Линклар

Урлаева: Мени Наманганда икки марта ушлашди


Ўзбекистон расмийлари назарида "номақбул ишлар"га аралашиб турадиган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева (ўртада) тез-тез ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушиб туради.

Ўзбекистон расмийлари назарида "номақбул ишлар"га аралашиб турадиган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева (ўртада) тез-тез ҳуқуқ-тартибот идоралари назарига тушиб туради.

18 август куни Наманганда “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан икки марта қўлга олиниб, қўйиб юборилди.

Дастлаб Наманган шаҳрида пикет ўтказмоқчи бўлган пайти ушланган ҳуқуқ фаоли уни уришганини билдирди. Сўнгра Наманган шаҳридан чиқиб-кетишдаги блокпостдаги навбатни суратга олмоқчи бўлганида ушланган Елена Урлаева “тепадан” қўнғироқ бўлгани боис, қўйиб юборилди.

18 август куни тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Наманган шаҳрида қўлга олингани ҳақида Озодликка дастлаб унинг ҳамкасби, тошкентлик мустақил ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов маълум қилди:

- Урлаева телефон қилиб, йиғламсираб гапира бошлади. “Мени шаҳар ИИБга олиб кетишди”, деди. У ерда навбатчи билан қолган экан, телефон қилмоқчи бўлганида, навбатчи телефонини олиб қўймоқчи бўлиб, бир-икки марта юзидан урган, - деди ҳуқуқ фаоли Баҳодир Намозов.

Елена Урлаевага нисбатан куч ишлатилганини унинг ўзи ҳам тасдиқлади:

- У ерда мобил телефондан фойдаланиш мумкин эмас экан. Шунга қарамай, мен қўнғироқ қилиб, ушлаб турилганимни айтмоқчи эдим. Менга милиция ходими мумкин эмаслигини айтди, барибир қўнғироқ қилаверганимдан кейин телефонни тортиб олмоқчи бўлди. Ўша пайт уриб юборди. Барибир телефонимни олиб қўйди. Кейин Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари соғилигим ёмонлашгани боис “тез тиббий ёрдам” чақиришди, улар укол қилиб, нитроглицерин берди. Тиббий ходимлардан менга сигнал варақаси беришни ва мени урган пайтда лат еганим юзасидан тиббий хулоса беришни сўрадим, бироқ бу сўровларим эътиборсиз қолдирилди, - деди Елена Урлаева.

Елена Урлаеванинг айтишича, у наманганлик журналистлар иши юзасидан суд жараёнини кузатиш учун Наманган шаҳрига борган.

Маълум бўлишича, 18 август куни Наманган жиноят ишлари бўйича шаҳар судида “ШарқТВ” телекомпаниясининг ходими Шоира Тўхтабоева ва унинг икки ҳамкасби Дилрабо Йўлдошева ва Баҳром Бадалшоевларнинг жиноят иши кўрилиши керак эди. Бу телекомпания ходимлари товламачиликда айбланаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

- Эрталаб 9 да келсам, менга суд ёпиқ бўлишини айтишди. Мен Тошкентдан махсус кузатувчи бўлиб келганимни, ҳуқуқ фаоли эканимни айтдим. Махсус хизмат ходимларини чақиришиб, мени суд олдида суратга ола бошлашди ва суд биносига киритишмасликка ҳаракат қилишди. Шунда мен Шоира Тўхтабоева озод этилишини талаб этиб, пикет қилдим. Тўғри, у ҳибсда эмас, бироқ у жиноий жавобгарлик айби остида. Агар суд ҳукм чиқарса, у қамалиши мумкин, - дейди пикет уюштира олмай қўлга олинган Елена Урлаева.

Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими 18 август куни эрталаб тошкентлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ушланганини тасдиқлади. Бироқ, наманганлик милиционерга кўра, Урлаева тез орада қўйиб юборилган. Шунингдек, Наманган шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими ҳуқуқ фаолига нисбатан куч ишлатилганига оид маълумотни ҳам инкор этди.

- Нимага уради, опа? Аёл кишини ҳам урадими? Эркак бўлса ҳам майли эди. Ходимлар шу ерда ярим соат, йигирма минутча гаплашди. “Нима қилиб юрган эдингиз? Нима мақсадда келдингиз?” деб сўраган эди. Бақир-чақир қилиб, шаллақилик қилди. Кейин бошлиқ ўзи гаплашди. “Боринг, рухсат, кетинг” деди. У чиқиб кетди. Телефонини ҳақиқатдан бу ерда ходимлар суҳбатлашаётганида, олиб ўчириб қўйган эди, - деди Наманган шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасидан чиққан Елена Урлаева куннинг иккинчи ярмида яна қўлга олинган. Бу сафар ҳуқуқ фаолини Намангандан чиқиб кетиладиган “Чинор” блок постида ушлашган.

- У ерда машиналар турнақатор бўлиб тиқинда турарди. Мен шуни суратга ола бошладим. Чунки машиналардаги аёллар ўзини ёмон ҳис қилаётганини кўриниб турган эди. Уларнинг айтишича, икки соатдан буён шу навбатда туришган экан. Блокпостнинг ходимлари югуриб келиб, бу режим объекти экани, уни расмга тушириш мумкин эмаслигини айтишди. “Биз аксилтеррорчилик акциясини ўтказаяпмиз, ҳаммани тўлиқ текшираяпмиз”, дейишди. Мен жазирама иссиқда бу йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат эканини айтдим. Шунга қарамай, мана шу навбатни ва камуфляж формадаги маскали ходимларни суратга олганим учун мени яна ушлашди. Кабинетга олиб кирганида, мен ҳимоячи ва холис гувоҳлар ҳозир бўлишини талаб этдим. Мана шу муҳокама кетаётганида, мени ушлаган капитан протокол ёзаётган эди. Лекин кейин у: “опа, менга қўнғироқ қилишди, сизни қўйиб юборишимиз бўйича буйруқ келди”, деди. Мана шундай қилиб, мени яна озод қилишди. Расмларни ўчириб ташламади, мени бир неча соат ичида уларни интернетда нашр қилмоқчиман, - дейди бир кунда икки марта тартиб посбонлари ҳузурида меҳмон бўлган “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси” раҳбари Елена Урлаева.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Наманган шаҳар Ички ишлар бошқармасида ўзига нисбатан куч ишлатган милиция ходими хатти-ҳаракатлари юзасидан прокуратурага арз қилиш ниятида эканини ҳам баён қилди.

54 ёшли Елена Урлаева Ўзбекистон ичида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган кам сонли ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Урлаева хоним 1981 йилдан 1999 йилгача Ўзбекистон давлат телевидениеси “Ахборот” дастурининг техник гуруҳида фаолият юритган. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва матбуот эркинлиги йўқлиги боис ҳуқуқ фаоли бўлишга қарор қилганлигини қайта-қайта урғулаган Урлаева ўзбек расмийлари томонидан бир неча бор руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган. Бу шифохоналардан ҳуқуқ фаоли халқаро ҳамжамият босими остида чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

“Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси” раҳбари Елена Урлаева 2010 йилда Швеция ҳукумати томонидан Пьер Ангер номидаги халқаро мукофотга лойиқ топилган.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
ozodlikmail@gmail.com
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG