тахминан 14 минг ҳарбий хизматчидан иборат.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай толиблар ўзларининг сайтларига музокараларнинг тўхтатилиши Қўшма Штатларнинг ўзига зарар келтириши борасидаги огоҳлантиришни жойлаштирдилар. АҚШ Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Кеннет Маккензи душанба куни баёнот бериб, Афғонистондаги Америка ҳарбий контингенти тез орада мамлакатда толибларнинг эҳтимолий террор фаоллигига қарши ҳаракатларини кучайтиришини маълум қилди. Маълумки, Қатар пойтахти Дохада АҚШ маъмуриятии билан музокаралар олиб борилаётганига қарамай, толиблар сўнгги вақтларда ҳужумларни кучайтирмоқда. Шу каби ҳужумлардан бирида ўтган ҳафтада Қобулда америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди.

Ўтган ҳафтада эришилган Келишув лойиҳасига кўра яқин ойларда Вашингтон 5000га яқин америкалик ҳарбий хизматчини олиб чиқиши, бунинг эвазига Афғонистон Қўшма штатлар ва унинг иттифоқчиларига қарши террор ҳужумлари учун база сифатида фойдаланилмаслиги борасида кафолат олиши керак.

Афғонистондан Америка қўшинларини бутунлай олиб чиқиш Трампнинг 2016 йилги президентлик кампаниясининг устувор ташқи сиёсати эди ва президент баёнот бериб ўз администрацияси ҳамон қўшинларини тўлалигича олиб чиқиш масаласи устида бош қотираётганини айтди.

Дохада бўлиб ўтган толиблар ва Америка маъмурияти вакиллари ўртасидаги музокараларда иштирок этмаган Афғонистон президенти Ғани душанба куни баёнот бериб яна бир бор ярашга даъват қилди, унинг фикрича толиблар ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишувга амал қилиши керак. Аммо улар бу келишувни ҳамон бажармаяпти.

Афғонистонда Америка ҳарбий контингентининг тақдири ҳамон ноаниқ бўлиб қолмоқда. Трамп Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сонини 8600 кишигача қисқартириш ниятида эканлиги борасида баёнот берди.

Жанаўзенда Хитойга қарши митинглар етти кундан бери давом этмоқда

Жанаўзенда 9 сентябрда митинг ўтказганлар гуруҳи.

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида етти кундан бери президент Қасим-Жомарт Тоқаевдан Хитойга ташрифни бекор қилиш талаб этилган митинглар давом этмоқда.

9 сентябрь куни ҳам норозилар шаҳар бош майдонига йиғилиб, ҳукуматни «Хитой экспанциясини тўхтатиш»га чақирдилар.

Норозилар инвестицияларни Хитойдан эмас, Европа Иттифоқидан излаш керак, деган фикрларни билдирдилар.

Сўнгги кунларда Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан, Нур-Султон ва Олмаотада ҳам фаоллар жанаўзенликлар талабларини қўллаб-қувватловчи намойишларни ўтказдилар.

Тоқаев Пекинга 11 сентябрда икки кунлик ташриф билан бориши кутилмоқда.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати Хитойнинг молиявий қўллови остида мамлакатда 55та ишлаб чиқариш объекти қуришни режалаштираётгани эълон қилинганди.

Хитой АҚШ давлат котибининг уйғурлар ҳақидаги нутқига норозилик билдирди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар ҳуқуқлари бузилаётганига оид нутқ сўзлаганига норозилик билдирди.

-Биз кўп маротаба такрорлаганмизки, Шинжондаги вазият Хитойнинг ички ишидир ва бошқа давлатлар унга аралашиш ҳуқуқига эга эмас. Асосий мақсадимиз террорчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолганларни қутқариб қолишдир, уларга хавфли экстремистик ғоялардан воз кечишга кўмак кўрсатишдир,- деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чунин 9 сентябрь куни.

Майк Помпео 6 сентябрь куни Канзас штатидаги Манхэттен университетида сўзлаган нутқида Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқлари топталаётганига эътибор қаратган эди.

Помпео сўнгги икки йил ичида Хитойда 1 миллиондан кўпроқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар қайта тарбиялаш лагерларида сақланаётганини таъкидлаб, бу ҳолатни “мусулмонларни ўз маданияти ва эътиқодидан воз кечтиришга ҳаракат қилиш”, деб баҳолаган.

Шимолий Корея АҚШ музокараларни қайта бошлаш тўғрисида таклиф киритганидан сўнг ракета синовини ўтказди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳарбийлар билан.

Шимолий Корея 10 сентябрь куни АҚШ ядровий дастур юзасидан музокараларни сентябрь ойи охиридан бошлаб давом эттириш бўйича таклиф киритганидан бир неча соат ўтгач иккита ракета синовини ўтказди.

Жанубий Корея ракеталар Шимолий Кореянинг Пхёнган вилоятидан туриб отилгани аниқланганини, ракеталар мамлакат бўйлаб учиб ўтиб, денгизга тушганини билдирмоқда. Мазкур вилоят Шимолий Корея пойтахти Пхеньяндан унча узоқ бўлмаган масофада жойлашган.

Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Чхве Сон Хуэй 9 сентябрь куни агар Вашингтон ядровий дастур юзасидан Пхеньян қабул қила оладиган шартларни олға сурмаса, музокаралар мутлақо тўхтатилишини маълум қилган эди.

АҚШ президенти Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин жорий йилнинг 30 июлида февраль ойида муваффақиятсиз якунланган музокараларни жонлантириш ҳақида келишиб олган эди.

Кейинроқ Трамп Шимолий Кореянинг ядровий дастурни қисман тўхтатиш эвазига санкцияларни бекор қилиш талабини рад этган. Шундан сўнг АҚШ бир неча маротаба таклиф қилганига қарамай, музокаралар қайта бошланган эмас.

UNICEF: 2018 йилда 12 мингдан ортиқ бола ҳалок ёки майиб бўлди

UNICEFнинг Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзак қабр тошларига ўхшатиб териб қўйилди.

БМТ Болалар жамғармаси - UNICEF 8 сентябрь куни ҳар йили қанча бола можаролар туфайли ҳалок бўлишини эслатиш учун Нью-Йорк шаҳридаги қароргоҳи олдида 3758 та рюкзакни қабр тошларига ўхшатиб қатор қилиб терди.

UNICEFнинг жаҳон бўйлаб болалар аҳволи бўйича навбатдаги йиллик ҳисоботида ўтган йилда 12 мингдан ортиқ бола конфликт содир бўлаётган ҳудудларда ҳалок ёки майиб бўлгани эътироф этилган. Бу БМТ қайдлари бошланганидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

UNICEF директори Хенриетта Фор:

- Рюкзаклар доим болалар учун умид ва имкониятлар рамзи бўлиб келган. Икки ҳафтадан сўнг БМТ Бош Ассамблеясида тўпланадиган жаҳон етакчилари Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини нишонлайдилар, - деди.

10 сентябргача турадиган инсталляциядан мақсад жаҳон етакчиларига болалар билан боғлиқ ҳозиирги вазиятни эслатишдир.

UNICEF маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб тўрт боланинг биттаси конфликт ёки табиий офат қаърида қолган давлатда яшайди.

“2018 йилнинг июли бошига қадар 31 миллионга яқин ёш бола зўравонлик ёки можаро туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Уларнинг орасида 13 миллион бола қочқин ҳамда 17 миллиондан ошиқ ўз мамлакати ичида қочишга мажбур бўлган бола бор”, дейилади агентлик ҳисоботида.

Путин ва Макрон мулоқоти ортидан икки мамлакат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари учрашади

Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль  Макрон билан.

Россия президенти Владимир Путин 8 сентябрь куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатлашиб, Украина шарқидаги можарони ҳамда Эрон ядровий дастури бўйича имзоланган келишувни муҳокама қилди. Бу ҳақда Кремль расмий сайтида маълум қилинди.

9 сентябрь куни эса, икки давлат ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари Москвада учрашади. ТАСС агентлигининг хабар беришича, учрашув давомида Форс кўрфазидаги, жумладан, Эрондаги ҳодисалар ҳамда Украина ва Марказий Африка Республикасидаги вазият муҳокама қилинади. Франция қуролли кучлари вазири Флоранс Парли икки тараф “очиқчасига“ суҳбатлашишини айтди.

- Россия ва Франция умумий манфаатларга эга бўлган кўплаб геостратегик масалалар бор. Табиийки, айрим масалалар бўйича қарашларимиз зид, аммо айнан шу нарса ўзаро диалогни мустаҳкамлашга чорлайди, - деди Парли.

Парли Москвада Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан эса Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади.

Ле Дриан Москвага сафари олдидан берган интервьюсида Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари ва Қримни аннексия қилиб олгани учун Европа Иттифоқи жорий қилган санкцияларни бекор қилишга ҳали эрта эканлигини айтди.

Нидерландия терговчилари MH17 ҳалокатига алоқадор шахсни у Москвага юборилишидан олдин сўроқ қилди

Володимир Цемах

Нидерландиялик терговчилар 2014 йили Украина шарқида MH17 рейси билан учиб кетаётган учоқнинг уриб туширилишига алоқадор эканлиги айтилаётган Украина фуқароси Володимир Цемахни 7 сентябрь куни сўроқ қилган. Бу ҳақда Нидерландия ташқи ишлар вазири Стеф Блок мамлакат парламенти олдига қилган чиқишида билдирди.

Россия ва Украина алмашган асирлар орасида бўлган Цемахни нидерландиялик терговчилар у Москвага юборилишидан олдин сўроқ қилишни истаган эди.

Блок терговчилар асир алмашинувига қадар Цемахни сўроқ қилиш учун барча чораларни кўрганини, натижада Киев Москва билан асир алмашишни кечиктирганини айтди.

Вазир Цемах қанча пайт сўроқ қилинганини ёки ундан қандай қўшимча маълумот олинганини очиқламади. Хабарларга кўра, Цемах Украина шарқида, самолёт уриб туширилган ерга яқин шаҳарда Россия қўллаб келаётган айирмачиларнинг ҳаво мудофааси бўлимига етакчилик қилган.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган учоқ 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда “Бук” ракетаси билан уриб туширилган.

Фожиа 298 нафар одам, жумладан, 80 нафар ёш бола умрига зомин бўлди.

Москва шаҳар Думасидаги ўринларнинг деярли ярмини мухолифат қўлга киритди

8 сентябрь, якшанба куни бўлиб ўтган сайловнинг дастлабки якунларига кўра, мухолифатдаги номзодлар Москва шаҳар Думасидаги 45 та ўриннинг 20 тасини қўлга киритди. Ҳисоблаб чиқилган бюллетенларнинг 99 фоизи натижалари шаҳар сайлов комиссияси сайтида эълон қилинди.

КПРФдан Москва шаҳар думасига 13 номзод ўтди. Шаҳар Думасига 2005 йилдан бери илк бор “Яблоко” партияси номзоди кирди: сайловда бу партиянинг уч номзоди ва партия қўллаб-қувватлаган яна бир номзод ғолиб бўлди, деб хабар қилди The Bell нашри. “Справедливая Россия”нинг уч номзоди сайланди.

Сиёсатчи Алексей Навальный ўзининг “Ақлли овоз бериш” стратегияси ғалаба қозонганини айтди - у “Единая Россия”нинг шаҳар парламентидаги монополиясига барҳам бериш учун мухолифатдаги номзодлар учун овоз беришга чақирган эди. У ўз тарафдорларига Твиттер орқали миннатдорчилик билдирди.

25 ўринни мустақил номзодлар олди. Москва шаҳар Думасида "Единая Россия" томонидан илгари сурилган номзодлар йўқ — уларнинг ҳаммаси партия обрўси тушиб кетгани боис номзодларини мустақил равишда кўрсатди.

"Единая Россия"нинг Москва шаҳар бўлими етакчиси Андрей Метельский шаҳар думасига бўлиб ўтган сайловда КПРФ номзоди Сергей Савостьяновга имкониятни бой берди. Савостьянов "Единая Россия" фойдасига овоз бериш натижалари сохталаштирилишига уриниш бўлганини маълум қилди.

45-округда бўлиб ўтган сайловда Олий иқтисод мактаби проректори Валерия Касамара Навальнийнинг “Ақлли овоз бериш” рўйхатидаги номзод Магомет Яндиевга мағлуб бўлди, дея хабар беради "Москва" агентлиги. "Мен Москвада ақлли овоз бериш самара берганини кўраяпман, мен уни инкор қила олмайман", - дея баёнот берди Касамара.

Москва шаҳар Думасига ўнлаб мустақил номзодлар қўйилмади. Уларнинг сайловга қўйилмагани Москвада июл ва августда оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Қримда довул оқибатида 6 одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Қримда довул оқибатида 6 одам ҳалок бўлди. Расман билдирилишича, довул ярим оролнинг жанубий қисмида, Катта Ялта деб аталувчи ҳудудда юз берди.

Отрадний туманида сувдан бир одамнинг жасади чиқариб олинди. Ҳалок бўлган яна икки одамнинг жасадини сувдан чиқариб олишга довул ҳалақит бермоқда.

«Ласточкино гнездо» қасри атрофида ҳам икки киши ҳалок бўлди, уларнинг жасади ҳам ҳозирча сувда қолмоқда. Массандра туманида ҳам денгизда сузаётган бир одам ҳалок бўлган.

8 сентябрь куни беш балли довул оқибатида Қримда 5 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Якшанба куни расмийлар Қримда 8-9 сентябрь кунлари соатига 22 метр тезликда довул бўлиши эҳтимолидан аҳолини огоҳлантирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG