Линклар

logo-print

Трубинода ҳам ўзбеклар ҳақини ололмаяпти


Ҳақини ололмаётган ўзбекистонликлар қишнинг совуғида музлаган ерни 6 километр масофагача қазиб берган.

Ҳақини ололмаётган ўзбекистонликлар қишнинг совуғида музлаган ерни 6 километр масофагача қазиб берган.

Москва вилояти Шчелково туманида меҳнат қилган 27 ўзбекистонликка иш ҳақи берилмаётир. Иш берувчи билан, одатга кўра, оғзаки келишиб чув тушган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ҳақлари учун курашни давом эттиришларини айтмоқда.


Подмосковьенинг Трубино қишлоғи ёнидан ўтган 6 километр узунликдаги кабел трассасида 3 ой давомида алоқа кабели учун хандақ қазиган ўзбек меҳнат муҳожирларига иш ҳақини ололмай икки ойдан бери сарсон бўлиб юрибди.

Озодликка мардикорлар номидан мурожаат қилган андижонлик Иномжон Исоқов кабел траншеяларини қазишга буюртма берган “Связьтранснефть” ширкати уларни ёллаган иш берувчи корхонага (ўзбекистонликлар ҳатто бу ташкилот номини ҳам билмайди-таҳр.) бажарилган иш учун пулни декабрдаёқ ўтказганини айтади.

- Биз “Связьтранснефть”да траншея қазиган эдик. Бу Трубино деган жойда, ўрмонни ичида 6 километрли траншея қазиган эдик. Кейин 6 километр кабел ташладик, кўмдик. Бир сўм пулимизни бермади.



Иномжон Исоқовнинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва иш берувчилари ўртасида одат бўлиб қолгани каби, бу сафар ҳам қоғозда шартнома тузилмаган.

- Йўқ, шартнома бўлмаган, оғзаки бўлган. 27 киши ишлаганмиз. Ундан ҳозирга келиб – ишга кириб кетишди қолганлари – 15 киши ишга киргани йўқ. 22 октябрдан 22 декабргача иш бўлди-да. Келишув оғзаки бўлган, бизни ёллаган лақаби Тамара, аслида Саидова Хейда исмли чеченка посредник бўлган. У перечисление пулини олганим йўқ, дейди.

Иномжон Исоқовнинг айтишича, икки ойдан бери иш берувчисидан ҳақини ололмаётган мардикорлар ишга буюртма берган “Связьтранснефть” ширкатига ҳам мурожаат қилишган.

- Мен ширкатнинг Генералний директорига телефон қилсам “28 декабрда перечисление билан пулни ўтказдим”, деяпти,- дейди Озодликка ўзбек ишчиларига бригадирлик қилган андижонлик Иномжон.

Иномжон Исоқовнинг сўзларига кўра, бу ишда ўртада турган Хейда ва унинг бевосита раҳбари Валерий Павлович Луженец Трубинода музлаган ерни узунлиги 6 километр, эни ярим метр, чуқурлиги 70 сантиметр қилиб, қўл билан қазиган ва унга кабел ётқизиб кўмган ўзбек мардикорларига тўлиқ бажарилган иш учун 2 миллион рубл (таҳминан 70 минг АҚШ доллари-таҳр.) тўлашга келишган.

“Улар бизга бир тийин ҳам бермасдан чиқариб юборди”, дея давом этади марҳаматлик Иномжон ака.

- 27 куни декабрда бизни хонамиздан чиқариб юборди, 3 кун совуқда қолдик ва 30 куни Москвани Вихиносига етиб келдик. Ҳозир бир тийинимиз йўқ, квартирага тўлагани ҳам пул йўқ. Кеча “Олдинга пул бер”, деди уй эгаси... Шу ташкилотнинг бизга берган ордери бор, менга машина берган доверенность бор, “Связьтранснефть”ни яна битта документи бор, ўзимиз олган видеозапислар бор, овозларни ёзиб олганмиз телефонга. Керак бўлса исботлаб берамиз. Луженец деган иш берувчимиз 27чи декабрда пулни бераман деган.Биз "Гражданское содествие”, яъни “Фуқаровий кўмак” ташкилотига мурожаат қилдик, улар болларга 2000 сўмдан ёрдам қилди. Бизга иш берувчи 25 мингдан аванси билан беришни ваъда қилган,- дейди Шчёлковода алданган 27 нафар ўзбек мардикори номидан гапирган бригадир Иномжон Исоқов.

Иномжон Исоқовдан олинган ҳужжатларга кўра, ўзбеклар қазиган ҳандақ ўрмон орқали ўтадиган Ярославл-Москва нефт магистрали ёнидан ўтадиган оптик-толали кабел учун бажарилган.

"Транснефть" ширкатининг шўъба корхонаси ҳисобланган “Связьтранснефть” вакиллари ҳақиқатан Ярославл-Москва трассасидаги бажарилган иш учун пул декабрда ўтказилганини тасдиқлашди.

“Связьтранснефть”дан 6 километр узунликдаги траншеяни қазиш ишларини ўз зиммасига олган қурилиш фирмасини бошқараётган Валерий Луженец Озодлик билан суҳбатда бу ишни бажаришга бошқа фирмани ёллагани ва ҳеч қандай ўзбекларни танимаслигини таъкидлади.

- Менга бир фирма ишлаган. Уларни ёллаган шу фирма билан гаплашинг. Мен уларни ёлламаганман. Тушунарлими? Бу фирманинг номини эса ўзларидан сўранг, мен сизга айтмайман,- дея гапни қисқа қилди пудратчи Валерий Луженец.

Траншеяни қазиётиб қўлидан жароҳат олган мардикор йигитлардан бирига иш берувчи ҳатто даволаниш учун пул ажратмаганини гапириб берди ўзбекистонлик йигитлар.



Иномжон Исоқов уларни бевосита ишга ёллаган чеченистонлик Ҳейда Саидовани топиб бўлмаётганини айтади.

Ўзбек мардикорлари Озодлик таҳририятига иш берувчи билан иш ҳақи тўғрисидаги телефон суҳбатлари ёзиб олинган аудиоси ва телефон камерасига ёзиб олинган ҳандақ қазиш, кабел ётқизиш ишлари видеосини тақдим этдилар.

Ҳозирда ночор аҳволда қолган ва бир тийинсиз янги йилни кутиб олган меҳнат муҳожирлари иши билан Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти шуғулланмоқда. Ҳуқуқ ташкилоти ишчилар яшаётган квартира ижарасининг ярим ҳақини тўлаб беришга розилик берди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда бундай вазиятга тушиб қолиши тез-тез учраб туради.

Озодлик Волгоград вилоятида ҳам ўз ҳақини ололмай сарсон юрган 200 га яқин мардикор ҳақида хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG