Линклар


Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида Ўзбекистон Халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов шу йилнинг 26 июн куни тупроққа берилди.

Узоқ йиллар жигар церрози билан оғриб, мана шу дард туфайли оламдан ўтган ҳофизнинг ўлими ҳақида бирорта расмий оммавий ахборот воситаларида хабар қилинмади. Бугунги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасигина ҳофиз оиласига икки қаторлик таъзия чоп этди.

Маъмуржон Тўхтасини бетакрор овоз соҳиби ҳамда классик, мақом ва лирик қўшиқлар ижрочиси сифатида Бубур, Машраб ғазаллари билан айтиладиган қўшиқларни жонлантирган, бироқ сўнгги йилларда марказий ТВ орқали қўшиқлари янграмаётган, четда қолаётган санъаткорлардан бири эди.

У сўнгги марта НТТ (Нодавлат телеканаллари тармоғи) орқали 2011 йилда мухлисларга кўриниш берган.

Ўзбекистон Халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов 1958 йил 18 ноябрида Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. Олтиариқ болалар мусиқа мактабида таълим олган. 1978-1980 йилларда ҳарбий хизматга чақирилган ва Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Икромжон Бўронов раҳбарлик қилган ансамблда ҳарбий хизматни ўтаган.

1981-1985 йилларда Тошкент Давлат маданият институтида таҳсил олган. 1986-1996 йиллар давомида Олтиариқ маданият уйида бадиий раҳбар, мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган.

1992 йилда Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлган. 1993 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2000 йилда “Ўзбекистон Халқ артисти” унвони берилган.
XS
SM
MD
LG