Линклар

АҚШ Собирийнинг озод этилишини олқишлади


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон АҚШ ва Эрон қўшфуқароси бўлган журналист Рухшона Собирийнинг озод қилинганидан “кўнгли тўлгани”ни айтди.

- Рухшона Собирий қамоқдан озод қилинди. Ҳозир у яқинлари билан ва тез кунларда Теҳронни тарк этиб, Қўшма Штатларга қайтиб келади. Албатта, унга қўйилаётган айбловлар ва чиқарилган ҳукмга нисбатан эътироз билдиришда давом этамиз. Лекин унинг озод этилганидан кўнглимиз тўлди ҳамда у ва унинг оиласига энг яхши тилакларимизни йўллаймиз”, деди Клинтон.

Амнести Интернейшнл инсон ҳуқуқлари ташкилоти Собирийнинг озод этилганини олқишлаб, унга нисбатан сафар қилишни чеклаш каби жазо чоралари қўлланмаслиги лозимлигини баён қилди.

Журналистнинг отаси Ризо Собирий Теҳронда мухбирлар билан мулоқоти чоғида қизи икки ҳафта очлик қилганига қарамасдан, унинг аҳволи яхши эканини маълум қилди.

Душанба куни Эрон суди журналистга берилган жазони икки йиллик шартли қамоқ жазосига ўзгартирганди. АҚШ фойдасига жосуслик қилганликда айбланган Собирийга аввал саккиз йил қамоқ жазоси берилган эди.
XS
SM
MD
LG