Линклар

logo-print

Тошкентдаги автомобиллар газга қийналяпти

  • Садриддин Ашур

Тошкентда газ қуйиш шохобчаларида юзлаб машиналар тўпланиб қолаётгани кузатилмоқда.

Тошкентда газ қуйиш шохобчаларида юзлаб машиналар тўпланиб қолаётгани кузатилмоқда.

Автомашиналари газда ишлайдиган ҳайдовчилар уч кундан буён тўрт-беш соатлаб навбат кутмоқдалар. Расмийлар бунинг сабабини газ таъминотидаги қийинчиликлар билан эмас, балки газда ишлайдиган автомобилларнинг кўпайганлиги билан изоҳламоқдалар.


Тошкентдаги автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг барчасида уч кундан буён ёнилғи тортилган. Ҳар бир шохобчада 200-300 дан ортиқ машиналар навбати вужудга келган.

Тошкент шаҳрида шартнома бўйича киракаш бўлиб ишлаётган Саидмурод Алиев билан машинасига газ қуйиш учун навбатда турган пайтида боғландик. 3 соатдан буён навбатда турибман, дея гап бошлади суҳбатдошимиз:

- Ҳозир ҳам как раз очередда турибман. Тахминан камида 200-300та мошина бор. Икки соат, уч соат, иногда тўрт соат очередда туряпмиз. Совуқ бўлгандан кейин газнинг давлениеси тушиб қолдими, билмадим. Газнинг давлениеси тушгандан кейин компрессорлар яхши ишламайди. Шаҳарда газ заправка кам. Машина кундан кунга кўпаяяпти. Бензин эса бемалол. Ит ҳам йўқ заправкада. Мана ҳозир Медгородокда турибман. 14 та заправка бор бу районда. Тўрттаси ишламаяпти. 10 таси ишлаяпти. Унинг ҳам ярми грузовой, ярми енгил машинаники. Қийинда. Трубадан келиши кам. Таги йўқда. Таги кам, таги,- дейди киракаш.

Саидмурод Алиевнинг айтишича, газ қуйиш шохобчалари ходимлари бу ҳолатни қувурларда газ босимининг пасайганлиги билан изоҳламоқдалар.

Бироқ Тошкентдаги “Автогазтаъминот” корхонасининг ўзини Мирвоҳид деб таништирган ходимига кўра, газ таъминотида ҳеч қандай узилиш бўлгани йўқ, газ қуйиш шохобчаларида катта навбатларнинг вужудга келишига эса шаҳарда газда ишлайдиган автомобилларнинг кўпайгани ва газ қуювчи шохобчаларнинг камлиги сабаб бўлмоқда:

- Бу очеред бўлгани мошинанинг кўплигига-де. Энди ҳамма газга ўтиб кўпаяëтганлиги. Газ ҳар доимгидай олинаяпти, берилаяпти. Газ сотилаяпти. Просто одам кўпайиб кетаяпти. Очеред кўпайиб кетаяпти. А так, газ етказиб берилаяпти. Газ уларда бор.

Озодлик: Газ бор, лекин қувурда газ кам экан, шунинг учун компрессорлар яхши ишламаяпти экан, дейишаяпти.

- Компрессорнинг ишламаëтгани заправкаларнинг ўзини айби. Компрессорга биз жавоб бермаймиз. Заправкалар бизлардан газ олишади. Бизлар улага газ етказиб берамиз труба орқали бўлди. Етарли миқдорда газ етказиб берилаяпти. Ҳа, газ бор ана. Просто ўшанинг атомосфераси кам бўлгани учун компрессорда секин урилаяпти. Шунинг ҳисобига очеред бўлиб кетаяпти ҳамма жой. Бутун областда шунақа. Машина ҳам кўпайиб кетган. Тошкентда эса заправка кам,- дейди Тошкентдаги “Автогазтаъминот” корхонасининг ходими.

Тошкент шаҳрида автомобилларнинг газга қийналиши билан боғлиқ муаммо Ўзбекистон вилоятларида аҳолига етказиладиган табиий газ танқислиги авж олган пайтга тўғри келмоқда. Ҳар йили ҳаво ҳарорати совуши билан қувурлардаги газ босими кескин даражада пастга тушиб кетади, аҳоли уйларини истиш ва хўжалик эҳтиёжлари учун газ етишмовчилигидан қийнала бошладйи.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган ойда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги юздан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида марказий газ таъминотидан узила бошлади. Бу корхона ва ташкилотлар раҳбарларига муқобил ёқилғи турларига ўтиш таклиф қилинди.

Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилган эдилар.

Ўзбекистон ҳар йили хорижга 10 миллиард кубометр газ экспорт қилади. Бироқ мамлакат ички бозоридаги газ таъминотида узилишлар мунтазам кузатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG