Линклар

НАТО ўз хатосини тан олмоқда


НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони мамлакат шимолида берилган ҳаво зарбаларида тан жароҳати олганлар орасида тинч аҳоли вакилларининг ҳам бўлганини тан олди.

Бундан ташқари генерал Стенли МакКристал юзга яқин одам нобуд бўлгани айтилаётган мазкур ҳаво зарбалари юзасидан олиб борилаётган тергов иши натижалари билан Афғонистон халқини бохабар қилиб туришга ваъда берди.

Шанба куни Афғонистон телевидениеси орқали намойиш қилинган видео лавҳада Стенли МакКристал бегуноҳ афғонларнинг жароҳатланиши ёки нобуд бўлишини жиддий қабул қилишини маълум қилди.

АҚШ генералининг айтишича, ёнилғи маҳсулотлари юкланган икки танкерни Толибон жангарилари ўғирлагани аниқлангандан сўнг ҳаводан зарба берилган.

Афғонистон расмийларига кўра, жума куни Қундуз вилоятида берилган ҳаво зарбаларида 90дан зиёд киши нобуд бўлган. Бироқ ушбу зарбада нобуд бўлганларнинг қанчаси Толибон жангарилари ёки тинч аҳоли вакиллари бўлгани ҳозирча аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG