Тошкентнинг марказий районларида йирик дўконлар тармоғига эга Комфорт – Элит дўконлари эшигига 4 март кундан бери қулф солинганини бу дўконлардан бири қўриқчиси Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади. Аммо қўриқчи дўконлардаги молларнинг мусодара қилинган-қилинмаганидан бехабарлигини билдирди.
Комфорт - Элит дўконлар тармоғи Comfort LTD Ўзбекистон - Бирлашган Араб Амирликлари қўшма корхонасига қарашли бўлган ва бу ширкат президентининг Ўзбекистон фуқароси Рамзиддин Абдужабборов экани айтилмоқда.
РЕГНУМ ахборот агентлигига кўра¸ Комфорт – Элит дўконлар тармоғи ҳам Ўзбекистон солиқ қонунчилигини бузганлик айби билан ëпилган ва дўконлардан 10 миллиард сўм¸ ëхуд 6 миллион АҚШ долларидан кўпроқ қийматдаги мол мусодара қилинган. Ўзбекистон ҳуқуқ идораларидан бири расмийсининг агентликка билдиришича¸ бу моллар тегишли ҳужжатларсиз Ўзбекистонга олиб кирилган. Комфорт – Элит дўконларининг¸ мазкур манбага кўра¸ Ўзбекистон давлат ғазнасига солиқ тўламасдан ўзлаштирган даромади 6 миллиард сўм ëхуд 3¸6 миллион АҚШ долларидан кўпроқ экани аниқланган.
Мазкур хабар ортидан Озодлик Бирлашган Араб Амирликларининг Тошкентдаги элчихонасига сим қоқиб¸ элчиликнинг қтисод ва савдо масалалари билан шуғулланувчи ходимидан Ўзбекистон - БАА қўшма корхонасининг ëпилиши юзасидан шарҳ беришни сўради. Элчихона маъсули¸ бу хабарни илк бор Озодлик мухбиридан эшитиб турганини билдирди ва воқеа тафсилотларини ўрганиш учун вақт сўради.
Комфорт – Элит дўконлар тармоғининг ëпилиши арафасида Тошкентда турк тадбиркорларига қарашли қатор савдо марказлари¸ хусусан пойтахтнинг Чорсу бозори қаршисида жойлашган Turkuaz савдо маркази айни айблар билан ëпиб қўйилган эди.
Солиқ тўламаганликдан ташқари турк ширкатлари Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар¸ хусусан “нурчилик” оқими ғояларини тарғиб қилувчи адабиëтларни мамлакатга олиб кирганликда ҳам айбланди.
Турк ширкатларининг ëпилиши муносабати билан Ўзбекистонда фаолият юрғизиб келган 54 турк тадбиркори¸ Ўзбекистон давлат телеканалига кўра¸ ҳибсга олинган.
Ҳозирча Комфорт – Элит ширкати раҳбарлари ва ходимларига қарши жиноий иш очилган-очилмагани ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади – Озодлик 10 март куни Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси¸ Давлат Божхона хизмати¸ Ўзстандарт агентлигига мурожаат қилиб¸ Тошкентда йирик дўконлар тармоқларининг ëпилиши юзасидан туғилган саволларга жавоб излади. Аммо давлат идораларининг барчаси бирдек Ўзбекистон ичкарисидан расмий аккредетацияга эга бўлмаган Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортдилар.
Тошкентдаги “босди-босди”ларни Jahn International раҳбари шарҳлайди
1994 йилда Ўзбекистонда фаолият бошлаган Jahn International ширкати мамлакатга ўша йилларда тақчил бўлган Dirol сақичларию Чупа-чупс хўрозқандларидан тортиб Lego ўйинчоқлари ва Европа дори-дармонларигача олиб кирган.
Бу хусусий ширкат эгаси даниялик Poul Jahn Ўзбекистон Миллий банкининг биргина қарори билан 1 миллион 800 минг долларидан ажради. Ўзбекистон Олий Хўжалик судигача бўлган уч инстанцияда Миллий банк билан судлашиб¸ ўз қонуний пулини ола олмаган жаноб Jahn¸ бундан 5¸5 йил муқаддам Ўзбекистондан қўл силтаб кетишга мажбур бўлди.
Ҳозирда дунëнинг қирққа яқин давлатида муваффақиятли фаолият юрғизаëтган P.Jahn&Partners Ltd.A/S савдо ширкатининг директори Poul Jahn 2011 йилда турк ва эндиликда араб тадбиркорлари бошига тушаëтган “кўргулик”ларни Ўзбекистонда 10 йилдан кўпроққа чўзилган ўз аччиқ тажрибасидан келиб чиқиб шарҳлайди.
- Мен ўтган йил Ўзбекистонда бўлганимда ҳам маҳаллий¸ ҳам хориж тадбиркорларидан¸ агар ўз бизнесингизни жаноб Каримовнинг қизлари билан бўлишмасангиз¸ бу ерда бизнес қилиб бўлмай қолганини эшитдим. Бундан 5¸5 йил аввал ҳали мен Ўзбекистонда юрганимда менга ҳам айни шундай “таклиф”лар бўлган. Мен на биринчи оила ва на унинг пастдаги намояндалари билан ҳеч нимани бўлишишни истамаганим учун¸ 1 миллион 800 минг доллар ҳалол пулимни ташлаб Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлдим¸ дейди Озодлик билан суҳбатда даниялик йирик савдогар Poul Jahn.
Ўзбекистон бозорида даромадли фаолият юрғизаëтган ҳам маҳаллий¸ ҳам хориж ширкатлари ëзилмаган қонун-қоидаларга амал қилиб¸ ўз даромадларини тепада ўтирганлар билан бўлишмаса¸ уларнинг фаолиятига бир кечада нуқта қўйилиши бор гап¸ дейди жаноб Jahn.
- Бундай ҳомийлик бўлиш учун ўз бизнесингизнинг 50 фоизини ҳукуматдагилар ëхуд биринчи оилага беришингиз керак бўлади. Боз устига¸ даромадингизнинг 50 фоизига ҳам улар шерик. Эвазига¸ сизга ҳеч ким тегмайди¸ солиқ тўлаймайсиз¸ божхона тўловларини тўламайсиз. Шунда ҳам бизнесингиз гуркираб кетса¸ ҳомийлар энди 50 фоиз эмас¸ 100 фоиз эгалик иштаҳасига тушиши мумкин. Афтидан¸ Ўзбекистондаги турк ширкатлари яқинларгача ҳукуматдаги ҳомийлари қанотида бемалол ишлаб келгану¸ эндиликда ҳомийлар иштаҳаси очилиб қолган кўринади¸ дейди даниялик йирик тадбиркор Poul Jahn.
Ëхуд “ҳомийлар” ўз орасида қўл алмаштираëтган бўлиши ҳам мумкин¸ деб қўшимча қилади жаноб Jahn.