Линклар

Айбсиз Бобур Маҳмудов 10 кун ҳибсда сақланди


Тўлқин Беш йилдан буён маҳбусликда сақланаётган ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг ўғли Бобур Маҳмудов 10 кун давомида Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ертўласида ҳибсда ушлаб турилгач, 8 апрель куни озод этилди.

Бобурнинг онаси Гулсара Маҳмудованинг таъкидлашича, ўғли 30 март куни номаълум сабабларга кўра ҳибсга олинган. 8 апрель куни эса у ҳеч қандай айбсиз топилиб, озодликка чиқарилган.

Г.Маҳмудованинг айтишича, ҳибсхонада Бобурга нисбатан ҳеч қандай қийноқлар қўлланмаган. Унга на сиёсий, на диний мазмундаги айб қўйилмаган. Б.Маҳмудовни қамоққа олиш пайтида ҳам, ундан кейин ҳам ҳеч кимга ҳибсга олиниш сабаблари ҳақида тушунтириш берилмаган. Ҳатто дастлабки кунлари унинг қаерда ушлаб турилгани ҳам сир тутилган. Фақат “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг аралашуви билан Бобур Тошкент шаҳар ИИББ ертўласида сақланаётгани маълум қилинган.

А.Гилл Бобур Маҳмудов иши билан боғлиқ воқеалар хусусида шундай фикр билдирди:

“Мен бу нарса (ҳибсга олиш) сиёсий мақсадда амалга оширилмаган, деган фикрга бироз шубҳа қиламан. Бу воқеа сиёсатга алоқасиз кўринса-да, айни пайтда мамлакатда шундай вазият ҳукмронки, ҳар қандай киши ҳибсга олиниши мумкин. Шунинг ўзи сиёсий сабабдир. Назаримда, ҳозир шундай тартибсизлик кузатиляптики, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўзларини хоҳлаган одамни ҳибсга олишга ҳақли ҳисобламоқда. Яхшиямки, Бобур Маҳмудов ҳибсхонада, эҳтимол отаси машҳур киши бўлгани сабабдандир, қийноққа тутилмади. Аммо 10 кун давомида сабабсиз ҳибсхонада тутиб турилиши унинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганидир”.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ўтказилган пикет ҳам ёзувчи Мамадали Маҳмудов шахсига билан маълум маънода алоқадор. Гап шундаки, 9 апрель куни шоир Юсуф Жумаев ва унинг оила аъзоларидан иборат беш киши туман ҳокимлиги биносини пикет қилди.

Ю.Жумаевнинг таъкидлашича, бу пикетда улар Мамадали Маҳмудовнинг озод этилишини, Президент Ислом Каримов, Бухоро вилояти ва Қоракўл туманлари ҳокимлари, вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг истеъфосини талаб қилмоқда.

Ю.Жумаев оила аъзолари ўтган ойда ҳам бир неча марта пикет ўтказганини маълум қилди. Унинг билдиришича, пикет ўтказилишига очиқдан-очиқ қаршиликлар бўлмаган. Аммо айни пайтда шоирнинг ўғиллари устидан қандайдир иғволар тўплаш бўйича иш олиб борилмоқда.

“Гўёки ўғилларим портлашлардан ўн кун бурун Ўзбекистонда яқинда ҳамма жой портлаши ҳақида айтган эмиш. Шунинг учун айни пайтда ҳуқуқ-тартибот ходимлари шу ҳақда гап тарқатиб, ҳужжатлар йиғаётган экан”, - деди шоир.

Ю.Жумаев оила аъзолари билан биргаликдаги норозилик чиқишларини Бухоро ва Тошкент шаҳарларида давом эттириш ниятида эканини айтди.
XS
SM
MD
LG