Линклар

Исёнчилар Қаддафий билан музокара ўтказмаяпти


Ливия исёнчилари вакиллари ўзларининг Муаммар Қаддафий режими билан Тунисда бевосита музокаралар олиб бораётганликлари тўғрисидаги хабарларни инкор этди.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг махсус вакили исёнчилар ва Қаддафий вакиллари ўртасида Тунисда ўтаётган музокараларда иштирок этиш учун юборилгани тўғрисидаги хабарни ташкилот рад этди.

БМТ вакили баёнотига кўра, Абдул Илоҳ ал-Хатиб чиндан ҳам Тунисга етиб борган, лекин у маҳаллий ҳукумат вакиллари билангина учрашган.

Аввалроқ Туниснинг Жерба оролида ливиялик исёнчилар ва Қаддафий вакиллари ўзаро сўзлашувлар олиб бораётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Исёнчилар сўнгги кунларда мамлакат ғарбида сезиларли ютуққа эришиб, мамлакат пойтахти Триполи шаҳри томон илгариламоқда.

АҚШ исёнчилар муваффақиятларини олқишлади. Оқ Уй вакили Жей Карни “Қаддафий режимининг куни битиб қолгани”га умид билдирди.
XS
SM
MD
LG