Линклар

logo-print

Сўхда таранглик сақланиб қолмоқда

  • Сарвар Усмон

Чегаранинг иккала томонидагилар юзага келган вазият учун бир-бирини айбламоқда.

Чегаранинг иккала томонидагилар юзага келган вазият учун бир-бирини айбламоқда.

Ўзбекистоннинг Сўх анклавидаги Ҳушёр қишлоғи ва анклавни тўла ўраб турган Қирғизистоннинг баъзи қишлоқлари аҳолиси Фарғона ва Боткен вилоятлари ҳокимларининг Фарғонада 1 июн куни бўлиб ўтган учрашувига умид билан қарамоқдалар.

Ўзбекистоннинг Сўх анклав тумани жанубида жойлашган, Қирғизистонга қарашли Сўғмент қишлоғига туташиб кетувчи Ҳушёр қишлоғидаги вазият тўғрисида 31 май куни ҳам ҳикоя қилган эдик.

Қирғизистондаги ахборот агентликларига кўра, шу кундаги бўҳрон 26 май куни бошланган: ҳушёрликлар, яъни ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳудуди орқали Қирғизистондан Қирғизистонга 4 та машинада ўтиб кетаётган қирғизистонликларни тутиб олиб урган.

Ўшандан бери Ҳушёрда ҳам, Қирғизистоннинг Сўғментию бошқа бир-икки қишлоғида ҳам тинчлик йўқ.

Сўх тумани ҳокимию ўринбосарларининг иш вақти кейинги кунларда Ҳушёр қишлоғида ўтмоқда. Ҳар ҳолда ҳокимлик телефонини кўтарган навбатчи шундай деди:

Озодлик: Ҳушëр қишлоғидаги вазият нима бўлаяпти? Шуни билайлик¸ деган эдик.

- Ҳозир ҳаммалари ўша ëқда. Телефонингизни беринг¸ келсалар айтамиз¸ деди ҳокимлик телефонини кўтарган навбатчи.

Ҳушёрликлардан бирининг Озодликка айтишича, 1 июн куни ҳам қишлоқ аҳли чегара чизиғида турди.

Озодлик: Чегарада қанча одам бор? 100 кишими¸ ...

- 100 тадан ортиқ.

Озодлик: 200 киши борми?

- 200 кишича бор ҳа.

Озодлик: Хўш, нима талаб қилаяпти ҳушёрликлар?

- Бизнинг талабимиз¸ биз олдин улардан ҳафтада беш кун сув олиб ичардик. (Қирғизистондан олишарди сувни) Улар икки кун ичишарди. Бизнинг навбатимиз келса¸ бизга солдатлар халақит беряпти. (“Қирғизистоннинг чегарачилари” демоқчи) Қурол билан туриб бизни сувни бойлагани ўтказмаяптида ўзимизнинг навбатимизда. Бизни тинч қўйсин. Ўзимизнинг олдинги келишган сув навбатимизни олайлик¸ дейди ҳушëрликлардан бири.

Бу – ҳушёрликларнинг биринчи талаби.

Озодлик: Иккинчи талабинглар нима?

- Иккинчи талабимиз¸ молларимизни тоғларга олиб чиқиб борди-келди қилиш. Молларимиз у ерда турарди. Бир-икки ой ўша ерда қолиб кетишарди. Навбат билан боқишарди¸ дейди ҳушëрликлардан бири.

Демак¸ шу пайтгача ҳушёрликлар ўз чорвасини Қирғизистоннинг яйловларида боқар эди.

Ҳушёрликларнинг қишлоқ четида – чегарада бир ҳафтадан бери “навбатчилик” қилишдан мақсади суҳбатдошимиз айтган икки талабнинг қондирилишига эришишдир.

Сув ва яйлов керак ҳушёрликларга, нафақат ҳушёрлик, балки бутун сўхликларга.

Хабарларга қараганда, Ҳушёр қишлоғи қўшниси – Қирғизистоннинг Сўғмент, нарироқдаги Газ, Чорвоқ қишлоқларида ҳам бир неча кундан бери тинчлик йўқ. Бу қишлоқларда ҳам 200-300 киши йиғилиб, ўз талабларини илгари сурмоқда.

Уларнинг талаби битта – Қирғизистоннинг А пунктидан В пунктига Сўх орқали хавфсиз ўтишларининг таъминланишидир.

1 июн куни ҳам ҳушёрликлар чегарада турар эканлар, мақсадлари қирғизистонликларни қишлоқ ҳудудига киритмаслик бўлди.

- Бизнинг қишлоққа қарашли ерга ўтказмаяпмиз. Бошқа қишлоқларга текканимиз йўқ¸ деди ҳушёрлик.

Вазиятни ҳал қилиш учун Қирғизистон маъмурлари ҳам, аҳолининг ўзи ҳам чоралар кўрмоқдаки, бу чоралар вазиятни ҳал қилишдан кўра, уни янада чигаллаштирмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати 30 май куни Ўзбекистон чегарасидаги “Қайтмас” назорат-ўтказиш масканини ёпиб қўйди.

31 май куни 500 га яқин қирғизистонлик Сўх-Риштон йўлини тўсиб қўйди.

Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпўнбек Турусбеков Озодлик радиоси қирғиз хизматига 1 июн куни “Қайтмас”нинг ёпиқлигича қолаётганини, сўхликлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудидан ўз уйларига Қирғизистоннинг Қадамжой тумани орқалигина бора олиши мумкинлигини билдирди.

Сўхликларнинг мамлакат асосий ҳудудига қатнови чеклаб қўйилганини Сўх туманига энг яқин Риштон туманида яшовчи мана бу йигитдан ҳам билдик.

Сўхдаги одамлар Риштонга келиши мумкин баъзи бир жиддий сабаблар билан. Масалан кимнингдир яқини шифохонада бўлиши мумкин. Риштон билан Сўхнинг қариндош-уруғчилик жойи бор. мисол учун тўй бўлди¸ маросим бўлди деган телеграмма келса¸ ўшани кўрсатиб ўтишаяпти. Лекин шунчаки бориб айланиб келиш ҳолатларида ўтказмаяпти¸ дейди риштонлик йигит.

Тинглаётганингиз мақола тайёрланаётган соатларда Ўзбекистон ва Қирғизистон Чегара хизматлари бошлиқларининг, Фарғона ва Боткен вилоятлари ҳокимларининг Фарғонада - Водилда сўзлашувлари ўтаётган эди.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири хабар қилди.

- Ҳозирча, учрашув якунлари тўғрисида маълумот йўқ.

Ҳушёрликларнинг айтишича, можаронинг бош сабабчиси Қирғизистон чегарачиларидир. Улар ўзбекистонликларга нисбатан қўпол муносабатда бўлмоқда.

Ҳатто сувни ҳам ҳушёрликлар қўшни Сўғментдан чегарачилар монелик қилгани учун ололмаяптилар¸ деди Озодликнинг қирғиз хизмати мухбири.

Балки Қирғизистон Чегара хизмати ўз чегарачиларини тартибга чақириб олар. Сув келар ҳам Ҳушёрга.

Лекин, афтидан, ана шундай бўлган тақдирда ҳам ҳушёрликларнинг ўз қўшниларини қишлоқдан ўтказа бошлаши даргумон. Чунки яна бир асосий масала – яйлов масаласи ҳал қилиниши керак.

Хўш, нима учун сўхликлар ўз чорвасини Қирғизистон яйловларида боқолмай қолди?

Бу саволга жавоб излаб Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан боғландик.

Вазирликнинг ўзини таништирмаган мутасаддиси бундай деди:

- Пулку¸ пул тўлаш керакда унга. Тўлашга пули борми йўқми¸ ҳозир пулли қилиб қўйдику улар. Ўтган йиллари қариндош-уруғчилик қилиб эски нима бўйича олиб чиқиб боқиб вилоятлар ўзлари келишиб юришган эди. Умумий нимаси нима бўлди мен билмайман. Шу масала бўйича битта телефон бераман. Чорвачилик бошқармаси¸ деди Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида телефон гўшагини кўтарган ходим.

Масалани тўла билиши мумкин бўлган Чорвачилик бошқармасида телефонни кўтарадиган одам бўлмади.

Шундай бўлса-да, айтилган гапдан шуни тушундикки, яйлов масаласи, демакки, Ҳушёр – Сўғмент можароси Фарғонада учрашган Энг Катта Чегарачилару вилоятлар ҳокимлари даражасида ҳал қилинадиган масала эмас.

Масала ҳукуматлар даражасида ечилиши керакка ўхшайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG