Линклар

Тундрадаги "ўзбек қуллари" емаксиз қолди

  • Садриддин Ашур

Паспортлари олиб қўйилган ўзбекистонликлар қор босган ўрмонда вақтинчалик чодирларда кун ўтказмоқда.

Паспортлари олиб қўйилган ўзбекистонликлар қор босган ўрмонда вақтинчалик чодирларда кун ўтказмоқда.

Россиянинг Красноярск ўлкасидаги ëввойи ўрмонларида бир метрча қор босган майдонни кесилган дарахту шох-шаббалардан тозалашга маҳкум этилган 61 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири аҳволи оғирлашиб бормоқда.



“Хабар беринг¸ хабар беринг¸ ëрдам беринг¸ ëрдам берииииииииииииииинг...”

Бу Красноярск ўлкасидаги 61 меҳнат муҳожирининг пичоқ бориб суякка тақалганидан сўнг, 23 апрел куни Озодлик мухбирига айтганлари.

Шароитлари жуда ҳам оғирлашиб кетган, совуқда кетма-кет касал бўлаётган бу йигитлар ўзларини Россия Федерал миграция хизмати ихтиёрига топширишдан бошқа иложлари қолмаганликларини айтиб, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришимизни илтимос қилишди. Улар бир неча кундан бери оч-наҳор ўтиришибди, егани қуруқ нондан бошқа ҳеч нарса қолмаган:

- Ишонасизми йўқми¸ олти кундан бери фақат қуруқ нон. Олти кундан бери ўша перловка ҳам йўқ¸ дейди муҳожирлардан бири.

Шу йилнинг 16 февралида Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан бўлган бу йигитлар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси ва Иркутск шаҳридаги “Ташкент” фирмаси ўртасида тузилган шартномага кўра, Россияга олиб кетилган эди.

Шартномага биноан, улар иш кийими ва озиқ-овқатдан ташқари 15 минг рубл маош олишлари керак эди. Бироқ, икки ой бўляптики, уларга маош берилмади. Йигитлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда шартномада кўрсатилган талаблар бу ерда бажарилмаган:

- Шартномада бизларга уч гектар қиласан¸ демаганда ака. Мана ëнимизда Ўшдан¸ Фарғонадан болалар ишлаб ëтибди. Улар 10 та бола тўрт кунда бир гектар топширса бўлди¸ 25 минг ойлигини олаяпти. Бизларга ҳозир норма қўяяпти. Бугун началнигимиз бригадиримизга “Каллангни болта билан уриб чопаман” деб кўп ортиқча гурунглар бўлаяпти. Бу ердаги шароитни кўрсангиз¸ ўзингиз билардингиз. Уч гектар¸ икки гектарни ҳеч ким қила олмайди. Мен жавоб бераман. 10 киши ҳам қила олмайди. Бу шароитни келиб кўрсангиз¸ 70-80 сантиметр қор. Бошқа жойларда кўрсангиз¸ ҳаммасини трактор қилаяпти. Одам қилаëтгани йўқ. Ҳаммамиз семириб келган эдик. 10-15 кило вес уже йўқ¸ дейди муҳожирлардан бири.

Ўзбекистонлик бу ишчилар қуюқ тундра ўрмонидан катта кучланишли электр симлари ўтадиган майдонни дарахтлардан тозалаб кетишлари керак. Бироқ¸ уларнинг айтишларича, шартномада ишнинг ҳар кунлик ёки ойлик нормаси кўрсатилмаган эди. Уларга эса одам боласи бажаришининг имкони бўлмаган талаблар қўйиляпти ва ўз-ўзидан бу нормани бажаришнинг иложи бўлмаганидан сўнг, маош ҳам берилмаяпти.

Йигитлар буни иш берувчи ва уларни бу ерга олиб келишда воситачилик қилган, Иркутскдаги “Ўзбекистонликлар иттифоқи” ташкилоти раиси Суюн Орипов ўртасидаги ўйин¸ деб атамоқдалар. Аввалги суҳбатимизда Суюн Орипов, у хайрли бир иш қилгани ва бундан манфаатдор эмаслиги ҳақида гапирган эди.

- Қиладиган ишим буларнинг жойини текшираман¸ соғлиғини¸ ëтоғини¸ ойлигини вақтида олаяптими ëки йўқми¸ мана шу томонларини текшираман. Менинг вазифам шунақа¸ деган эди Суюн Орипов.

Бироқ муҳожирларнинг айтишларича, бу ишнинг бошида Суюн Ориповнинг ўзи турибди ва уларни мажбурлаб ишлатаётган ҳам ўша:

- Унинг гапини телефонга ëзиб олганмиз. У онангни .................... деб муомала қилса бизларга¸ бизлар нима қилишимиз керак? Менга ўхшаган одамга шунақа деса¸ сўйиб ташлайман. “Сенларни ундай қиламан¸ бундай қиламан. Сенлар ишëқмас бандасан” дейди. Бизлар пул учун келганмиз¸ ака. Бу ерга ишлагани келганмиз. Ўйнагани келганимиз йўқ.

Озодлик: Суюн Орипов шунақа қилаяпти-а?

- Ҳа¸ бизларда записи бор. Шундай келсангиз¸ қўйиб ҳам бераман. Нима деб сўкканларигача бор. Запис қилиб қўйганмиз¸ дейди муҳожирлардан бири.

Суюн Орипов, ўзбекистонликлар билан Иркутскдаги “Ташкент” фирмаси ўртасида шартнома тузилганини айтган эди.

Бироқ уларни Россияга ишга жўнатган, Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси раҳбари ўринбосари Ҳабибулла Қаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда “Ташкент” фирмаси билан эмас, бошқа бир ташкилот билан шартнома тузилгани¸ айни пайтда бу ширкат номини эслолмаётганини айтди:

- "Ташкент" эмас бу фирманинг номи ака¸ дейди Ҳабибулла Қаҳҳоров.

Биз душанба куни ота-оналар арзи асосида ўзбекистонликларни аҳволини ўрганиш учун Иркутскка келган, Қаршидаги бюро ҳуқуқшуноси Шуҳрат Орипов билан гаплашган эдик:

- Шикоятлар нимадан бўлади? Иш шароити яхши эмас¸ овқатлари яхши эмас¸ ойликни вақтида бермаяпти¸ дейди. Ўшаларни текшириб кўрайлик деган мақсадда келганмиз биз бу ерга. Буларга қанча озиқ-овқат кетганининг ҳаммасини мен ҳозир штабдан олаяпман. Эртага у ëққа бориб солиштираман. Улар шунча овқатни ҳақиқатан қабул қилиб олганми ëки йўқми¸ деган эди Шуҳрат Орипов.

Ўшандан буён орадан беш кун ўтяпти. Шуҳрат Орипов ҳали ҳам ўзбекистонликларнинг олдига етиб боргани йўқ.

Меҳнат муҳожирлари уларнинг оғир аҳволлари ҳақида Россия муҳожирлик хизматларига хабар беришимизни илтимос қилди. Россия Федерал миграция хизматининг Красноярск ўлкаси бошқармаси билан боғланиб, Муҳожирлик назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Евгений Шестунский билан боғландик. У бу ҳолатни назоратга олгани ва бир соатдан кейин яна уланишимизни илтимос қилди. Бир соатдан сўнг эса, Евгений Шестунский бу ҳолат бўйича шундай ахборот берди:

- Биз Иркутскдаги ҳамкасбларимиз билан боғландик. Маълум бўлишича, “Ташкент” фирмаси орқали фақат уч ўзбекистонлик рўйхатдан ўтган. Бизнинг ҳамкасбларимиз ҳозир бу иш билан жиддий шуғулланмоқда. Ўзбекистонликларнинг анча узоқ жойда ва ўрмонда эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бир-икки кун вақт олади. Биз ҳаммасини ўрганиб сизларга хабар берамиз, деди Муҳожирлик назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Евгений Шестунский.

23 апрел куни Красноярск вақти билан соат 21да биз яна ўзбекистонликлар билан боғландик. Уларнинг айтишларича, милиция ходимлари келиб улардан 34 кишини бир машинага юклаб олиб кетишган ва бир-икки километр юрганидан сўнг яна қайтариб олиб келиб қўйишган. Сабабини эса “сизларга бошқа машина келади”, деб изоҳлашган:

- Учта машина келди. Номери 28-28 Урал юк машинаси. Ярим йўлгача олиб чиқди. Кейин яна қайтариб олиб келиб ташлади.

Озодлик: Неча кишини олиб чиқди?

- 34 кишини олиб чиққан эди. Уларни қайтариб олиб келди. Ҳозир сизларга бошқа машина келади деяпти¸ дейди ўзбекистонликлардан бири.

Озодлик ўз ватандошлари қўли билан Россия тундрасида¸ одатда сургун қилинганлар ишлайдиган оғир меҳнатга ташланиб¸ оч-наҳор қолаëтган 61 ўзбекистонлик тақдири билан боғлиқ кейинги тафсилотларни кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG