Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 22:11

Халқаро янгиликлар

Ҳонконгда икки ой аввал бошланган намойишлар давом этмоқда

Ҳонконг аэропортидаги норозилар.

Ҳонконг халқаро аэропорти минглаб норозилар қамали остида қолгани ортидан 12 август куни барча парвозларни бекор қилди.

Аввалроқ норозилар ва полиция ўртасида метрода тўқнашув содир бўлган эди. Норозилар полицияни тошбўрон қилган. Полиция эса норозиларга нисбатан резина ўқларни, кўздан ёш сиздирувчи газ ва тўқмоқларни қўллади.

Хитой ҳукумати Ҳонконгдаги норозиликларни кескин қораламоқда. Хитой намойишда қатнашаётган ходимларни ишдан бўшатилишини талаб қилиб, Ҳонконг ширкатларига босим кўрсатишни бошлади.

-Бундай зўравонликларга қонун асосида шафқатсиз репрессия билан жавоб қайтарилиши лозим. Биз Ҳонконг полициясининг қатъий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз,-деди Ҳонконг ишлари бўйича Хитой ҳукумати мутасаддиси Ян Гуан.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши намойишлар 9 июнда бошланган ва шу кунгача тўхтамаяпти.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Пекиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Россия Миллий гвардияси аёл намойишчини урган полициячига алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда

11 август куни ҳуқуқшунос Павел Чиков Сосновскаяни урган полиция ходими ҳақидаги маълумот учун 100 минг рубль мукофот ваъда қилди.

Россия Миллий гвардияси полиция ходими намойишчи аёлни калтаклагани акс этган видеодан ўзини узоқлаштиришга уринмоқда.

12 август куни “Говорит Москва” радиоси Миллий гвардия баёнотини ўқиб эшиттирди. Унда “видеодаги ходимлар Россия Миллий гвардия бўлимлари аъзоси эмас”, дейилади.

Интернетда кенг тарқатилган видеода Россия Миллий гвардияси формасига ўхшаш кийимдаги икки полиция ходими қўлга олинган аёлни полиция автомобилига олиб кетаётгани акс этган. Видеода полиция ходимларидан бири ерда ётган резина таёқни олишга интилар экан, Дарья Сосновская эканлиги айтилаётган аёл уни нари тепиб юборишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Бунинг ортидан полиция ходими Сосновская қорнига қаттиқ уриб, уни машинага зўрлаб ўтирғизган.

11 август куни ҳуқуқшунос Павел Чиков Сосновскаяни урган полиция ходими ҳақидаги маълумот учун 100 минг рубль мукофот ваъда қилди.

Россияда полиция ходимлари намойишчиларга қарши кескин куч қўллагани учун камдан-кам жавобгарликка тортилади.

Ўлгани ҳақида миш-миш тарқаган Бердимуҳамедов конференция очилишида қатнашди

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан. 2019, 12 август.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда бўлиб ўтаётган Каспий иқтисодий форуми очилиш маросимида нутқ сўзлади. Президент охирги марта жамоатчиликка 5 июль куни кўриниш берган эди.

Бу орада Бердимуҳамедов оғир хасталикка чалингани ёки ҳатто вафот этгани ҳақидаги миш-мишлар урчиди.

12 август куни Туркманбоши шаҳри яқинидаги Авара дам олиш зонасида сўзлаган Бердимуҳамедов 20 дақиқадан ошиқ нутқ сўзлади. Президентнинг кўриниши яхши бўлиб, қийинчиликсиз сўзлади.

Форумда Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Болгария расмийлари иштирок этмоқда. Туркман матбуоти эфирга узатган видеолавҳаларда Бердимуҳамедов Россия, Озарбайжон ва Қозоғистон бош вазирлари ҳамда Эрон вице-президенти билан алоҳида-алоҳида учрашганини кўриш мумкин.

21 июль куни мухолифатдаги “Озод Туркманистон” YouTube канали мамлакат пойтахтидаги ўз мухбирларига таяниб, президент 20 июль куни ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этганини хабар қилган эди. Бунинг ортидан айрим рус нашрлари ҳамда Бердимуҳамедов вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.

Россия хориж валютаси ва олтин захиралари 600 миллиард долларга етиши кутилмоқда

Россия ўз иқтисодини АҚШ жорий қилиши мумкин бўлган янги санкциялардан ҳимоя қилиш учун хориж валютаси ва олтин захиралари ошириб боради. Бу ҳақда Fitch Ratings агентлиги хабар қилди.

Агентлик ҳисобларига кўра, 2021 йилгача Россия резервлари савдо ва бюджет профицитлари туфайли рекорд 600 миллиард долларга етади.

Россия нефть ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда иккинчи ўринда бўлиб, мамлакат иқтисоди хом нефть нархига қарамдир. 2013 йилда бир баррель нефть нархи 110 доллар бўлган бўлса, бу кўрсаткич жорий ойда 58,3 долларни ташкил қилди.

Россия яқинда энг кўп резервларга эга тўртинчи давлатга айланиши кутилмоқда. Ҳозирда бу ўринни Саудия Арабистони эгаллаб турибди. Энг кўп захираларга эга давлатлар эса Хитой, Япония ва Швейцариядир.

Норвегиядаги масжидга қилинган ҳужум тиеррор сифатида баҳоланди

Осло полицияси расмий вакили Руне Скольд .

Норвегиядаги масжидга 10 август куни қилинган қуролли ҳужум ҳукумат томонидан террор сифатида баҳоланди.

Полициянинг билдиришича, қўлга олинган ҳужумчи мигрантларга қарши кайфиятда бўлган.

-Биз тўплаган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятчи ўта ўнгчиларга мансубдир. У мигрантларга қарши кайфиятда бўлган. У қўрқув уйғотмоқчи бўлди, бу эса террорчилик ҳаракати деганидир. Биз бу воқеани террор ҳаракати сифатида ўрганмоқдамиз,-деди Осло полицияси расмий вакили Руне Скольд 11 август куни.

10 август куни ҳужумчи Осло яқинидаги Ал-Нур ислом марказидаги масжидга қурол билан бостириб кириб, намоз ўқиётган одамларга қарата тартибсиз ўқ ота бошлаган. Ҳужумчи ўқидан 75 ёшли намозхон яраланган.

Диндорлар ўз кучлари билан ҳужумчини қуролсизлантиришга муваффақ бўлганлар ва уни полицияга топширганлар. Полицияга кўра, ҳужумчи асли норвегиялик бўлган ёш йигитдир.

Қурбон ҳайити куни Исроил полицияси ва фаластинликлар Ал Ақсо масжиди олдида тўқнашди

Шарқий Қуддусдаги Ал Ақсо масжидининг кўриниши.

Исроил полицияси ва мусулмонлар Қурбон ҳайити куни Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди олдида тўқнашди. Тўқнашувда камида 14 нафар фаластинлик жароҳатланди. Исроил полицияси камида 4 нафар полициячи ярадор бўлганини билдирди.

Ал Ақсо масжиди жойлашган ҳудуд яҳудийлар учун ҳам, мусулмонлар учун ҳам муқаддас жой ҳисобланади.

Ҳайит кунги тўқнашув Қуддус жанубида фаластинликлар томонидан бир Исроил ҳарбийси ўлдирилганидан бир неча кун ўтиб юз берди. Мазкур воқеа ортидан 10 август куни Ғазо минтақаси чегарасида Исроил ҳарбийлари тўрт нафар фаластинликни отиб ўлдирган эди.

Ал Ақсо масжиди Қуддуснинг шарқий қисмида жойлашган. Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Ғўлон тепаликлари, Шарқий Қуддус ҳамда Ғазо минтақасини босиб олган.

Исроил кейинчалик Ғазодан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетди, аммо Шарқий Қуддусни аннексия қилиб олди. Ғарбий Соҳилда эса Исроил ҳарбий оккупацияси ҳали ҳам давом этмоқда.

Фаластинликлар ушбу уч ҳудудда ўз мамлакатларини қуришни истайдилар.

Москва Google ширкатини "намойишларни тарғиб қилиш"да айблади

Намойишга чиққанлардан бирини қўлга олиш пайти.

Москва Google ширкатини “ҳукумат рухсат бермаган намойишларни тарғиб қилаётганликда” айблади.

Роскомнадзорнинг 11 августда билдиришича, YouTube порталида бу "намойишларнинг видеоларини жойлаштириш орқали қилинаётган тарғиботни тўхтатиш” талаб этилган расмий мактуб Google ширкатига жўнатилди.

Шанба куни Москвада 8 сентябрга белгиланган шаҳар думаси сайловларида мустақил номзодлар қатнашишига изн бериш талаби билан намойиш ўтказилган.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, 60 мингдан кўпроқ одам намойишга чиққан. Бироқ полиция намойшларда 20 мингга яқин одам қатнашганини билдирмоқда. Намойишда иштирок этган 250 дан ошиқ одам қўлга олинди.

-Бу ерда Россиянинг ҳақиқий ватанпарвар фуқаролари йиғилди. Улар мамлакатимизда қонунлар устивор бўлишини исташмоқда,-деди намойишга чиққанлардан бири.

10 август кунги намойишлар 2011 йилдан бери Россияда ўтказилган энг йирик аксилҳукумат акция, деб эътироф этилмоқда.

Киев Путиннинг аннексия қилинган Қримга сафарига эътироз билдирди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадан аннексия қилиб олинган Қримга навбатдаги ташрифи юзасидан эътироз билдирди. Вазирлик Путиннинг яриморолга ташрифи Украинанинг “суверенитети ва ҳудудий бирлигини жиддий бузишини” таъкидлади.

Вазирлик 11 август куни эълон қилган баёнотда Қрим Украина ҳудуди экани таъкидланади.

10 август куни Путин “Тунги бўрилар” байкерлар гуруҳи аъзолари билан Севастополда учрашгани акс этган видеолавҳалар кўрсатилди. Ушбу гуруҳнинг Кремлга алоқадор экани айтилади.

Путин Севастополга қилган ташрифи давомида Россиянинг йирик шаҳарларида минглаб одам одил сайловларни талаб қилиб, намойишга чиқди. Норозилик акциясига чиққан 250 дан ошиқ россиялик қўлга олингани хабар қилинди.

Саудия етакчилигидаги коалиция Яманда айирмачиларга зарба берди

Адан кўчаларида қонли ҳужум, 1 август, 2019 йил

Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция Яманда айирмачилар Адан шаҳрини эгаллаши ортидан уларга ҳаводан зарба берди.

11 август куни коалиция айирмачиларни шаҳарни тарк этишга чорлар экан, акс ҳолда ҳужумлар давом этиши ҳақида огоҳлантирди.

Ўзини “Жанубий муваққат кенгаш” (ЖМК) деб атовчи айирмачилар гуруҳи бир неча кун давомида президент Абд-Раббу Мансур Ҳади қўшинлари билан курашди.

Associated Press хабарларига кўра, тўқнашувларда 70 одан ошиқ одам, жумладан, оддий фуқаролар ҳалок бўлган.

Бирлашган Араб Амирликлари қўллаган ЖМК ҳукуматпараст кучлар билан Эрон қўллаб келаётган шиа ҳути исёнчиларга қарши курашиб келаётган эди. Ҳути исёнчилар шимолий Яман ва пойтахт Санани қўлга олган.

Ямандаги фуқаролар урушида минглаб одам ҳалок бўлди, миллионлаб одам эса озиқ-овқат ва тиббий ёрдам тақчиллигидан азият чекмоқда.

Бу йил икки миллион мусулмон ҳаж ибодатларини бажармоқда

11 август куни Саудия Арабистонида жойлашган Арафот тоғида ҳаж ибодатларини адо этаётган миллионлаб мусулмон тўпланди.

Бу тоғда Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни қурбонликка келтириш билан синалгани ҳамда айни тоғда Муҳаммад пайғамбар видолашув хутбасини қилганига эътиқод қилган мусулмонлар бу кунни Арафотда ўтказмоқда.

Кун ботарга қадар зиёратчилар Муздалифага бориб, рамзий устунларга тош отишади.

Саудия расмийлари бу йилги ҳажга асосан бошқа давлатлардан келган 2 миллион мусулмон тўпланганини маълум қилди.

Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин унга учрашув таклиф этганини билдирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Шимолия Корея раҳбари Ким Чен Ин у билан яна учрашишни хоҳлаётганини билдирди.

Жаноб Трамп 10 август куни Twitter орақали қилган билдирувида Ким унга АҚШ-Жанубий Корея ҳарбий машқлари тугаганидан сўнг учрашиш ва музокараларни бошлашни таклиф этгани ҳақда ёзди.

Трамп июн ойи оҳирида Японияда ўтган G20 саммитидан сўнг Жанубий Кореяга сафар қилган ва Шимолий Корея билан чегарада Ким Чен Ин билан учрашган эди.

Ундан олдин Трамп ва Ким Чен Ин шу йилнинг феврал ойида Ханойда учрашишган, ва музокаралар барбод бўлган эди.

Ханойда ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин режалаштирилган Трамп ва Кимнинг биргаликда тушлиги бекор қилинганди. Трамп ва Ким Чен Ин музокаралар ўтказилган жойни тарк этишганди.

Москвада "Адолатли сайловлар учун" норозилик акцияси қайта бошланди

Москванинг Сахаров проспектида 10 август куни "Адолатли сайловлар учун" норозилик тадбирлари қайта бошланди.

Мухолиф номзодларнинг Москва шаҳар кенгаши депутатлигига сайланишига руҳсат берилмаганига қарши норозиликлар июл ойи ўрталаридан бошланганди.

Шаҳар маъмурияти билан келишилган холда ўтказилаётган 10 август кунги Москвадаги норозилик акциясида 100 мингдан ортиқ одам қатнашиши кутиляпти.

27 июл ва 3 август кунлари Москвада рухсатсиз ўтказилган норозилик тадбири пайти 2 ярим мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.

Ўндан зиёд одамга нисбатан тартибсизликларни келтириб чиқариш билан боғлиқ жиноят иши очилган.

Саудия Арабистонида Ҳаж зиёрати амаллари бошланди

Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига келган 2 миллиондан кўпроқ мусулмон ҳаж зиёрати амалларини адо этишни бошлашган.

10 август куни ҳожилар Арофат тоғига йўл олди.

Саудия Арабистони ҳукумати эса бу сафар ҳам ўтган йиллардаги каби фожиали воқеалар такрорланмаслигига ҳаракат қилмоқда.

Шу мақсадда ҳаж амаллари ўтадиган жойларда қўшимча 50 мингга яқин хавфсизлик кучлари сафарбар этилди.

Саудия расмийлари эълон қилган рақамларга кўра, бу йилги Ҳаж зиёратига хориждан 2 миллиондан ортиқ мусулмон келган.

Улар орасида 7 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ҳожилар ҳам бор.

Архангельскдаги ҳарбий полигонда ракета двигатели портлаб, икки одам ҳалок бўлди

Портлаш содир бўлган ҳудудга яқин жойлашган Северодвинск шаҳрида радиация кўрсаткичи кўтарилгани хабар қилинди. (Архив сурат)

Россиянинг Архангельск вилоятидаги ҳарбий бўлимда содир бўлган портлаш ва ёнғинда икки одам ҳалок бўлди, олти одам жароҳат олди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги билдирди.

Вазирлик 8 август куни синов давомида келиб чиққан ёнғин туфайли реактив двигатель портлаганини маълум қилди.

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, портлаш Нёнокса қишлоғи яқинида содир бўлган. Қишлоқ яқинида ядровий сув ости кемалар ракеталарини синовдан ўтказиш полигони жойлашган.

Портлаш содир бўлган ҳудудга яқин жойлашган Северодвинск шаҳрида радиация кўрсаткичи кўтарилгани хабар қилинди. Хусусан, Greenpeace ташкилоти портлаш ортидан шаҳарда радиация кўрсаткичи нормадан 20 маротаба кўпроқ бўлганини хабар қилди.

Аммо Мудофаа вазирлиги атмосферага заҳарли газ чиқмаганини, радиация даражаси нормада эканлигини таъкидлади.

Бу орада Архангельск вилоятининг Двина кўрфазининг айрим ҳудудларида кемалар ҳаракати тўхтатиб қўйилди. Архангельск порти расмийси портларни ёпиш олдиндан режалаштирилганини иддао қилди.

Трамп Франция президенти Макронни Эрон масаласида танқид қилди

Франция президенти Эммануэль Макрон ва АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Франция президенти Эммануэль Макронни Вашингтон билан музокара ўтказиш масаласида Эронга “турли хил сигнал юборишда” айблади.

8 август куни АҚШ президенти Twitter платформасида: “Эрон жиддий молиявий қийинчиликларга йўлиққан. Улар АҚШ билан музокара олиб боришга жон деб турибди, аммо эронликлар бизнинг номимиздан сўзлаётганлар, жумладан, Франция президенти Макрондан турли хил сигнал олмоқда. Бошқаларники каби Эммануэлнинг нияти яхши эканлигини биламан, аммо АҚШ номидан АҚШнинг ўзидан бошқа ҳеч ким сўзламайди” деб ёзди.

Трамп 2015 йилда Вашингтон Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда. Санкциялар туфайли Эрон иқтисоди жиддий муаммоларга дучор бўлди. Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини изҳор қилган, аммо Теҳрон музокара бошлашдан аввал санкциялар бекор қилинишини талаб қилиб келади.

АҚШ билан бир қаторда 2015 йилги келишувни имзолаган Франция, Британия, Германия, Россия ва Хитой Вашингтонни келишувдан чиқмасликка ундади, аммо Трамп ўз фикридан қайтмади.

Трамп Макрон ҳақидаги твити билан айнан нимани назарда тутгани ҳозирча номаълум. Жорий ҳафтада Макрон Эрон президенти Ҳасан Руҳонийни Трамп билан учрашиш учун “Катта еттиталик” саммитига чақиргани ҳақида хабар тарқалган эди.

Аммо Франция дипломати бу хабарни рад этиб, энг муҳими “Эроннинг ядровий дастур бўйича ўз мажбуриятларига амал қилишидир”, деди.

АҚШ ва ЕИ давлатлари Россияни Грузия ҳудудидан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишга чақирди

2008 йилнинг 8 августида Россия Грузия ҳудудига бостириб кирган эди.

АҚШ ҳамда Европадаги беш давлат Россия ва Грузия ўртасида содир бўлган беш кунлик урушнинг 11 йиллигини хотирлаб, Москвани ўз ҳарбийларини урушгача турган ҳудудига қайтаришга чақирди.

8 август куни эълон қилинган қўшма баёнотда АҚШ, Бельгия, Эстония, Франция, Германия, Польша ва Британиянинг БМТдаги элчилари Грузия “мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий бирлигини” қўллашлари айтилади. Баёнот БМТ Хавфсизлик кенгашининг маслаҳат сессияси ортидан эълон қилинди.

Бу орада АҚШ Давлат департаменти ҳам Грузиянинг икки айирмачи ҳудуди “мустақиллигини” тан олган Россияни бу қарордан воз кечишга чақирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўз навбатида, “Тбилиси ва уни қўлловчи Ғарб давлатларини Россияга қарши истерика қўзғаш, минтақани қурол-аслаҳа билан тўлдириш ҳамда Грузияни енг ичида НАТОга тортишга” айблади.

WSJ: Конгресс россияликлар ва Трамп келишуви ҳақидаги маълумотларни олди

Бир неча йирик банклар АҚШ Конгресси қўмиталарига “Трамп, унинг оиласи ёки компаниялари билан иш олиб бориши мумкин бўлган россияликлар”га тегишли маълумотларни топширган. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар қилди.

Нашр маълумотига кўра, Конгрессга ўз маълумотларини Bank of America, Citigroup, Deutsche Bank, JPMorgan, Morgan Stanley ва Wells Fargo тақдим этган.

Олдинроқ Трамп ўзининг банк ҳисоблари ва солиқ кўчирмаларига киришни чеклаш мақсадида судга бир неча даьволар киритган.

Май ойида Нью-Йорк штати сенати АҚШ Конгрессига президентнинг солиқлари тўғрисидаги ахборотни топширишга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.

2019 йилнинг апрелида АҚШ вакиллар палатасининг иккита қўмитаси Доналд Трампнинг молиялари ҳақида банклардан маълумот сўради.

Март ойида Нью-Йорк Бош прокуратураси Deutsche Bank ва Investors Bank дан президентнинг Trump Organization компаниясининг тўртта йирик битимларини молиялаштириш ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни сўради. Прокуратура сўровлари Трампнинг кўчмас мулк билан боғлиқ битимларини, шунингдек, унинг Нью-Йоркдаги бизнес мунсабатларини текширишнинг бир қисми ҳисобланади.

Қирғизистон президентининг сайловдаги асосий рақиби мамлакатга қайтиб келди

Қирғизистондаги "Республика" партияси лидери Ўмүрбек Бабанов Бишкекка Москвадан учиб келди. Уни аэропортда юзлаб тарафдори кутиб олди.

Кутиб олган тарафдорлари олдида қилган қисқа нутқи давомида Бабанов уларга миннатдорчилик билдирди. Қирғизистонга тинчлик керак эканини айтди.

- Ҳеч ким менинг йўлимни тўсиб, текширгани йўқ. Мен доим қонун доирасида юрганман, - деди Бабанов.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) 8 август куни агар Бабанов Қирғизистонга қайтиб келса, қонун доирасида жавобгарликка тортилажаги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Ўмурбек Бабанов 2017 йили бўлиб ўтган президент сайловида ҳозирги президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг асосий рақиби бўлган эди. Сайловдан сўнг Москвага кетиб қолган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 2018 йилнинг 28 март куни 2017 йилда ўтган сайловда президентликка номзод бўлган Ўмурбек Бабановга нисбатан “ҳокимиятни босиб олишни режалаштирганлик” айблови билан жиноят иши очилганини билдирган эди.

Бу Бабановга нисбатан қўзғатилган иккинчи жиноят ишидир. 2017 йилнинг 4 ноябрида Бош прокуратура “Конституциявий тузумни куч билан алмаштиришга ошкора чақириш”, “Миллий, ирқий ва диний низо қўзгатишга уриниш” моддалари билан Ўмурбек Бабановга қарши жиноят иши очган эди. Бунга Бабановнинг ўтган йил октябрь ойида Ўшдаги ўзбек сайловчилар билан учрашган пайтида сўзлаган нутқи сабаб бўлган.

Бироқ Ўмурбек Бабановнинг ўзи Ўшдаги учрашув пайтида сайловчиларга президент бўлиб қолса, мамлакатда яшовчи барча миллат вакилларининг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши тўғрисида сўзлаган нутқи нохолис одамлар томонидан бузиб талқин қилингани ҳақида билдирган.

Сайловда амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбековдан кейин энг кўп овоз олган Ўмурбек Бабанов 2017 йил 15 октябрда ўтган овоз бериш жараёнидан сўнг Қирғизистонни тарк этган.

Атамбаевнинг қўлга олингани расман тасдиқланди. Қўлга олиш амалиётида 98 одам жароҳатланди

Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги тарафдорлари.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги собиқ президент Алмазбек Атамбаев 8 август оқшомида қўлга олинганини расман тасдиқлади.

"Амалиёт чоғида қурбонлар бўлмади. Махсус амалиётга Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев раҳбарлик қилди. Атамбаев тегишли органларга қонун доирасида тергов амалларини ўтказиш учун топширилди”, дейилади расмий баёнотда.

8 август куни Қўйтош қишлоғида амалга оширилган амалиёт ортидан касалхоналарга турли тан жароҳатлари олган 20 одам мурожаат қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 7-8 август кунлари Қўйтошдаги амалиётда яраланиб, касалхоналарга мурожаат қилганларнинг умумий сони 98 нафардир. Амалиёт пайтида “Альфа” махсус отряди ходими Усўнбек Ниязбеков ҳалок бўлган.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков бу воқеаларга муносабат билдирар экан:

-Бу ҳодисалар юзасидан жиноят ишлари очилди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади. Кечаги кунгача Атамбаевни терговга гувоҳ сифатида чақираётган эдилар, энди у терговга жиддий жиноятларни содир этишда гумонланаётган шахс сифатида чақиртирилади, - деб айтди.

7 август куни кечқурун Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ ўша куни Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлган, 52 одам жароҳатланганди. Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини гаровга олган.

8 август куни махсус хизматларнинг бир неча минг ходими иштирокида ўтказилган амалиёт ортидан Атамбаев таслим бўлган эди.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.

Россияда Apple ширкатига қарши иш қўзғатилди

Россия Федерал антимонополия хизмати биноси.

Россия Федерал антимонополия хизмати “Касперский лабораторияси” шикоят аризаси асосида Apple ширкатига қарши иш қўзғатди.

Антивирус дастурларини ишлаб чиқарувчи “Касперский лабораторияси” АҚШ ширкатини ота-оналарга назорат қилиш имкониятини берувчи Kaspersky Safe Kids дастури версияларидан асоссиз равишда воз кечганликда айбламоқда.

Айни пайтда Apple “Касперский лабораторияси” дастурига муқобил бўлган Screen Time иловасини тақдим этди. Бу илова ширкат томонидан ишлаб чиқилган.

Антимонопол хизмат АҚШ ширкатининг ҳаракатларини iOS иловалари бозорида ўз устунлигидан фойдаланиш сифатида баҳолади.

Мазкур иш 13 сентябрда кўриб чиқилади.

Мисрда махсус амалиёт пайтида 17 нафар "террорчи" отиб ўлдирилди

Қоҳира. 4 августда портлатилган автомашина ёнмоқда.

Миср хавфсизлик хизматлари пойтахт Қоҳирада бир неча кун олдин содир этилган худкуш ҳужумга алоқадор бўлган «17 нафар террорчини» отиб ўлдирди.

Ички ишлар вазирлигининг 8 августда билдиришича, саккиз террорчи Аца шаҳридаги отишма пайтида ўлдирилди. Қоҳира яқинидаги Шортук аҳоли пунктида етти нафар, Қоҳирада 2 нафар террорчи йўқ қилинди. Бир нафар гумонланувчи қўлга олинди.

Полициянинг маълум қилишича, бу террорчиларнинг барчаси Хасм гуруҳига аъзо бўлган.

Қоҳирада 4 август куни Саратон касаллигига қарши кураш миллий институти олдида худкуш бомба ўрнатилган автомобилни бошқа иккита машинага бориб урган эди.Портлаш оқибатида 20 киши ҳалок бўлган, 47 одам яраланган.

Дмитрий Медведев:Қирғизистон 21 асрда инқилоблар учун берилган кредит лимитини ишлатиб бўлди

Россия бош вазири Дмитрий Медведев.

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Евросиё иқтисодий иттифоқи бош вазирлари кенгаши бўлиб ўтади.

Кенгашда иштирок этиш учун 8 августда бу ерга Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Россия бош вазири Дмитрий Медведев, Қозоғистон бош вазири Сергей Мамин ва Беларусь бош вазири Сергей Румас келди.

Дмитрий Медведев 8 август куни Чўлпонотадан туриб Россия матбуотига берган интервьюсида Қирғизистонни навбатдаги инқилобга йўл бермасликка чақирди.

-Биз бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатмоқдамиз. Айтишим мумкинки, менинг нуқтаи назаримча, Қирғизистон 21 асрда инқилоблар учун берилган кредит лимитини ишлатиб бўлди, - деди Медведев.

Кремль етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар бош вазирлари Қирғизистонга келган пайтда бу ерда сиёсий инқироз юзага келган, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни махсус хизматларнинг бир неча минг ходими иштирокида қўлга олиш амалиёти ўтказилаётган эди.

Россияда Навальний етакчилигидаги Фонд ходимлари уйларида тинтув ўтказилди

"Апология протеста" инсон ҳақларини ҳимоя лойиҳасининг телеграм мессенжери орқали хабар беришича, Коррупцияга қарши кураш Фонди ходимлари уйларида тинтувлар ўтказилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Фонднинг уч ходими – Александр Помазуев, Евгений Замятин ва Вячеслав Гимади уйларига борган.

"Апология протеста" хабарига кўра, тинтувлар пул ювишга оид Фондга қарши очилган жиноят иши рамкасида ўтказилмоқда.

"Бир вақтнинг ўзида тинтув Фонд видеомонтажчиси Виталий Колесников уйида ўтказилмоқда. Авваллари унинг жиноят ишига алоқадорлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган эди", – деди фонд матбуот котиби Кира Ярмыш.

У Фонд ходимларига қарши очилган жиноят ишини "кулгили" ва "уйдирма" деб атади.

Август ойи бошида Россия Тергов қўмитаси Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фондини 1 миллиард рублга яқин пулни ювишда айблаб, жиноят иши қўзғатган эди.

Атамбаев тарафдорларини Оқ Уй олдида муддатсиз митинг ўтказишга чақирди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ўз тарафдорларини 8 август тушдан кейин Оқ уй (президент маъмурияти ва парламент жойлашган бино) олдида муддатсиз митинг бошлашга чақирди.

8 август куни Бишкек вақти билан соат 11да Қўйтош қишлоғидаги уйи олдида уч юз нафарга яқин тарафдорлари олдида сўзлаган Атамбаев ўзини қўлга олиш амалиёти пайтида кучишлатар тузилмаларининг ходими ҳалок бўлгани учун масъулиятни амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков зиммасига юклади.

Атамбаев тарафдорларини кучишлатар тузилмаларининг гаровга олинган 6 нафар ходимини озод этишга ҳам чақирди.

8 августга ўтар кечаси Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлди, 52 одам жароҳатланди.Ҳалок бўлган одам Миллий хавфсизлик хизматининг махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи ходими бўлган.

Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини қўлга олиб, гаровда ушлаб турибди.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.

Қирғизистоннинг амалдаги президенти собиқ президентни "қуролли қаршилик кўрсатган"ликда айблади

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 8 августда Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилишини ўтказди.

Жээнбеков йиғилишда “Алмазбек Атамбаев Қирғиз Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларини қўпол тарзда бузган ҳолда, тергов жараёни қонуний равишда олиб борилишига қарши қуролли қаршилик кўрсатди”, деб баёнот берди.

Давлат раҳбари Хавфсизлик кенгаши аъзоларига “зудлик билан қонунийликни, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизликни сақлаш юзасидан барча чора-тадбирларни амалга ошириш”га кўрсатма берди.

Кенгашда Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ўрўзбек Ўкумбаев, Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев, Бош прокурор Ўткурбек Жамшитов юзага келган вазият борасида маълумот беришди. Расмий хабарда, мазкур вазият юзасидан қарорлар қабул қилингани хабар қилинди.

8 августга ўтар кечаси Қўйтош қишлоғида собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш амалиёти бошланган эди. Бироқ Атамбаевни қўлга олишга муваффақ бўлинмади.

Кучишлатар тузилмалар ва Атамбаев тарафдорлари ўртасида юзага келган тўқнашув оқибатида бир одам ҳалок бўлди, 52 одам жароҳатланди. Ҳалок бўлган одам Миллий хавфсизлик хизматининг махсус топшириқларни бажарувчи гуруҳи ходими бўлган.

Атамбаев тарафдорлари кучишлатар тузилмаларнинг олти нафар ходимини қўлга олиб, гаровда ушлаб турибди.

27 июнь куни парламент томонидан дахлсизлик мақомидан маҳрум этилган Алмазбек Атамбаевга нисбатан олтита айблов илгари сурилган. Бош прокуратура улардан бештасини асосли, деб топган. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи бу айбловлар сиёсий сабабга эга эканини урғуламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG