Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:15

Халқаро хабарлар

Тожикистонликлар яқинларидан келган пул ўтказмаларини ололмаяпти

Тожикистондаги банклардан бирида навбат кутаётган одамлар.

Тожикистонда юзлаб одам Россиядан ўзига юборилган пул ўтказмаларини ололмаяпти. Шу кунда Душанбе ва бошқа шаҳарлардаги банклар олдида турнақатор навбатларни кўриш мумкин.

Маҳаллий аҳолига кўра, пул ўтказмалари “Золотая корона”, “Близко”, MoneyGram ва Western Union тўлов тизимлари орқали юборилган.

Тожикистонда 3 декабрдан бошлаб мамлакат Миллий банки қошида пул маблағларини ўтказиш бўйича Миллий процессинг маркази (МПМ) ишлай бошлади. Бу хориждан, шу жумладан, Россиядан келган пул ўтказмалари фақат МПМ орқали амалга оширилиши ва ТМБ уни назорат қилишини англатади. Миллий банк изоҳига кўра, шу тариқа расмийлар тўлов тизимлари орқали берилган пуллар қайтарилмаслигидан маҳаллий банклар ва аҳолини ҳимоя қилмоқчи.

Тожикистон Миллий банки томонидан куни кеча тарқатилган баёнотда 3 декабрдан бошлаб Тожикистонга ва Тожикистондан бошқа мамлакатларга пул ўтказмалари яқинда ташкил қилинган миллий ўтказмалар тизимига қўшилишга қарор қилган "Юнистрим", Western Union ва Contact тизимлари орқали амалга оширилиши билдирилган.

Бироқ сешанба куни Western Unionнинг Москвадаги ваколатхонаси Озодлик радиоси тожик хизматига “Тожикистон расмийларига боғлиқ” сабабларга кўра бу мамлакатга пул юборилиши тўхтатилганини маълум қилган. Муассаса бундан бошқа изоҳ беришдан тийилган.

3 декабрь куни Россия нашрлари Contact, Western Union ва "Близко" тўлов тизимлари Тожикистонга пул ўтказмаларини тўхтатгани ҳақида хабар тарқатганди.

Тожикистондаги йирик банклар аҳоли Western Union, Contact, "Золотая корона" ва MoneyGram тизимлари орқали юборилган пулларни ололмаётганини тасдиқлади. Айни дамда "Эсхата”, “Арванд”, “Спитаменбонк”, “Коммерцбанк” банклари ходимларига кўра, ҳозирда фақат "Юнистрим" тизими ишламоқда. Банклардан бирининг маълум қилишича, Contact тизими орқали юборилган пулларни ҳам олиш мумкин.

Россияда шу кунда 500 мингдан 1 миллионгача тожикистонлик ишлаётгани айтилади. Тожикистон Миллий банки илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровларга кўра, мамлакат аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғи учун хорижда ишлаётган яқинларидан келаётган пул асосий манба бўлиб ҳисобланади. 2019 йилнинг тўққиз ойида Тожикистонга меҳнат муҳожирларидан 2 миллиард 490 миллион доллардан кўпроқ пул келган.

Қирғиз депутати: Ўзбекистонлик муҳожирлар Россияда қирғиз паспортини сотаяпти

Қирғизистон парламенти вице-спикери Аида Қасималиева.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбек муҳожирлари қирғиз паспортини сотиб, бизнес қилаяпти, дея иддао қилди Қирғизистон Жўғўрқу Кенеши вице-спикери Аида Қасималиева 4 декабрь куни Бишкекда бўлиб ўтган парламент мажлисида.

“Яқинда депутатлар билан Санкт-Петербургда бўлиб, юртдошлар билан учрашдик. У ерда қирғиз паспортини сотиш бизнесга айланиб кетибди. Ўзбекистонлик муҳожирлар қирғиз паспортларини реклама қилиб, сотиб юришган экан. Сиз буни статистика орқали ҳам текширишингиз мумкин. Паспортлар одамлар милицияга тушган пайтда ўртага чиқаяпти”, деди депутат хоним.

Қасималиевага кўра, ўртага чиққан паспортларнинг кўпи Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида берилган.

“Текширув чоғида шахсий идентификацион рақамлар тўғри чиқаяпти, яъни улар сохта паспортлар эмас. Паспортлар ноқонуний равишда берилмаслиги учун қандай тўсиқлар қўяяпсиз? Паспорт туфайли бошимиз жанжалдан чиқмай қолди”, деди парламент вице-спикери Қирғизистон Давлат қайд хизмати раиси Алмаз Мамбетовга юзланаркан.

Лондонда НАТО альянсининг 70 йиллиги нишонланмоқда

1949 йил АҚШ, Канада ва яна 10 Европа мамлакати тузган Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига шу кунда 29 мамлакат аъзо.

3 декабрь куни Лондонда НАТО ҳарбий альянсига аъзо давлатлар етакчилари иттифоқнинг 70 йиллигини нишонлаш учун тўпланди.

Икки кунга чўзилиши кутилаётган тадбирлар арафасида альянснинг мудофаа ҳаражатлари ва Сурия бўйича сиёсат кескин мунозарага сабаб бўлди, НАТОга аъзо Франция ва Туркия ўртасида келишмовчилик юзага келди.

Бу тангликларга қарамасдан, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 29 аъзога эга альянс “тарихдаги энг муваффақиятли иттифоқ” эканлигини таъкидлади.

АҚШ президенти Дональд Трамп НАТО муҳим аҳамият касб этишини айтиб, альянсни ҳимоя қилди. НАТОга аъзо бошқа давлатлар АҚШни иттифоқ бюджетига ўз ҳиссасини қўшишга чорлаб келади.

АҚШ президенти НАТОни “мияси ўлган” дея таърифлаган Франция президенти Эммануэль Макронни танқид қилди.

НАТО – Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотини 1949 йили АҚШ, Канада ва яна 10 Европа мамлакати тузган.

Совет Иттифоқи экспансияси тўғрисидаги хавотирлар урчиётган бир пайтда юзага келган альянс унга аъзо мамлакатлар яхлит мудофаа тизимини яратиш ва дунё хавфсизлигини сақлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Трамп Эронни “кўп сонли” намойишчиларни ўлдиришда айблади

Дональд Трамп 3 декабрь куни НАТО саммитида иштирок этиш учун Лондонга борди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни ёнилғи нархининг оширилишига қарши намойишлар чоғида кўп сонли намойишчини ўлдиришда айблади.

3 декабрь куни НАТО саммитида иштирок этиш учун Лондонга борган Трамп:

- Эрон, биз ҳозир суҳбатлашар эканмиз, минг-минглаб одамни ўлдираётган бўлиши мумкин. Шунинг учун улар Интернетни ўчириб қўйишди – одамлар нима содир бўлаётганини кўра олмаслиги учун.Бу даҳшатли ҳолат, дунё буни кузатиб бориши керак, - деди.

3 декабрь куни Теҳрон полицияси етакчиси мамлакат бўйлаб содир бўлган намойишларнинг “муҳим ғаламислари” қўлга олинганини маълум қилди.

2 декабрь куни Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти намойишлар давомида камида 208 нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида баёнот тарқатди. Ғарб манбалари қурбонлар сони бундан-да кўпроқ эканини айтмоқда. Хусусан, New York Times нашри ҳалок бўлганлар сони 450 нафарга етиши ҳақида ёзган.

Аммо Эрон расмийлари намойишларда ҳалок бўлган сони жуда озлигини иддао қилмоқда.

Эронда оммавий норозилик намойишлари 15 ноябрь куни ҳукумат ёнилғи нархини 200 фоизга оширганини эълон қилганидан сўнг бошланди. Илк намойишлар полиция томонидан бостирилди, айни пайтда Эрон расмийлари бир ҳафтага Интернетни тўлалигича блоклаб қўйди.

Нидерландия Россияни MH17 рейси ҳалокатига алоқадир шахснинг терговдан қочишига шароит яратиб беришда айблади

Володимир Цемах

Нидерландиялик терговчилар Москвани 2014 йили Украина шарқида MH17 рейси билан учиб кетаётган учоқнинг уриб туширилишига алоқадорликда гумонланаётган Украина фуқароси Володимир Цемахнинг терговдан қочишига шароит яратиб берганликда айблади.

2 декабрь куни Нидерландия Давлат прокуратура хизмати Россияни Цемахнинг Украина шарқида яширинишига “билиб туриб” йўл очиб беришда айблади.

Прокуратура баёнотига кўра, Россия Цемахни экстрадиция қилишдан бош тортган. Шу сабаб Нидерландия терговчилари Москвани ўзи ратификация қилган Экстрадициялар бўйича Европа конвенциясини бузишда айблади.

“Россия Федерацияси ўз фуқароларини экстрадиция қилмайди, аммо жаноб Цемах Украина фуқароси бўлгани учун, уни экстрадиция қилишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди”, дейилади прокуратура билдирувида.

Цемах 7 сентябрь куни Россия ва Украина алмашган асирлар орасида Украинадан Москвага юборилган эди.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган учоқ 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда “Бук” ракетаси билан уриб туширилган.

Цемах ўша пайтда Донецкда россияпараст айирмачиларнинг ҳаво мудофааси қўмондони бўлган.

MH17 рейси фожиасида 298 киши, жумладан, 80 ёш бола ҳалок бўлган.

Хитой АҚШга қарши санкциялар жорий қилди

АҚШ байроғи кўтарган ҳонконглик намойишчилар (иллюстратив сурат).

Хитой Қўшма Штатлар ва қароргоҳи АҚШда жойлашган айрим ноҳукумат ташкилотларига қарши санкциялар жорий қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасида қайд этилишича, бу қарор Вашингтоннинг Ҳонконгдаги ҳодисалар масаласида Хитой ички ишларига аралашаётгани ва “масъулиятсизларча ҳаракат” қилаётгани важидан олинган.

Афтидан Хитой расмийлари бу ўринда ярим йилдан буён оммавий норозилик намойишлари давом этаётган Ҳонконгда инсон хуқуқлари ва демократияни ҳимоя қилиш борасида АҚШ томонидан қабул қилинган қонунларни назарда тутганлар.

Қўшма Штатлар қабул қилган қонун Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган хитойлик ва ҳонконглик расмийларга нисбатан санкциялар жорий этилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, АҚШ Ҳонконгга намойишларни тарқатиш учун фойдаланиладиган полиция жиҳозлари ва техника экспортини ҳам тақиқланган.

Хитой расмийлари 2 декабрдан Америка ҳарбий кемалари ва учоқларининг Ҳонконгга ташрифига оид илтимосномаларни кўриб чиқишни тўхтатиб қўйдилар.

Хитой Human Rights Watch, Миллий демократия жамғармаси ва Freedom House каби ташкилотларга нисбатан ҳам санкция жорий қилган. Пекин бу ташкилотларни Ҳонконгдаги норозиликларни дастаклаганликда айбламоқда.

Ўтган якшанба куни ҳам Ҳонконгда оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Бу норозилик тадбири чоғида ҳам намойишчилар полиция билан тўқнашди.

AI: Эрондаги намойишларни тарқатиш чоғида юзлаб одам ўлдирилган

Эроннинг Мариван шаҳрида намойиш бостирилган жой (иллюстратив сурат).

Ёқилғи нархининг оширилишига қарши намойишлар чоғида Эронда 208 киши ўлдирилган. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2 декабрь куни баёнот тарқатди. Ғарб манбалари қурбонлар сони бундан-да кўпроқ эканини айтмоқда. Хусусан, "Нью-Йорк таймс" нашри мақтуллар сони 450 нафарга етиши ҳақида ёзган.

Эронда оммавий норозилик намойишлари 15 ноябрь куни ҳукумат ёқилғи нархини 200 фоизга оширганини эълон қилганидан сўнг бошланган. Илк намойишлар полиция томонидан бостирилган, айни пайтда Эрон расмийлари бир ҳафтага Интернетни тўлалигича блоклаб қўйган.

Amnesty International ташкилотининг Яқин Шарқдаги тадқиқотлар бўлими директори Эрон хавфсизлик кучлари ўз ватандошларини ўлдириш бўйича мудҳиш амалиёт ўтказганларини билдирди ва халқаро ҳамжамиятни тўкилган қон учун масъул шахсларни қоралашга чақирди.

Ҳуқуқ фаоллари AI томонидан текширилган видеоёзувларда қуролсиз кишилар ўққа тутилгани акс этганини айтмоқдалар. Маълумотларга кўра, қурбонларнинг яқинлари журналистлар билан мулоқот қилмаслик ва мақтуллар учун мотам маросимлари ўтказмаслик ҳақида огоҳлантирилганлар.

Озарбайжонда парламент тарқатилди

Озарбайжон парламенти ўзини ўзи тарқатиш қарорига келди ва муддатдан аввалги сайловларни белгилаб бериш илтимоси билан мамлакат президенти Илҳом Алиевга мурожаат қилди.

2 декабрь куни депутатлар ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси таклифини ёқлаб овоз берди.

Ҳукмрон партия ўтган ҳафта “қонун чиқарувчи органнинг ҳозирги таркиби Алиев томонидан олиб борилаётган сиёсатга мос фаолият юритмаётгани”га оид баёнот билан чиққанди.

Кечаги овоз беришда 99 нафар депутат парламент тарқатилишини ёқлаб чиқди, бир депутат қарши овоз берди, яна бир нафари бетараф қолди.

Расмийлар иддаосича, муддатдан аввалги сайлов қонун чиқарувчи хокимиятни модернизация қилиш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга ёрдам беради.

Муддатдан аввалги сайлов парламент тарқатиб юборилганидан кейинги уч ой давомида ўтказилиши лозим. 2015 йилги сайловларда Илҳом Алиевнинг “Янги Озарбайжон” партияси ғолиб, деб эълон қилинган. Озарбайжондаги барча мухолифат партиялари аввалги сайловларни бойкот қилишган.

И.Алиев 10 миллион аҳолига эга бўлмиш мамлакатни 2003 йилдан бери бошқариб келмоқда. У 10 йил президент бўлган отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан сал олдинроқ президент этиб сайланган эди.

Трамп импичмент бўйича эшитувларда иштирок этмайди

U.S.A. -- President Donald Trump aboard Air Force One October 6, 2018.

АҚШ президенти Дональд Трамп 4 декабрга белгиланган импичмент бўйича эшитувларда иштирок этмайди. Бу борадаги мактубни Оқ уй юридик консультанти Пэт Чиполлоне АҚШ Конгресси Намояндалар палатасининг суд қўмитаси раиси Жеррольд Надлерга юборди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

"Гувоҳлар исми айтилгунга қадар, шунингдек, суд қўмитаси президентга нисбатан адолатли жараён таъминланиши ноаниқлигича қолаётгани туфайли биз эшитувларда иштирок эта олмаймиз. Ҳозирги вазиятда чоршанба кунги эшитувларда иштирок этмоқчи эмасмиз", – дейилади Чиполлоне мактубида.

Унинг таъкидлашича, суд қўмитасининг мажлиси Трамп Лондонда НАТО саммитида иштирок этаётган бир вақтда бўлиб ўтади. Чиполлоненинг баёнотига кўра, демократлар "атайин" шу санани танлаган.

Дональд Трампга Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот чоғида Трамп унга гўёки ўзининг сиёсий рақиби Жо Байденга нисбатан Украинадаги тергов ҳаракатлари тикланиши юзасидан босим ўтказган деб ҳисобланмоқда ва шу сабали президентга қарши импичмент жараёни бошланган.

Суд қўмитасининг 4 декабрь кунги мажлисида Трампга импичмент эълон қилиш учун конституциявий асослар бор ёки йўқлиги, жумладан, унинг ҳатти-ҳаракатлари АҚШ Конституциясида белгилаб қўйилган жиноятларга мос келиш-келмаслиги муҳокама қилинади. Бунинг учун Конгрессга юристлар, конституцион хуқуқ бўйича экспертлар таклиф қилинган.

Трамп демократлар томонидан қўйилаётган айбловларни инкор қилади, ўзига нисбатан жорий қилинаётган импичмент жараёнини "Америка сиёсати тарихидаги энг буюк фирибгарлик" дея таърифламоқда.

Россия “Сибирь қудрати” қувури орқали Хитойга газ етказиб бера бошлайди

Шу йил 2 декабридан Россия Европа хорижидаги янги катта бозорга табиий газ етказиб беришни бошлайди. Россиянинг “Газпром” ширкати душанба куни уч минг километрга узанган “Сибирь қудрати” қувурини ишга туширади ва Хитойни зангори олов билан таъминлай бошлайди.

Хитой тез орада Россия газининг йирик импортчисига айланиши кутилмоқда. 2025 йилга бориб “Сибирь қудрати” қувури орқали Хитойга йилига 38 миллиард куб метр газ етказиб берилиши кутилмоқда.

Еврокомиссия тарихда илк бор аёл киши томонидан бошқарилади

Янги таркибдаги Еврокомиссия.

Шу йил 1 декабридан Европа комиссиясининг янги таркиби расман ишга киришди. Ташкилотга тарихда илк бор аёл киши - Германия вакиласи Урсула фон дер Ляйен бошчилик қилмоқда.

ЕИ Кенгаши раиси Дональд Туск ўрнини Бельгия собиқ бош вазири Шарль Мишель эгаллади.

Еврокомиссия Европа Иттифоқининг асосий ижроия органи бўлиб ҳисобланади. У Умумевропа қонунларини ишлаб чиқади, шунингдек, ЕИ мамлакатлари амалдаги меъёрларни қандай бажараётганини кузатиб боради.

Еврокомиссиянинг янги таркиби 5 йилга - 2024 йилгача сайланган. Комиссиянинг янги таркиби учун ўтган ҳафтадаги овоз беришда 461 нафар депутат ёқлаб овоз берди, 157 нафари қарши чиқди.

Тожикистонда суюлтирилган газ нархи кўтарилди

Тожикистондаги газ қуйиш шохобчаларидан бири.

Тожикистонда суюлтирилган газ нархи ошди. Шу кунда бир литр газ Душанбедаги АЁҚШларда 3,7 – 3,9 сомонийдан сотилмоқда. Ваҳоланки, бир ҳафта аввал ҳам газнинг бир литри 3,4 сомонийдан сотилаётганди.

Тожикистонда автотранспортларнинг 60 фоизидан кўпроғи ёқилғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланади.

Тожикистонга ёқилғи мойлаш материалларини етказиб берувчи ширкат юзага келган вазият юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Тожикистон Аксилмонополия хизматининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, идора мутахассислари суюлтирилган газ нархи ошиши сабабларини ўрганмоқда.

Тожикистонга газ ёқилғисини олиб келиш билан 30 дан ортиқ ширкат шуғулланади, улардан энг йириклари “Газпромнефть-Тожикистон” ва “Фароз”дир.

Душанбедаги АЁҚШ ходимлари нарх ошиши сабабларини айтишга қийналишди. Улардан бирига кўра, бунинг сабабини суюлтирилган газни экспорт қиладиган мамлакатлардан қидириш керак.

Икки ой муқаддам Тожикистон расмийлари ёқилғи олиб келинадиган Қозоғистонда нарх ошганига қарамай, суюлтирган газ импорт ҳажми ошганини билдирган эдилар. Сентябрь ойида суюлтирилган газ етказиб берувчи ширкатлар импорт ҳажмини 31,5 минг тоннагача оширгандилар.

Ўтган йили Тожикистон бозорига 350 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Ёқилғининг бу тури асосан Қозоғистондан олиб келинади, шунингдек, муайян қисми Россия, Туркманистон ва Қирғизистондан импорт қилинади.

Эрон: Россия ва Хитой билан ҳарбий-денгиз машқлари декабрда бошланади

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони ўз қўл остидаги қўшинлар жорий йил охири ва келаси йил бошида Россия ва Хитой иштирокидаги қўшма ҳарбий машқларда иштирок этишини маълум қилди.

Вице-адмирал Ҳусайн Хонзодий 30 ноябрда 22 декабрдан 20 январга қадар Ҳинд океани шимолида ҳарбий машқлар бўлиб ўтишини айтди.

Адмиралнинг баёнотида ҳарбий машқларнинг аниқ манзили ошкор этилмади, аммо ахборот воситалари улар Ўмон кўрфазида бўлиб ўтказилишини хабар қилди. Ўша жойда бир неча марта нохуш ҳодисалар юз берган эди.

“Машқлардан мақсад Ҳинд океанининг шимолий қисмидаги турли нохуш ҳодисалар, жумладан, қароқчилик ҳужумлари рўй бераётган жойда хавфсизликни таъминлаш ва мустаҳкамлашдан иборат”, дея хабар қилди Эроннинг “Тасним” ахборот агентлиги адмиралнинг сўзларига таяниб.

Хонзодий икки кун олдин машқлар “яқин келгуси”да рўй беришини ва қўшма амалиётлар “бутун дунёга ўзига хос сигнал бўлиши”ни айтган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2 октябрда террорчиликка ва қароқчиликка қарши миссиялар ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича машқлар ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Қўшма машқлар учта мамлакатнинг Ғарб билан муносабатлари кескинлашган пайтга тўғри келмоқда.

G20 га раислик, кескин танқидларга қарамай, Саудия Арабистонига ўтди

Саудия Арабистони 1 декабрдан G20 - Катта йигирмалик гуруҳига раисликни қабул қилиб олди.

Ҳукумат вакилининг билдиришича, раислик давомида асосий эътибор аёллар ва ёшларга имконият бериш, шунингдек, сайёрани ҳимоя қилиш ва технологик тараққиёт афзалликларини баҳам кўришга қаратилади.

G20 гуруҳига раислик Япониядан нефтга бой подшоҳликка ўтмоқда. Саммитни келаси йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Риёд шаҳрида ўтказиш режаланган.

АҚШ иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистони ўтган йил октябрида Истанбул консуллигида “Washington Post” газетаси журналисти Жамол Хашогги ўлдирилгани, аёллар ҳуқуқи ҳимояси фаоллари таъқиб қилингани ва Яманда кўпчилик ўлимига сабаб бўлган урушдаги иштироки ортидан кескин танқидга учраган.

АҚШ разведка хизматлари Хашоггининг ўлдиришга Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон буйруқ берган, деган хулосага келди.

“Amnesty International” ташкилоти G20 гуруҳига аъзо мамлакатларни “Саудия ҳукуматига инсон ҳуқуқи қўпол тарзда бузилиш ҳолларига барҳам бериши учун босим ўтказиш”га чақирди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган ушбу ташкилотнинг 29 ноябрда тарқатилган баёнотида шундай дейилади:

“G20 гуруҳи етакчилари фойдали бизнес алоқалари эвазига подшоҳликдаги инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ даҳшатли вазиятга кўз юмишни давом эттирмаслиги керак”.

Европада 6 мамлакат АҚШ қарши бўлган Эрон билан бартер тизимига қўшилди

Европанинг 6 мамлакати қўшилган бартер тизими фирмаларга, АҚШ санкцияларини бузмаган ҳолда, Эрон билан бизнес қилиш имконини бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

30 ноябрда эълон қилинган Франция, Британия, Германия ҳукуматлари қўшма баёнотида Бельгия, Дания, Финляндия, Нидерландия, Норвегия ва Швеция ҳукуматларининг INSTEXга акциядор сифатида қўшилиши самимий олқишланган.

Қўшма Штатлар ушбу режага кескин қаршилик кўрсатмоқда. Вице-президент Майк Пенс жорий йил бошида, “европалик шерикларнинг АҚШнинг ушбу қотил инқилобий режимга қарши санкцияларига нисбатан кўпорувчиликни бас қилиш вақти келди”, деб айтган эди.

Идораси Парижда жойлашган INSTEX (Instrument in Support of Trade Exchanges – Савдо алмашувларини қўллаб-қувватлаш воситаси) молиявий дастак бўлиб, мақсади Эронга АҚШ доллари эмас, бартер тизимидан фойдаланган ҳолда нефтини сотиш ҳамда эвазига бошқа маҳсулотлар ва хизматлар олиш имконини беради.

Қўшма баёнотда айтилишича, янги аъзоларнинг қўшилиши “INSTEXни мустаҳкамлайди ҳамда Европа билан Эрон ўртасида қонуний савдо-сотиққа кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини намойиш этади”.

Режада АҚШ санкциялари қамраб олмаган соҳаларга эътибор қаратилади ҳамда у даставвал “Эрон халқи учун фармацевтика, тиббий қурилмалар ва қишлоқ хўжалик озиқ-овқат товарлари сингари ҳаётий муҳим соҳалар”га тегишли бўлади”, деди уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари режани эълон қилаётиб.

Ҳолландия полицияси Ҳаагада одамларга пичоқ билан ҳужум қилган шахсни қидирмоқда

Пичоқ билан қуролланган шахс 29 ноябр куни шаҳар маркпида одамларга ҳужум қилганди.

Ҳолландия полицияси Ҳаага шаҳри марказида пичоқ билан ҳужум қилиб уч одамни яралаган шахсни қидирмоқда.

Пичоқ билан қуролланган шахс 29 ноябр куни шаҳар макарзида одамларга ҳужум қилганди.

Пичоқ ҳужумидан яраланган уч бемор шифохонага олиб келинган, биринчи ёрдам кўрсатилиб уйга кетишга рухсат берилганди.

Ҳужумчи эса воқеа жойидан яширинганди.

Айни куни Британия пойтахти Лондонда пичоқ ҳужумидан икки киши ҳалок бўлди.

Британия полицияси Лондон кўпригида 29 ноябр куни одамларга пичоқ билан ҳужум қилган шахсни отиб ўлдирди.

У аввал терроризм билан боғлиқ айблар билан қамоқда ўтириб чиққан 28 ёшли Усмон Хон эканини полиция маълум қилди.

Усмон Хон Стаффордшир графлигида яшаб келган. Полиция унинг уйини тинтув қилмоқда.

Apple Қрим боис ўз иловаларида бахсли ҳудудларни белгилаш сиёсатини қайта кўриб чиқади

Apple ширкати ўз иловаларида бахсли ҳудудлар давлат чегараларини белгилаш бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқади.

Бу ҳақда ширкат вакили Труди Мюллер Reuters агентлигига маълум қилган.

Apple ўзининг айрим иловаларида Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатгани учун танқидга учраган эди.

Россия 27 ноябрь куни Apple ширкатининг бу ҳаракатини қўллаб қувватлади ва ширкат “аввал йўл қўйилган хато”ни тўғрилаганидан мамнун эканини билдирди.

Украина ҳукумати эса ширкатнинг бу ҳаракатларига кескин норозилигини маълум қилди.

Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси Apple ширкатига Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатмаслик талаби билан мурожаат қилганди.

Жаноб Трудига кўра, ҳозир ширкат бахсли ҳудудларни ҳариталарда қандай белгилашни кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда Apple Maps ва Weather иловаларида Қрим фақат россиялик фойдаланувчилар учунгина Россия ҳудуди сифатида кўрсатилаётгани кузатилмоқда.

Бу иловаларни АҚШ, Европа давлатлари ёки Украинадан туриб очсангиз, Қрим Украина ҳудуди сифатида кўрсатилган.

Россия 2014 йилда Қрим мухториятини босиб олган ва референдум ўтказиш орқали аннексия қилганди. Жаҳоннинг камида юзта мамлакати Россия ўтказган референдумни ноқонуний деб ҳисоблайди ва Қрим анексиясини тан олмайди.

Қирғизистон собиқ президенти устидан суд ёпиқ эшиклар ортида бошланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев

29 ноябрда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев устидан суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бошланди. Бу ҳақда унинг адвокати маълум қилди.

Атамбаевга бир неча айблов, жумладан, 2013 йилда уюшган жиноятчилар тўдаси етакчисини ноқонуний тарзда озодликка чиқариш айблови қўйилган. Унинг ўзи унга қўйилган барча айбловни рад этиб келади.

Собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, судда президент саволларга жавоб беришдан бош тортган.

Атамбаев суднинг дастлабки мажлисларида қатнашишдан бош тортган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган.

Атамбаев айбдор деб топилса, 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Озарбайжонда ҳукмрон партия парламентни тарқатиб юбормоқчи

Озарбайжон президент Илҳом Алиев.

Озарбайжонда ҳукмрон “Янги Озарбайжон“ партияси парламентни тарқатиб юбориш жараёнини бошлаб, партия етакчиси президент Илҳом Алиевдан навбатдан ташқари сайлов ўтказишни сўрашга қарор қилди.

28 ноябрь куни партия котиби Али Аҳмедовга кўра, бундай қарорга келишдан мақсад Алиев амалга ошираётган ислоҳотлар ва кадрлар сиёсатини қўллаб-қувватлашдир.

Аҳмедовнинг сўзларига кўра, муддатидан илгари ўтказиладиган сайлов Озарбайжоннинг қонун чиқарувчи ҳокимиятини модернизация қилишга ҳамда иқтисодий ислоҳотлар суръатини жадаллаштиришга ёрдам беради.

Парламентни тарқатиш масаласи 29 ноябрь куни парламент кун тартибига қўйилиши кутилмоқда.

Озарбайжонда режага биноан навбатдаги парламент сайловлари 2020 йилнинг ноябрида ўтказилиши керак.

2015 йилда бўлиб ўтган сайловларни мамлакатдаги барча мухолиф партиялар бойкот қилган, “Янги Озарбайжон“ партияси сайловда энг кўп овоз тўплаган эди.

Россия: Бизни тўрт йилга Олимпиададан четлатиш таклифи адолатдан эмас

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

Россия ВАДАнинг россиялик спортчиларни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатиш тавсияси ортида сиёсий сабаблар борлигини айтиб, бу таклифни кескин танқид қилди.

28 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

- Гап Россияни сиқиб чиқариш учун масаланинг сиёсийлаштирилаётганидадир.Ноҳалол рақобат деган тушунча бор. Бу ҳолатда қоидасиз жанг ва ҳатто уруш кетаяпти, десак ҳам бўлади, - деди.

- Допинг масаласида фақат Россияга эътибор қаратилади. Бошқа мамлакатлар муаммолари эса умуман муҳокама қилинмайди, - дея қўшимча қилди Захарова.

25 ноябрь куни Жаҳон антидопинг агентлиги – ВАДА нинг меъёрлар бўйича қўмитаси Россияни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатишни тавсия қилди. Бунга Россия допингдан фойдаланмаслик қоидаларига амал қилмаётгани сабаб бўлди.

Хусусан, ташкилот Россияни допинг айбловларини кўриб чиқаётган терговчиларга сохталаштирилган лаборатория маълумотларини беришда айбламоқда.

ВАДА ўз қўмитасининг таклифи асосида 9 декабрь куни якуний қарорни қабул қилади. Агар Россия ўйинлардан четлатилса, у ҳолда рус спортчилари 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ва 2022 йилда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

2015 йилда давлат ҳомийлик қилган Россия антидопинг агентлигида допинг жанжали юзага чиққач, Россиянинг халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланган эди.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков ушланди

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков.

Бишкекда Қирғизистоннинг Туркиянинг Истанбул шаҳридаги собиқ бош консули Эркин Сопоков ушланди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизматига кўра, Сопоков 28 ноябрь куни Айеркен Саймаитининг иши бўйича сўроққа чақирилган, шундан сўнг ҳибсга олинган ва МХДҚ Тергов изоляторига киритилган.

10 ноябрь куни кечқурун Истанбулнинг Фатиҳ туманидаги меҳмонхоналардан бирида тадбиркор –Қирғизистон божхонасидаги коррупция схемаси ва мамлакатдан 700 миллион доллар олиб чиқилиши бўйича журналистик суриштирув қаҳрамони Айеркен Саймаити отиб ташланди. У олган жароҳати туфайли шифохонада вафот этди. Қотиллик гумони билан турк полицияси уч эркакни қўлга олди. Улар иқрорий кўрсатма беришди.

Саймаитининг ўлдирилиши Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Эркин Сопоковнинг ишдан бўшашига сабаб бўлди. ҚР ТИВ жиноят содир этилган жойдаги Range Rover йўлтанламас машинаси Сопоковга тегишли эканини, рақами эса дипломатик эканлигини расман тасдиқлади. Сопоковнинг ўзи эса ўзига тегишли автомобиль Саймаити ўлдирилган жойда қай тарзда пайдо бўлиб қолганини изоҳлай олмади. Кейинроқ ташкил этилган ишчи гуруҳ собиқ бош консул фаолиятини ўргана бошлади.

МХДҚ маълумотига кўра Бош прокуратура Сопоковга нисбатан учта жиноят иши очган.

АҚШ президенти кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди

Президент Дональд Трамп Афғонистондаги Бағром базасида нутқ сўзламоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 28 ноябрь куни кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди. Бу унинг 2017 йилда президентликка сайланганидан бери Афғонистонга қилган биринчи ташрифидир.

Трамп Бағром аэропортида журналистларга берган интервьюсида «Толибон АҚШ билан музокараларни давом эттирмоқчи», деб айтди.

Унга кўра «Толибон билан келишувга эришилган ва сўзлашувларда ўқ отишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинмоқда», Трамп Толибон сулҳ тузиш истагида эканини таъкидлади.

Трамп Толибон томонидан ўғирлаб кетилган Кобулдаги Америка университетининг америкалик ва австралиялик икки профессори озод қилинганидан бир ҳафта ўтиб Афғонистонга борди. Профессорлар Ҳаққоний тармоғининг қамоқда сақланаётган нуфузли аъзоларига алмаштирилган эди.

Франция президенти "Россия душман" эканига ишонмаслигини айтди

Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон 28 ноябрь куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан Парижда учрашганидан сўнг журналистларга берган интервьюсида НАТОнинг Россия билан яқинлашуви тўғрисида айтган фикрларидан қайтмаслигини билдирди.

-Мен айрим пайтларда эшитиб қолаётганимдай, Россия бугунги кунда бизнинг душманимизми? Ёки Хитой душманми? НАТОнинг мақсади уларни душман сифатида тан олишми? Мен бунга ишонмайман. Бизнинг бугунги кундаги асосий душманимиз-террорчиликдир -деди Макрон журналистларга.

Франция президенти бундан аввал 7 ноябрда Economist нашрига берган суҳбатида НАТО ва Россия ўртасида стратегик ҳамкорлик мавжуд эмаслигидан афсус билдирган эди.

Шунингдек, у Қўшма Штатлар НАТОни заифлаштиришга қаратилган сиёсат олиб бораётгани ҳақида гапирган. Макроннинг бу интервьюси иттифоқчилар танқидига сабаб бўлганди.

Грузия полицияси норозиларни парламент биноси томонга ўтказмади

Грузия полицияси намойишчилар йўлини тўсмоқда.

Грузия полицияси 28 ноябрь куни норозиларни парламент биноси олдида митинг ўтказишига йўл қўймаслик учун парламентга элтувчи йўлларни тўсиб қўйди.

-Менимча, вазият тушунарли. Полиция парламент атрофидаги барча йўлларни тўсиб қўйди. Ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясининг депутатлари Грузия фуқароларидан қўрқмоқда, - деб билдирди мухолифатдани Ягона миллий ҳаракат аъзоси Акаки Минашвили.

Тбилисида икки ҳафтадан бери норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Норозилар сайлов тизимини ислоҳ қилишни талаб этмоқдалар. Аммо ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси бу борадаги қонунни кўриб чиқишни рад этган.

17 ноябрда Тбилисида 20 000 киши намойишга чиққач, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Грузия ҳукумати, сиёсий партиялари ва фуқаролик жамиятини навбатдан ташқари сайлов бўйича “тинч ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот” қилишга чақирган эди.

Қирғизистонда прокурорлар суддан икки собиқ бош вазирни узоқ муддатга қамашни сўради

Собиқ бош вазир Сапар Исақов 15 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қирғизистонда прокурорлар коррупцияда айбланаётган бир неча собиқ юқори лавозимли давлат амалдорлари устидан ўтказилаётган суд жараёнида уларни 7,5 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этишни суради.

Айбловчилар пойтахт Бишкекнинг Свердлов тумани судидан собиқ бош вазирлар Сапар Исақов ҳамда Жанторо Сатибалиевларни мос равишда 15 ва 11 йилу уч ойга қамашни сўради.

Айбловчилар, шунингдек, Миллий энергия холдинги собиқ раҳбари Айбек Калиевни 17, собиқ молия вазири Олга Лавровани 7,5, Бишкекдаги иссиқлик электр марказининг собиқ раҳбари Салайдин Авазов ҳамда унинг ишчилари Жолдошбек Назаров ва Темирлан Бримкуловларнинг ҳар бирини 11 йилу уч ойга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Номи тилга олинган расмийлар 2013 йилдан бошлаб Бишкек иссиқлик электр марказининг қайта таъмирлаш лойиҳаси доирасида Хитой ширкати манфаатларини қўллаб, Қирғизистон ҳукумати ва жамиятига моддий зиён етказишда айбланмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG