Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2019, Тошкент вақти: 00:08

Халқаро хабарлар

Россия “Сибирь қудрати” қувури орқали Хитойга газ етказиб бера бошлайди

Шу йил 2 декабридан Россия Европа хорижидаги янги катта бозорга табиий газ етказиб беришни бошлайди. Россиянинг “Газпром” ширкати душанба куни уч минг километрга узанган “Сибирь қудрати” қувурини ишга туширади ва Хитойни зангори олов билан таъминлай бошлайди.

Хитой тез орада Россия газининг йирик импортчисига айланиши кутилмоқда. 2025 йилга бориб “Сибирь қудрати” қувури орқали Хитойга йилига 38 миллиард куб метр газ етказиб берилиши кутилмоқда.

Еврокомиссия тарихда илк бор аёл киши томонидан бошқарилади

Янги таркибдаги Еврокомиссия.

Шу йил 1 декабридан Европа комиссиясининг янги таркиби расман ишга киришди. Ташкилотга тарихда илк бор аёл киши - Германия вакиласи Урсула фон дер Ляйен бошчилик қилмоқда.

ЕИ Кенгаши раиси Дональд Туск ўрнини Бельгия собиқ бош вазири Шарль Мишель эгаллади.

Еврокомиссия Европа Иттифоқининг асосий ижроия органи бўлиб ҳисобланади. У Умумевропа қонунларини ишлаб чиқади, шунингдек, ЕИ мамлакатлари амалдаги меъёрларни қандай бажараётганини кузатиб боради.

Еврокомиссиянинг янги таркиби 5 йилга - 2024 йилгача сайланган. Комиссиянинг янги таркиби учун ўтган ҳафтадаги овоз беришда 461 нафар депутат ёқлаб овоз берди, 157 нафари қарши чиқди.

Тожикистонда суюлтирилган газ нархи кўтарилди

Тожикистондаги газ қуйиш шохобчаларидан бири.

Тожикистонда суюлтирилган газ нархи ошди. Шу кунда бир литр газ Душанбедаги АЁҚШларда 3,7 – 3,9 сомонийдан сотилмоқда. Ваҳоланки, бир ҳафта аввал ҳам газнинг бир литри 3,4 сомонийдан сотилаётганди.

Тожикистонда автотранспортларнинг 60 фоизидан кўпроғи ёқилғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланади.

Тожикистонга ёқилғи мойлаш материалларини етказиб берувчи ширкат юзага келган вазият юзасидан ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Тожикистон Аксилмонополия хизматининг Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, идора мутахассислари суюлтирилган газ нархи ошиши сабабларини ўрганмоқда.

Тожикистонга газ ёқилғисини олиб келиш билан 30 дан ортиқ ширкат шуғулланади, улардан энг йириклари “Газпромнефть-Тожикистон” ва “Фароз”дир.

Душанбедаги АЁҚШ ходимлари нарх ошиши сабабларини айтишга қийналишди. Улардан бирига кўра, бунинг сабабини суюлтирилган газни экспорт қиладиган мамлакатлардан қидириш керак.

Икки ой муқаддам Тожикистон расмийлари ёқилғи олиб келинадиган Қозоғистонда нарх ошганига қарамай, суюлтирган газ импорт ҳажми ошганини билдирган эдилар. Сентябрь ойида суюлтирилган газ етказиб берувчи ширкатлар импорт ҳажмини 31,5 минг тоннагача оширгандилар.

Ўтган йили Тожикистон бозорига 350 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилган. Ёқилғининг бу тури асосан Қозоғистондан олиб келинади, шунингдек, муайян қисми Россия, Туркманистон ва Қирғизистондан импорт қилинади.

Эрон: Россия ва Хитой билан ҳарбий-денгиз машқлари декабрда бошланади

Эрон ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони ўз қўл остидаги қўшинлар жорий йил охири ва келаси йил бошида Россия ва Хитой иштирокидаги қўшма ҳарбий машқларда иштирок этишини маълум қилди.

Вице-адмирал Ҳусайн Хонзодий 30 ноябрда 22 декабрдан 20 январга қадар Ҳинд океани шимолида ҳарбий машқлар бўлиб ўтишини айтди.

Адмиралнинг баёнотида ҳарбий машқларнинг аниқ манзили ошкор этилмади, аммо ахборот воситалари улар Ўмон кўрфазида бўлиб ўтказилишини хабар қилди. Ўша жойда бир неча марта нохуш ҳодисалар юз берган эди.

“Машқлардан мақсад Ҳинд океанининг шимолий қисмидаги турли нохуш ҳодисалар, жумладан, қароқчилик ҳужумлари рўй бераётган жойда хавфсизликни таъминлаш ва мустаҳкамлашдан иборат”, дея хабар қилди Эроннинг “Тасним” ахборот агентлиги адмиралнинг сўзларига таяниб.

Хонзодий икки кун олдин машқлар “яқин келгуси”да рўй беришини ва қўшма амалиётлар “бутун дунёга ўзига хос сигнал бўлиши”ни айтган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2 октябрда террорчиликка ва қароқчиликка қарши миссиялар ўтказишга тайёргарлик кўриш бўйича машқлар ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.

Қўшма машқлар учта мамлакатнинг Ғарб билан муносабатлари кескинлашган пайтга тўғри келмоқда.

G20 га раислик, кескин танқидларга қарамай, Саудия Арабистонига ўтди

Саудия Арабистони 1 декабрдан G20 - Катта йигирмалик гуруҳига раисликни қабул қилиб олди.

Ҳукумат вакилининг билдиришича, раислик давомида асосий эътибор аёллар ва ёшларга имконият бериш, шунингдек, сайёрани ҳимоя қилиш ва технологик тараққиёт афзалликларини баҳам кўришга қаратилади.

G20 гуруҳига раислик Япониядан нефтга бой подшоҳликка ўтмоқда. Саммитни келаси йилнинг 21-22 ноябрь кунлари Риёд шаҳрида ўтказиш режаланган.

АҚШ иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистони ўтган йил октябрида Истанбул консуллигида “Washington Post” газетаси журналисти Жамол Хашогги ўлдирилгани, аёллар ҳуқуқи ҳимояси фаоллари таъқиб қилингани ва Яманда кўпчилик ўлимига сабаб бўлган урушдаги иштироки ортидан кескин танқидга учраган.

АҚШ разведка хизматлари Хашоггининг ўлдиришга Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон буйруқ берган, деган хулосага келди.

“Amnesty International” ташкилоти G20 гуруҳига аъзо мамлакатларни “Саудия ҳукуматига инсон ҳуқуқи қўпол тарзда бузилиш ҳолларига барҳам бериши учун босим ўтказиш”га чақирди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган ушбу ташкилотнинг 29 ноябрда тарқатилган баёнотида шундай дейилади:

“G20 гуруҳи етакчилари фойдали бизнес алоқалари эвазига подшоҳликдаги инсон ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ даҳшатли вазиятга кўз юмишни давом эттирмаслиги керак”.

Европада 6 мамлакат АҚШ қарши бўлган Эрон билан бартер тизимига қўшилди

Европанинг 6 мамлакати қўшилган бартер тизими фирмаларга, АҚШ санкцияларини бузмаган ҳолда, Эрон билан бизнес қилиш имконини бериш мақсадида ишлаб чиқилган.

30 ноябрда эълон қилинган Франция, Британия, Германия ҳукуматлари қўшма баёнотида Бельгия, Дания, Финляндия, Нидерландия, Норвегия ва Швеция ҳукуматларининг INSTEXга акциядор сифатида қўшилиши самимий олқишланган.

Қўшма Штатлар ушбу режага кескин қаршилик кўрсатмоқда. Вице-президент Майк Пенс жорий йил бошида, “европалик шерикларнинг АҚШнинг ушбу қотил инқилобий режимга қарши санкцияларига нисбатан кўпорувчиликни бас қилиш вақти келди”, деб айтган эди.

Идораси Парижда жойлашган INSTEX (Instrument in Support of Trade Exchanges – Савдо алмашувларини қўллаб-қувватлаш воситаси) молиявий дастак бўлиб, мақсади Эронга АҚШ доллари эмас, бартер тизимидан фойдаланган ҳолда нефтини сотиш ҳамда эвазига бошқа маҳсулотлар ва хизматлар олиш имконини беради.

