Линклар

Интерфакс - Бўстонлиқ қамоқхонасидан 10 жиноятчи қочди


Ўзбекистондаги хавфсизлик чоралари ўта кучайтирилган қамоқхонадан қочган жиноятчилар олти одам, жумладан бир аёл ва уч яшар болани ўлдирди, икки кишини яралади.

Бу ҳақда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасидаги манба Интерфакс-Қозоғистон ахборот агентлигига хабар қилди.

Манбага кўра, ўн нафар жиноятчи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган қамоқхонадан 6 сентябр куни қочишга муваффақ бўлган.

Манбанинг яна билдиришича, қочиш пайтида улар қамоқхонанинг икки нозирини ўлдириб¸ ўзлари билан автомат қуролни олиб кетган.

Қозоғистон Миллик хавфсизлик қўмитасидаги манба қамоқдан қочган жиноятчилар милиция таъқибидан қочиб¸ Тошкент яқинидаги
Ғазалкент қишлоғига яширинган пайтда икки киши- боғча тарбиячиси ва уч яшар болани ўлдирган.

- Бир оздан кейин қамоқдан қочганлар гуруҳи Бўстонлиқ милициясининг патрулини ўққа тутган. Оқибатда милициянинг икки ходими ўлган, икки нафари яраланган, дейди манба.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларига Ўзбекистон қамоғидан қочган қуролли жиноятчилар тоғли минтақадаги давлат чегараси томон кетаётгани ҳақида хабар берган.

Шу воқеа муносабати билан Жанубий Қозоғистон вилояти расмийлари хавфсизлик кучларини жанговор ҳозирлик ҳолатига келтириш ҳақида қарор қабул қилиб, минтақага қўшимча кучлар жўнатган.

Озодлик телефон орқали боғланган Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими бу ҳақдаги маълумотни инкор қилди.
XS
SM
MD
LG