Линклар

Қозоғистон расмийлари Олмаотадаги қамоқхонада маҳбуслар норозилик кўтаргани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Аммо, қамоқхонага махсус қўшинлар гуруҳи киритилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди.

Қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Вадим Курамшин ОИТВ юққан бир неча маҳбус жума куни қамоқхона ходимларига қарши исён кўтаргани ва “ОИТВ юққан маҳбусларга нисбатан яхши тиббий муолажа ва маҳбусларга яхши овқат берилишини” талаб қилганини хабар қилган эди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бу талабларни етказиш мақсадида Қозоғистон Жазони ижро этиш бошқармаси мутасаддилари билан учрашишни талаб қилган исёнчи маҳбусларни тинчитиш учун қамоқхонага махсус қўшин тезкор гуруҳи киритилган.

Шунингдек, исён чоғида маҳбуслардан бири ўз жонига қасд қилишга ҳам уринган.

Бу хабарларни қисман тасдиқлаган Қозоғистон Жазони ижро этиш бошқармаси расмийси Ирина Якубова Озодлик билан суҳбатда маҳбуслардан икки нафари ўз жонига қасд қилишга урингани, аммо жиддий жароҳат олмагани ҳамда қамоқхонага ҳеч қандай қўшин киритилмагани ҳақида сўзлади.

Расмийларга кўра, ҳозир қамоқхона тинч ва нормал ишламоқда.
XS
SM
MD
LG