Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2024, Тошкент вақти: 18:09

Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди - Озодлик суриштируви


Ўзбекистон энергетикасининг де-факто қиролига айланган Бахтиёр Фозилов эндиликда мамлакат газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборини ҳам қўлга олди.

Аниқроғи¸ Мирзиëев ҳукумати билан махфий келишув ва сохта компаниялар орқали "Газли"ни олган Геннадий Тимченко уни Фозиловга ўтказиб берди.

Яқинда маҳаллий матбуот Ўзбекистоннинг энг йирик "Газли" газ омборининг эгаси бўлган Gazli gas storage МЧЖ таъсисчиси ўзгаргани ҳақида ëзди. Фақат кимдан кимга ўтганини ëзмади.

Бу ўзгариш эса¸ Бош вазир Арипов 14 февраль куни имзолаган 2024 йилги инвестиция дастури жамоатчиликка эълон қилинганидан кейин назарга тушди. Ушбу дастурда "Газли конида газни ер остида сақлаш иншооти ҳажмини 10 млрд. м3га ошириш ҳамда "Газли" конининг газ ва нефть уюмларида қўшимча геология-қидирув ишларини бажариш ва уларни якунловчи босқичда ишлатиш (1-босқич)" лойиҳаси Daxon Holdings Limitedга берилгани очиқланди.

Унга қадар дастлабки қиймати 850 миллион долларга баҳоланган бу лойиҳа Россиянинг Форус компаниясида эди.

Озодликнинг "Кремль чангалидаги ўзбек гази" "деб номланган журналистик суриштируви сохта таъсисчиларга расмийлаштирилган "Форус"нинг асл бенефициари Геннадий Тимченко эканини очиқлаган эди.

Тимченко эса¸ Путиннинг "чўнтаги" саналган олигарх¸ Кремлнинг энергетика сиëсатини белгиловчи қудрат эгаларидан бири.

Санкцияларга чап бериш

2023 йилда Forbs журналининг дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 25 миллиард доллар сармоя билан 89-ўринда турган Тимченко Ғарбда Путин уруш машинасини мойлаб келаëтган миллиардерлардан бири саналади.

Россиянинг Қримни аннексия қилиши ортидан 2014 йилда АҚШ ва ЕИ Тимченкога санкция жорий қилган. Шундан буён у ўз компанияларини каттаю кичик бизнес шериклари¸ ҳатто ўз адвокатларининг котибасига расмийлаштириб келади.

Озодликнинг ўтган галги суриштируви "Форус"нинг 2021 йилга қадар бирламчи ва яккаю ягона таъсисчиси бўлган Аида Чачхалия¸ айнан Тимченкога адвокатлик қилувчи Иванян и Партнеры конторасида котиба бўлиб ишлашини фош қилган эди.

Чачхалиядан сўнг "Форус" Тимченко изини йўқотиш ва янги санкцияларга чап бериш мақсадида бир неча қўл алмашди.

Досье маркази 2023 йил 9 август куни эълон қилган суриштирувга кўра¸ Форуснинг сўнгги таъсисчилари Кипрда рўйхатга олинган Kunlun Red Star Investment¸ Бахтиëр Фозилов ва Иван Егоров бўлган. "Досье" бу номларни "Форус"нинг йиллик молиявий ҳисоботларидан олган.

Мазкур суриштирувда¸ "Газли" газ омборини кенгайтириш лойиҳасига пул Иван Егоров орқали Геннадий Тимченкога алоқадор компаниялардан ўтказилгани таъкидланган.

Кўздан панада қолиб келаëтган Егоров эса¸ суриштирув муаллифлари таъкидича¸ Тимченконинг одами.

Бу суриштирувдан сўнг Иван Егоров Тимченконинг бизнес шериги ва халқаро санкцияларга чап беришдаги ҳамкори сифатида Украина ҳукуматининг "қора рўйхат"ига киритилди¸ Киев Ғарб давлатларидан ҳам Егоровга санкция қўллашни сўради.

Бунинг ортидан Ўзбекистон газ транспорт тизимининг юрагини қўлга олган Форус тақдири ҳам савол остида¸ аниқроғи санкциялар таҳдиди остида қолди.

Ана шундай бир вазиятда "Форус" эгалари "Газли" газ омборидаги 60 фоизлик акциясини Ҳонгконгда рўйхатга олинган Daxon Holdings Limitedга ўтказиб берди.

Маҳаллий матбуот Daxon Holdings Limited¸ хусусан унинг таъсисчилари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ¸ деб ëзди.

Озодлик Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори Кристиан Ласслет билан ҳамкорликда бу компанияга оид корпоратив ҳужжатларни ўрганди.

2019 йил июлида регистрация қилинган Daxon Holdings Limited одатий қобиқ¸ яъни матрëшка-компания. Унинг таъсисчилари айни Ҳонгконгда тузилган яна уч компания – Kenfame Limited (34%), Denmount Limited (33%) ва Sunworth Limited (33%).

Давлат сирига айланган табиий газ импорти.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:21 0:00

Kenfame Limitedнинг таъсисчиси¸ юқорида номи келтирилган “Тимченконинг одами” дейилган Иван Егоров. Аммо 2023 йилги Досье суриштируви уни халқаро майдонда фош қилиши ортидан Егоров¸ аниқроғи Тимченко тўдаси компания акцияларини Бахтиëр Фозиловга ўтказиб берди.

Газли газ омборини Форусдан ўзига олган Daxon Holdings Limitedнинг иккинчи таъсисчиси Denmount Limited. Бу компания таъсисчиси ҳам Бахтиëр Фозилов.

Daxon Holdings Limited матрëшкаси ичига беркитилган учинчи қўғирчоқ - Sunworth Limited. Унинг эгаси ҳужжатга кўра¸ Санжар Самиев. Самарқандлик Санжар Самиев Фозилов қариндошларидан¸ унинг глобал майдонда тузган бизнес тармоғининг эски аъзоларидан.

Самиев Дубайда яшайди ва бундан олдин ҳам унинг номи Фозилов империясидаги компаниялар¸ хусусан¸ Eriell бошқарувида кўринган. Ўзбек матбуоти уни Amazon корпорацияси сотиб олган Wing стартапи ҳаммуассиси сифатида тақдим этган. Британияда тузилган WING APPS LTD корпоратив ҳужжатида Самиевнинг Дубайда яшовчи Ўзбекистон фуқароси экани ëзилган.

Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборининг Форусдан Бахтиëр Фозиловга оид Ҳонгконгдаги қобиқ компанияларга ўтиши¸ профессор Кристиан Ласслет фикрича¸ Ўзбекистон энергетика мустақиллиги устидаги шундоқ ҳам қуюқ булутларнинг янада қуюқлашганини англатади.

- Биринчидан, бу Ўзбекистон энергетик суверенитети учун бевосита ва жиддий таҳдид мавжудлигини англатади.

Иккинчидан, бу газ захиралари учун йирик резервуарга айланадиган "Газли" газ омбори каби стратегик аҳамиятга эга иншоотлар Кремл ёки унга алоқадор шахслар назоратига ўтганини англатади. Кремль манфаатлари Ўзбекистон аҳолиси ва саноат истеъмолчилари манфаатига мутлақо мос келмаслиги мумкин.

Россия Ғарб иқтисодидан узилгани ортидан Кремль ўз энергетика империясини Хитой томон бураëтганига гувоҳмиз.

Бу эса¸ келажакда Ўзбекистон энергетика ресурслари Ўзбекистон манфаатларини таъминлаш учун эмас, балки Россиянинг Хитой билан кучайиб бораётган муносабатларини мустаҳкамлаш учун фойдаланилиши билан боғлиқ реал хавф бор¸ демакдир.

Хитойга ре-экспорт режалари

Ўзбекистон ҳукуматининг энергетик лойиҳаларига бевосита маъсул бўлган собиқ мулозимлардан бири Озодликка "Газли" газ омборини Россия назоратига олиш ҳаракати Каримов даврида бошланганини айтади.

- Тимченко "Газли"ни олиш ҳаракатини 2013 йилда бошлаган. Ëзда туркманлардан газни арзонга олиб¸ "Газли" омборига ҳайдаб¸ қишда уни қимматига Хитойга ре-экспорт қилмоқчи эди. Каримов рухсат бермади.

Бу лойиҳа аслида Хитойнинг CNPC компанияси билан 50 ка 50 шартида амалга ошиши керак эди. Қудуқ ва ДКС ларни таъмирлаб¸ 8 миллиард куб метр сақлашни ташкил этиб¸ ëзда газни ғамлаб¸ қишда аҳоли ва Хитойга экспортга берадиган лойиҳа эди. Лойиҳа бўйича анча иш қилинди. 2016 йил Каримов ўлиши билан Алишер Султонов уни тўхтатиб қўйди.

Кейин 2018 йили "Газли" газ омбори ва унга туташ конларни Тимченкога 850 миллион доллар инвестиция киритади¸ деган ëлғон билан текинга беришди.

"Газли" олинганидан кейин 15 горизонтдаги газ ва газ конденсатни қазиб¸ маҳсулотни сотиб¸ тушган фойданинг бир қисмини гўë инвестиция қилиб кўрсатишяпти.

"Газли" омборидан газ олиб¸ уни ички истеъмолга бериш учун ўзбек томони Тимченкога пул тўлашга мажбур. Чунки асосий таъсисчи у.

Ўзбек мулозимининг Тимченко ва шерикларининг “850 миллион долларлик инвестиция” ваъдаси “ëлғон”лиги ҳақидаги иддаоси¸ бугунга келиб расман ўз тасдиғини топди.

Бош вазир Арипов имзолаган 2024 йилги инвестиция дастурида лойиҳанинг умум қиймати қарийб 4 бараварга қисқарган - ваъда қилинган 850 миллион доллар 268,7 миллион долларга туширилган.

Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Европа бозори "Газпром" газидан воз кечишга ўтди. Россиянинг Европага аталган миллиардлаб куб метр гази харидорсиз қолди. Бундай вазиятда Хитой нархи тушган Россия газининг бош истеъмолчисига айланди.

Аммо Россиянинг Узоқ Шарқдан Хитойга газ ташувчи "Сила Сибири" қувурлари бу эҳтиëжни тўлиқ қондиришга тайëр эмас. Россия Хитойга йилига қарийб 50 миллиард куб метр газ сотишга тайëр бўлган жорий вазиятда¸ "Сила Сибири" орқали 2023 йили Хитойга қарийб 23 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

Муаммо газга бой Ўзбекистоннинг ичида - эксперт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:45 0:00

Ана шундай вазиятда Ўзбекистон орқали ўтувчи Марказий Осиë-Хитой магистрали бу муаммони ҳал қиладиган ягона муқобилга айланди.

Мутахассислар таъкидича¸ Хитой билан газ келишувлари шарти анча оғир - кечиккан ҳар бир куб метр газ учун сотувчи катта жарима тўлашга мажбур. Шу боис¸ Тимченко ва Путин учун "Газли" ер ости газ омборини ëзи билан тўлдириб¸ қишда уни "Ўзтрансгаз" назоратидаги қувурлар орқали узлуксиз Хитойга сотиш ҳам сиëсий¸ ҳам иқтисодий жиҳатдан улкан аҳамиятга эга.

Украинадаги уруш ортидан юзага келган янги геосиëсий реалликда Россия газ қувурлари ўтувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан "Газ иттифоқи" деб аталган махфий келишув имзолади¸ Ўзбекистонга 2.8 миллиард куб метр газ импорт қилиш иддаоси билан бу қувурларни реверс режимида ишга туширди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача 2023 йил 7 октябрь - Путиннинг туғилган кунида тантана билан старт берилган бу келишув ортидан қанча газ¸ қанча нархда импорт қилинганига оид бирор маълумотни очиқламаган.

Форум

XS
SM
MD
LG