Линклар

Рус қўшинлари ҳамон Грузияда қолмоқда


АҚШ ва Германия расмий Москва Грузия билан эришилган тинчлик шартномасига риоя қилмаётганлигини таъкидламоқда.

Пентагон матбуот котиби Брайн Витманнинг айтишича, Россия қўшинларининг кўп қисми ҳануз Грузия ҳудудида қолмоқда.

Айни пайтда расмий Берлин Россияни эришилган келишувга мувофиқ ўз ваъдаларига содиқ қолишга чақирди.

Бундан бироз аввал Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер Грузиядаги ҳарбий можаро туфайли ЕИ расмий Москвага нисбатан санкциялар қўллаши мумкинлигини инкор қилган эди.

Франция радиосига интервью берган Кушнер Россия ва Грузия расмий Париж воситачилигида тинчлик шартномасини имзолагандан сўнг вазият ижобий томонга ўзгаргани ва Россия ўз қўшинларини Грузия ҳудудидан чиқара бошлаганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Кушнер Грузиядаги бўҳрон сиёсий йўллар билан ҳал этилиши лозимлигини билдирди.

1 сентябрь куни эса ЕИга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Унда Россия ва Грузия ўртасидаги ҳарбий можарони муҳокама қилиш режалаштирилган.

Президент Михаил Саакашвилининг билдиришича, Россия билан ҳарбий можаро Грузияга икки миллиард АҚШ доллари қийматида зарар келтирган.

Буюк Британиянинг “Financial Times” нашрига берган интервьюда Саакашвили можаро давомида Грузия инфратузилмаси, йўллар ва темир йўллар энг кўп зарар кўрганини таъкидлади. Бу интервьюда Саакашвили, шунингдек, Россияни ўз танкларини Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия ва Абхазия ҳудудларига киритганликда айблади.
XS
SM
MD
LG