Линклар

Ўзбекистон яна "хавотир уйғотувчи давлатлар" сафида


Диний эркинлик бўйича АҚШ халқаро комиссияси 1 май куни эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи” давлатлар рўйхатига киритди.

Комисcия хулосасида Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда минглаб мусулмонни 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этгани, турли диний гуруҳларни аёвсиз таъқиб қилгани айтилган.

Комиссиянинг Сиёсат ва тадқиқотлар бўйича директори Нокс Теймс Озодлик радиосига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар” рўйхатидан ўрин олгани сабабини шундай изоҳлади:

- Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда қолмоқда. Шу боис Комиссия АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни “алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар”, яъни диний эркинликлар энг ёмон кўринишда бузилаётган давлатлар рўйхатида қолдиришни яна тавсия қилди.

Давлат департаменти Ўзбекистонни аллақачон шу рўйхатга киритган ва биз бу қарорни қўллаб-қувватлаймиз. Тошкент расмийлари диний эркинлик бўйича қонунлар ва ўз сиёсатини ислоҳ қилиши учун биз Оқ Уй маъмуриятини зарурий чоралар кўришга даъват қиламиз, деди Нокс Теймс.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, 2007 йилдан бери Ўзбекистонда экстремизмга алоқадорлик айби билан тахминан 5–5,5 минг одам қамалган.
XS
SM
MD
LG