Линклар

logo-print

Русский оролида қўриқчилар қурувчилар билан урушди


Русский оролидаги улкан қурилиш объектларини асосан ўзбекистонлик мардикорлар бунëд этмоқда.

Русский оролидаги улкан қурилиш объектларини асосан ўзбекистонлик мардикорлар бунëд этмоқда.

Аксари ўзбеклардан иборат қурувчиларнинг¸ қўриқчилар бедодлигидан норозилиги жанжалнинг асл сабаби сифатида кўрилмоқда.


Россиянинг Приморье ўлкасига қарашли Русский оролида 2012 йилда ўтказиладиган Осиё-Тинч океан иқтисодий ҳамкорлиги (АТЭС) саммитига қурилаётган объектлардан бирида меҳнат муҳожирлари ва қўриқчилар ўртасида оммавий муштлашув юзага чиқди. Расмий хабарларга кўра, 500 га яқин мардикор ўз қўриқчиларини спиртли ичимлик ичишга рухсат бермагани учун тошбўрон қилган.

Асосан Ўзбекистон, Тожикистондан келган меҳнат муҳожирлари қураëтган Узоқ Шарқ федерал университет комплексида гастарбайтерлар ва қўриқчилар ўртасидаги жанжал 28 дан 29 августга ўтар кечаси содир бўлган. Унда 500 га яқин мардикор ва 100 га яқин қўриқчи иштирок этган.

Расмийлар тахминига кўра, жанжал ўта жўн сабаб -қоровуллар уч нафар гастарбайтернинг ётоқхонага ароқ олиб киришга рухсат бермаганидан кейин бошланган, дейди Озодлик билан суҳбатда Узоқ Шарқ федерал университет комплекси қурилишининг бош пудратчиси “Крокус” ширкати матбуот котиби Екатерина Черненко.

- Қурилишимизда “сухой закон”. Қурилишга спиртли ичимлик олиб кириш қатъиян ман этилади. Бироқ мусулмон қурувчилар Рўза байрамини нишонлаётган экан. Уларга бу таъқиқ ёқмаган кўринади ва олтита ётоқхонадан йиғилган мусулмонлар жамоаси қўриқчилар билан разборкага чиққан, дейди компания расмийси Екатерина Черненко.

Бу можарони бевосита кузатиб бораётган Приморье ўлкаси қозилик бошқармаси раҳбари¸ асли ўзбекистонлик Дамир Жамилевнинг жанжал гувоҳларига таяниб Озодлик мухбирига айтишича, жанжал қўриқчилар муҳожирларга ифтор қилишга рухсат бермаганидан бошланган.

- Ичимлик ҳақида эшитмадим. Уларга ифтор пайтида белгиланган вақтдан олдинроқ ошхонага киришга рухсат берилмаган. Биласизку, у ерда соатга қараб ишчилар навбатма-навбат овқатланади: сен рўзами-рўза эмасми ҳисобга олинмайди. Шу тариқа бир неча киши киритилмаган, устига охрана уларни калтаклаган. Шундан кейин одамлар жанжал кўтариб кўриқчиларга ҳужум қилган, дейди Дамир Жамилев.

Жамилевнинг айтишича, қурилиш зонаси яхши қўриқланаётгани боис, у ерга ҳатто прокуратура ва бошқа маҳаллий тергов идоралари ходимларининг кириб-чиқиши ҳам мушкул.

Бу объект шахсан Россия президенти ва Бош вазири талаби билан келаси йилнинг март ойида фойдаланишга топширилиши шарт ва шу боис маҳаллий раҳбарият қурилишда мавжуд муаммолар, хусусан меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётганига кўз юммоқда, дейди Дамир Жамилев.

Айни пайтда, Жамилев “Крокус” расмийларининг оммавий тартибсизликнинг ичкилик ортидан бошлангани ҳақидаги даъвосини ҳам инкор этмади. “Мен ишчиларни ҳимоя қилмоқчи эмасман. Ахир улар орасида ҳам ҳар хил одам бор. Улар орасида ичувчилари ҳам етарли”, дея қўшимча қилди у.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Русский оролида тергов ишларини олиб бораётган Приморье ўлкаси прокурори катта ёрдамчиси Елена Телегинага кўра¸ хусусий қўриқлаш корхонаси ходимининг маст қурувчидан қурилиш объектига кириш рухсатномасини тортиб олгани жанжалга сабаб бўлган.

- 28 август куни навбатчиликда турган кўриқчи ташкилот ходими 4- рақамли ётоқхонага тегишли ҳудудда маст ҳолатда бўлганлиги тахмин қилинаётган фуқарони кўриб қолган. АТЭС саммити объектлари қурилишида ўрнатилган қоидаларни бузганлиги сабабли қўриқчи ишчидан рухсатномани тортиб олган. Меҳнат муҳожири бошқа шерикларини чақирган ва биргалашиб қўриқчиларни калтаклаган, жанжал жойига етиб келган полиция тезкор гуруҳининг 6 машинасини тошбўрон қилган. Муштлашувда 30 нафардан 100 тагача Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркия фуқаролари иштирок этган. Соат 23:40 ларга келиб ишчилар ётоқхоналарга тарқаб кетган, дейди прокуратура вакиласи.

Елена Телегинага кўра, муштлашув оқибатида 3 нафар ишчи тиббий ёрдамга муҳтож бўлган, яна бир нечта ҳуқуқ муҳофазаси ходими ҳам енгил жароҳат олган.

Приморье прокурори катта ёрдамчиси Русский оролидаги муштлашувга Рамазон ойининг якунланишини нишонлаётган ишчиларнинг ичиб олгани сабаб бўлди, деган иддаоларнинг асоссиз эканини таъкидлади.

Русский оролида ишлаётган ўзбекистонлик Олимжон ака қурилиш объектида қўриқчиларнинг мардикорларга бўлган муносабати ўта салбий эканлиги ва бу муштлашувга айнан уларнинг ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлганини айтади.

- Охранниклар жуда ўзидан кетган. Улар бегона-пегона бўлмаслигини қараб туради. Строгий режим бўлиб қолган у ерда, шунинг учун. Столовойга борсангиз ҳам строгий, зонага ўхшаб қолган. Энди калтак еган ишчилар ҳам тинчиб қолади, жудаям строгий у ерда. Пулни ҳам тўламаяпти, ўзгариш йўқ. Нечтаси мана шаҳарда юриб бироз пул қилиб поездда кетяпти, дейди Русский оролида ишлаётган Олимжон ака.

Русский ороли ва умуман АТЭС қурилишидаги охирги пайтларда тез-тез бўлиб турган оммавий муштлашувлару иш ташлашларга бу зонанинг федерал аҳамиятга эга экани ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг қурилиш мутасаддилари олдида қўли калталик қилаётгани сабаб, дейди Владивостокдаги “Турон” ўзбеклар жамияти раиси Баҳодир Мурзоқов.

- Буни биз ҳам ўзимиз эшитдик улардан. Ичкарига киришга рухсат берилгани йўқ. Иншаллоҳ, эрта-индин кирамиз – ўшанда аниқ бўлади. Ҳаммани киргизавермайди. Буларнинг гапи бўйича шунақа. Аммо у ердаги одамларни очиқчасига ҳурмат қилишмайди охранадагилар. Жудаям пастга уриб, қўпол муносабат қилади. У ерда ишлайдиган одамлардан эшитишимча, жанжал охрананинг одамларга ҳурматсизлигидан чиққан, эзворган одамларни, деган гап бор. Одамларники ҳам йиғилиб-йиғилиб келган ва кўтарилиб кетган, дейди Баҳодир Мурзоқов.

Владивосток Ўзбеклар жамияти бошлиғига кўра, Русский оролида йиғилиб қолган муаммоларга ечим топиш ва мазкур можаро сабабларини ўрганиш мақсадида Приморье Ички ишлар бошқармаси томонидан турли диаспора вакиллари ва жамоат арбобларидан иборат Маслаҳат кенгаши тузилган. Яқин кунларда бу кенгаш аъзоларига АТЭС объектларига киришга рухсат берилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG