Линклар

ЕИ Россия гази етказилиши бетўхтов тикланишига умид қилмоқда


Европа Иттифоқи Украина орқали газ транзити мониторингини ташкил қилишга оид келишув имзоланганидан кейин Россия табиий газининг Европага етказиб берилиши дарҳол тикланишига умид қилаётганини баён қилди.

Иттифоқнинг жорий раиси Чехия эълон қилган баёнотда Чехия Бош вазири Мирек Тополанек россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон суҳбати давомида кузатувчиларни жойларга ташлаш бўйича келишиб олгани айтилади.

Айни пайтда, кеча Владимир Путин бундан буён Россия табиий гази Украинага бозор нархида сотилишини баён қилди. Ўз навбатида, Путин Россия ҳам Украина орқали газ транзити учун бозор нархларида ҳақ тўлашини ваъда қилди.

Москва яқинидаги қароргоҳида мухбирлар билан мулоқоти чоғида Путин Россиянинг йиллар давомида Украина иқтисодини маблағ билан таъминлаганини иддао қилди.

- Украина шунча йилдан бери газимизни бозор нархидан анча арзонроқ баҳода олиб келган. Биз Ғарбий Европага газнинг ҳар минг куб метрини 100, 150, 200 доллардан сотаётган пайтимизда, Украина минг кубометр газни 40 ёки 50 доллардан олган. Ана шу жиҳатдан, Россия Федерацияси сўнгги йиллар давомида Украина иқтисодини фақатгина газ соҳасида тахминан 47 миллиард доллар миқдорида субсидия қилган, - деди Россия ҳукумати раҳбари.

Авж олган бўҳронда Путин Россия эмас, балки Украина айбдор экани ҳамда ғарб матбуоти Киев томонини олаётганини таъкидлади.

Европанинг ўн бешдан ортиқ мамлакатига Украина орқали келадиган Россия газининг оқими чоршанба куни тўла тўхтатилди. Оқибатда, Болқон мамлакатларида минглаб одамлар қишнинг совуғида иссиқлик манбаисиз қолди, саноат иншоотлари ишлаб чиқаришни қисқартиришга мажбур бўлди.

Россия билан Украина мавжуд бўҳронда бир-бирини айблашда давом этаяпти.
XS
SM
MD
LG