Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 20:46

Халқаро хабарлар

“Озодлик” раҳбари Тожикистон президенти билан учрашди

RFE/RL президенти Жейми Флай (ч) Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (ў) билан, Швейцария, Цюрих, 2019 йилнинг 7 ноябри.

“Озод Европа/Озодлик Радиоси” (RFE/RL) президенти Жейми Флай 7 ноябрь куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан журналистлар аккредитациясига оид вазиятни муҳокама қилди.

Учрашув “Озодлик” радиоси ташаббуси билан Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтди. Томонлар “Озодлик” мухбирларининг Тожикистондаги фаолиятини муҳокама қилдилар.

Учрашув аввалида Имомали Раҳмон Тожикистон ҳукумати матбуот эркинлиги масалаларига жиддий аҳамият бериши ва мамлакатда сўз эркинлиги таъминланганини, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари фаолияти учун эркин ва нормал шароит яратиб беришга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган.

Жейми Флайга кўра, учрашув самимий руҳда ўтган. Ахборот эркин тарқатилиши тарафдори эканини таъкидлаган Флай Тожикистонда Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирларининг ҳам эркин фаолият юритиши муҳимлигини эслатган.

Имомали Раҳмонга кўра, Тожикистонда “Озодлик” радиоси фаолиятининг тўхтатилишига оид миш-мишлар ғирт ёлғон ва бугунги кунда мамлакатда радионинг 18 нафар ходими рўйхатдан ўтган.

“Айрим собиқ совет мамлакатларида Озодлик радиоси фаолияти бутунлай тақиқланган бир пайтда улар Тожикистонда ўз фаолиятларини эркин олиб боришмоқда”, деган И. Раҳмон сўнгги вақтларда “Озодлик”нинг тожик хизмати Тожикистон Олий суди томонидан фаолияти тақиқланган партия ва ҳаракатларга оид хабарларни тарқатиш билан шуғулланиб келаётганини қўшимча қилган.

Бунга жавобан Жейми Флай “Озодлик” радиоси журналистиканинг олий меъёрларига амал қилиши ва қандайдир босим ёки таҳдидлар туфайли принципларини ўзгартирмаслигини айтган.

Тожикистонда “Озодлик” радиоси мухбирларининг аккредитацияси ҳақида гапирган Жейми Флай “айрим мухбирларнинг ишлашига рухсат берилиб, айримларига рухсат берилмаслиги ёки қисқа муддатга рухсат берилиши қабул қилиб бўлмайдиган принцип” эканлигини урғулаган.

Жейми Флайга кўра, Имомали Раҳмон Тожикистонда “Озодлик”нинг фаолияти муҳим эканлигини қайд этиб, радионинг Тожикистонни тарк этишини истамаслигини билдирган.

Учрашувдан кейин Флай Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа тузилмаларига мурожаат қилиб, уларни “президент кўрсатмаларини бажариш ва қисқа муддат ичида “Озодлик” радиоси тожик хизмати мухбирларини аккредитациядан ўтказиш”га чақирган.

Бугунги кунда “Озодлик” радиоси тожик хизматининг ТИВдан аккредитация олмаган ўн бир журналисти ва ходимига Тожикистонда фаолият юритиш тақиқлаган. Улар орасида уч нафар янги ходим ва 6 нафар аккредитация муддати узайтирилишини кутаётган журналист бор. Аккредитация муддати 1 ноябрь куни тугаган 9 нафар журналистдан етти нафарининг аккредитацияси Тожикистон ТИВ томонидан узайтирилган, бироқ улардан олти нафарига олти ойга, уч нафарига эса уч ойга аккредитация берилган.

Яқинлари Сурияда бўлган қирғизистонликлар мамлакат президентидан ёрдам сўради

Фарзандлари Сурияга кетган қирғизистонлик аёллар.

Қирғизистонлик аёлларнинг бир гуруҳи президент Сўўрўнбай Жээнбековдан фарзандлари ва набираларини Суриядан қайтариш бўйича ёрдам сўради.

“Мен қизимни тўрт йилу олти ойдан бери кўрмадим. Ҳозир унинг фарзанди бор. Шу кунда уларга жуда қийин. Биз у билан телефон орқали мулоқот қилиб турибмиз, гаплашганимизда юм-юм йиғлаяпти. Қизим ҳозир 20 ёшда, Сурияга кетганида 17 ёшга ҳам тўлмаган эди. Ҳурматли президент, илтимос ёрдам беринг”, дея мурожаат қилади Қирғизистон президентига Чуй вилоятида яшовчи Гул Шарипова Озодликнинг қирғиз хизмати орқали.

Иссиқкўл вилоятида яшайдиган Чўлпўн исмли аёлнинг айтишича, қизи эрининг ортидан 2014 йили Сурияга кетган.

“Ҳар куни йиғлайди. Қайта олмаяпти. “Она, бизларни алдашди”, дейди. Бор умидимиз сиздан, уларни қайтаришга ёрдам беришингизга ишонамиз. Улар чодирларда яшамоқда, болалари тез-тез касал бўлмоқда, бирор бир ёрдам йўқ, ейишга овқати йўқ, дори-дармон ҳақида гапирмаса ҳам бўлади”, дейди у.

“Набираларим бомбардимон ва очликдан бошқа нарса кўришмади. Улар айбдор эмас – ахир улар ёш бола-ку”, дейди чуйлик Луиза Магомаева.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси октябрь ойида Сурия ҳудудларидаги лагерларда 500 га яқин қирғизистонлик борлигини билдирган. Қирғиз расмийларига кўра, Сурия ҳудудларидаги қочқинлар лагерларида юрган қирғизистонликлар билан учрашиш мақсадида халқаро ташкилотлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Ҳукумат Сурия ва Ироқдан қирғизистонликларни қайтариш мақсадида ишчи гуруҳи ташкил қилинганлигини маълум қилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2013–2014 йилларда Сурия ва Ироқдаги қуролли гуруҳларга 800 га яқин қирғизистонлик бориб қўшилган, уларнинг тақрибан 150 нафарини аёллар ташкил этади.

Рамзан Қодиров интернетда "кимнингдир шаънини ҳақоратлаган" шахсларни жазолашга чақирди

Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров минтақа парламенти ўнгида чиқиш қилиб, “кимнингдир шаънини ҳақоратлаган” интернет фойдаланувчиларини жавзолашга чақирди.

Унинг бу чақириғи 5 ноябрь куни Чеченистон давлат телеканали - "Грозный"да намойиш этилди.

"Одамлар ўртасида тотувликни бузган, миш-миш ва иғво тарқатганларни - агар биз уларни тўхтатмасак - ўлдириш, қамаш, қўрқитиш билан ҳеч нима қила олмаймиз," – деди Рамзан Қодиров.

Рамзан Қодиров “қонунлар бузилса ҳам”, “бутун курраи замин куйиб кул бўлса ҳам”, уларни топиб жазолашга тайёрлигини қўшимча қилди.

У бунинг учун ҳар қандай жазога тайёрлигини айтди.

"Ана қамашди, ана ўлдиришди. Хўп, ўлдиришди ҳам дейлик. 45 ёшга кирдим, бу дунёда қиладиган яна нима ишим қолди ", - деди Қодиров.

Октябрь ойида "Новая газета" Чеченистонда юқори мартабали мулозимлар, жумладан Рамзан Қодировга яқин одамларга қарши репрессиялар бошлангани ҳақида хабар тарқатганди.

Ереванда суд собиқ президентни гаров эвазига озод қилиш сўровини рад этди

Роберт Кочарян

Ереванда суд конституцион тартибни бузганликда айбланган собиқ президент Роберт Кочарянни гаров эвазига озод қилиш сўровини рад қилди.

Судья Анна Данибекян ажрими 7 ноябрда эълон қилинди.

Кейинги суд мажлиси 12 ноябрда бўлиб ўтади.

Кочарян ва яна уч нафар собиқ давлат мулозим устидан илгари сурилган айбловлар 2018 йил баҳорида намойишчиларга қарши куч ишлатиш қарорига боғлиқдир.

Намойишчилар ва қўшинлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда камида 10 киши, жумладан ички ишлар зобитлари ҳалок бўлганди.

Бу Совет Иттифоқи тарқалганидан бери Арманистонда кузатилган энг қонли ҳодиса сифатида кўрилмоқда.

2018 йил июлида ҳибсга олинган Роберт Кочарян икки марта суд қарори билан озодликка чиққан, аммо ҳар гал прокуратура апелляцияси билан қайта қамоққа олинган эди.

Эрдўғон ал-Бағдодийнинг хотинларидан бири қўлга олингани ҳақида баёнот берди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия “Ислом давлати” террор гуруҳи собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг хотинларидан бирини қўлга олди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара университетида қилган чиқишида билдирди.

“Биз унинг хотинини ушладик, аммо шов-шув кўтармадик. Ундан ташқари Сурия ҳудудида Бағдодийнинг опаси ва поччаси қўлга олинди”, деган Эрдўғон ҳодисага оид бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Бағдодийнинг хотинлари қанча бўлгани ҳалигача аниқ эмас. Associated Press маълумотига кўра, улар тўрт нафар бўлган. Reuters агентлиги эса Ироқдаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, Бағдодийнинг уч хотини бўлгани ҳақида ёзган. Бағдодийни йўқ қилиш амалиётидан кейиноқ у билан биргаликда худкуш камари таққан икки хотини ўлгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганди.

Турк ҳарбийлари 5 ноябрь куни Бағдодийнинг опаси Расмия Авадни қўлга олганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

“Ислом давлати” террор гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой америкалик ҳарбийларнинг махсус амалиёти чоғида ўзини портлатиб юборганди.

Қирғизистонлик фаоллар юз таниш камераларидан ёппасига фойдаланишга мораторий жорий этилишини сўрамоқда

Таркибига ҳуқуқ ҳимоячилари ва жамоатчилик фаоллари кирган фуқаровий назорат қўмитаси юз таниш камераларидан ёппасига фойдаланишга қарши мораторий жорий этишга чақирди.

Фаолларга кўра, ватандошлар устидан ёппасига кузатув ўрнатилиши инсон ҳуқуқлари ва ҳаётига керагидан ортиқ аралашишдир.

Қўмита аъзоси Динара Ўшурахунова фикрича, ватандошлар хавфсизлигини ва камера билан ишлаш методларини таъминламасдан туриб, бу каби камераларни ишга тушириш тўғри эмас.

“Суд тизимида коррупция гуллаб-яшнаётгани, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноятлар содир этаётгани, жиноятчилар билан ҳамкорлик қилаётганига оид ҳолатлар барчага маълум. Ким билади, бу вазиятда олти миллион қирғизистонликка оид маълумотлар қай мақсадда ишлатилади?”дея савол ташлайди Ошурахунова.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда юз таниш камералари ўрнатилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Хитой давлат компанияси ўз ҳисобидан жорий этаётган мазкур тизим фаолиятини бошлаб бўлган. ИИВга кўра, Бишкекда ҳаммаси бўлиб мингта камера ўрнатиш режаланган.

Минск Душанбега мухолифат фаолини топширишдан бош тортди

Фарҳод Одинаев.

Беларусь расмийлари мухолифатчи ва журналист, фаолияти тақиқланган ташкилотга аъзолик ва экстремизмни дастаклаганлик гумони билан қидирилаётган Фарҳод Одинаевни Тожикистонга топширмасликка қарор қилишди.

Human Constanta инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Беларусь бош прокуратураси тожик расмийларининг 42 ёшли Одинаевни экстрадиция қилиш тўғрисидаги илтимосини рад этган. Human Constanta вакиласи Наста Лойка тахминича, Одинаев Беларусга кириб келган мамлакат - Россияга қайтариб юборилиши мумкин.

Одинаев 25 сентябрь куни инсон ҳуқуқлари бўйича конференцияда қатнашиш учун Польша пойтахти Варшавага кетаётган пайтда Беларусь чегарачилари томонидан қўлга олинганди.

Human Constanta октябрь ойидаги баёнотида Одинаев Тожикистонга топширилган тақдирда қийноқ ва шафқатсиз муомалага дучор қилиниши мумкинлигидан хавотир изҳор қилган.

Россия ва Тожикистон ватандоши бўлган Одинаев илгари мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон ислом уйғониш партияси аъзоси бўлган.

Узоқ вақт нуфузли ташкилот ҳисобланган, вакиллари парламент ва ҳукуматда ишлаган ТИУП фаолияти 2015 йил кузида суд қарори билан Тожикистонда тақиқланган. Партия вакиллари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ТИУПга қўйилган айбловларни сиёсий уйдирма, деб ҳисоблайдилар.

Ўтган давр мобайнида ўнлаб раҳбар ва тарафдорлари жавобгарликка тортилган, уларнинг кўпчилиги қамалган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистонда ТИУП сафида бўлган одамларнинг таъқиб этилишини қоралаб келадилар.

Аввалроқ11 та халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Минскка Фарҳод Одинаевни Тожикистонга топширмаслик чақириғи билан мурожаат қилган.

Россия жосусликда айбдор деб топилган Норвегия фуқаросини кечириш ҳақидаги аризани кўриб чиқмоқда

Фроде Берг

Россия президентининг сўзчиси Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Кремлга жосусликда айбдор деб топилган Норвегия фуқароси Фроде Бергни афв этиш бўйича расмий ариза келиб тушган.

Дмитрий Песковнинг 6 ноябрда журналистларга айтишича, Кремль ушбу аризани умумий ишлар қаторида кўриб чиқади.

У ариза тафсилотини ошкор этмаган.

Норвегия-Россия чегарасининг истеъфодаги нозири Фроде Берг 2017 йилнинг декабрида Москвада Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ) томонидан ҳибсга олинган эди.

ФСБ уни Росссия сув ости кемаларига оид махфий ҳужжатларни ўғирлашга уринганликда айблади.

2019 йил апрелида Москвада бўлиб ўтган ёпиқ суд мажлисида 63 яшар Берг жосусликда айдор деб топилиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Берг Норвегия манфаатига жосуслик қилиш айбловига иқрор бўлмаган.

АҚШ давлат котиби Шинжонда уйғурларга нисбатан"тазйиқлар"дан ташвиш изҳор этди

Майк Помпео

АҚШ давлат котиби Майк Момпео Хитой шимоли шарқида жойлашган қайта тарбиялаш жамлоқларидаги уйғур “фаоллари ва омон қолганлар” оилаларининг "тазйиққа учраётганидан" ташвиш изҳор этди.

5 ноябрь куни чиқарилган баёнотда Помпео Вашингтоннинг “уйғур фаолларининг оилалари Шинжон қайта тарбиялаш жамлоқларида тазйиққа учрагани, қамоққа олингани ёки судсиз ушлаб турилгани ҳақидаги кўплаб хабарлардан чуқур қайғуда” эканини айтди.

"ХХР инсон ҳақлари, жумладан диний эркинликни поймол қилаётганини очишда уйғур ҳуқуқ ҳимоячиларининг жасорати муҳимдир," дея қўшимча қилинади баёнотда.

Ўтган йил августида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аксар аҳолиси мусулмон бўлган Шинжон минтақасида тахминан бир миллионга яқин уйғурлар ва яна бошқа мусулмон этник гуруҳлари “контртеррор жамлоқлари”да ушлаб турилганини маълум қилганди.

Тожик-ўзбек чегарасидаги застава ҳужумга учради, 17 киши ўлди

Шу йилнинг 6 ноябрига ўтар кечаси 20 нафар ниқобли номаълум шахсдан иборат қуролли гуруҳ тожик-ўзбек чегарасидаги чегара заставасига ҳужум қилган, дея маълумот тарқатди Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати.

Куч ишлатар тузилмаларнинг амалиёти чоғида қуролланган гуруҳдан 15 киши ўлдирилган, отишма пайтида чегара қўшинларининг бир аскари ва ички ишлар бўлимининг бир ходими ҳалок бўлган.

Тожикистон ИИВ амалиёт чоғида гуруҳга тегишли 4 автомашина йўқ қилинганини маълум қилган.

Озодликнинг тожик хизмати мухбирларини воқеа жойига ўтказмаганлар. Ҳодиса содир бўлган ҳудудда йўллар ёпилган, Тожикистоннинг бошқа минтақалари ва пойтахт Душанбеда қуролли постлар қўйилган.

Ўзбекистон чегара хизмати чегара заставасига қилинган ҳужум тафсилотларини ўрганмоқда, дея хабар қилади ТАСС ахборот агентлиги Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинлари вакили сўзларига таянган ҳолда.

“Содир бўлган воқеа ҳақида бизни хабардор қилишди. Биз вазиятни ўрганаяпмиз ва Тожикистоннинг тегишли муассасаси билан алоқада бўлиб турибмиз”, деган агентлик манбаси.

Путин Википедияни Россия энциклопедиясига алмаштиришни таклиф қилмоқда

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин Википедияни бошқа энциклопедия билан алмаштиришни таклиф қилди, дея хабар қилади РИА Новости агентлиги.

Путинга кўра, уни электрон шаклдаги “Россия катта энциклопедияси” билан алмаштириш мақсадга мувофиқроқ. Россия президенти “Россия катта энциклопедияси”даги маълумотлар Википедиядаги маълумотлардан кўра ҳаққонийроқ эканини иддао қилди.

Аввалроқ Россиянинг ўз “Википедия”сини яратиш учун 2020-2022 йилларда 1,7 млрд рубль (қарийб 27 млн доллар) ажратиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.

Википедия ҳар ким маълумот кирита оладиган очиқ энциклопедия бўлиб, шу кунгача унинг базасида 300 га яқин тилда (шу жумладан, ўзбек тилида) маълумотлар жамланган. Ўзбекча Википедияда шу кунда 133 мингга яқин мақола бор.

Москвада теракт уюштиришга уринганликда айбланган қирғизистонлик қўлга олинди

Москванинг Черёмушки суди қарори билан қирғизистонлик 30 ёшли Талант Ўнуров ҳибсга олинди. Тергов қўмитаси уни террор хуружи ҳозирлаганликда айбламоқда. Москва тергов қўмитаси вакиласи Юлия Ивановага кўра, Ўнуров айбини тан олган.

“Тергов маълумотига кўра, Қирғизистон Республикасидан бўлган шахс 2019 йил сентябрида террор хуружи содир этиш мақсадида пойтахт (Москва) ҳудудига келган. Бир ой давомида у ўзига шерик излаган, адабиётларни ўрганган, ўқув видеороликларини томоша қилган ҳамда номаълум шахсларга қарши қаратилган қонунга зид ҳаракатларни содир этиш учун жой қидирган. Сўроқ пайтида у айбини тан олди”, деган Иванова Ўнуров террор хуружини айнан қаерда содир этмоқчи бўлганини очиқламаган.

Мазкур айблов бўйича қирғизистонлик йигит 15 йилгача қамалиши мумкин. Ҳозирча у 2020 йилнинг 1 январигача ҳибсга олинган.

ТАСС агентлиги манбаси Ўнуров 1 ноябрь куниёқ қўлга олингани ва у гўё радикал ислом тарафдори эканини билдирган.

Туркманистонда одамлар бўм-бўш банкоматлар олдида соатлаб навбатда турибди

Туркманистон банкоматларида яна нақд пул йўқ. Айни дамда Мари ва Лебап вилоятларининг аҳолиси пластик карталарга ўтказилган пулларини нақд пулга айлантира олмаяпти.

"Марида пенсия ва ногиронлик нафақалари аллақачон карталарга ўтказилган, аммо банкоматлар бўм-бўш, нақд пул йўқ. Туман банкоматларида пул умуман йўқ, ўз пулларини олмоқчи бўлган пенсионерлар шаҳардаги барча банкоматларни кезиб чиқмоқда", дея хабар қилади Озодлик радиоси туркман хизматининг Маридаги мухбири. Аммо банкоматлар олдида навбат кутаётганлар ўз ҳисобида қанча пул борлигини билиш билангина чекланмоқдалар.

Маридаги банкоматлар олдида полиция ходимлари навбатчилик қилаяпти. Нақд пул танқислиги Туркманистоннинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда. Озодлик туркман хизматининг Лебап вилоятидаги мухбирига кўра, "Дайхан" ва "Халқ" банкларининг маҳаллий бўлимлари вакиллари банкоматларда пул йўқлигини пахта йиғим-терими мавсуми ва фермерларга тўловлар билан изоҳлашмоқда. Банкоматлар олдида навбат кутишлар Тошҳовузда ҳам кузатилаяпти.

Шу йилнинг август ойида Туркманистон раҳбарияти банкоматларда пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммони тан олган. Ўшанда президент Бердимуҳамедов банкоматларда нақд пул танқислиги ҳукуматнинг молиявий сиёсатига боғлиқ эмаслигини, муаммолар техник характерга эга эканини айтиб, бу борада барча масъулиятни мулозим зиммасига юклаганди.

Турк ҳарбийлари Бағдодийнинг опасини қўлга олишди

ИД собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодий.

Турк ҳарбийлари ИД собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг опасини қўлга олишди. Бу ҳақда халқаро ахборот агентликлари юқори лавозимли турк амалдори сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатишди.

Манбага кўра, 65 ёшли Расмия Авад оиласи билан Суриянинг Ҳалаб вилоятидаги Азаз шаҳри яқинида яшашга мослаштирилган контейнерда жон сақлаётган бўлган. Аёл душанба оқшомида ўтказилган махсус амалиёт натижасида эри, келини ва беш фарзанди билан биргаликда қўлга олинган.

“Бу истихборат учун олтин кони кабидир. Унинг ИД тўғрисида билганлари бизнинг бу ташкилотга оид тасаввурларимизни анча кенгайтириши мумкин”, деди манба.

“Ислом давлати” террор гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой америкалик ҳарбийларнинг махсус амалиёти чоғида ўзини портлатиб юборганди. Амалиёт пайтида ИДга оид айрим ҳужжатлар ҳам қўлга киритилган. Бағдодийнинг ўрнини ким эгаллагани ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас.

Украин дипломатлари Россиядан қўлга олинган кемаларни қайтаришни талаб қилишди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ўтган йил ноябрида Қора денгизда қўлга олинган украин кемаларини қайтариш талаби ёзилган нота йўллади. Бу ҳақда Украина ТИВ раҳбари Вадим Пристайко Киевда Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Нотада Россиядан кемалар координатлари ва уларни топшириш вақтини очиқлаш талаб қилинган.

Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Елена Зеркаль Фейсбукдаги ўз саҳифасида аввалроқ Киев 7 марта шу каби талаб билан Россияга мурожаат қилгани ва бирор марта ҳам жавоб олмаганини ёзди.

БМТнинг Денгиз ҳуқуқи бўйича халқаро трибунали май ойида Россия кемаларни Украинага қайтариши лозимлиги юзасидан қарор қабул қилган, аммо Москва трибунал юрисдикциясини тан олмаслигини билдирган. Россия иддаосича, украин кемалари денгиз чегараларини бузган.

2018 йилнинг 25 ноябрь куни россиялик чегарачилар Азов денгизида Керчь бўғозидан ўтишга уринган Украинага тегишли "Бердянск" ва "Никополь" катерлари ҳамда "Яни Капу" шатакка олувчи кемасини қўлга олган. Ўша пайтда кемалардаги 24 нафар экипаж аъзоси ҳам ушланган. Улар 9 ой Москвадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилган ҳамда сентябрь ойи бошларида Украина ва Россия ўртасидаги асир алмаштириш келишуви доирасида ватанларига қайтганлар. Кемалар эса ҳали ҳам Россияда тутиб турилибди.

Қозоғистон автотранспортда бензин олиб чиқилишини 6 ойга чеклаб қўйди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон расмийлари жорий йил 2 ноябридан бошлаб автомобиль транспорти орқали бензин ва дизель ёқилғиси олиб чиқилишини ярим йилга чеклаб қўйишди.

Бу чора Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитасининг “Қозоғистон Республикаси худудларидан нефть маҳсулотларини олиб чиқишдаги айрим масалалар тўғрисида”ги қўшма буйруғида акс этган. Ҳужжат "Адилет" норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида эълон қилинган.

Ҳужжат билан 2709, 2710, 2902, 3403, 3811 кодли ёқилғилар олиб чиқилишига чеклов киритилган. Бу хорижлик ҳайдовчилар ўз автомобилларига ёқилғи қуя олмаслигини англатмайди (бензобакларда ёқилғи олиб чиқиш мумкин). Бироқ уларга 20 литрдан ортиқ бўлган канистрлар ва ҳажми орттирилган махсус бензобакларга бензин олишга рухсат берилмайди. Автомобиль транспортида ёқилғи мойлаш материалларининг олиб чиқиш ҳам тақиқланган.

2019 йил ёзида қозоқ расмийлари чегара яқинидаги россиялик ҳайдовчилар арзон бензин илинжида Қозоғистонга ёппасига келаётганини сезиб қолишган. Маълум бўлишича, Қозоғистондаги Россия ширкатларига тегишли АЁҚШларда ҳам бензин Россиядагига нисбатан 1,5 баробар арзон экан. Узоқ масофага қатнайдиган россиялик ҳайдовчиларга кўра, бу ерда катта юк машиналари бакини тўлдириш билан 10 минг рублгача пулни тежаб қолиш мумкин экан.

Қозоғистон энергетика вазири Қанат Бўзумбаев эътирофича, нархи арзон бўлгани туфайли қозоқ бензини нархлар анча қиммат бўлган Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистонга “оқиб кетаяпти”. Вазир айниқса Россия томондан Қозоғистонга ҳар куни минглаб юк машиналари ва енгил автомобиллар кираётганига эътибор қаратди.

"Енгил машиналар ўнлаб канистрда ёқилғи олмоқда, юк машиналарига эса қўшимча баклар ўрнатилмоқда ва бизнинг минг тонналаб бензин, дизель ёқилғимиз қўшни мамлакатларга олиб чиқиб кетилаяпти. Яъни биз ўзгалар иқтисодиётига субсидия киритаяпмиз", деган вазир Бўзумбаев.

Қирғизистон темир йўл қурилиши бўйича Ўзбекистон ва Россиядан ёрдам кутмоқда

Иллюстратив сурат.

Россия билан ҳамкорликда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилишининг техник-иқтисодий асослари (ТИА) ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига “Қирғиз темир жўлу” давлат корхонасининг темир йўл қурилиши ва лойиҳалаштириш дирекцияси раҳбари Жамшитбек Қалилов маълум қилган.

“Россия билан ҳамкорликда ТИА ишлаб чиқилди – йўл қаердан ўтиши, қурилиш билан бир вақтда қайси конлар ўзлаштирилиши ва бошқалар белгиланди. Россия молиялаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда бўлдим, улар ҳам ёрдам беришга ваъда қилишди”, деган Қалилов.

“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўл қурилиши борасидаги ташаббус 2000-йиллар бошида илгари сурилган бўлса-да, ҳаётга татбиқ этилмай келади. 2002 йили Пекин бўлажак йўлнинг ТИАсига аниқлик киритган ва йўналишини белгилаган. Ўша пайтдаги мулоҳазага кўра, Тўругарт довонидан ўтадиган йўл Арпа жайлоо орқали ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига ва у ердан Ўзбекистонга ўтиб кетиши керак эди. Темир йўлнинг умумий узунлиги 268 километрни ташкил этиши кўзда тутилганди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳокимият тепасига келганидан кейин “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўналиши ўрнига “Тожикистон-Қирғизистон-Қозоғистон-Россия” йўналиши бўйича йўл қуриш ғоясини илгари сурди. Аммо бу ташаббусни ҳеч ким дастакламади. Шундан кейин қирғиз расмийлари яна “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” лойиҳасига қайтишди ва янги йўналишни таклиф этишди.

2017 йили “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” йўл қурилиши бўйича уч томонлама ишчи гуруҳи тузилган ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун бир-биридан фарқли учта вариант кўриб чиқилаётгани маълум қилинган.

Ироқнинг Карбало шаҳрида намойишчилар Эрон консуллигига ҳужум қилди

3 ноябрь куни ироқлик намойишчилар шиаларнинг муқаддас шаҳри Карбалода Эрон консуллигига ҳужум қилди.

Намойишчилар ўз ғазабларини Ироқда илдиз отган коррупция ва ишсизликка қаратганлар.

Улар, шунингдек, Эронни Ироқнинг ички ишларига аралашишда айблашмоқда.

Ассошиэйтд Пресс агентлигининг гувоҳларга таяниб хабар беришича, намойишчилар консуллик биносидан Эрон байроғини тушириб, ўрнига Ироқ байроғини тикканлар.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода намойишчиларнинг Молотов коктейлини консуллик деворига отаётганини кўриш мумкин.

Ироқ Инсон ҳақлари Олий Комиссарлиги тарқатган хабарга кўра, 4 ноябрда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда уч нафар намойишчи ҳалок бўлган ва яна 12 киши яраланган.

Ҳозиргача асосан Бағдод ва жанубий минтақаларда бўлиб ўтаётган эътироз намойишларида ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошди.

Россияда ашаддий миллатчилар юриши бўлиб ўтмоқда

Россиянинг бир неча шаҳарларида ашаддий рус миллатчиларининг юриши - “Русский марш” ўтказилмоқда.

Бундай юришлар ҳар йили 4 ноябрь - президент Владимир Путиннинг ташаббуси билан жорий этилган байрам – “Халқ бирлиги” кунида бўлиб ўтади.

Москвада “Русский марш” Люблино районида бўлиб ўтмоқда.

Ушбу тадбир ташкилотчилари юриш билан бир қаторда намойиш ўтказишни ҳам режалаштирганлар.

Миллатчилар юриши, шунингдек, Санкт-Петербург, Новосибирск, Псков, Саратов ва Екатеринбург шаҳарларида кузатилмоқда.

15 йилдан буён ўтказилаётган юришларда иштирок этувчилар сони охирги йилларда кескин озайди.

Ўтган йил юриш ва намойишлар Россиянинг 12та шаҳрида бўлиб ўтганди.

HRW туркман расмийларидан Гараевни озод қилишни талаб қилди

Қасимберди Гараев.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Туркманистонда гей Қасимберди Гараевнинг бедарак йўқолиб қолиши муносабати билан баёнот эълон қилди.

Баёнотда туркман расмийларидан Гараевнинг ҳибсда ёки эмаслиги сўралиб, агар ҳибсда бўлса, дарҳол озод қилиниши ва унинг қўлга олиниши юзасидан изоҳ берилиши талаб қилинади.

Жинсий озчилик вакили бўлган Гараев Озодлик радиоси туркман хизматида у ҳақда материал эълон қилинганидан кейин полиция идорасига чақирилган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

Human Rights Watch Қасимберди Гараев ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланаётгани юзасидан ташвиш изҳор қилади.

Ташкилот вакили Рейчел Денберга кўра, Туркманистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг абгорлиги, кишининг ихтиёрига зид равишда бедарак йўқолиб қолишига оид ҳолатлар кузатилаётгани боис Гараевнинг хавфсизлиги масаласида хавотирларга асос бор.

Тожикистонда 3 мингга яқин бола “метрика”сиз юрибди

Тожикистонлик юзлаб бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмас ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

БМТнинг Болалар жамғармаси ва Тожикистон ҳукуматининг “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 3 мингга яқин “кўринмас бола” аниқланган.

Меҳнат мигрантларининг фарзандлари кўпинча қариндошлари ва танишлари қарамоғида қолади. Бу болаларнинг мавжудлигини айрим ҳолатларда давлат ҳатто билмайди ҳам: бу болаларнинг кўпчилигида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқ, улар ҳеч қаерда қайддан ўтмаган, улардан айримлари мактабга бормайди ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган.

Тожикистоннинг айрим ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилаётган “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган 2 минг нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган. Яна 300га яқин ўсмирга “метрика” топшириш кутилмоқда, дея маълум қилишди ЮНИСЕФ вакиллари Душанбеда бўлиб ўтган конференцияда.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ болаларнинг аниқ сони маълум эмас. Расмийлар ўз вақтида гувоҳнома олиш учун ФХДЁ идораларига мурожаат қилмаган ота-оналарни айбламоқда. Ота-оналар эса мамлакатда иш топа олмаганликлари боис йиллар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон юришлари, айрим ҳолларда фарзандлари учун гувоҳнома олишни ёддан чиқариб қўйишларини айтишади.

АҚШ: Эрон “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон ядровий дастури ҳақида гапирмоқда, 25 сентябрь, 2019 йил, Ню Йорк

Эрон халқаро террорчилик ташкилотларини маблағ билан таъминлаш ҳамда Ер юзи, хусусан, Европада “ўз фитначилик режалари”да иштирок этиш билан “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда, дейилади АҚШ Давлат департаментининг янги ҳисоботида.

1 ноябрда эълон қилинган “Терроризм бўйича 2018 йилги мамлакатлар ҳисоботи”га кўра, Эрон “ўзининг топшириқларини бажараётган ва бутун жаҳонда зарарли таъсирини ёяётган террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун” йилига 1 миллиард АҚШ доллари сарфлайди.

Ҳисоботдаги рўйхатда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” шиалар ҳаракати, Фаластиннинг “Ҳамас” ва “Ислом жиҳоди” исломчи гуруҳлари санаб ўтилади.

Эроннинг таҳдиди Яқин Шарқ билан чегараланиб қолмайди, у чин маънода глобалдир, ‒ деди Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш масалалари мувофиқлаштирувчиси Натан Сейлз Вашингтондаги матбуот брифингида.

"Терроризм бўйича мамлакатлар ҳисоботи" 2004 йилдан бери Давлат департаментининг Конгрессни бутун дунёдаги терроризм бўйича доимий тарзда хабардор қилиб туриш хусусидаги мандатига кўра ҳар йили чоп этилади.

Ҳисоботнинг эълон қилиниши Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетган пайтга тўғи келмоқда.

Бунга АҚШ президенти Доналд Трампнинг 2008 йили дунёнинг етакчи давлатлари билан Эрон ўртасида унинг ядро дастури бўйича эришилган битимдан Қўшма Штатларни олиб чиққани сабаб бўлган эди.

Вашингтон анча вақтдан бери Эронни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаш ва минтақани беқарорлаштиришда айблаб келади, аммо Теҳрон буни рад этади.

Украина билан Болгария Франция президентининг миграцияга оид фикридан норози бўлди

Франция президенти Эммануэл Макрон, 16 октябрь, 2019 йил

Украина билан Болгария Францияга дипломатик норозилик билдирди.

Бунга ушбу мамлакат президенти Эммануэл Макроннинг 1 ноябрда эълон қилинган интервьюсидан келтирилган иқтибос сабаб бўлди.

Унда Макроннинг Украина билан Болгариядан келаётган иммигрантлар ҳақидаги гапи таҳқиромуз, деб баҳоланмоқда.

Болгария ҳукумати вакили 2 ноябрда Франция элчиси Софияга чақирилиши ва ундан Макроннинг фикрини тушунтириб бериш талаб этилиши ҳақида баёнот берди. Айни чоқда Украина Франция элчисини 1 ноябрда чақирди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги баёнотга кўра, элчи Макроннинг сўзлари контекстдан юлиб олинганини айтган.

“Франция элчиси Франция томонининг Украина ватандошларининг Европа бўйлаб сафар қилаётгани юзасидан шикояти йўқлигини билдирди", дейилади баёнотда.

Макрон Valeurs Actuelles журналига берган интервьюсида ишлаш ҳуқуқи бўлмаган мигрантлардан кўра “квотага асосланган миграция”ни маъқул кўришини айтиб, “болгар ва украинларнинг яширин тармоқлари”дан кўра Гвинея ёки Кот-д'Ивуардан келаётган қонуний мигрантларни афзал билишини қўшимча қилган эди.

Болгар ва украин халқларини ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, −дея Болгария бош вазири ўринбосари Красимир Каракачановнинг сўзларидан иқтибос келтирди Болгария ахборот воситалари 2 ноябрда.

Болгария Европа комиссиясининг “Макрон пакети” деб аталган - автомобилларда юк ташишнинг ноқонуний амалиётига қарши ислоҳотга қарши чиқиб келмоқда.

Расмий Софияга кўра, ушбу ислоҳот болгар фирмаларини камситади ҳамда Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари фирмаларининг юк ташиш борасидаги рақобатини бартараф қилишга қаратилган.

Россия гейларнинг болалар билан суҳбатлашганига оид видео бўйича жиноят иши қўзғади

Real talk каналининг ижтимоий тармоқдаги баннери

Москва прокуратураси YouTube каналидаги Real Talk деб аталувчи лойиҳа устидан жиноят иши қўзғади.

Бунга бир гуруҳ боланинг Россиянинг гейлар жамоати вакиллари билан суҳбати акс этган иккита видео сабаб бўлди, дейилади “Правозашчити Откритки” инсон ҳуқуқи ҳимояси ташкилоти вакили Валентина Дехтяренко 2 ноябрда тарқатган баёнотда.

Дехтяренкога кўра, прокуратура Россия Жиноят кодексининг 132-моддасига асосланиб, жиноят иши қўзғатган, ўша моддада “жинсий алоқа билан боғлиқ зўравонлик ҳаракатлари”га жазо назарда тутилган.

Сентябрда Россиянинг давлатга қарашли ахборот воситалари берган хабарларда айтилишича, Давлат думаси спикери ўринбосари Пётр Толстой ҳуқуқни қўлловчи идоралари вакилларидан ушбу видеоларни кўриб чиқишни сўраган, чунки улардан бирида собиқ порноактриса тасвирга олинган. У видеоларни “ғайриахлоқий” ва “ахлоқан тоқат қилиб бўлмайдиган” деб атаган.

Ўтган ойда видеолар продюсерига вояга етмаганлар орасида ноанъанавий ҳаёт тарзини “тарғиб қилгани” учун маъмурий жазо қўлланган эди.

Афғонистонда 9 ўқувчи мина портлашидан ҳалок бўлди

Ўтган йили Қуролли зиддият маълумот базаси лойиҳаси (ACLED) Афғонистонни ўлим сони бўйича дунёдаги энг ҳалокатли минтақа деб эълон қилган эди.

Афғонистон шимоли-шарқидаги Таҳор вилоятида йўл четига қўйилган мина портлашидан тўққиз ўқувчи ҳалок бўлди.

Таҳор вилояти ҳокими матбуот котиби Жавод Ҳижрийнинг айтишича, 1 ноябр куни маҳаллий вақт билан эрталаб 8.30да ўқувчилар мактабга кетишаётганида толибон жангарилари ўрнатган минага дуч келишган.

Толибон жангарилари Таҳор вилоятига кучли ўрнашган. Аммо, ҳозирча Афғонистондаги ҳеч бир гуруҳ мина портлашига жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Афғонистондаги уруш қирқ йилдан буён давом этади. Ўтган йили Қуролли зиддият маълумот базаси лойиҳаси (ACLED) Афғонистонни ўлим сони бўйича дунёдаги энг ҳалокатли минтақа деб эълон қилган эди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG