Линклар

Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради

  • Абдулла Искандар

Тожикистон президенти болаларни масжидга киритмаслик тўғрисидаги қарорни Рамазон ойида чиқаргани мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон президенти болаларни масжидга киритмаслик тўғрисидаги қарорни Рамазон ойида чиқаргани мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистонлик болаларнинг масжидларга боришини тақиқловчи қонунга Ўзбекистондан туриб муносабат билдирган Мемориал инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Мўътабар Аҳмедова чиллаки чиллакини кўриб чумак уради деган мақолни келтирди.


Тожикистон эътиқод чеклови борасида Ўзбекистон ҳукуматидан ўрнак олмоқда, дейди ҳуқуқ фаоли Мўътабар Аҳмедова. Фақат Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Тожикистон ўз чекловига расмий тус берди.

Айни пайтда Ўзбекистон масжидларига болалар киритилмаëтгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

Бунақа қилмагин. Ëмон бўлади


Озодлик мухбири билан суҳбатлашган тошкентлик исломшунос олим Рафиддин Сайфиддинов масжидларда болалар ибодат қилаëтганини айтди.

Ҳозир таътил бўлгани боис болаларни масжидга киргизишмоқда, аммо мактаб мавсумида бунинг тескарисини кўрамиз, дейди Мемориал фаоли Мўътабар Аҳмедова.

- Мен ўзимизнинг олдимиздаги масжидга чиқаман. Чиққанимда юқоридаги 11-чи ва олдимиздаги 24-мактабдан албатта иккита-учта одам туради формалилардан ташқари. Асосан аëллар. Ҳеч қанақа расмий қоғозни кўрсатишмайди. Болаларни умуман икки йилдан бери масжидга киргизмайди. Болалар ҳозир каникулда киришаяпти. Ҳозир таътил пайтику. Ўшанда ҳам жума кунида эмас бошқа пайтларда киришади. Жума кунида ҳайдайдиганлар пайдо бўлган,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Аҳмедова назарида масжид болалар тарбиясида фақат ижобий рол ўйнайдиган маскан.

- Ҳеч бўлмаса, ўша масжидга борадиганлар Оллоҳнинг Қуръонини эшитади, бир калима Қуръонни эшитади. Ҳеч бўлмаса, атрофидаги жамоадан бир нарсани эшитиб келади. Имомнинг ўзидан эшитиш шарт эмас. Ҳозирги имомларнинг ҳаммаси бир хилда. Лекин у ерда жамоа бор. Жамоанинг ичида “Бунақа қилмагин. Ëмон бўлади” дейдиган топилади,- дейди Мўътабар Аҳмедова.

Ўзбекистонлик таниқли исломшунос олим Сайфиддин Рафиддинов болаларнинг масжидга қатнашида манфий ва мусбат тарафларни кўради.

- Бизда масжидга масалан катта ҳам, кичик ҳам қатнаб бемалол ибодат қилаяптику. Энди ҳамиша масаланинг икки томони бўладида. Энди у шароитдан келиб чиқилади. Чунки ҳар хил ҳолатлар бўлиши мумкин. Таровеҳга бориб болалар кейин қолиб ичиб, чекиб, жанжал қилиб ота-онасини хавотирларга қўйиши мумкин. Бу ҳолатлар ҳам истисно эмас. Кўп болалар ўйнаб катталарнинг ибодатларига халақит қилади баъзан. Энди бола болада. Лекин хоҳлаганлар таровеҳларга бораяпти, ибодат қилаяпти. Чеклов йўқку.

Ўзи аслида масжидга балоғат ëшига етгандан кейин бориладиган энди. Қадимда ҳам шундай бўлган. Балоғат ëшига етгандан кейин, ибодат фарз бўлгандан кейин масжидларга борилган. Балоғат ëшига етмагунча унинг бориш ëки бормаслиги жуда катта аҳамиятга эга эмас. Эҳтимол руҳияти ўргансин деб ота-оналар олиб борар, лекин у маҳалда ҳеч нарсани тушунмайди у барибир. Ибодат қилаëтган одам нима учун ибодат қилаëтганини, ибодатнинг маъноси нималигини, қачондан бошлаб инсонга ибодат фарз бўлади ва ҳоказоларни билиши керакда. Ҳар ҳолда бу нозик масала,- дейди Сайфиддин Рафиддинов.

Дунёвий таълим ўрнига диний


Ҳозир АҚШда муҳожиратда истиқомат қилаëтган сиëсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев болаларнинг масжидга қатнашига мутлақо қарши эканлигини айтади.

- Ëш болаларнинг масжидларга бориши, диний маросимларни бажо келтириши менимча яхшиликка олиб бормайди. Уларнинг боришининг асосий сабаби мактаб мактаб бўлмай қолди, коллеж коллеж бўлмай қолди. Билим бериш системаси умуман ишлаëтгани йўқ. Болалар ўқимаяпти. Ўқитувчиларнинг савияси ниҳоятда паст. Шунинг учун болалар нима қилишни билмай қандай қилиб ҳақиқатга, қандай қилиб билимга интилади. Катталарнинг гапига кириб ëки ташқаридан бўлаëтган ташвиқотларни эшитиб, “Агар масжидга борадиган бўлсак, намозхон бўладиган бўлсак, албатта тўғри иш қилган бўламиз. Жамиятда ҳурматли бўламиз. Охиратда жаннатга борамиз” деган тор фикрда бўлади,- дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда Йўлдошев маъмурий йўл билан бу ҳолатга ечим топилмаслигини ҳам айтади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон имзолаган “Болаларнинг масжидга боришини тақиқловчи” қонунни мутлақ олқишламаслигини билдирган ва исми айтилмаслигини истаган Ўзбекистон мусулмонлар идораси мулозими Ўзбекистонда бундай қонун йўқлигидан мамнун эканлигини таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG