Линклар

Швецияга бориш хавфлими?

  • Барно Анвар

Тирикчилик илинжида Швецияда мардикорлик қилиб қайтган Муҳиддининг умри Шайхалида якун топди.

Тирикчилик илинжида Швецияда мардикорлик қилиб қайтган Муҳиддининг умри Шайхалида якун топди.

"Эркин микрофон"нинг бугунги суҳбатдошлари ҳорижга чиққан ҳар бир ўзбекистонлик ҳукумат қора рўйхатига тушиши мумкинлиги ва маҳаллий ҳокимларнинг бедодликлари ҳақида гапиради.


Муҳиддинни ўлдириб юборишди

“Эркин микрофон”га Швециядан қўнғироқ қилган ва исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрган меҳнат муҳожири у билан бирга бу давлатда ишлаб, кейин юртига қайтиб борган шериги қисматини сўзлаб берди.

Озодлик 29 яшар Муҳиддин Абдуллаев Тошкентдаги марказий қамоқхона - "Тоштурма"дан Қашқадарё вилояти Шайхали қўрғонидаги жазони ўташ муассасасига кўчирилишидан 17 кун ўтиб, вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.

Расмий тиббий комиссия Муҳиддин Абдуллаев "жигар циррозидан ўлди," дея хулоса чиқарган.

Муҳиддин билан ҳорижда бирга ишлаганини айтган суҳбатдошимиз бу тиббий хулосага ишонмаслигини айтмоқда.

- Муҳиддин бизлар билан бирга турган. Бир йил шу ерда хизмат қилди. Кейин қайтиб борди.

Озодлик: Қонуний йўл билан-а?

- Ҳа. Ўзбекистондан қочиб келиб, бу ерда бошпана олган одамларни баҳона қилиб, уни қамаб юборишибди.

Озодлик: Қандай ҳибсга олишди? Аэропортнинг ўзида ушлашдими?

- Йўқ, аэропортда эмас. Регистрация қилишган. Кейин кечқурун келиб уйидан босиб олиб кетишган. “Сен Обид қори Назаров билан бирган бўлгансан. Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига қарши иш кўргансизлар” деган майда-чуйда гаплар бўлибди. Ўлдириб юборишди у болани. Жигари касал экан деб ташхис қўйишган.

Озодлик: Илгари касалмиди у бола?

- Йўқ, бутун бола эди. Кунига 16 соат ишлайдиган бола эди. Супермаркетларни уборка қиларди.

Озодлик: Демак, кетаëтганда соғ бўлган.

- Ҳа.

Озодлик: Обид қори Назаровнинг ëнига борганмиди у бола?

- Йўқ, унақа динга аралашмаган. Унақа жуда намозга берилмаган эдию, лекин жумаларга чиқарди. Муҳиддиннинг ëн қўшниси бор Асрор деган. У болани ҳам тиқиб қўйишган. Кимни танийсан, дейишган. “Танимайман ҳеч кимни. Учрашмаганман унақа одамлар билан” деса ҳам, “Сен мана шу одамлар билан учрашгансан. Уларни танийсан” деб қанақадир қоғозларга қўл қўйдириб, мажбуран қийнаб нималар қилишаëтган экан, дейди Швециядан қўнғироқ қилган суҳбатдош.


Ҳокимлар зўравонлик қиляпти

“Эркин микрофон”га Самарқанд вилояти Ургут туманидан қўнғироқ қилган фермер Тўйчи Бобожонов ўзи ва яна икки фермерга тегишли бўлган 55 гектарлик хўжаликни туман ҳокимлиги тортиб олишга қарор қилганидан норози бўлди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир узум етиштирилаётган бу экин майдонини шаҳарга бирлаштириш ва афтидан, турар-жой ҳудудига бирлаштириш режа қилинмоқда.

- Акромобод ширкатига қарашли Муборак Ҳамзаобод фермер хўжалигининг раисиман. Лалми жойдан боғ яратганмиз 2006 йил фермерчилик ташкил бўлгандан кейин. Пулини тўлаганмиз гектарига 200 мингдан. Шуни ҳозир ҳоким зўравонлик қилиб, бизлардан халқ меҳнат қилиб кўкартирган токни бузиб сотаман деб ҳаракат қилаяпти.

Озодлик: Хўжаликни бузиш бошландими, ë ҳали бошланмадими?

- Бизлар токни бермай жанжал қилиб турибмиз. Вилоятга ҳам чиққанмиз, республикага ҳам борган эдик. Қарорини қайтариб олмоқчи.

Озодлик: Ерингиз қанча?

- Меники 7,5 гектар.

Озодлик: Ҳаммасига узум экканмисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳоким нима учун ерни бузмоқчи?

- Ҳоким “шаҳарни кенгайтираман” дейди.

Озодлик: Судга мурожаат қилдингизми?

- Йўқ. Прокуратурага, областга ташкилотларга, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мурожаат қилганмиз. Улар “ҳал қилиб берамиз” дейдию икки йилдан бери судрайди. Шунинг учун Озодликка эфирга беришга мажбур бўлдик.

Озодлик: Икки йилдан бери шу муаммо борми?

- Ҳа. 3500 аҳоли яшайди бу қишлоқда. Тоғ бағрида яшаймиз. Бизларнинг жойимиз шаҳарга мослашмаган. Фақат деҳқончилик билан тирикчилик қиламиз.

Озодлик: Нечта ишчингиз бор сизнинг?

- 200тадан кўп энди 55 гектарга. Ишга яроқлиси чиқиб ишлайдида шу ерга. Бошқа давлатларда сарсон бўлиб юрмайди. Шунинг учун бизлар шунинг талабгори, дейди Самарқанд вилояти Ургут туманидан қўнғироқ қилган фермер Тўйчи Бобожонов.


**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG