Линклар

logo-print

Қозоқ расмийлари “Жундул-Хилафат”га оид маълумотларни очиқлади


“Жундул-Хилафат” (“Халифалик аскарлари”) ташкилоти Қозоғистон фуқаролари томонидан мамлакат ҳудудида жиҳодни ёйиш мақсадида тузилган.

Қозоғистон Бош прокуратураси расмийси Нурдаулет Суиндиков 9 ноябр куни Остона шаҳрида ўтказилган брифингда ана шундай баёнот берди.

У шу йилнинг 31 октябр куни Атирау шаҳридаги икки портлашни “Жундул-Хилафат” вакиллари содир этганини таъкидлади.

Суиндиков 2 ва 4 ноябр кунлари мазкур портлашга алоқадорликда гумонланган 24 ёшли Мейрамбек Усабеков, 22 ёшли Мирхат Калкаманов ва 27 ёшли Алимжан Сагенов қўлга олинганини ҳамда улар террорчилик хуружларига алоқадорлигини тўла тан олганларини қайд этди.

- Тергов мазкур террорчилик гуруҳи 2009 йили жиҳодий ғоялар, шу жумладан, Шимолий Кавказда ҳалок бўлган машҳур экстремист даъватчи Саид Бурятский (Александр Тихомиров – таҳр.) ғоялари таъсирида 2009 йилда шаклланганини аниқлади. Гуруҳ аъзолари жиҳод учун чет элга чиқиш ниятида бўлганлар, - деди Қозоғистон Бош прокуратураси расмийси Нурдаулет Суиндиков.

Прокуратура мулозимига кўра, шу йилнинг сентябр ойида улар шу йил ёзида Қозоғистон фуқаролари Ринат Хабидулла, Уринбасар Мунатов ва Дамир Зиналиев томонидан мамлакат ҳудудида жиҳодни ёйиш мақсадида ташкил этилган “Жундул-Хилафат” террорчилик ташкилоти аъзолари билан алоқа ўрнатганлар.

Мазкур ташкилот асосчилари эса, Бош прокуратура маълумотларига кўра, “ҳозирда Афғонистон-Покистон чегарасида яшириниб юрибдилар ва халқаро террорчилар ёнида жангларга қатнашаяптилар.

Аснода “Жундул-Хилафат” лидери Ринат Хабидулла шу йилнинг 25 октябр куни Интернет орқали Қозоғистон расмийларига таҳдид қилгани, 1 ноябр куни эса Атираудаги террорчилик хуружлари учун масъулиятни ўз зиммасига олгани айтилмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, 31 октябр куни Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида бирин-кетин иккита портлаш содир бўлганди.

Прокуратура маълумотларига кўра, вилоят ҳокимияти яқинидаги ахлат контейнерида соат 9 ларда портлаган мосламани Усабеков деган шахс ҳаракатга келтирган.

Соат 10 ларда Атираунинг Сариарқа мавзеида содир бўлган иккинчи портлашда эса Бауржан Султанғалиев исмли йигит ҳалок бўлганди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг келтиришича, Султанғалиев фаррош кийимида портлаш мосламасини прокуратура биноси олдига олиб бориши керак бўлган, бироқ эҳтиётсизлиги туфайли мослама портлаб кетган ва у ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлган.

31 октябр куни содир бўлган портлашда бошқа ҳеч ким тан жароҳати олмаган, фақат ён-атрофдаги биноларнинг деразалари синган.

Прокуратура расмийси Суиндиковга кўра, “Жундул-Хилафат” тарафдорларидан иборат гуруҳ Атирауда бешта портловчи мослама йиғишга муваффақ бўлганлар.

Қозоғистон расмийлари мазкур ташкилот режаларига алоқадор янги маълумотлар пайдо бўлиши билан бу ҳақда жамоатчиликка етказишни ваъда қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG