Линклар

Пайшанба куни Индонезия пойтахти Жакартада Жанубий Осиё мамлакатларига ёрдам кўрсатиш масалаларига бағишланган халқаро конференция бошланади.


Халқаро ҳамжамият бу минтақага шу кунгача 2 миллиард доллардан зиёд молиявий ёрдам ажратди. Бироқ баъзи ҳудудларга инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш ўта қийин кечмоқда.
БМТ вакили Ян Эгеланд бугун мана бундай баёнот берди:
"Кўплаб минтақаларда одамлар дуруст таъминланаяпти. Бироқ бир қатор жойларда қийинчиликларга дуч келаяпмиз".
Индонезияга сафар қилган АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Ачех вилоятида қилган чиқишида бундай деди:
"Мен урушдаям бўлганман, довуллар, торнадолар оқибатини кўрганман, бироқ бу ерда юз берган даҳшатга ўхшаш ҳодисани кўрган эмасман. Мен соҳил бўйлаб учиб ўтдим ва цунами ўз йўлида учраган ҳамма нарсани вайрон қилиб ташлаганини ўз кўзим билан кўрдим".
26 декабрь куни юз берган табиий офатдан 94 минг нафар индонезиялик нобуд бўлди.
Германия канцлери Герхард Шрёдер чоршанба куни Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида Жанубий Осиё мамлакатларига кўрсатилиши керак бўлган ёрдам масаласига тўхталиб, жумладан бундай деди:"Зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, бу ишнинг етарли эмаслиги таъкидлаб ўтмоқчиман. Аввал-бошданоқ мен немисларнинг жабр кўрганларга ҳамдардлиги узоқ муддатни қамраб оладиган ёрдам дастурлари билан боғланган бўлиши кераклигини бир неча бор айтиб ўтганман. Шу муносабат билан ҳукумат жабр кўрган мамалкатларга уч-беш йил ичида 500 миллион евро беришга қарор қилди".
Европа Парламенти раиси Жозеф Боррел эса, чоршанба куни Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида мана бундай баёнот берди:"Европа Иттифоқи шундай фожиалар учун Иттифоқ бюджетидан ажратиб қўйилган 100 миллион еврони зудлик билан бериши мумкин. Олдимизда турган вазифалардан бири инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, иккинчиси талафот кўрган мамлакатларни қайта тиклашдир. Бу эса, кўпроқ вақт олади ва бу иш учун биз яна 200 млн. евро топсак бўлади, деб ўйлайман".
XS
SM
MD
LG