Линклар

logo-print

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмийси МТС-Ўзбекистон билан боғлиқ вазиятни изоҳлаб, шундай жавоб берди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” ширкатининг 2004 йил 28 июл куни уяли алоқа хизмати кўрсатиш учун берилган лицензиясини 10 кунлик муддатга бекор қилди.

“Айрим фаолият турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофия МЧЖ шаклидаги “ЎЗДУНРОБИТА” ХКга кўчма радиотелефон (мобил) алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш хуқуқи учун 2004 йил 28 июлда берилган АА серияли 0000682 рақамли лицензиянинг амал қилиши корхонанинг бир неча марта ва мунтазам қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилгани, назорат қилувчи органнинг кўрсатмаларини бажармаганлиги учун Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 2012 йил 17 июлдаги 19-L-сон буйруғига кўра шу йил 17 июл соат 18:00 дан 10 иш кунига тўхтатилди”, дейилади ЎзААА расмий сайтида.

Бу эса МТС савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи “Ўздунробита” ширкатига уланган уяли алоқа абонентлари телефонлари хизмат доирасидан ташқарида бўлишини англатади.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Атамуҳамедов, Озодлик билан суҳбатда, вазият ҳақида, жумладан бундай деди.

- “Лицензия тортиб олиб қўйилибди” деган ибора нотўғри ибора бўлади. Ҳеч кимдан ҳеч нарса тортиб олиниб қўйилгани йўқ. Лицензия фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда бизнинг веб-сайтимизда информация бор. Лицензия фаолияти 10 кунга тўхтатилган. Ўша компания йўл қўяётган қўпол хато, камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатлари бўлганлиги туфайли шунақа қарор қабул қилинган. Фаолият давомида “кўрсатма” ҳар хил бўлиши мумкин: техника воситалари юзасидан, уни расмийлаштириш юзаси ва ҳоказо.

Озодлик: Уларнинг абонентлари нима бўлади? МТСда абонентлари жуда кўп-ку..

- Абонентлар Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа компаниялардан рақам олиб фойдаланиши мумкин. МТС ягона эмаску, ундан ташқари уяли алоқа хизмати кўрсатадиган яна тўртта компания ишлайди Ўзбекистонда. Янги номерни олиб 18:00 гача барча таниш-билиш, қариндош-уруғларга етказиш имконияти борку.

Озодлик: Масалан, зонадан ташқарида бўлиши мумкин, кимдир ташқарига чиқиб кетган бўлиши мумкин...

- Энди, тўғри. Буни форс-мажор деб айтилади, дейди МТС мижозларига келаси 10 кун давомида бошқа компаниялар сим-карталарини сотиб олишни тавсия қилган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмийси Шуҳрат Атамуҳамедов.

Бу янгиликдан хабар топган “Ўздунробита”нинг Ўзбекистондаги мижозлари аллақачон бошқа уяли алоқа операторлари сим-карталаридан фойдаланаётганликларини Озодликка тасдиқлашмоқда.

Тошкентлик 25 ёшли давлат хизматчиси Алишер МТСнинг Ўзбекистондаги муаммоларидан хабари йўқлигини гапириб, буни алоқа операторидаги техник носозикларга йўйди.

- Ҳа, мен МТСда. Бизда МТС ишлайди, фақат 10 кунга ўчади бугун соат 6 дан бошлаб. Билмадим, қандайдир ЧП (таҳр. фавқулодда вазият) чиқибди шекилли... Боллар, одамлар айтяпти.

Озодлик: Сабабини тушунтиришмаяптими? МТСда текширувлар, тинтув кетаётганини биласизларми?

- Йўқ, сабабини тушунтиришгани йўқ, унақа нарсадан хабаримиз йўқ. Просто бугун ўчишини эшитдим шу...

Озодлик: Ўчди 10 кунга, энди нима қиласизлар?

- Бошқа сим-картага ўтамиз, Билайнга масалан. 10 кундан кейин ёқса керак. А так, билмадим, сабабини айтгани йўқ, дейди “Ўздунробата”нинг 5 йиллик мижози Алишер.

“Ўздунробитанинг” алоқа тизимида қийинчиликлар пайдо бўлганини мамлакат ичидаги мижозларга ҳатто расмий телефонда ўрнатилган жавобдан англаш мумкин:

“Ҳурматли абонентлар! 7 июл 2012 йилдан “Ўздунробита” компанияси тизимининг баъзи ускуналари вақтинча ўчирилади. Шу муносабат билан, хизмат кўрсатишнинг пасайиши ва баъзи бир носозликлар кузатилиши мумкин. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!”, дея жавоб беради ёзиб олинган овоз.

МТС ширкатининг Москвадаги матбуот хизмати Озодликка бу қарор нимани англатишини изоҳлай олмаслигини таъкидлади.

- Ҳозирча бу масала юзасидан бирор янгилик хабар қила олмайман, вазиятга оид жавоб тайёрлаяпмиз, деди МТСнинг Москвадаги матбуот маркази расмийси Валерия Кузменко.

Айни пайтда бошқа ширкатлар вакиллари янги мижозларга хизмат кўрсатишга тайёр эканликларини билдирмоқда.

МТСнинг Москвадаги қароргоҳидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратураси “Ўздунробита” менежерларини “технологик жиҳозларни юқори нархда сотиб олиш учун “қалбаки” шартномаларни тузганликда, шу билан сарф-харажатларни оширгани ва корхонанинг даромадини камайтириш йўли орқали солиқ ва бошқа бюджет тушумларини камайтирган”ликда айбламоқда.

Бироқ МТС расмийлари “Ўздунробита” Ўзбекистон ичкарисида импорт-валюта операцияларини ўтказмагани ва жиҳозларни бозор нархи асосида миллий валютага мустақил компаниялардан сотиб олганини айтмоқда.

“Асбоб-ускуна ва жиҳозларни сотиб олиш – компаниянинг капитал ҳаражатлари (CAPEX) қисмидир ва у даромаддан молиялаштирилмайди”, дейди МТС расмийси.

МТСнинг Ўзбекистондаги энг йирик рақибларидан бири бўлган Билайн эса МТС мижозларига хизмат кўрсатишни фаоллаштирмоқда: 17 июлдан бошлаб Билайннинг Ўзбекистондаги барча офислари соат 22:00 гача ишлаши ва охирги мижозгача хизмат кўрсатилиши эълон қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG