Линклар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра¸ Швейцария пойтахти Бернда икки давлат расмийларининг навбатдаги сиëсий музокаралари бўлиб ўтмоқда.

26 июн куни бошланган мазкур музокараларда икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги вазияти ва истиқболлари муҳокама қилинмоқда.

“Ташқи ишлар вазири ўринбосари Жорж Мартин раҳбарлигидаги Швейцария делегацияси сармоядорлар учун қулай шароит ва солиқ имтиëзлари берилган “Навоий” эркин индустриал иқтисодий ҳудуд ва “Ангрен” махсус индустриал ҳудудда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконларига оид ўзбек томони тақдим этган тафсилотларни қизиқиш билан эшитди”¸ дейилади 27 июн куни тарқатилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасида.

Тошкент дипломатлари идораси¸ икки давлат ўртасидаги 20 йиллик муносабатлар вазиятига юқори баҳо бериб турган айни пайтда¸ Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси 2011 йилда Швейцария билан савдо айланмасининг 17 фоизга қисқаргани ва 107¸1 миллион АҚШ долларини ташкил этганини маълум қилди.

Бу қисқариш¸ Ўзбекистонда Швейцария компанияси сифатида фаолият юритган “Зеромакс” ширкатининг синдирилиши ва юридик жиҳатдан ликвидация қилиниши билан боғлиқ.

Нефт-газ¸ логистика ва транспорт¸ ишлаб чиқариш ва савдо каби Ўзбекистондаги сердаромад соҳаларнинг барчасини узоқ йиллар давомида ўз монополиясига айлантирган “Зеромакс” ширкати мамлакатда хориж сармоядори сифатида фаолият юритиб келди.

Норасмий манбалар “Зеромакс”нинг аслида Каримовлар оиласига қарашли бўлганини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG