Линклар

АҚШ Конгрессига ўтказилган сайловда Демократик партия республикачилар устидан ғалаба қозонди.


АҚШ ахборот агентликларининг маълум қилишича, демократлар илгари республикачилар назоратида бўлган 20 ўринни эгаллаган. Бу ғалаба демократларга Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни эгаллашига имкон беради. Улар Сенатда ҳам кўпчиликни ташкил этиши учун камида қўшимча тўрт ўринга эга бўлиши лозим. Демократларнинг ғалабаси расман эълон қилингандан кейин АҚШ тарихида илк бор аёл киши, яъни калифорниялик ҳуқуқшунос Нэнси Пелоси Вакиллар палатасининг спикери бўлиши кутиляпти. Вашингтонда ўз сайловчилари билан учрашган Нэнси Пелоси барчани ғалаба билан табриклади.
“Бугун Америка халқи учун унутилмас ғалаба кунидир. Бугун Америка халқи ислоҳотлар учун овоз берди, мамлакатни янги йўлларга бошлаш учун улар демократларни қўллаб-қувватлади”, - деди Н.Пелоси.
Сайловчилар ўртасида ўтказилган сўровлар америкаликларнинг кўпчилиги Ироқдаги уруш, мамлакатдаги коррупция ва Жорж Буш сиёсатидан ранжиганини кўрсатди. Мамлакат тарихида илк бор Конгрессга мусулмон депутат сайланди. Бу Миннесота штатилик демократ Кейт Элиссон бўлди. 43 ёшли афроамерикалик ҳуқуқшунос сайловолди кампаниясида кўпроқ Ироқдаги урушни танқид қилиб, АҚШ ҳарбийларини у ердан олиб чиқиб кетиш кераклигига урғу берди. Асли дейтройтлик Кейт Эллисон 19 ёшида, университетда ўқиб юрган вақтида ислом динини қабул қилган.
XS
SM
MD
LG