Қўшма баёнотда айтилишича, янги аъзоларнинг қўшилиши “INSTEXни мустаҳкамлайди ҳамда Европа билан Эрон ўртасида қонуний савдо-сотиққа кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини намойиш этади”.

Режада АҚШ санкциялари қамраб олмаган соҳаларга эътибор қаратилади ҳамда у даставвал “Эрон халқи учун фармацевтика, тиббий қурилмалар ва қишлоқ хўжалик озиқ-овқат товарлари сингари ҳаётий муҳим соҳалар”га тегишли бўлади”, деди уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари режани эълон қилаётиб.

Ҳолландия полицияси Ҳаагада одамларга пичоқ билан ҳужум қилган шахсни қидирмоқда

Пичоқ билан қуролланган шахс 29 ноябр куни шаҳар маркпида одамларга ҳужум қилганди.

Ҳолландия полицияси Ҳаага шаҳри марказида пичоқ билан ҳужум қилиб уч одамни яралаган шахсни қидирмоқда.

Пичоқ билан қуролланган шахс 29 ноябр куни шаҳар макарзида одамларга ҳужум қилганди.

Пичоқ ҳужумидан яраланган уч бемор шифохонага олиб келинган, биринчи ёрдам кўрсатилиб уйга кетишга рухсат берилганди.

Ҳужумчи эса воқеа жойидан яширинганди.

Айни куни Британия пойтахти Лондонда пичоқ ҳужумидан икки киши ҳалок бўлди.

Британия полицияси Лондон кўпригида 29 ноябр куни одамларга пичоқ билан ҳужум қилган шахсни отиб ўлдирди.

У аввал терроризм билан боғлиқ айблар билан қамоқда ўтириб чиққан 28 ёшли Усмон Хон эканини полиция маълум қилди.

Усмон Хон Стаффордшир графлигида яшаб келган. Полиция унинг уйини тинтув қилмоқда.

Apple Қрим боис ўз иловаларида бахсли ҳудудларни белгилаш сиёсатини қайта кўриб чиқади

Apple ширкати ўз иловаларида бахсли ҳудудлар давлат чегараларини белгилаш бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқади.

Бу ҳақда ширкат вакили Труди Мюллер Reuters агентлигига маълум қилган.

Apple ўзининг айрим иловаларида Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатгани учун танқидга учраган эди.

Россия 27 ноябрь куни Apple ширкатининг бу ҳаракатини қўллаб қувватлади ва ширкат “аввал йўл қўйилган хато”ни тўғрилаганидан мамнун эканини билдирди.

Украина ҳукумати эса ширкатнинг бу ҳаракатларига кескин норозилигини маълум қилди.

Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси Apple ширкатига Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатмаслик талаби билан мурожаат қилганди.

Жаноб Трудига кўра, ҳозир ширкат бахсли ҳудудларни ҳариталарда қандай белгилашни кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда Apple Maps ва Weather иловаларида Қрим фақат россиялик фойдаланувчилар учунгина Россия ҳудуди сифатида кўрсатилаётгани кузатилмоқда.

Бу иловаларни АҚШ, Европа давлатлари ёки Украинадан туриб очсангиз, Қрим Украина ҳудуди сифатида кўрсатилган.

Россия 2014 йилда Қрим мухториятини босиб олган ва референдум ўтказиш орқали аннексия қилганди. Жаҳоннинг камида юзта мамлакати Россия ўтказган референдумни ноқонуний деб ҳисоблайди ва Қрим анексиясини тан олмайди.

Қирғизистон собиқ президенти устидан суд ёпиқ эшиклар ортида бошланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев

29 ноябрда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев устидан суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бошланди. Бу ҳақда унинг адвокати маълум қилди.

Атамбаевга бир неча айблов, жумладан, 2013 йилда уюшган жиноятчилар тўдаси етакчисини ноқонуний тарзда озодликка чиқариш айблови қўйилган. Унинг ўзи унга қўйилган барча айбловни рад этиб келади.

Собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, судда президент саволларга жавоб беришдан бош тортган.

Атамбаев суднинг дастлабки мажлисларида қатнашишдан бош тортган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган.

Атамбаев айбдор деб топилса, 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Озарбайжонда ҳукмрон партия парламентни тарқатиб юбормоқчи

Озарбайжон президент Илҳом Алиев.

Озарбайжонда ҳукмрон “Янги Озарбайжон“ партияси парламентни тарқатиб юбориш жараёнини бошлаб, партия етакчиси президент Илҳом Алиевдан навбатдан ташқари сайлов ўтказишни сўрашга қарор қилди.

28 ноябрь куни партия котиби Али Аҳмедовга кўра, бундай қарорга келишдан мақсад Алиев амалга ошираётган ислоҳотлар ва кадрлар сиёсатини қўллаб-қувватлашдир.

Аҳмедовнинг сўзларига кўра, муддатидан илгари ўтказиладиган сайлов Озарбайжоннинг қонун чиқарувчи ҳокимиятини модернизация қилишга ҳамда иқтисодий ислоҳотлар суръатини жадаллаштиришга ёрдам беради.

Парламентни тарқатиш масаласи 29 ноябрь куни парламент кун тартибига қўйилиши кутилмоқда.

Озарбайжонда режага биноан навбатдаги парламент сайловлари 2020 йилнинг ноябрида ўтказилиши керак.

2015 йилда бўлиб ўтган сайловларни мамлакатдаги барча мухолиф партиялар бойкот қилган, “Янги Озарбайжон“ партияси сайловда энг кўп овоз тўплаган эди.

Россия: Бизни тўрт йилга Олимпиададан четлатиш таклифи адолатдан эмас

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

Россия ВАДАнинг россиялик спортчиларни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатиш тавсияси ортида сиёсий сабаблар борлигини айтиб, бу таклифни кескин танқид қилди.

28 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

- Гап Россияни сиқиб чиқариш учун масаланинг сиёсийлаштирилаётганидадир.Ноҳалол рақобат деган тушунча бор. Бу ҳолатда қоидасиз жанг ва ҳатто уруш кетаяпти, десак ҳам бўлади, - деди.

- Допинг масаласида фақат Россияга эътибор қаратилади. Бошқа мамлакатлар муаммолари эса умуман муҳокама қилинмайди, - дея қўшимча қилди Захарова.

25 ноябрь куни Жаҳон антидопинг агентлиги – ВАДА нинг меъёрлар бўйича қўмитаси Россияни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатишни тавсия қилди. Бунга Россия допингдан фойдаланмаслик қоидаларига амал қилмаётгани сабаб бўлди.

Хусусан, ташкилот Россияни допинг айбловларини кўриб чиқаётган терговчиларга сохталаштирилган лаборатория маълумотларини беришда айбламоқда.

ВАДА ўз қўмитасининг таклифи асосида 9 декабрь куни якуний қарорни қабул қилади. Агар Россия ўйинлардан четлатилса, у ҳолда рус спортчилари 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ва 2022 йилда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

2015 йилда давлат ҳомийлик қилган Россия антидопинг агентлигида допинг жанжали юзага чиққач, Россиянинг халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланган эди.

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков ушланди

Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоков.

Бишкекда Қирғизистоннинг Туркиянинг Истанбул шаҳридаги собиқ бош консули Эркин Сопоков ушланди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизматига кўра, Сопоков 28 ноябрь куни Айеркен Саймаитининг иши бўйича сўроққа чақирилган, шундан сўнг ҳибсга олинган ва МХДҚ Тергов изоляторига киритилган.

10 ноябрь куни кечқурун Истанбулнинг Фатиҳ туманидаги меҳмонхоналардан бирида тадбиркор –Қирғизистон божхонасидаги коррупция схемаси ва мамлакатдан 700 миллион доллар олиб чиқилиши бўйича журналистик суриштирув қаҳрамони Айеркен Саймаити отиб ташланди. У олган жароҳати туфайли шифохонада вафот этди. Қотиллик гумони билан турк полицияси уч эркакни қўлга олди. Улар иқрорий кўрсатма беришди.

Саймаитининг ўлдирилиши Қирғизистоннинг Истанбулдаги бош консули Эркин Сопоковнинг ишдан бўшашига сабаб бўлди. ҚР ТИВ жиноят содир этилган жойдаги Range Rover йўлтанламас машинаси Сопоковга тегишли эканини, рақами эса дипломатик эканлигини расман тасдиқлади. Сопоковнинг ўзи эса ўзига тегишли автомобиль Саймаити ўлдирилган жойда қай тарзда пайдо бўлиб қолганини изоҳлай олмади. Кейинроқ ташкил этилган ишчи гуруҳ собиқ бош консул фаолиятини ўргана бошлади.

МХДҚ маълумотига кўра Бош прокуратура Сопоковга нисбатан учта жиноят иши очган.

АҚШ президенти кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди

Президент Дональд Трамп Афғонистондаги Бағром базасида нутқ сўзламоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 28 ноябрь куни кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди. Бу унинг 2017 йилда президентликка сайланганидан бери Афғонистонга қилган биринчи ташрифидир.

Трамп Бағром аэропортида журналистларга берган интервьюсида «Толибон АҚШ билан музокараларни давом эттирмоқчи», деб айтди.

Унга кўра «Толибон билан келишувга эришилган ва сўзлашувларда ўқ отишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинмоқда», Трамп Толибон сулҳ тузиш истагида эканини таъкидлади.

Трамп Толибон томонидан ўғирлаб кетилган Кобулдаги Америка университетининг америкалик ва австралиялик икки профессори озод қилинганидан бир ҳафта ўтиб Афғонистонга борди. Профессорлар Ҳаққоний тармоғининг қамоқда сақланаётган нуфузли аъзоларига алмаштирилган эди.

Франция президенти "Россия душман" эканига ишонмаслигини айтди

Франция президенти Эммануэль Макрон.

Франция президенти Эммануэль Макрон 28 ноябрь куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан Парижда учрашганидан сўнг журналистларга берган интервьюсида НАТОнинг Россия билан яқинлашуви тўғрисида айтган фикрларидан қайтмаслигини билдирди.

-Мен айрим пайтларда эшитиб қолаётганимдай, Россия бугунги кунда бизнинг душманимизми? Ёки Хитой душманми? НАТОнинг мақсади уларни душман сифатида тан олишми? Мен бунга ишонмайман. Бизнинг бугунги кундаги асосий душманимиз-террорчиликдир -деди Макрон журналистларга.

Франция президенти бундан аввал 7 ноябрда Economist нашрига берган суҳбатида НАТО ва Россия ўртасида стратегик ҳамкорлик мавжуд эмаслигидан афсус билдирган эди.

Шунингдек, у Қўшма Штатлар НАТОни заифлаштиришга қаратилган сиёсат олиб бораётгани ҳақида гапирган. Макроннинг бу интервьюси иттифоқчилар танқидига сабаб бўлганди.

Грузия полицияси норозиларни парламент биноси томонга ўтказмади

Грузия полицияси намойишчилар йўлини тўсмоқда.

Грузия полицияси 28 ноябрь куни норозиларни парламент биноси олдида митинг ўтказишига йўл қўймаслик учун парламентга элтувчи йўлларни тўсиб қўйди.

-Менимча, вазият тушунарли. Полиция парламент атрофидаги барча йўлларни тўсиб қўйди. Ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясининг депутатлари Грузия фуқароларидан қўрқмоқда, - деб билдирди мухолифатдани Ягона миллий ҳаракат аъзоси Акаки Минашвили.

Тбилисида икки ҳафтадан бери норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Норозилар сайлов тизимини ислоҳ қилишни талаб этмоқдалар. Аммо ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси бу борадаги қонунни кўриб чиқишни рад этган.

17 ноябрда Тбилисида 20 000 киши намойишга чиққач, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Грузия ҳукумати, сиёсий партиялари ва фуқаролик жамиятини навбатдан ташқари сайлов бўйича “тинч ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот” қилишга чақирган эди.

Қирғизистонда прокурорлар суддан икки собиқ бош вазирни узоқ муддатга қамашни сўради

Собиқ бош вазир Сапар Исақов 15 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Қирғизистонда прокурорлар коррупцияда айбланаётган бир неча собиқ юқори лавозимли давлат амалдорлари устидан ўтказилаётган суд жараёнида уларни 7,5 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этишни суради.

Айбловчилар пойтахт Бишкекнинг Свердлов тумани судидан собиқ бош вазирлар Сапар Исақов ҳамда Жанторо Сатибалиевларни мос равишда 15 ва 11 йилу уч ойга қамашни сўради.

Айбловчилар, шунингдек, Миллий энергия холдинги собиқ раҳбари Айбек Калиевни 17, собиқ молия вазири Олга Лавровани 7,5, Бишкекдаги иссиқлик электр марказининг собиқ раҳбари Салайдин Авазов ҳамда унинг ишчилари Жолдошбек Назаров ва Темирлан Бримкуловларнинг ҳар бирини 11 йилу уч ойга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Номи тилга олинган расмийлар 2013 йилдан бошлаб Бишкек иссиқлик электр марказининг қайта таъмирлаш лойиҳаси доирасида Хитой ширкати манфаатларини қўллаб, Қирғизистон ҳукумати ва жамиятига моддий зиён етказишда айбланмоқда.

Ироқ расмийлари Нажафда Эрон консуллигига қилинган ҳужумни қоралади

Ироқнинг Нажаф шаҳридаги Эрон консулхонаси ҳужумдан сўнг. 2019, 28 ноябрь.

Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат шимолида жойлашган Нажаф шаҳрида Эрон консуллигига қилинган ҳужумни қоралади. Бу ҳақда 28 ноябрь куни Ироқ матбуоти хабар қилди.

Куни кеча амалга оширилган ҳужум давомида намойишчилар консуллик иморатига ўт қўйган.

“Ҳужумчиларнинг мақсади Ироқ ва Эрон ўртасидаги тарихий муносабатларга путур етказиш бўлган“, дейилади Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ироқда икки ойдан бери жорий ҳукумат ишидан норозилар намойишга чиқиб келади. Айни намойишчилар Теҳронни Ироқ ҳукуматини қўллашда айбламоқда.

Хабарларга кўра, 27 ноябрь куни амалга оширилган ҳужум арафасида консуллик ходимлари эвакуация қилинган. Айрим хабарларда ёзилишича, хавфсизлик ходимлари намойишчиларни тарқатиш учун ёш оқизувчи газ ва ўқотар қуроллардан фойдаланган.

Бишкекка КХШТнинг навбатдаги сессияси ўтказилмоқда

Россия президенти Владимир Путинни Бишкек аэропортида Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков кутиб олди. 2019, 28 ноябрь.

28 ноябрда Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Россия президенти Владимир Путинни Бишкек аэропортида Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков кутиб олди. Мазкур ҳарбий блокка Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Тожикистон ҳам киради.Беларус ва Тожикистон президентлари Александр Лукашенка ва Эмомали Раҳмон, шунингдек Арманистон бош вазири Никол Пашинян аввалроқ Бишкекка келган эди. 27 ноябрь куни Қирғизистонга Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан келди.

КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига турли масалалар қаторида “тожик-афғон чегара худудларида кескинликни юмшатишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар” борасидаги қарор лойиҳаси ҳам киритилган.

Қирғизистонда Россиянинг айрим ҳарбий объектлари — Кантдаги ҳарбий база, Иссиқкўлдаги ҳарбий денгиз базаси, Майлу Суудаги сейсмологик марказ ва Қозоғистон чегарасидаги Чалдоварда коммуникацион марказ жойлашган. 2012 йилда бу объектларнинг ҳаммаси — Россия Бирлашган ҳарбий базасига айлантирилди.

Шу йил бошида Қирғизистон ва Россия Қирғизистонда Россиянинг иккинчи ҳарбий базаси пайдо бўлиши эҳтимолини маълум қилдилар. Февралда Қирғизистоннинг юқори лавозимли амалдори, Бишкек мамлакат худудида Россиянинг иккинчи ҳарбий базасини жойлаштириш эҳтимолини кўрмаётгани борасида баёнот берган эди.

Кучли ер қимирлашидан зарар кўрган Албанияда қутқариш ишлари давом этмоқда

27 ноябрь куни ўндан ошиқ давлатдан келган қутқарувчилар қутқариш амалиётларида қатнаша бошлади.

Албанияда кучли зилзила ортидан маҳаллий аҳоли иккинчи кечани чодир ва машиналарда ўтказди. Мамлакатда 26 ноябрь куни содир бўлган 6,4 балли зилзила оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, тақрибан 650 одам жароҳат олди.

27 ноябрь куни ўндан ошиқ давлатдан келган қутқарувчилар қутқариш амалиётларида қатнаша бошлади. Улар дронлар ва итлар ёрдамида вайроналар остидан тирик қолганларни қутқариб олиш учун курашмоқда.

Зилзила 26 ноябрь куни эрталаб, пойтахт Тиранадан 30 км масофада содир бўлди. Зилзила оқибатида Дуррес порт шаҳри ҳамда Тумане шаҳарчаси энг кўп зиён кўрди. Хабарларга кўра, кучли зилзила Тумане шаҳарчасида иморатларни ер билан яксон қилган.

Асосий зилзила ортидан яна бир неча тўлқин кузатилган, шу сабаб айримлар ўз уйига қайтишдан ҳайиқмоқда.

27 ноябрь Албанияда мотам куни деб эълон қилинди.

Ашхабодда президент мадҳ этган итга ҳайкал ўрнатилади

Олабойга қўйиладиган ҳайкал чизмаси.

Туркманистон пойтахти Ашхабодда итнинг Олабой зотига ҳайкал ўрнатилади. Пойтахт мэри ҳайкал лойиҳасини президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга тақдим этган ва у лойиҳани ёқтирган.

Ҳайкалнинг аввалги лоийҳаси президентга ёқмаган ва бунинг ортидан янги лойиҳа ишлаб чиқилган эди.

"Хроники Туркменистана" нашрининг ёзишича, ҳайкал пойсупасининг баландлиги 9 метр, Олабойнинг баландлиги 6 метр бўлади.

Ҳайкал пойига олтин югуртирилган харфлар билан "Turkmen Alabayy" деб ёзилади. Ёзувнинг шрифти Гурбангули Бердимуҳаммедов ит ҳақида ёзган китоб муқовасидаги шрифт билан бир ҳилда бўлади.

Гурбангули Бердимуҳаммедов жорий йилнинг сентябрь ойида «Туркман Олабойи» деган китобни ёзган эди. Президент Олабойни мадҳ этиб ёзган шеърларга куй басталаниб, санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб айтилмоқда.

Олабойнинг ҳайкалини 2020 йилда очиш режалаштирилган.

Афғонистонда Толибон ўрнатган мина портлаши оқибатида 15 одам ҳалок бўлди

Афғонистон ҳарбийлари.

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида автомобил йўлга ўрнатилган минага учраб портлаши оқибатида тинч аҳолидан 15 киши ҳалок бўлди, икки одам яраланди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нусрат Раҳимий 27 ноябрда Хонобод аҳоли пунктида юз берган бу портлашда ҳалок бўлганлардан 8 нафари ёш бола, 6 нафари аёл ва бир нафари эркак эканини билдирди.

Расмийлар мина йўлга Толибон томонидан ўрнатилганини айтмоқдалар. Аммо Толибон бу ҳодиса юзасидан ҳозирча баёнот бермади.

Ўтган ойда БМТнинг Афғонистондаги фуқароларга кўмаклашиш миссияси 2019 йилнинг 9 ойида портлашлар ва жанглар оқибатида тинч аҳолидан 2563 одам ўлганини, 5676 одам яраланганини хабар қилган.

Apple айрим иловаларда Қримни Россия ҳудуди деб кўрсатмоқда

Apple харитасида Қрим Россия ҳудуди сифатида белгиланган.

Apple ўзининг айрим иловаларида Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатмоқда. Россия 27 ноябрь куни Apple ширкатининг бу ҳаракатини қўллаб қувватлади ва ширкат “аввал йўл қўйилган хато”ни тўғрилаганидан мамнун эканини билдирди.

Украина ҳукумати АҚШ ширкатининг бу ҳаракатларига кескин норозилигини маълум қилди. Украинанинг Вашингтондаги элчихонаси Apple ширкатига Қримни Россия ҳудуди сифатида кўрсатмаслик талаби билан мурожаат қилди.

Айни пайтда Apple Maps ва Weather иловаларида Қрим фақат россиялик фойдаланувчилар учунгина Россия ҳудуди сифатида кўрсатилаётгани кузатилмоқда. Бу иловаларни АҚШ, Европа давлатлари ёки Украинадан туриб очсангиз, Қрим Украина ҳудуди сифатида кўрсатилган.

Россия 2014 йилда Қрим мухториятини босиб олган ва референдум ўтказиш орқали аннексия қилганди. Жаҳоннинг камида юзта мамлакати Россия ўтказган референдумни ноқонуний деб ҳисоблайди ва Қрим анексиясини тан олмайди.

Ироқда Эрон консулхонасига норозилар ўт қўйди

Норозиларнинг полиция билан тўқнашувларида шу кунгача камида 340 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Ироқнинг Нажаф шаҳрида аксилҳукумат намойишлари иштирокчилари Эрон консулхонасига ўт қўйди. Норозилар Эронни икки ойдан бери ўзлари қарши чиқаётган Ироқ ҳукуматини қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда.

Норозилар 27 ноябрь куни Эрон консулхонасига бостириб кирган ва бинога ўт қўйган. Полиция консулхона ходимлари норозилар бостириб киргунига қадар эвакуация қилинганини билдирмоқда.

Давлат нашрлари мазкур ҳодисадан сўнг ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилгани ҳақида ёзмоқда.

Ироқда коррупцияга қарши аксилҳукумат намойишлари октябрь ойида бошланган. Норозиларнинг полиция билан тўқнашувларида шу кунгача камида 340 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда.

HRW: Эрон намойишчиларга қарши кўрилган кескин чоралар кўламини яширмоқда

Эрон расмийлари бензин нархи ошиши ортидан бошланган норозилик намойишлари иштирокчиларига қарши қўлланган кескин чоралар кўламини яширишга уринмоқда, деб баёнот берди Human Rights Watch (HRW) ташкилоти.

Турли инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳамда эронлик депутат сўзларига кўра, 15 ноябрь куни бошланиб, 100 дан ошиқ шаҳарга тарқалган намойишларда 140 дан ошиқ намойишчи ҳалок бўлган, 7000 га яқин одам қўлга олинган.

HRW 27 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботда намойишлар бостирилганидан икки ҳафта ўтиб, расмийлар ҳалок бўлганлар ҳақида тўлиқ маълумот бермаётгани айтилади. Шу сабаб ташкилот Эрон расмийларини ҳалок бўлганлар ва қўлга олинганлар сонини ошкор қилишга ҳамда намойишчиларга қарши кўрилган кескин чоралар мустақил тергов қилинишига рухсат беришга чорлади.

HRW ҳисоботида ёзилишича, расмийлар намойишчиларни “исёнчилар“ деб атаган, улар ўлим жазосига ҳукм қилинишларини айтиб, қўрқитган. Ташкилот Эрон ратификациялаган қонунларда аҳолига сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар ҳуқуқи кафолатланганини эслатди ва мамлакат расмийларини полиция намойишчиларни ўқотар қуроллар билан ўлдирган ва жароҳатлаган ҳолатларни тергов қилишга чорлади.

Шунингдек, ташкилот Эрон расмийларини қўлга олинган эронликлар қаерда эканлиги ҳақида уларнинг оила аъзоларига хабар беришга чақирди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетган эди. Эрон расмийлари намойишлар тинчиб қолганини иддао қилмоқда.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 26 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида Вашингтон эронликлардан «инсон ҳуқуқлари бузилишига доир» 20 мингдан кўпроқ «фото, видео, хабар ва билдирувларни» қабул қилиб олди, деб айтди.

Қозоғистон президенти Қирғизистонга сафар қилди

Қозоғистон президенти Қасим Жомарт Тоқаев Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан. Бишкек, Манас аэропорти, 2019, 27 ноябрь.

Қозоғистон президенти Қасим Жомарт Тоқаев 27 ноябрь куни давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. ҚР президенти матбуот хизматининг хабар беришича, «Манас» аэропортида олий даражадаги меҳмонни Сўўрўнбай Жээнбеков кутиб олди.

Хабарларга қараганда, Тоқаев Жээнбеков билан сўзлашувлар ўтказади ҳамда Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлараро Олий Кенгашининг V мажлисида иштирок этади. Шунингдек, давлат раҳбарлари «Ата-Бейит» тарихий-мемориал мажмуасига ва Чингиз Айтматов уй музейига боришади.

28 ноябрь куни Бишкекда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG