Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:51

Ўзбек дипломатлари хулқи яна муҳокамада


Инсон ҳақлари ҳимояси талаби билан Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари тез-тез пикет қилинади.
Инсон ҳақлари ҳимояси талаби билан Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари тез-тез пикет қилинади.

Бунга эса¸ Германиядаги ўзбек дипломатининг казинода 35 минг евро ютқизиб¸ пулни давлат ғазнасидан тўлаганига оид хабар туртки бўлди.

Uzmetronom учини чиқарди...

“Ишончли манбаларга кўра¸ казинодаги катта ютқизиқдан сўнг оиласи билан қочиб қолмоқчи бўлган ўзбек дипломати мажбурий тарзда Ўзбекистонга қайтарилди. Манбага кўра¸ 35 минг евро ютқизиқ Ўзбекистон элчихонаси консуллик бўлимига қарашли кредит карта билан тўланган”¸ деб ëзди 17 ноябр куни Ўзбекистон ҳукумати ичидаги айрим гуруҳларга яқин Uzmetronom интернет газетаси.

Ҳукумат ичидаги манба томонидан сиздирилган бу хабарда¸ Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ишлаб келган қиморбоз дипломатнинг кимлиги ҳам¸ воқеанинг айнан қачон¸ қаерда бўлгани ҳам¸ бу дипломатнинг Ўзбекистонга қачон қайтарилгани ҳам аниқ айтилмайди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги инкор қилади...

Ўзбекистон дипломатлари томонидан содир этилган яна бир ғайриоддий воқеа ҳақида аниқ маълумот олиш мақсадида Озодлик мухбири дастлаб мамлакатнинг Германиядаги элчихонасига сим қоқди.

Элчихона матбуот хизмати вакили Маҳмуд Бобоназаров бундай хабарни мутлақ инкор қилди:

- Бу ерда бунақа инцидентлар бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Бизда бунақа нарса¸ инцидент бўлмаган. Бу бўлмаган гап. Ўша ëзгани нотўғри бу гап¸ деди Uzmetronom тарқатган хабарга муносабат билдирган Германиядаги Ўзбекистон элчихонаси матбуот котиби.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги дипломатик доираларга яқин Озодлик манбаси¸ Германиядаги ўзбек дипломатларидан бирининг Тошкентга чақиритиб олингани ва бунга унинг катта миқдорда пул ютқизгани сабаб бўлганини тасдиқлади¸ аммо бу воқеага бир неча ой бўлганини қўшиб ўтди. Бу манба ҳам қиморбоз дипломатнинг шахсига ойдинлик кирита олмади.

Ўзбекистонда ким ва қандай дипломат бўлади?

Тафсилотлари ҳозирча сир қолаëтган Германиядаги бу воқеа Ўзбекистоннинг жаҳон бўйлаб расман фаолият юрғизаëтган элчихоналарида кимлар ишлайди¸ улар ўзи нима билан банд¸ деган саволни яна бир бор ўртага қўйди.

Бу саволга жавоб берар экан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ ходими Алишер Таксанов¸ бугунга келиб элчихоналарда ë зари¸ ë зўри борлар¸ уларнинг бола-чақалари¸ қуда-андалари ишлаëтганини айтади.

- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тизимига Миллий хавфсизлик хизматини четлаб ишга киришнинг имкони йўқ¸ гапни шундан бошлайлик. Агар мустақилликнинг биринчи йилларида дипломат кадрларни танлашда уларнинг профессионал савияси¸ бошқарув ëки технократик қобилияти инобатга олинган бўлса¸ кейинги йилларда бу танловда қариндош-уруғчилик муносабатлари белгиловчи рол ўйнамоқда. Шунингдек¸ дипломатик лавозимлар ҳам сотиладиган¸ сотиб олинадиган бўлди¸ дейди Алишер Таксанов.

“Ўзбекистон МХХ си одатда¸ у ëки бу шахсни хориждаги дипломатик ваколатхонага юборар экан¸ ўзига панд берувчи ҳолатлар олдини олишга уринади. Қиморбозликка мойил одам МХХ филтридан ўтиб Германиядаги элчихонага ишга келган экан¸ афтидан бу ерда МХХни ҳам писанд қилмайдиган қудратли алоқалар ҳал қилувчи рол ўйнаган бўлса керак”¸ деб тахмин қилади ўзбекистонлик собиқ дипломат.

Uzmetronom интернет газетасига кўра¸ ўзбек дипломатларининг қиморхона билан жанжалга биринчи бор тортилиши эмас.

“Германиядагига ўхшаш воқеа бундан олдин Осиë-Тинч океан ҳавзасидаги Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий шериги бўлган мамлакатда (Япония деб ўқиш мумкин – таҳр.) ҳам қайд этилган эди. Ўшанда давлат хазинасидан тўланган ютқизиқ бир неча ўн минг АҚШ долларини ташкил қилган эди”¸ деб ëзади Тошкент ҳукумати ичидаги айрим гуруҳларга яқин мазкур газета.

Ўзбек дипломатлари халқаро матбуот шов-шувида: Шерсевар дипломат

2010 йилнинг 28 май куни Heraldsun.com сайти тарқатган хабар бир куннинг ичида кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан кўчириб босилди.

Бу хабарга кўра¸ Мисрдаги Ўзбекистон элчихонасининг ахборот масалалари бўйича маслаҳатчиси ўз вилласида ноқонуний тарзда саккиз дона шер сақлаган¸ бу ҳам етмаганидек¸ уларни ноқонуний сўйилган эшак гўшти билан боқиб келган. Ўзбек дипломати ва унинг Александрия шаҳри яқинидаги вилласида ишлаган уч мисрлик хизматчига нисбатан жамоат хавфсизлигига таҳдид солганлик¸ сўйилган эшакнинг қолган калла-почасини ахлатхоналарга очиқ ташлаш орқали атроф-муҳитга зарар етказганлик айби билан жиноий иш очилган. Ўзбекистон элчихонаси бу ҳақда ҳозиргача расмий изоҳ бермади¸ аммо дипломатик дахлсизликка эга бўлган ўзбек дипломатининг Тошкентга чақиртирилганини тахмин қилиш қийин эмас.

Япониядаги ўзбек ваколатхонасида кичик исëн

Ўзбек дипломатлари хулқ-атвори билан боғлиқ яна бир шов-шув Япониядаги Ўзбекистон ваколатхонаси дипломат ва хизматчилари аёллари номидан Нигора Усмонова деган аëл ёрдам сўраб Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилгани билан боғлиқ.

Японияда кучли зилзила рўй бериб¸ атом электр станциясига шикаст етгани ортидан мамлакат бўйлаб радиация даражаси ошиб бораëтган 2011 йилнинг март ойида Centrasia.ru сайтида чоп этилган бу мактубда 50 дан ортиқ давлат дипломатик ваколатхоналари эвакуация қилинган бир пайтда¸ элчи Ҳамидулла Караматовнинг Токиодаги вазият ҳақида марказга батафсил маълумот беришга рухсат бермаганидан шикоят қилинади.

“Караматовнинг ўзи эса меъёрдан ортиқ спиртли ичимлик ичиш оқибатида пайдо бўладиган шарманда касалликдан “даволаниш учун” Тошкентга 23 март куни жўнаб кетган”¸ дейилади ушбу мактубда.

Одатда бундай ҳолларда қаттиқ сукут сақлайдиган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу мактубга бир неча кун ўтиб ўз расмий сайтида муносабат билдирди ва Япониядаги ўзбек дипломатлари оиласида Нигора Усмонова дегани йўқ ва мактубда ëзилганларнинг ҳаммаси туҳмат¸ деган мазмунда баëнот эълон қилди. Вазирлик расмий сайтида Ҳамидулла Караматовнинг 2011 йилнинг 17 ноябр куни ҳам Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси лавозимида қолаëтгани қайд этилган.

Алкоголсевар дипломатлар

2009 йил августида Латвия телевидениеси мамлакат божхона ва солиқ хизмати икки ой ичида 6000 шиша алкогол сотиб олган ўзбек дипломатларини ноқонуний спиртли ичимликлар савдосига алоқадорликда гумон қилаëтгани ҳақида хабар тарқатди.

Вена конвенциясига биноан хорижий дипломатик миссиялар ўз эҳтиёжи учун зарур айрим турдаги маҳсулотларни акциз ва қўшилган қиймат солиғисиз, бозор нархларидан кўра анча арзонга сотиб олиши мумкин. Ана шундан фойдаланиб ўзбек дипломатлари 2009 йилнинг биргина январ-феврал ойларида 6000 шиша спиртли ичимлик сотиб олган ва Ўзбекистон элчихонаси эҳтиëжидан анча катта бунча алкогол Латвия тегишли идораларида кучли шубҳа уйғотган. Бу ҳолатда ҳам¸ суриштирувга алоқадор ўзбек дипломатлари Тошкентга қайтиб¸ Латвияда бошқа қорасини кўрсатмаган.

Фоҳишасевар дипломат

Ўзбек дипломатларининг хорижда можароли вазиятларга тушганига оид яна бир воқеани собиқ дипломат Алишер Таксанов ҳикоя қилади.

- Эсимда бор¸ мен Москвадаги Ўзбекистон элчихонасида ишлаб юрган пайтимда¸ бир кун ҳаммамизни чақириб¸ Ташқи ишлар вазирининг ўзбек дипломатларининг исловатхоналарга бориши тақиқланади¸ деган буйруғини ўқиб беришди. Аввалига бунақа буйруқдан ҳайрон бўлдик¸ кулдик¸ аммо кейин билсак¸ АҚШдаги Ўзбекистон элчихонасининг ўшандаги 3-котиби фоҳиша қизни чақиртириб¸ иш битгач¸ унга ҳақини тўламабди. Ўзбек дипломати “Мен сени фалон фирма орқали ëлладим¸ пулни ҳам ўшаларга тўладим” деса¸ фоҳиша қиз “Мен бундай фирмани билмайман¸ пулни ўзимга берасан”¸ деб туриб олибди. Жанжал катталашиб¸ фоҳиша аëл полиция чақирибди. Воқеа жиноий тус олмасин¸ деб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу дипломатни дарров чақиртириб олди ва можаро босди-босди бўлиб кетди¸ деб эслайди ўзбекистонлик собиқ дипломат Алишер Таксанов.

Дипломатлар ва можаролар

Дипломат деб аталган шахсларнинг ўз хулқи атвори¸ ноқонуний ҳатти-ҳаракати билан хорижда можароли вазиятга тушиши¸ асосан собиқ СССР республикалари элчихоналарида кўп учрайди¸ дейди Туркманистоннинг Туркия ва Исроилдаги элчиси бўлиб ишлаган Нурмуҳаммад Ханамов.

Бунинг сабаби эса¸ имтиëзли бўлган дипломатик соҳага тасодифий одамларнинг борган сари кўпроқ кираëтгани билан боғлиқ¸ деган ишончда собиқ туркман дипломати.

- Бундайлар дипломат мақомини олгач¸ мен дахлсизман¸ менга ҳеч ким тега олмайди¸ билганимни қилсам бўлади¸ деб босар-тусарини билмай қолади. Алкогол ичиб машина ҳайдаш¸ йўл ҳаракати қоидаларини қўпол бузиш¸ контрабанда¸ олибсотарлик¸ қиморбозлик¸ фоҳишабозлик¸ бошқа давлат дипломатлари орасида яккам-дуккам учраса¸ қариндоши ëки пули орқасидан дипломатик дахлсизликка эга бўлган бизникилар орасида анча кўп учрайди. Зотан бундайлар¸ ўзининг хорижда ўз давлатини тамсил қилишига ақли етмайди. Ўзи бизнинг элчихоналар ўз асл функцияси¸ хориждаги фуқаролари ва давлат манфаатларига хизмат қилиш ўрнига¸ ҳокимиятда ўтирганларга хизмат қилишга бўйсундирилган. Давлат раҳбарларининг хориждаги молиявий олди-бердиларини йўлга қўйиш¸ уларнинг дам олиши ва даволанишини уюштириш ўзбек ва туркман элчихоналарига юкланган асосий вазифадир¸ дейди Туркманистоннинг Туркия ва Исроилдаги собиқ элчиси Озодлик билан суҳбатда.

"Қиморбоз"нинг кейинги тақдири нима бўлади?

Ҳар иккала собиқ дипломат¸ Германиядаги ўзбек элчихонаси ходимининг казинода 35 минг евро ютқизиб¸ бу пулни Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлими кредит картаси билан тўлаганига оид хабар¸ агар тасдиғини топса¸ жанжалга лойиқ воқеа эканини эътироф этадилар.

Айни пайтда¸ бу ишни қилган дипломатга қандай жазо берилиши¸ қилинган иш эмас¸ бу шахсни Германия каби муҳим мамлакатга дипломат қилиб юборганлар¸ яъни унинг ортида кимлар тургани¸ ҳомийларининг президент Каримов ўйнаëтган шахмат тахтасидаги роли ва аҳамиятига боғлиқлигини ҳам таъкидлайди Озодлик суҳбатлашган иккала дипломат.
XS
SM
MD
LG