Линклар

Божхона иттифоқига аъзо Россия, Беларус ва Қозоғистон раҳбарлари 18 ноябр куни Москвада 2015 йилга қадар Евроосиё иқтисодий комиссияси тузиш тўғрисидаги Декларацияга имзо чекдилар.

Россия президенти Дмитрий Медведев, Беларус президенти Александр Лукашенко ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев интеграция жараёнини назорат қиладиган Иқтисодий комиссия тузиш тўғрисидаги келишувга ҳам қўл қўйди.

- Биз, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқини яратиш сари навбатдаги жуда муҳим ва катта қадамни ташладик. Ушбу бирлашма мамлакатларимиз келажагини белгилаши шубҳасиз, - дея баёнот берди Дмитрий Медведев.

Россия Бош вазири Владимир Путин яқинда Европа Иттифоқига ўхшаш Евроосиё иқтисодий иттифоқи тузишни таклиф қилган эди.

Бундан мақсад собиқ Совет Иттифоқи республикаларини ўзаро яқинлаштиришдан иборат экани айтилади.

Дмитрий Медведев янги иттифоққа собиқ Совет республикалари қўшилиши мумкинлигини урғулади.

Евроосиё иқтисодий комиссиясига Россиянинг Саноат вазири Виктор Христенко бошчилик қилади.

Комиссия 2012 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлайди. Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Бош қароргоҳи Москва шаҳрида бўлади.
XS
SM
MD
LG