Линклар

Шошилинч хабар
01 октябр 2020, Тошкент вақти: 21:11

Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлиги бузиб ташланди (ВИДЕО)


Самарқандда давлат ва ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган архитектура ёдгорлигининг 11 сентябрь кунги бузилиш жараëни.

Самарқанд шаҳрининг Амир Темур кўчаси 14-уйда жойлашган бино 11 сентябрь куни шаҳар Ободонлаштириш корхонаси ва Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан бузиб ташланди. Бу бино 2010 йилгача тарихий архитектура ёдгорлиги сифатида давлат ҳимоясида бўлган.

Ҳолатдан хабардор ҳокимлик вакилининг шахси очиқланмаслик шарти билан Озодликка берган маълумотига кўра¸бинони бузиш учун сиртдан суд қарори чиқарилган¸ аммо бу қарор устидан шикоят киритилгани боис¸ Мажбурий ижро ходимларида бинони бузиш ваколати бўлмаган.

Мулозим таъкидича¸ ушбу бинонинг барча инстанциядаги суд қарорларини кутмасдан жавобгар иштирокисиз сиртдан қабул қилинган суд карорига асосан шошилинч бузиб ташланиши президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга кутилаëтган ташрифи билан боғлиқ.

“Амир Темур кўчаси 14-уй орқасида Давлат инвестиция дастури доирасида 2018 йилдан бери қурилаётган Самарқанд Тиббиёт институтининг 800 ўринлик янги ўқув биносини президент келиб кўриши мумкин. Ўқув биноси 2020 йил февраль ойида битиши керак эди¸ лекин бугунга келиб ҳам тугатилмаган. Президент қурилиши кечиккан бинони тўсиб турган бинони қўриб жаҳли чиқмасин¸ деб вилоят ҳокимлигининг буйруғи билан бузиб ташлашди”.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси ходимининг Озодликка айтишича¸ “Самарқанд тарихий марказидаги ЮНЕСКО рўйхатига кирититилган ҳудудда олиб борилаëтган бузиш ишлари Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 30¸ 32 ва 33- моддаларига зиддир.

2019 йилнинг 15 октябрида Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова раислигида ўтган йиғилиш мулк эгаси талабини кўриб чиқиб, Амир Темур кўчаси 14-уйдаги бинони “Тарихий фон иншооти” деб топган ва “бино сақлаб қолиниши керак” деб хулоса берган эди.

Мулк эгаси асли ўзбекистонлик¸ Исроил ватандошлигини олиб ўша ерда доимий яшаб келаётган Илона Волова пандемия сабаб судда бевости қатнаша олмаган ва суд қарори унинг иштирокисиз сиртдан қабул қилинган.

Волова томонидан берилган нотариал ишончнома орқали унинг вакили сифатида кўрсатилган Мақсуд Абдужабборовга судда мулкдор номидан қатнашишга ҳам рухсат берилмаган.

"Биз ҳуқуқий нигилизм қурбони бўлдик"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Абдужабборов.

Биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб апелляция шикояти берган эдик. Шикоятимиз иш юритувга қабул қилиниб¸ 8 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судида апелляция тартибида кўрилиши керак эди. Белгиланган вақтда вилоят судига борсак¸ иш номаълум сабабларга кўра шаҳар судига қайтарилганлиги ҳақида хат берилди. Қонун бўйича апелляция иши кўрилаётган пайтида ижро ҳаракатлари тўхтатилиши керак эди”.

Олий суд расмий сайтидаги тайинланган суд мажлислари жадвалига асосан Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан 2020 йил 8 сентябрь куни даъвогар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги жавобгар Волова Илона Георгиевна иштирокида “Уй-жой жойлашган ер участкаларини давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан вужудга келадиган низолар” бўйича №2-1401-1908/23674-сонли Апелляция инстанцияси иши мавжудлигини кўриш мумкин.

Жадвалда ушбу апеляция иши вилоят судьяси Қаршиев Фахриддин Жуманович бошчилигидаги вилоят апелляция ҳайъати томонидан кўрилиши кўрсатилган.

Товон ажратилди

Самарқанд шаҳар Мажбурий ижро бюроси бошлиғининг ўринбосари Фаррух Ибрагимовнинг бузилиш жараёнини бевосита кузатган Озодлик мухбирига берган маълумотига кўра¸ бузилган бино эгасига товон пули ажратилган.

Компенсация тариқасида Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан 640,0 млн. сўм миқдоридаги компенсация пулларини Волова Илонага ундириб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бугунги кунда Волова Илона фойдасига 640,0 млн. сўм ундирилиб ¸Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкида сақланмоқда. Бир томондан суднинг қарори ижроси Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан компенсация тўлаш масаласи бажарилган, шу сабабли суд қарори ижросини давом этиш мақсадида бугунги кунда Самарканд ҳокимлиги билан ҳамкорликда мана шу бино-иншоотни буздириш ҳаракатлари амалга оширилди”.

Маданият вазирлиги вакили сифатида бино бузилиши жараëнини кузатган Самарқанд вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличевнинг Озодликка билдиришича¸ Амир Темур кўчаси 14-уй манзили Маданий мерос объекти рўйхатида қайд этилмаган. Айни пайтда¸бу бино Самарқанднинг 2001 йил ЮНЕСКО томонидан ҳимояга олинган тарихий ҳудудида жойлашган.

Қиличевнинг билдиришича¸ президентнинг 4068-сонли қарорига асосан ЮНЕСКО ҳудудидаги барча қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг ишлар бошқарма ва ЮНЕСКО маркази билан келишилиши назарда тутилган. Шунга қарамай¸ушбу иншоотни бузиш билан боғлиқ суд жараёнига Маданий мерос бошқармаси чақиртирилмаган.

Бундан ташқари Амир Темур кўчасидаги 14-уй 2010 йилгача архитектура иншооти сифатида давлат ҳимоясида бўлган.

Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимоясидаги зонасида жойлашган бу бино 1904 йили халқ орасида “Николаевский” деб аталадиган ғиштдан қурилган. Тарихий бинони "бузиш" ҳақидаги 437-рақамли ҳужжатга Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов 2019 йилнинг 28 октябрь куни имзо чеккан.

Бу бино 2010 йилда таъмирланган ва ғиштин деворларининг 90 фоизи сақланган. Бино эгасининг Озодликка айтишича¸ бу уйда Самарқанд шаҳридаги илк рессорли кареталар тармоғи раҳбари яшаган.

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевга кўра¸ ЮНЕСКО ҳимояси зонасида жойлашган ва умумий манзарани таъминловчи бинони бузиш шаҳар ҳокимининг ваколатига кирмайди.

- Суд қарор чиқарса ҳам уйни буза олмайсиз. Чунки уй ЮНЕСКО ҳимоясидаги зонада жойлашган. Иккинчидан, 1904 йилда қурилган бу тарихий бино 2010 йилгача қўриқланадиган тарихий бинолар рўйхатида эди. 2010 йили маҳаллий мулозимлар бино таъмирдан сўнг тарихий аҳамиятини йўқотди¸ деб комиссия йиғилиши қарори асосида рўйхатдан чиқаришди. Лекин Маданий меросни муҳофаза қилиш давлат инспекцияси Самарқанд бўлими бу борада ҳеч қандай йиғилиш қилмаган. Маданият вазирлиги шу кунларда бинони “тарихий фон иншооти” деган тасниф билан рўйхатга қайтаришни режалаган эди. Афсуски¸ президент келишини баҳона қилган вандаллар бинони бузиб ташлади.

Президент ташрифи арафасида ва президент қарорига биноан..

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мулозими бузиш ишлари Ўзбекистон президентининг ПК-3507 қарорига асосан амалга оширилганлигини билдирди.

- Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов жорий йил 11 майда имзо чеккан 823-қарорга кўра бузилди. Бу қарорнинг иловасида бузилаëтган бинолар аниқ кўрсатилган. Қарор Ўзбекистон президентининг 2018 йил, 3 февралдаги 3507- қарори асосида қабул қилинган.

"Турар ва нотурар-жой биноларини бузиш тўғрисида" деб аталадиган шаҳар ҳокими қарорининг иловасида Амир Темур кўчасидаги 14-уй бузилиши аниқ кўрсатилган. Ҳокимлик мулозими тақдим қилган ҳужжатларга кўра¸ бузилган қадимий бино яқинида Самарқанд Тиббиëт институтининг беш қаватли иморати қурилган.

Тармоқдаги норозилар

Амир Темур кўчасидаги 14-уйнинг бузилишига ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам ўз эътирозини билдирмоқда.

Хусусан¸ Елена Баронина исмли самарқандлик фаол ўзининг Facebook саҳифасида ушбу бузилишга муносабат билдириб:

“Шу тарзда тарих, шаҳар, хотира ва ватанга бўлган маҳаббатни йўқ қилишмоқда. Зарбали болға, экскаватор чўмичи ва сариқ кийимдагилар – замоновий Ўзбекистоннинг рамзларига айланиб улгурди”, деб ëзди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси мулозимининг Озодликка билдиришича, 2018-2019 йилларда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борган ва бунга била туриб рухсат берган ўндан ортиқ мулозим ҳибсга олиниб, уларга суд ҳукми билан турли жазолар берилган.

XS
SM
MD
LG