Линклар

logo-print

Туркия тарихида энг юқори даражали генерал қамоққа олинди


Генерал Илкер Бошбуғ Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан.

Генерал Илкер Бошбуғ Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан.

Туркиянинг исломий кўз қарашдаги жорий ҳукуматини ағдаришга уриниш фитнаси билан боғлиқ жараëнда яна бир генерал қамоққа олинди.

Туркия Қуролли кучлари бош штабининг собиқ раиси Илкер Бошбуғ ҳозиргача Эргенекон ишида қамоққа олинган энг юқори даражали ҳарбийдир.

Туркия ҳарбийлари Бош вазир Эрдўғон ҳукуматини ëмонотлиқ қилиш билан шуғулланган ўнлаб интернет нашрларини молиялаштирганлик айби бўйича прокурорлар томонидан 7 соат сўроққа тутилган генерал Бошбуғ Истанбул яқинидаги қамоққа ташланган.

2007 йилда бошланган Ергенекон ишида ҳозирга қадар юзлаб одам қамоққа олинди¸ улар орасида истеъфодаги ҳарбийлар¸ олимлар¸ ҳуқуқшунос ва журналистлар бор.

Уларнинг барига исломий руҳдаги Адолат ва тараққиëт партияси етакчилик қилаëтган ҳукуматни ағдаришга уриниш айби қўйилмоқда.

Генерал Бошбуғ ҳам, Эргенекон иши бўйича қўлга олинган бошқа маҳбуслар ҳам¸ бу айбларни инкор қилмоқда ва исломий руҳдаги Эрдўғон ҳукуматини ўз дунëвий мухолифлари овозини ўчириш учун уларни қамоққа ташлаëтганликда айбламоқда.

6 январ куни Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли жамоатчиликни генерал Бошбуғнинг қамоққа олиниши юзасидан бир томонлама хулоса чиқаришга ошиқмасликка чақирди.

- Туркия қонун давлати. Адлия жараëни давом этаëтган бир пайтда бу юзадан хулоса чиқариш нотўғри бўлади. Ҳар хил гумонлар кўпайиши олдини олиш мақсадида тергов жараëнини тезроқ тугатиш муҳимдир. Қонун олдида ҳамма баробардир¸ деди Туркия Қуролли кучлари Бош штаби собиқ раисининг қамоққа олинишига муносабат билдирган Анқара дипломатлари раҳбари.
XS
SM
MD
LG