Линклар

Канада ҳарбийлари Термиз базасига кўз тикмоқда


Ҳозирда Афғонистонда Канаданинг 3000 га яқин ҳарбийси бор.

Ҳозирда Афғонистонда Канаданинг 3000 га яқин ҳарбийси бор.


Канада ҳукумати Ўзбекистоннинг Термиз ҳарбий ҳаво базасидан Афғонистондаги ўз ҳарбийларига таъминот моллари етказиш учун транзит пункти сифатида фойдаланишни режаламоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Toronto Sun нашрига кўра¸ Бирлашган Араб амирликлари Канада ҳарбийларини мамлакатдаги Camp Mirage базасидан уч ҳафта ичида чиқаришга қарор қилганидан сўнг¸ янги транзит пункти топиш масаласи Оттава учун долзарб муаммога айланган. БАА ўз миллий авиакомпаниясининг Канадага парвозларини кўпайтириш сўрови Оттава ҳукумати томонидан рад этилгач¸ Канада ҳарбийларини Camp Mirage базасидан ҳайдашга қарор қилган.

Канада Мудофаа вазирлигидаги юқори лавозимли манбанинг Toronto Sun нашрига билдиришига¸ Термиз ва Қирғизистоннинг Манас ҳаво базалари йўқотилаëтган Camp Mirage ўрнини тўлдирадиган эҳтимол сифатида кўрилмоқда.

Ўз исми айтилишини истамаган бу манбага кўра¸ айни кунларда Канада расмийлари ҳам ўзбек¸ ҳам қирғиз расмийлари билан музокаралар олиб бормоқда. Қирғизистондаги сиëсий беқарорлик боис¸ ҳозирда Германия ҳарбийлари фойдаланиб келаëтган Термиз ҳаво базасининг канадалик ҳарбийларга маъқулроқ экани айтилмоқда.

Канада расмийлари¸ хавфсизлик нуқтаи назаридан¸ Канада ҳарбий учқичлари учун янги транзит пункти яратиш масаласига оид ҳеч қандай ахборот берилмаслигини айтмоқда.

Ҳозирда Афғонистондаги халқаро кучлар таркибида Канаданинг 2750 ҳарбий хизматчиси бор ва уларнинг ҳам ҳарбий¸ ҳам ноҳарбий таъминоти Канада ҳукумати зиммасидадир.
XS
SM
MD
LG