Линклар

17 декабр куни тушга яқин ўз уйи ёнида ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновга номаълум шахс ҳужум қилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Дмитрий ва ҳамкасблари бу ҳужумни унинг касбий фаолияти билан боғламоқда. Айтиб ўтиш лозимки, бу Дмитрийга нисбатан қилинган иккинчи ҳужумдир.


Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов айни пайтда юришга қийналаётганлигини, оёғи шишиб кетганлигини айтади:

-Менга номаълум одам ҳужум қилди. У оёғимга арматура билан урди. Айнан қаеримга уришни мўлжаллаганини билмадиму, оёғимни тиззасидан пастига тегди. Урганидан сўнг, бир нима деди, кейин қочиб кетди. Айни пайтда уйдаман, кеча касалхонага бориб кўриниб келдим, - деди ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов.

Дмитрийга ангренлик шифокорлар "шикастланган эзилган яра" дея ташхис қўйишган. Шифокорлар очиқ ярасини тиктиришни таклиф этишган.

Дмитрий Тихонов бу ҳужум бўйича маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза топширмаган.

- Шу йилнинг февралида ҳам менга ҳужум бўлганида мен милицияга мурожаат қилган эдим. Бир неча ой мени сўроқ қилишиб, айбдорларни топишмаган эди. Мен милицияга ишонмайман. Балки бу ишлар ортида уларнинг ўзи тургандир, - дея тахмин қилди ангренлик ҳуқуқ фаоли.

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 37 ёшли Дмитрий ягона ҳуқуқ фаоли. У 1992 йилдан буён шу фаолият билан шуғулланиб келади. Ангрендаги милиция ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари, шаҳардаги криминал вазият ҳақида Тихонов бир неча бор интернет сайтлар орқали маълумот тарқатган.

Шундан сўнг унга Ўзбекистондан чиқиш визаси шу пайтга қадар берилмаётир. Дмитрий Тихонов хозирда Тошкент вилояти ОВИР хизматини судга берган Дмитрий ОВИР рухсатномасини ололмаганидан сўнг 6 декабр куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига пикетга ҳам чиққан эди.

Оқибатида Дмитрий Тихонов ҳибсга олиниб, суд ҳукми билан 3миллион 481 минг 100 сўмлик жаримага тортилган эди.

Айни пайтда Дмитрий Тихонов суднинг бу қарори бўйича шикоят аризаси ҳам топширган.

Дмитрий Ангрен милицияси томонидан ўзига нисабатан доимий тарзда дўқ-пўписалар бўлаётганини ҳам айтади.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Хусаиновга кўра, ангренлик мансабдорлар ҳуқуқ фаолини ёқтирмайди.

- Маҳаллий ҳукумат вакиллари билан унинг муносабатларимураккаброқ. У милиция терговчисининг жиноятларини фош этишда ёрдам берган. Айни пайтда ўша терговчи ҳибсда. Бундан ташқари, ангренлик бир қизалоқнинг ҳуқуқларини тиклашда ёрдам берди. Тилла ўғирлашлар бўйича ўзининг суриштирувларини олиб борган. Айтмоқчиманки, касбий фаолияти туфайли унинг Ангренда душманлари анчагина, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Хусаинов.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG