Линклар

Путин билан Шевчук¸ аниқроғи эркин ижодкор билан ҳукмдор ўртасидаги мулоқотни Ўзбекистон¸ аниқроғи ўзбеклар зеҳниятидаги манзарасини бир тасаввур қилиб кўринг-a!

Алла Пугачёва билан Леонид Брежневга боғлиқ бир жумлали анекдот эсингиздадир.

Эслолмасангиз, ёдингизга соламан. Фақат шошмай туринг.

Сиз, албатта, Шерали Жўраевни биласиз.

Шерали Жўраевни ҳамма, ҳар бир ўзбек билади.

Ҳатто Ислом Каримов ҳам билади.

Ислом Каримовниям ҳамма, ҳар бир ўзбек билади.

Ислом Каримов Шерали Жўраевни биладими, танийдими?

Билмаслиги, танимаслиги мумкин эмас, дерсиз?

Тўғри қиласиз. Танимаслиги мумкин эмас!

Чунки Ислом Каримовни ҳали Ўзбекистон танимаган вақтларда Шерали Жўраевни бутун Марказий Осиё танирди.

Ўҳҳ-ҳҳўўўў, қачонги Ҳофизу!!!

Энди тасаввур қилинг: Ўзбекистон президенти санъат аҳлини Оқсаройгами, Дўрмонгами таклиф қилди. Бир пиёла чойга.

Чақирилганлар орасида Шерали акаям бор.

Шерали ака Ислом акага “Ислом ака, учрашувга келишимдан олдин ёрдамчингиз президентга бўлар-бўлмас саволлар бераверманг, деб уқтирди-я”, деди ҳайрон бўлиб.

Ислом ака қошларини чимириб, “Кечирасиз, исмингиз нима?” деб сўради Шерали акадан.

Ишонасизми, шундай бўлишига?

Ислом аканинг Шерали акани танимаслигига ишонасизми?

“Ни в жизнь!” деяпсизми?

Вот-вот-вот: ўрисларам бир-икки кундан бери шундай деяпти.

Фақат уларнинг “Ни в жизнь!” деб ҳайқириши Владимир Путин билан Юрий Шевчук ўртасида бўлиб ўтган мулоқот билан боғлиқ.

Ислом ака билан Шерали ака ўртасида юқорида биз фараз қилган суҳбат Путин билан Шевчук ўртасида чиндан ҳам бўлиб ўтди.

Типратикандай Шевчукни Путин “танимай” қолди.

Ўзини танимаганга солди Путин.

Танимаслиги “по определению” мумкин эмас: Шевчук Путиннинг деярли тенгдоши, Шевчук Путиннинг ҳамшаҳри, Шевчукни бутун Россия Путинни танимай туриб танир эди...

Қолаверса, танимаса чақирармиди дастурхонига?!

Тўғри, Шевчук Шерали ака эмас.

Тўғрироғи, Шерали ака Шевчук эмас ва бу, умуман, бошқа масала – бошқа қўшиқ.

Мен уларнинг Таниқлилик Даражасини айтаяпман, қиёслаяпман, ўзбеклар орасида мабодо Шевчукни танимаганлар бўлса, вазият моҳиятини туйсин учун айтаяпман.

Мана шунақа эканда-а, бу дунё?

Ноқулай Савол берган Санъаткорнинг Исми Ҳукмдорнинг эсидан чиқиб қоларканда-а?

***

Бор гап шу. Шевчукка ҳеч нарса бўлгани йўқ. Юрибди очиқда. Мана кеча бизнинг радио саволларига жавоб берди.

“Шукур қилсин Шевчугингиз, Путин радиолару телевизорларга олиб борадиган йўлларига самосвалларда шағал тўктириб юборишиям мумкинийдию”, деяётгандирсиз?

Ҳа, ўлманг! Ўзбексиз-да, ўзбексиз!

Кўп нарсани биласиз, Сиз Ўзбек.

Ҳокимиятнинг, Бир Киши Ҳокимиятининг Ўткинчилигиниям биласиз.

Санъатнинг Абадийлигиниям биласиз.

Биласизу индамай қўяверасизда...

***

Ҳа айтганча, боя Алла Пугачёва билан Леонид Брежневга боғлиқ бир жумлали анекдот дегандим.

Мана ўша анекдот жумла: Леонид Брежнев Алла Пугачёва даврида яшаб ўтган сиёсий арбоблардан бири...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG